Ахборот хизмати ходимларининг ташкилотчилик ва ижодий маҳорати

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

ж5

Режа:

  1. Ахборот хизмати ходимининг ташкилотчилик маҳорати;
  2. Ахборот хизмати ходимлари ҳар куни ўз ташкилотидан янги ахборот ва маълумотлар тўплаши ва ОАВга тақдим этиш режасини ишлаб чиқиши;
  3. Ахборот хизмати томонидан мунтазам равишда ахборот оқимини вужудга келтириши;
  4. Веб-сайтда ахборот манбаини яратишда ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати.

Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти жамоаси – раҳбаридан тортиб оддий ходимларигача тўла маълумотга эга бўлиши даркор. (Ташкилотнинг кадрлар бўлимида ҳар бир ходимга тегишли ҳужжатлар сақланади, ахборот хизматида эса уларнинг илмий, ижодий ва бошқа салоҳиятини кўрсатадиган маълумотларгача тўплаб борилиши мақсадга мувофиқдир) У бутун фаолияти давомида ана шу жамоадан ахборот олади, уларни ОАВ билан ҳамкорликка чорлайди, биргаликда тадбирлар, анжуманлар уюштиради, имижини яратади. Билъакс, уларнинг жамоатчилик билан алоқалар борасидаги тушунчалари мавҳум бўлиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқалардан кўзланган мақсад – ташкилотнинг дастур ва режаларидан, кундалик фаолиятидан оммани узлуксиз бохабар қилиб бориш, иккинчи томондан, соҳада катта тажрибага эга кишилар, мутахассисларнинг унга муносабати, фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва эътирозларини ўрганиб боришдир. Ташкилотда ана шу вазифани бажариш Ахборот хизмати зиммасига тушади. Ахборот хизматини ташкил этган ташкилот раҳбари аввало унинг ана шу вазифаларини тўғри англаб олмоғи лозим.

Қайсики ташкилот раҳбари Ахборот хизматининг шу вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш тутса, унинг дастур ва режалари тўла амалга ошишига имкон яралади. Бундай ташкилотнинг имижи ҳам ортиб бораверади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати фаолиятини бу борада намуна сифатида ўргансак арзийди. Зотан, бошқа Ахборот хизматлари ҳам ўз идора ва ташкилотлари фаолиятини ана шундай ҳозиржавоблик билан ёритиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизматидан самарали фойдаланган ташкилот раҳбарининг имижи юқори бўлади. Ахборот хизмати, биринчи галда, ташкилот раҳбарининг журналистлар билан алоқасини мустаҳкамлайди. Ўз навбатида ОАВ ходимлари ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини изчил ривожлантиришга ёрдам беради. Ишни шу асосда ташкил этган раҳбар амалда ташкилотининг фаолиятини муттасил ривожлантира олиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Афсуски, қатор ташкилот раҳбарлари Ахборот хизматини тузишдан мақсад, унинг вазифаларини ҳали тўла англаб етмаётгани кўриниб турибди. Ваҳоланки, ҳар бир ташкилотда Ахборот хизмати ўрни, мавқеи қай даражада бўлиши биринчи галда шу жамоа раҳбарига боғлиқдир.

Ахборот хизмати биринчи галда ташкилот раҳбари ва ОАВ ўртасида доимий алоқа ўрнатади. Журналистлар билан бўладиган мулоқотларда матбуот котиби ташкилот раҳбарининг ишончли маслаҳатчиси бўлишини тўғри тушуниш лозим. Афсуски, шуни тушунмаган айрим раҳбарлар Ахборот хизматига «шунчаки бўлим» сифатида қарайди. Оқибатда юқорида қайд этилган вазифалар бажарилмай, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари ривожланмай қолаверади. Демак, бу масала қай даражада ҳал этилиши ташкилот раҳбарига боғлиқ. «Агар раҳбар мавжуд аҳволдан, ўз ишининг натижасидан мамнун бўлиб, бизларга бўлаверади, деб ёнбошлаб ётаверса, бундай ҳолатдан энг аввало ким зарар кўради – шу ерда яшаётган одамлар,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Ҳар қандай оғир ва мураккаб аҳволга тушганимизда ҳам, жамоатчилик, маҳалла, фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, обрўли фахрийлар, кайвонилар билан бамаслаҳат мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш, вазиятни очиқ-ойдин тушунтириш – бугунги куннинг долзарб вазифаси, ҳаётда учрайдиган ҳар қандай нохуш ҳолатларнинг олдини олишнинг асосий шартидир»1.

