Ахборот хизмати (6)

6-мавзу: МУЛОҚОТ МАСЪУЛИЯТИ

ах3

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳасобланмиш турли идора, ташкилот ва муассасаларнинг халқ билан мулоқотини доимий йўлга қўйишда уларнинг Ахборот хизматлари асосий ташкилотчилик ишларини бажариши лозим.

Бу масъулиятли вазифани бажариш Ахборот хизмати ходимидан улкан масъулият талаб қилади. Биринчи галда у ўз ташкилоти жамоаси ҳақида тўла маълумотга эга бўлиши даркор. (Ташкилотнинг кадрлар бўлимида ҳар бир ходимга тегишли ҳужжатлар сақланади, ахборот хизматида эса уларнинг илмий, ижодий ва бошқа салоҳиятини кўрсатадиган маълумотларгача тўплаб борилиши мақсадга мувофиқдир) У бутун фаолияти давомида ана шу жамоадан ахборот олади, уларни ОАВ билан ҳамкорликка чорлайди, биргаликда тадбирлар, анжуманлар уюштиради, имижини яратади. Билъакс, уларнинг жамоатчилик билан алоқалар борасидаги тушунчалари мавҳум бўлиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқалар, яъни халқ билан мулоқотдан кўзланган мақсадлардан бири – ташкилотнинг дастур ва режаларидан, кундалик фаолиятидан оммани узлуксиз бохабар қилиб бориш, иккинчи томондан, соҳада катта тажрибага эга кишилар, мутахассисларнинг унга муносабати, фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва эътирозларини ўрганишдир. Ана шу муҳим вазифаларни бажариш Ахборот хизмати ходимидан улкан масъулият талаб қилади. Ахборот хизматини ташкил этган ташкилот раҳбари аввало унинг ана шу вазифаларини тўғри англаб олмоғи лозим.

Қайсики ташкилот раҳбари Ахборот хизматининг шу вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш тутса, унинг дастур ва режалари тўла амалга ошишига имкон яралади. Республикамизда Ахборот хизмати фаолиятидан тўғри ва самарали фойдаланаётган ташкилотлар анчагина.

Ахборот хизматидан самарали фойдаланган ташкилот раҳбарининг имижи ҳам юқори бўлади. Чунки, Ахборот хизмати ташкилот фаолиятини ОАВда муттасил ва кенг ёритиб бориш баробарида унинг имижини ҳам яратиб боради. Бу эса, биринчи галда, ўша ташкилот раҳбарининг нуфузини оширишга хизмат қилади.

Ахборот хизмати ташкилот раҳбарининг журналистлар билан алоқасини мустаҳкамлайди. Ўз навбатида ОАВ ходимлари ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини изчил ривожлантиришга ёрдам беради. Ишни шу асосда ташкил этган раҳбар амалда ташкилоти фаолиятини муттасил ривожлантира олиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Зеро, ҳар бир ташкилотда Ахборот хизматининг ўрни, мавқеи қай даражада бўлиши биринчи галда шу жамоа раҳбарига боғлиқ.

Ахборот хизмати мутасаддиси ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади. Ривожланган мамлакатларда матбуот котибининг мавқеи ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштирилгани бежиз эмас. У ташкилот раҳбари ва ОАВ ўртасида доимий алоқа ўрнатади. Журналистлар билан бўладиган мулоқотларда матбуот котиби ташкилот раҳбарининг ишончли маслаҳатчиси бўлиши мумкин. Демак, ташкилот раҳбари Ахборот хизматига “шунчаки бўлим” сифатида қарамаслиги керак. Оқибатда, юқорида қайд этилган муҳим вазифалар бажарилмай, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари ривожланмай қолаверади… Демак, бу масала қай даражада ҳал этилиши ташкилот раҳбарига боғлиқ. “Агар раҳбар мавжуд аҳволдан, ўз ишининг натижасидан мамнун бўлиб, бизларга бўлаверади, деб ёнбошлаб ётаверса, бундай ҳолатдан энг аввало ким зарар кўради – шу ерда яшаётган одамлар,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов.– Ҳар қандай оғир ва мураккаб аҳволга тушганимизда ҳам, жамоатчилик, маҳалла, фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, обрўли фахрийлар, кайвонилар билан бамаслаҳат мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш, вазиятни очиқ-ойдин тушунтириш – бугунги куннинг долзарб вазифаси, ҳаётда учрайдиган ҳар қандай нохуш ҳолатларнинг олдини олишнинг асосий шартидир”1.