Бугунги кунда раҳбарнинг тадбиркор ва ишчан бўлиши баробарида ўз жамоатчилиги билан алоқаларини узвий равишда ривожлантириб бориши устувор масалалардан бирига айланди. Зотан, «мамлакатимизнинг эртаси ва тараққиёти раҳбар ходимларнинг фидойилиги, профессионал маҳорати, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ғоявий-маънавий етуклигига кўп жиҳатдан боғлиқ»2 экан, бугунги кунда улардан Ахборот хизматига тўғри муносабатда бўлишлари талаб этилишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Бугунги кунда ташкилотларда Ахборот хизматини ташкил этиш ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилганига қарамай бу масалага лоқайдлик билан қараётганлар кам эмас. Бу эса мамлакатимизда PRнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг натижасида «жойларда очиқ ва эркин фикрловчиларнинг «оғзини ёпишга» уринувчи раҳбар шахслар ҳам учраб туради»3, алал-оқибат, жамоатчилик фикрини назар-писанд қилмаслик ҳоллари ҳам кўзга ташланмоқда. Бу ошкоралик сиёсатига зиддир. «Аслида, ошкоралик – камчиликларни ўзимиз аниқлайлик, уларга холисона баҳо берайлик ва бартараф этайлик дегани. Бу эса очиқ мулоқот, баҳс-мунозара орқали рўёбга чиқади»4. Ахборот хизмати эса худди ана шу масъулиятли вазифани адо этишини ҳар бир ташкилот раҳбари тўғри тушунмоғи зарур. Қайсики раҳбар шуни тўғри тушунмаса, бундан биринчи навбатда ташкилоти ва жамоатчилиги зарур кўришини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу каби муаммолар ечимини эса жамоатчилик фикрини ўрганмасдан туриб ижобий ҳал этиш жуда мушкул. Ахборот хизмати худди шу муҳим вазифани бажаришини тўғри тушунган ҳолда ташкилот раҳбари унга имкониятлар яратиши, матбуот котибига жиддий муносабатда бўлиши, ОАВ билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда у билан бамаслаҳат иш тутиши давр тақозосига айланди. Ривожланган мамлакатларда матбуот котибининг мавқеи ташкилот раҳбари ўринбосарларига тенглаштирилгани бежиз эмас.

Бироқ, бу илғор иш услубини тушуниб етмаётган айрим раҳбарлар Ахборот хизматига «иккинчи даражали тузилма» сифатида қарашмоқда. Улар Ахборот хизмати ходимларига маърузаларини ёздириш, қандайдир маълумотнома ёки бошқа ҳужжатларини тайёрлатиш каби майда-чуйда ишларни юклаб қўймоқда. Ахборот хизматининг ҳақиқий юмушлари бир четда қолиб кетаётир. Бу ҳолда Ахборот хизматини тузишдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Ахборот хизматининг яна бир вазифаси – ташкилот раҳбарининг ОАВда мунтазам чиқишларини таъминлашдан иборат. Бунинг учун ўша раҳбарнинг ўзи ҳам ташаббус кўрсатиши зарур. Яъни, газетада қандай мақола ёритиши, телевидение ёки радиога қайси мавзуда интервью бериши борасида Ахборот хизмати раҳбари билан бамаслаҳат иш тутиши лозим.

Қатор ташкилотларда Ахборот хизмати фаолиятини тобора такомиллаштиришда пойтахт шаҳримиздаги Миллий матбуот марказида, турли ташкилот ва муассасаларда вақти-вақти билан ўтказилаётган матбуот котиблари йиғилишлари, давра суҳбатлари муҳим ўрин тутмоқда. Бу тадбир ва анжмунларда айниқса ёш матбуот котиблари билим ҳамда тажрибалари, малакаларини оширмоқдалар.

Ахборот хизмати матбуот анжуманлари ўтказилганидан сўнг у ҳақда ОАВда кенг ёритилиши учун ҳам масъул ҳисобланади. ОАВни ахборот билан таъминлаш ҳар бир Ахборот хизмати ходимининг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Демак, ташкилот раҳбари Ахборот хизматини «майда-чуйда» ишларга ўралаштириб қўймасдан ўша салмоқли, залворли вазифаларни бажаришга йўналтириши давр талабидир. Бунинг учун ташкилот раҳбарининг ўзи Ахборот хизматининг қандай мақсадда ташкил этилгани, вазифалари нималардан иборат эканлигини яхши англаб олмоғи зарур. Бу борада назариётчи Валентин Королько ёзганидек, «PRни хўжакўрсинга ташкил қилмаслик керак»5. Унинг фикрича, ўзларига яхши шароит яратиш учун ҳар қандай йўл билан халқни алдаш ва омма ишончини суиистеъмол қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Жамиятни маълум бир муддат давомида алдаш мумкин. Бирон-бир қисминигина узоқроқ алдаб юриш мумкин. Бутун жамиятни ҳар доим алдаб юриш эса ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган6. Жаҳон амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, қайсики соҳада бўлмасин омма ишончини суиистеъмол қилиш шак-шубҳасиз салбий оқибатларга олиб келади…

Демак, энг аввало ҳар бир ташкилотда Ахборот хизматига нисбатан муносабатни тўғри шакллантириш тақозо этилади. Мутахассислар фикрича, бундай муносабат моҳияти тубандагича бўлиши мумкин:

– ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришга доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутахассислари билан бамаслаҳат иш юритиш;

– муҳим қарорлар қабул қилишда аввало ундан кўзланган мақсад ва оқибатини эътиборга олиш;

– ташкилотнинг ички ва жамоатчилик билан ташқи – икки томонлама алоқаларини мунтазам равишда ўрнатиш;

– эълон қилинган режалар, учрашувларда берилган ваъдаларнинг тўла бажарилиши учун қатъий ҳаракат қилиш;

– ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришдан кўзланган мақсадларини аниқлаб олиш.

Давр талабини тўғри англай олмаётган айрим ташкилот раҳбарларида Ахборот хизмати билан бундай муносабатлар нима учун зарур, деган ғайриоддий савол пайдо бўлиши мумкин. Очиғи, бундай амалиётга ўрганмаган мутасаддилар оғизда бошқача гапирсалар-да амалда унга ўзлари риоя этиши жуда қийин кечмоқда. Хўш, бу борада нима қилмоқ керак, деган саволга мухтасар жавоб топиш керак. Профессор Шукритдин Пахрутдинов ибораси билан айтганда: «вазифа аниқ: раҳбар кадрларни профессионал жиҳатдан қайта тайёрлашимиз, энг аввало, уларнинг онг ва тафаккурини тубдан ўзгартиришга эришимиз зарур»7.

Токи, улар ўзлари раҳбарлик қилаётган ташкилотининг жамоатчилик билан алоқаларини изчил ривожлантиришда Ахборот хизматининг ўрни ва ролини ҳам англаб етишлари лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ахборот хизматининг асосий вазифаси – матбуот, радио ва телевидение орқали ўз идоралари ҳақида жамоатчилик ўртасида ижобий ахборотни тарқатиб, ушбу жамоатчиликда идоранинг имижини яратишдир. Албатта, мазкур вазифани муваффақиятли бажариш фақатгина Ахборот хизмати ходимларининг ўзларига боғлиқ эмас. Уларнинг фаолияти энг аввало истиқболли режага асосланиши зарур.

Ахборотлашган жамиятда Ахборот хизматини ривожлантирмасдан бирор ташкилот фаолияти ривожланиши мушкул. Ахборот хизматига ижобий муносабатда бўлмаслик ва унга керакли ёрдамни кўрсатмаслик ташкилотнинг эртаги фаолиятини таъминлай олмаслик билан тенгдир. Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доимий самимий ва ишонарли мулоқот бўлиши зарур. Кўп идораларда Ахборот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом Ахборот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажариш имконини ошираверади.

 

Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан муносабатлари

 

Ушбу мавзу асосан соҳа мутахассисларидан бири – филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов (муаллифнинг илмий раҳбари) билан ҳамкорликда тайёрланди.