Бугунги кунда раҳбарнинг тадбиркор ва ишчан бўлиши баробарида ўз жамоатчилиги билан алоқаларини узвий равишда ривожлантириб бориши устувор масалалардан бирига айланди. Зотан, “мамлакатимизнинг эртаси ва тараққиёти раҳбар ходимларнинг фидойилиги, профессионал маҳорати, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ғоявий-маънавий етуклигига кўп жиҳатдан боғлиқ”2 экан, бугунги кунда улардан Ахборот хизматига тўғри муносабатда бўлишлари талаб этилишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Идора ва ташкилотларда Ахборот хизматини ташкил этиш ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилган экан, ундан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизматининг яна бир вазифаси – ташкилот раҳбари ва бошқа масъул ходимларнинг ОАВда мунтазам чиқишларини таъминлашдан иборат. Бунинг учун уларнинг ўзлари ҳам ташаббус кўрсатиши зарур. Яъни, газетада қандай мақола ёритиши, телевидение ёки радиога қайси мавзуда интервью бериши борасида Ахборот хизмати раҳбари билан бамаслаҳат иш тутиши даркор. Бу борада Биринчи Президентимизнинг куюнчаклик билан айтган сўзлари ёдга тушади: “Нега вилоят ҳокимлари, туман ҳокимлари, вазирлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар матбуотдан ўзини олиб қочади? Заифлиги, тили қисиқ жойи борми? Нега очиқ мулоқотга чорласангиз, дудуқланиб қолади? Ёки, очиғини айтадиган бўлсак, мазмунли жавоб бериш учун қурби, савияси, малакаси етишмайдими? Президент ҳам, вазирлар ҳам, оддий фуқаро ҳам, ҳокимлар ҳам очиқ баҳсдан, очиқ мулоқотдан ўзини тортмаслиги шарт. Бизни сайлаган одамлар ҳокимият фаолиятидан хабардор бўлиши ва унга баҳо беришида матбуот воситачи ролини бажариши лозим”3.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бундай ғояларни ҳам амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

“Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарни – бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак,– деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида.– Энди ҳар биримиз, энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси – ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаришни таъминлашдан иборат. Шундай давр келди”4.

Давлатимиз раҳбари энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборатлиги ҳақида сўз юритар экан, айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Бунинг учун қуйидаги вазифаларни бажаришимиз лозим,– деди давлатимиз раҳбари.– Биринчи – фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш керак”5.

Назариётчилар эътироф этишича, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда идора ва ташкилот мутасаддилари ўз Ахборот хизматидан самарали фойдаланиши мумкин. Бу борада ташкилот раҳбари қуйидагиларни талаб қилишга ҳақлидир:

  1. Ахборот хизматида фаолият кўрсатаётган ходимнинг журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги малакаси етарлими?
  2. 2. Интернет тизимида тегишли веб-ресурслари яратилганми? Унинг дизайни, мавзулар йўналиши, рукнлари талаб даражасидами?
  3. 3. Веб-сайтга ташкилот ва унинг фаолияти ҳақида қандай маълумотлар жойлаштирилмоқда? Ташкилот меҳнат жамоасининг кундалик ишларини акс эттирувчи муҳим ахборотлар ҳозиржавоблик билан ёритиб бориляптими? Ўша маълумот, хабар ва мақолаларнинг савияси қан даражада? Имловий хатоликлар, услубий ғализлик, нотўғри факт ё рақам, ўқувчини чалғитадиган, ташкилот имижига салбий таъсир этадиган гаплар чиқиб кетмаяптими?
  4. 4. Ташкилот фаолиятига оид ахборот манбалари яратиляптими?
  5. Ташкилот режаларига ва фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикри қай тарзда ўз ифодасини топяпти?
  6. Ўша веб-сайтни ҳар куни қанча ахборот истеъмолчиси кузатмоқда?
  7. 7. Охирги марта қачон матбуот конференцияси ё брифинг ўтказилди? Набатдаги матбуот анжумани қачон ўтказилиши режалаштирилмоқда?
  8. 8. Ташкилотга келган хатлар ва мурожаатлар беътибор қолмаяптими? Уларга ўз вақтида асосли жавоблар қайтариляптими?
  9. Ташкилот ахборот хавфсизлиги етарли даражада таъминланяптми?
  10. Матбуот котибингиз билан ҳар қанча вақтда суҳбатлашиб турасиз?

Ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари аслида ана шу вазифаларнинг қай даражада амалга оширилаётгани билан изоҳланади. Бу вазифа биринчи галда Ахборот хизмати зиммасига тушади. Мутахассислар фикрича ҳам ОАВни “ахборот билан таъминлаш… ҳар бир Ахборот хизмати ходимининг муҳим вазифаси ҳисобланади”6.

Демак, ташкилот раҳбари Ахборот хизматини ўша салмоқли, залворли вазифаларни бажаришга йўналтириши даркор.

Ҳар бир ташкилот раҳбари Ахборот хизматига нисбатан муносабатни тўғри шакллантириши тақозо этилади. Биринчи навбатда, Ахборот хизмати нима мақсадда ташкил этилгани, унинг вазифалари нималардан иборат эканлигини тўғри англаб олиш ва шунга яраша муносабатда бўлиш шарт. Мутахассислар фикрича, бундай муносабатлар моҳияти қуйидагича бўлиши мумкин:

– жамоатчилик билан алоқалар соҳасига доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутахассислари билан мунтазам маслаҳатлашиб туриш;

– қарорлар қабул қилишда уларнинг оқибатларини эътиборга олиш;

– ички (ташкилотники) ва ташқи жамоатчилик билан икки тарафлама алоқаларни такомиллаштириб бориш;

– эълон қилинган режаларни амалга ошириш;

– жамоатчилик билан алоқалар учун ўз мақсадларини аниқлаб олиш.

Ахборотлашган жамиятда Ахборот хизматини ривожлантирмасдан бирор ташкилот фаолияти ривожланиши мушкул. Ахборот хизматига ижобий муносабатда бўлмаслик ва унга керакли ёрдамни кўрсатмаслик ташкилотнинг эртаги фаолиятини таъминлай олмаслик билан тенг. Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доимий самимий ва ишонарли мулоқот бўлиши зарур. Кўп идораларда Ахборот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом Ахборот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажариш имконини ошираверади.

 

Ташкилот тизимидаги ўзаро ҳамкорлик

Республика идора ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий бошқалармалари бир нечта бўлим ё гуруҳлардан иборат бўлади. Ахборот хизмати асосан ана шулар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади. Соҳа мутахассисларидан бири – профессор Файзулла Мўминов бу борада қатор хулосаларини баён этган. Жумладан, ташкилот тизимидаги бундай ҳамкорлик ишончли ахборотларга эга бўлиш, муаммолар ечимини ҳал этиш, халқ билан мулоқотни самарали ташкил қилишда муҳим ўрин тутади.

Ҳар бир ташкилот тизимидаги бошқарма ва бўлимлар бир мақсад йўлида фаолият кўрсатадилар. Фақат, кундалик ишлари, режалари турлича бўлиши мумкин. Айтайлик, газета таҳририятида ҳам ўша нашр йўналишига монанд «Ижтимоий ҳаёт», «Иқтисодиёт», «Адабиёт ва санъат», «Жамоатчилик билан алоқалар» каби бўлимларнинг режалари турлича бўлса-да, улар битта номда газета чиқарадилар. Демак, таҳририят умумий мақсад йўлида фаолият кўрсатади.

Турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона, йирик ташкилот ва муассасаларда ҳам фаолиятлари бир-бири билан чамбарчас бўлган бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Ахборот хизмати ташкилот раҳбарияти билан қандай муносабат ўрнатган бўлса, ўша бошқарма ва бўлимлар билан ҳам худди шундай узвий алоқада бўлиши лозим. Ташкилотдаги ҳар бир бошқарма ва бўлим билан узвий алоқада бўлиш ижтимоий фикрни теранроқ ўрганишга ёрдам беради. Зеро, «жамоатчилик фикри моҳиятини теранроқ англамоқ учун мазкур ижтимоий ҳодиса таркибини атрофлича ўрганиш мақсадга мувофиқдир,– деб ёзади профессор Мансур Бекмуродов.– Ҳар бир фикр ўз кўлами ва сифатига кўра хусусий, гуруҳий, маҳаллий, миллий, табақавий бўлиши мумкин»7. Ташкилотда эса бир нечта бўлимлар билан алоқа ўрнатиш асносида бутун жамоа фикрини теранроқ ўрганиш имкони пайдо бўлади. Чунки, уларнинг фикрлари «бирор бир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масала хусусида билдирилган эътиқоди, фикр-қарашларининг намойишидир»8.