Ҳар бир ташкилот бир нечта бошқарма, гуруҳ ё бўлимлардан (кейинги ўринларда – бўлим) таркиб топишини изоҳлашга бўлмаса керак. Улар бир мақсад йўлида фаолият кўрсатадилар. Фақат, кундалик ишлари, режалари турлича бўлиши мумкин. Айтайлик, газета таҳририятида ҳам ўша нашр йўналишига монанд «Ижтимоий ҳаёт», «Иқтисодиёт», «Адабиёт ва санъат», «Жамоатчилик билан алоқалар» каби бўлимларнинг режалари турлича бўлса-да, улар шу таҳририятни ташкил этган ҳолда битта номда газета чиқарадилар. Демак, таҳририят умумий мақсад йўлида фаолият кўрсатади.

Турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона, йирик ташкилот ва муассасаларда ҳам фаолиятлари бир-бири билан чамбарчас бўлган бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Ахборот хизмати ташкилот раҳбарияти билан қандай муносабат ўрнатган бўлса, ўша бўлимлар билан ҳам худди шундай узвий алоқада бўлиши лозим. Очиқ айтиш керак, ҳозирча Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан муносабатларига етарли даражада эътибор берилмаётир.

Юқорида Ахборот хизматининг ташкилот раҳбари ва жамоа ходимлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш борасидаги вазифалари ҳақида сўз юритдик. (Буни, ички PR деб атадик). Ахборот хизматининг навбатдаги вазифаси – ташкилотдаги бошқа бўлимлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бу ҳам аслида ички PRни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ташкилотдаги ҳар бир бўлим билан узвий алоқада бўлиш ижтимоий фикрни теранроқ ўрганишга ёрдам беради. Зеро, «жамоатчилик фикри моҳиятини теранроқ англамоқ учун мазкур ижтимоий ҳодиса таркибини атрофлича ўрганиш мақсадга мувофиқдир,– деб ёзади профессор Мансур Бекмуродов.– Ҳар бир фикр ўз кўлами ва сифатига кўра хусусий, гуруҳий, маҳаллий, миллий, табақавий бўлиши мумкин»8. Ташкилотда эса бир нечта бўлимлар билан алоқа ўрнатиш асносида бутун жамоа фикрини теранроқ ўрганиш имкони пайдо бўлади. Чунки, уларнинг фикрлари «бирор бир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масала хусусида билдирилган эътиқоди, фикр-қарашларининг намойишидир»9.

Демак, ҳар қандай ташкилотда ички PRни ривожлантириш учун Ахборот хизмати фақат раҳбарияти билан муносабат ўрнатиши камлик қилади. Ахборот хизмати барча бўлимлар билан бирдек алоқа ўрнатган тақдирдагина кўзланган мақсадга эришиши мумкин. У ҳар бир бўлимнинг фаолияти, режалари, ютуқ ва камчиликлари, эришаётган натижаларидан бохабар бўлиб бориши зарур. (Ҳозирча Ахборот хизмати умумий йиғилишларда раҳбарнинг гап-сўзларидан сўнггина бошқа бўлимлар фаолиятидан қисман хабардор бўлмоқда).

Агар Ахборот хизмати бошқа бўлимлар билан ўзаро алоқаларни мунтазам йўлга қўйган ҳолда фаолият кўрсатса, бу ташкилотнинг ривожланишига қай даражада ижобий таъсир кўрсатишини тасаввур этиш қийин эмас. Демак, бу масалага ташкилот раҳбари жиддий эътибор қаратиб, ташкилотининг бўлимлари билан Ахборот хизмати ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ёрдам бериши мақсадга мувофиқдир. Аслида, ҳар бир раҳбарнинг энг муқаддас бурчи – одамларга ғамхўрлик қилиш, уларни бирлаштиришдан иборатдир.

Ахборот хизматининг барча бўлимлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб бориши энг аввало умум манфаатига хизмат қилади. Ҳар бир бўлим Ахборот хизмати орқали бир-бирларининг ишларидан бохабар бўлиб боради. Шу аснода улар ҳамфикр, маслакдошга айланадилар. Умум манфаатига тўғри келмайдиган ёхуд улар фаолиятига тўсқинлик қиладиган муаммоларни баҳамжиҳатлик билан ҳал этиб бориш имкониятига эга бўладилар. «Гап шахс нуқтаи назарини умум манфаатларига нечоғли мувофиқ тушишига, ҳар бир индивиднинг жамоа хоҳиш-иродаси, мақсад ва интилишлари доирасида иш тутишига боғлиқлиги устидадир,– деб ёзади профессор Мансур Бекмуродов.– Зеро, жамиятнинг илдам тараққиёти фикрлар мўл-кўллиги, масалани ҳал этишнинг ранг-баранг йўл ва усуллари мавжудлиги ва бу эркин қарашларни очиқ-ойдин ўртага ташлаш, муҳокама этиш имкониятлари яратилган ҳоллардагина амалга ошиши мумкин»10.

Ахборот хизмати ташкилотдаги бошқа бўлимлар билан қандай муносабат ўрнатади?

Бу бирор буйруқ ё қандайдир кўрсатма билан амалга ошадиган иш эмас.

Ахборот хизмати ходими ишни аввало барча ходимлар билан самимий муносабатлар, ўзаро ҳамкорлик ўрнатишдан бошлаши зарур. Бошқа бўлимлар Ахборот хизматига қилаётган ишлари ҳақида маълумотлар бериб боришдан қанчалик манфаат кўришини тушунтириш керак. Бўлимлар нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, айни вақтда ишга тўсқинлик қилаётган муаммолар хусусида ҳам Ахборот хизматига очиқ-ойдин айтишлари одатий ҳолга айланиб қолиши даркор. Бундай ҳолни эса ташкилотларда иш юритишнинг – мувофиқлаштириш усули деб аташади. Бу борада АҚШлик мутахассис Маргерит Салливан айрим назариётчиларнинг фикрига таянган ҳолда шундай ёзган: «Мувофиқлаштиришсиз ишни яхши бажариб бўлмайди». Муаллифнинг фикрича, матбуот котиби ходимларнинг ОАВ билан барча алоқаларини мувофиқлаштиргани дуруст. Матбуот котиби, ҳеч бўлмаса, бирон-бир ходим матбуот вакиллари билан мулоқотда бўлган-бўлмаганини, қандай мавзуларни муҳокама қилганини имкон қадар тезроқ билиши зарур11.

Шуни очиқ айтиш жоизки, аксарият ташкилотларда ходимлар ОАВ вакиллари билан ўзларича суҳбатлашавермайдилар. Уларга бирор ахборот беришга ийманадилар (ёки «қовун тушириб» қўйишдан қўрқадилар). Нега шундай, деган саволга эса ҳеч ким жўяли жавоб айта олмайди. Бу бутун дунёда кузатилган ғалати ҳодисадир. Бироқ, ижтимоий ҳаётда энг муҳим ахборотлар айнан уларнинг фаолиятлари билан боғлиқлигини эътироф этиш жоиз. У ишлаб чиқариш ё бошқа соҳадами, барибир, ахборотнинг биринчи манбаи – оддий меҳнаткашларнинг фаолиятлари билан боғлиқ ҳодисалардан бошланишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Шундай экан, ҳар бир жамоада Ахборот хизмати бошқа бўлимлар билан узвий алоқада бўлиб, улар ахборотини ҳушёрлик билан ўрганиб, лозим топса, ОАВда ёритиб бориши даркор. Шу боисдан Ахборот хизмати фаолиятининг «аҳамияти яна шу сабабдан ҳам ортадики, улар умумий ҳокимият институти номидан ҳаракат қилади, бу институт ўз иродасини фуқароларга етказмасдан, ўз қарорларини эълон қилмасдан ва тушунтирмасдан ишлай олмайди»12. Ташкилотда Ахборот хизмати фаолияти, вазифалари ва мақсадлари барчага маълум бўлгач, унга бўлган эътибор ҳам ортади.

Хўш, бошқа бўлим ходимлари Ахборот хизматига қачон ахборот бериб туриши, муаммоларини ошкора айтиши мумкин? Қачонки, ундан бирор ижобий натижа чиқишига ишонса!