Демак, ҳар қандай ташкилотда ички муносабатларни ривожлантириш учун Ахборот хизмати фақат раҳбарияти билан муносабат ўрнатиши камлик қилади. Ахборот хизмати барча бўлимлар билан бирдек алоқа ўрнатган тақдирдагина кўзланган мақсадга эришиши мумкин. У ҳар бир бўлимнинг фаолияти, режалари, ютуқ ва камчиликлари, эришаётган натижаларидан бохабар бўлиб бориши зарур. Агар Ахборот хизмати бошқа бўлимлар билан ўзаро алоқаларни мунтазам йўлга қўйган ҳолда фаолият кўрсатса, бу ташкилотнинг ривожланишига қай даражада ижобий таъсир кўрсатишини тасаввур этиш қийин эмас. Демак, бу масалага ташкилот раҳбари жиддий эътибор қаратиб, ташкилотининг бўлимлари билан Ахборот хизмати ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ёрдам бериши мақсадга мувофиқдир. Биринчи Президентимизнинг таъбири билан айтганда «халқ етакчиси бўлган ҳар бир раҳбарнинг энг муқаддас бурчи – одамларга ғамхўрлик қилиш, уларни бирлаштириш, сиёсатимиз – эзгу мақсадларимиз йўлида жипслаштиришдан иборатдир»9.

Ахборот хизматининг барча бўлимлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб бориши энг аввало умум манфаатига хизмат қилади. Ҳар бир бўлим Ахборот хизмати орқали бир-бирларининг ишларидан бохабар бўлиб боради. Шу аснода улар ҳамфикр, маслакдошга айланадилар. Умум манфаатига тўғри келмайдиган ёхуд улар фаолиятига тўсқинлик қиладиган муаммоларни баҳамжиҳатлик билан ҳал этиб бориш имкониятига эга бўладилар. «Гап шахс нуқтаи назарини умум манфаатларига нечоғли мувофиқ тушишига, ҳар бир индивиднинг жамоа хоҳиш-иродаси, мақсад ва интилишлари доирасида иш тутишига боғлиқлиги устидадир,– деб ёзади профессор Мансур Бекмуродов.– Зеро, жамиятнинг илдам тараққиёти фикрлар мўл-кўллиги, масалани ҳал этишнинг ранг-баранг йўл ва усуллари мавжудлиги ва бу эркин қарашларни очиқ-ойдин ўртага ташлаш, муҳокама этиш имкониятлари яратилган ҳоллардагина амалга ошиши мумкин»11.

Ахборот хизмати ташкилотдаги бошқа бўлимлар билан қандай муносабат ўрнатади? Бу бирор буйруқ ё қандайдир кўрсатма билан амалга ошадиган иш эмас. Ахборот хизмати ходими ишни аввало ходимлар билан самимий муносабатлар, ўзаро ҳамкорлик ўрнатишдан бошлаши зарур. Бошқа бўлимлар Ахборот хизматига қилаётган ишлари ҳақида маълумотлар бериб боришдан қанчалик манфаат кўришини тушунтириш керак. Бўлимлар нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, айни вақтда ишга тўсқинлик қилаётган муаммолар хусусида ҳам Ахборот хизматига очиқ-ойдин айтишлари даркор. Бундай ҳолни эса ташкилотларда иш юритишнинг – мувофиқлаштириш усули деб аташади. Бу борада АҚШлик мутахассис Маргерет Салливан шундай ёзган: «Мувофиқлаштиришсиз ишни яхши бажариб бўлмайди». Муаллифнинг фикрича, матбуот котиби ходимларнинг ОАВ билан барча алоқаларини мувофиқлаштириши тавсия этилади. Матбуот котиби, ҳеч бўлмаса, бирон-бир ходим матбуот вакиллари билан мулоқотда бўлган-бўлмаганини, қандай мавзуларни муҳокама қилганини имкон қадар тезроқ билиши зарур12.