Айтайлик, бирор бўлим Ахборот хизмати зарур ахборотини айтганидан сўнг у ҳақда ОАВда мақола ёритилса ва ундан ўша бўлим манфаат кўрса, сўзсиз бошқа ахборотларидан ҳам бохабар қилиб туради. Ёки муаммосини Ахборот хизматига айтгач, унинг ижобий ҳал этилишига йўл очилса, шундан сўнг ўша бўлимнинг Ахборот хизмати билан алоқалари мутаҳкамлана бошлайди. Ахборот хизмати бошқа бўлим ахборотини шунчаки тинглаб, ундан кейин бирор саъй-ҳаракат қилмаса, уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Сўнг, унга бирор ахборот бериш фойдасиз, деган хулосага келади. Бундай жамоада Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан алоқаси кутилган даражада бўлмайди.

Бошқа бўлимлардан олинган ахборотларни Ахборот хизмати нима қилади, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:

  1. Маълумот сифатида ўрганади, таҳлил қилади ва ташкилот раҳбари билан келишган ҳолда интернетдаги тегишли веб-сайтига жойлаштиради.
  2. Мавзунинг долзарблигига қараб ОАВда ёритиши мумкин.
  3. Жамоатчиликнинг унга нисбатан фикрини, таъбир жоиз бўлса, тажрибали мутахассисларнинг таклифларини, эътирозларини ўрганиб, бу ҳақда бўлим ходимларини хабардор этади.

Бу, албатта, ўша бўлим фаолиятининг янада ривожланишига хизмат қилади. Демак, ҳар бир бўлим Ахборот хизматини ўз фаолияти ҳақидаги янги ахборот ва маълумотлар билан таъминлаб туриши мақсадга мувофиқдир. Ўз навбатида Ахборот хизмати бўлим фаолияти, ютуқлари ва муаммолари, ходимлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор этиб бориши даркор. Аҳоли уларнинг фаолияти, чиқараётган маҳсулотлари ёки кўрсатаётган хизмати ва ҳоказолардан мунтазам бохабар бўлиши лозим. Бу билан Ахборот хизмати мазкур ташкилотда бўлимлараро ахборот алмашинувини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг баробарида бошқа бўлимлар Ахборот хизмати саъй-ҳаракатларига қараб йўл тутишлари одатий ҳолга айланади.

Хўш, бу борада юртимиздаги ташкилотларда аҳвол қай даражада? Бу масалада Ахборот хизмати биринчи галда қуйидаги саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб бера олиши даркор:

  1. Ташкилот жамоасини, унинг бўлимларини қандай мутахассислар ташкил этади?
  2. Улар ташкилотга тегишли қонунлар, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлардан қай даражада бохабар?

3 Ташкилот низоми, дастури, режалари билан танишиб чиқишганми?

  1. Ана шу ҳужжатлар юзасидан қандай фикрлар билдиришган? (Ўша билдирилган фикрлар мониторинги олиб борилганми? Унинг натижалари ташкилот раҳбарига ва жамоага маълум қилинганми?)
  2. Ходимлар ташкилот раҳбарининг таржимаи ҳолини, иш услубини билишадими, унга ишонишадими, зарур пайтда қўллаб-қувватлашадими?
  3. Ташкилотнинг истиқбол режалари, дастурлари билан ҳар бир ходим танишганми ва бу борада уларнинг фикрлари ўрганилганми?
  4. Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжат13 борми ва унга қай даражада амал қилинмоқда?
  5. Бўлимларнинг кундалик фаолияти: эришаётган натижалари, пайдо бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечими қандай ҳал этилаётганидан бутун жамоа мудом хабардор бўлиб борадими?

Тасаввур қилинг, барча ходимлардан ўша саволларга ижобий жавоб олинса, у ҳолда бу жамоа аъзоларининг ҳуқуқий савияси, маданияти қай даражада юксак бўлиши мумкин! У ҳолда ҳар бир ходим қандай жамоада ишлаётганини англаб, онгли равишда меҳант қилади! Ташкилотининг бу жамиятда нима учун кераклигини ҳис этади. Одамларга қандай фойда келтираётганини, бунинг келажаги қандай бўлишини яхши билади. Ахборот хизмати ўз фаолиятида жамоа аъзоларига ана шулар ҳақида узлуксиз равишда зарур маълумотларни етказиб туриши шарт.

Агар ходим улардан бехабар бўлиб, фақат раҳбарининг топшириғини бажариш билангина кифояланаётган бўлса-чи? (Маъмурий-буйруқбозлик усули шунақа эди-да). Бу ҳолда ташкилот фаолиятини қандай баҳолаш мумкин? Бундай ташкилот ўз мақсадларига қай даражада эриша олади?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ана шу ички PR вазифаларини ўз номи билан – пиарменлар, яъни, Ахборот хизмати бажаради. У биринчи галда ташкилот раҳбарияти ва меҳнат жамоаси ўртасида доимий алоқа ўрнатиши зарур. Бу алоқа – жамоа аъзоларини юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар билан таништиришдан бошланади. Ўз соҳасига оид қонунлар, ташкилотининг меъёрий ҳужжатлари, режалари ва бошқа маълумотлар билан танишган ҳар бир ходимда уларга нисбатан фикр пайдо бўлади. Ана шу фикрларни, таклиф ва эътирозларни ўрганиб, улардан ташкилот раҳбарини хабардор қилиб бориш Ахборот хизматининг галдаги муҳим вазифаси ҳисобланади. Илмий нуқтаи назардан қаралганда, Ахборот хизмати шу аснода икки томонлама фикр тинглашни, пировардида, жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйган бўлади.

Аниқланишича, баъзи ташкилотларда бу масалаларга на раҳбари ва на Ахборот хизмати ходими эътибор беради. Айнан шу масалада бир гуруҳ журналистлар ўртасида сўров ўтказилганида айримлар ўз таҳририяти низоми, дастури, бош муҳаррирнинг режалари, молиявий аҳволи билан таниш эмаслиги маълум ҳам бўлди.

«Таҳририят низоми билан танишмисиз?»– деган саволга бир адабий ходим шундай жавоб берган:

«Ўша ҳужжатлар бош муҳаррирнинг сейфида туради. Сўрасак, нега кавлаштириб қолдинг?»– дея ғалати қарайди…

Иккинчи ходимнинг жавоби ҳақиқатга анча яқин бўлди:

«Аслида ўзимиз лоқайдмиз. То ишимиз тушмагунча на қонунни ва на бошқа зарур ҳужжатларни ўқиб кўрамиз».

Учинчи ходим масалага янада ойдинлик киритди:

«Фақат раҳбарнинг топшириғини бажаришга одатланиб қолганмиз».

Тўртинчи ходим бепарволигини ошкор қилди:

«Ўша ҳужжатларни билганимиздан нима фойда?»

Унга шундай жавоб қайтариш ўринлидир:

«Аввал ўша ҳужжатлар билан тўлиқ танишинг, сўнг, ҳуқуқий билим ва савиянгиз ошганида саволингизга ўзингиз мухтасар жавоб топасиз!»

Яширишга ҳожат йўқ, бундай ачинарли ҳолни республикамиздаги қатор ташкилотларда ҳам кузатиш мумкин. Аксарият ҳолларда ходимлар ўзларини қандайдир вазифани бажариш учунгина ишга қабул қилинган, деб ҳисоблайдилар. Улар ташкилот режалари билан қизиқмайди. Демак, ўша ташкилотларда ҳозирча ички PR ҳам, Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан алоқалари ҳам қониқарли даражада деб бўлмайди. Халқона тилда айтганда, бундай ташкилотларда аҳвол – эски тос, эски ҳаммомлигича қолмоқда.

Қайсики ташкилотда Ахборот хизмати фаолиятига жиддий эътибор қаратилса ва юқорида қайд этилган вазифалар тўла амалга оширилса, ўша муаммолар ечими ижобий ҳал этилиши мумкин.

Ахборот олиш ҳам, журналистнинг саволларига тўлақонли жавоб бериш ҳам катта масъулият талаб қилади. Бунинг учун журналист ҳам, ташкилот мутасаддиси ҳам муайян тайёргарлик кўрмасдан бирор натижага эришиши мушкул. Хўш, бу муаммони осонроқ ҳал этишнинг имкони борми? Ахборот хизмати худди ана шу масъулиятли ва муҳим вазифани ижобий ҳал этади!

Яъни, у ташкилотлар ва ОАВни боғловчи бўғин бўла олади.

Бугунги кунда республикамизнинг кўп ташкилотлари ўз ахборот хизмати, газета-журналлари, телерадиостудияси, интернетда веб-сайтларига эга. Улар ташкилот ахборотларини оммага етказишга хизмат қилиши талаб этилади. Ўз навбатида жамоатчилик фикри ўрганиб борилиши зарур.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини узвий боғлаб турадиган масъул шахслар – Ахборот хизмати ходимлари ҳисобланади. Улар аввало ташкилотнинг ОАВ билан алоқаларини мунтазам равишда йўлга қўяди. Ўз навбатида ОАВ ташкилот ахборотини тарқатиш билан бир қаторда унинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Ахборот хизмати қанчалик самарали фаолият кўрсатса, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари шунчалик мустаҳкамланиб бораверади. Шуни айтиш жоизки, одамлар оқ билан қорани, рост билан ёлғонни, ҳақиқат билан сохталикни яхши ажратиб олади. Шул боис PR кўпроқ психологик муносабат ўрнатади, одамлар билан руҳий мулоқотда бўлади. Бу қуйидагича кечади: “…ўзаро алоқадан эътиборга, эътибордан тушунчага, тушунчадан тан олишга, тан олишдан ишончга, ишончдан ҳурматга, ўзаро ҳурматдан ҳамкорликка, ўзаро ҳамкорликдан ҳамоҳангликка”14. Бундай ўзаро боғланиш жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

PR назарияси ва амалиётини яхши билган матбуот котиблари турли мураккаб вазиятларда қандай йўл тутишини ҳақида Д.Бутриннинг ушбу фикрлари эътиборга молик: “Яхши матбуот котиби журналистлар билан шундай асосда ишлаши керак: “ҳақиқат шунчалик серқирраки, ёлғон гапиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”15. Матбуот котиби зиммасига тушадиган мураккаб вазифалар ҳақида сўз борар экан, ахборот хизмати институти ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари оламининг муҳим бир сегменти бўлиб қолаётганини тўғри англамоқ даркор.

1 Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш, одамларнинг орзу-умидларига қанот бериш – ҳар бир раҳбарнинг бурчи. //Халқ сўзи. 2006 йил 20 октябрь.

2 Пахрутдинов Ш. Замонавий раҳбар: у қандай фазилатларга эга бўлиши лозим? //XXI asr. 2005 йил 10 ноябрь.

3 Қаранг: Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия, 2005. 118-б.

4 Ўша тўплам, ўша бет.

5 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.–С. 11-12

6 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.–С. 11-12

7 Пахрутдинов Ш. Замонавий раҳбар: у қандай фазилатларга эга бўлиши лозим? //XXI asr. 2005 йил 10 ноябрь.

8 Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий фикр жамоатчилик маркази. 1999. – 25 б.

9 Биккер Г., Босков А. Современная социологическая теория и ее преемственности и изменении. –М.: 1963. С-632.

10 Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий фикр жамоатчилик маркази. 1999. – 7-8 б.

11 Қаранг: Салливан М.Х. Масъул матбуот хизмати. –Т.: 2005. – 13 б.

12 Қаранг: Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма. –Т.: Адолат. 2006. – 6-б.

13 Қаранг: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Т.: 2002. – 3-жилд, 545-б.

14 Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: теория и история. –Т.: Ижод дунёси. 2003. Б. 77.

15 Бутрин Д. Год открытых дверей. //Коммерсанть. –2002, 24 декабрь. Б. 30.

 

You may also like...

1 Response

  1. Ma’ruzadan axborot xizmati xodimining vazifalari, jamoatchilik bilan aloqalardan ko’zlangan maqsad, axborot xizmatlaridan samarali foydalanish, axborot xizmatlari faoliyatini takomillashtirish, axborotlashgan jamiyatda axborot xizmatining o’rni, axborot xizmatining boshqa bo’limlar bilan munosabatlari, tashkilotning nizom, dastur va rejalari haqida ma’lumotlarga ega bo’ldim. Rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>