Шуни очиқ айтиш жоизки, аксарият ташкилотларда ходимлар ОАВ вакиллари билан ўзларича суҳбатлашавермайдилар. Уларга бирор ахборот беришга ийманадилар (ёки «қовун тушириб» қўйишдан қўрқадилар). Нега шундай, деган саволга эса ҳеч ким жўяли жавоб айта олмайди. Бу бутун дунёда кузатилган ғалати ҳодисадир. Бироқ, ижтимоий ҳаётда энг муҳим ахборотлар айнан уларнинг фаолиятлари билан боғлиқлигини эътироф этиш жоиз. У ишлаб чиқариш ё бошқа соҳадами, барибир, ахборотнинг биринчи манбаи – оддий меҳнаткашларнинг фаолиятлари билан боғлиқ ҳодисалардан бошланишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Шундай экан, ҳар бир жамоада Ахборот хизмати бошқа бўлимлар билан узвий алоқада бўлиб, улар ахборотини ҳушёрлик билан ўрганиб, лозим топса, ОАВда ёритиб бориши даркор. Шу боисдан Ахборот хизмати фаолиятининг «аҳамияти яна шу сабабдан ҳам ортадики, улар умумий ҳокимият институти номидан ҳаракат қилади, бу институт ўз иродасини фуқароларга етказмасдан, ўз қарорларини эълон қилмасдан ва тушунтирмасдан ишлай олмайди»13. Ташкилотда Ахборот хизмати фаолияти, вазифалари ва мақсадлари барчага маълум бўлгач, унга бўлган эътибор ҳам ортади.

Хўш, бошқа бўлим ходимлари Ахборот хизматига қачон ахборот бериб туриши, муаммоларини ошкора айтиши мумкин? Қачонки, ундан бирор ижобий натижа чиқишига ишонса!

Айтайлик, бирор бўлим Ахборот хизмати зарур ахборотини айтганидан сўнг у ҳақда ОАВда мақола ёритилса ва ундан ўша бўлим манфаат кўрса, сўзсиз бошқа ахборотларидан ҳам бохабар қилиб туради. Ёки муаммосини Ахборот хизматига айтгач, унинг ижобий ҳал этилишига йўл очилса, шундан сўнг ўша бўлимнинг Ахборот хизмати билан алоқалари мутаҳкамлана бошлайди. Ахборот хизмати бошқа бўлим ахборотини шунчаки тинглаб, ундан кейин бирор саъй-ҳаракат қилмаса, уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Сўнг, унга бирор ахборот бериш фойдасиз, деган хулосага келади. Бундай жамоада Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан алоқаси кутилган даражада бўлмайди.

Бошқа бўлимлардан олинган ахборотларни Ахборот хизмати нима қилади, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:

  1. Маълумот сифатида ўрганади, таҳлил қилади ва ташкилот раҳбари билан келишган ҳолда интернетдаги тегишли веб-сайтига жойлаштиради.
  2. Мавзунинг долзарблигига қараб ОАВда ёритиши мумкин.
  3. Жамоатчиликнинг унга нисбатан фикрини, таъбир жоиз бўлса, тажрибали мутахассисларнинг таклифларини, эътирозларини ўрганиб, бу ҳақда бўлим ходимларини хабардор этади.

Бу, албатта, ўша бўлим фаолиятининг янада ривожланишига хизмат қилади. Демак, ҳар бир бўлим Ахборот хизматини ўз фаолияти ҳақидаги янги ахборот ва маълумотлар билан таъминлаб туриши мақсадга мувофиқдир.

Ўз навбатида Ахборот хизмати бўлим фаолияти, ютуқлари ва муаммолари, бўлимда фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этиб бориши даркор. Аҳоли уларнинг фаолияти, чиқараётган маҳсулотлари ёки кўрсатаётган хизмати ва ҳоказолардан мунтазам бохабар бўлиши лозим. Бу билан Ахборот хизмати мазкур ташкилотда бўлимлараро ахборот алмашинувини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг баробарида бошқа бўлимлар Ахборот хизмати саъй-ҳаракатларига қараб йўл тутишлари одатий ҳолга айланади.

Хўш, бу борада юртимиздаги ташкилотларда аҳвол қай даражада? Бу масалада Ахборот хизмати биринчи галда қуйидаги саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб бера олиши даркор:

  1. Ташкилот жамоасини, унинг бўлимларини қандай мутахассислар ташкил этади?
  2. Улар ташкилотга тегишли қонунлар, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлардан қай даражада бохабар?

3 Ташкилот низоми, дастури, режалари билан танишиб чиқишганми?

  1. Ана шу ҳужжатлар юзасидан қандай фикрлар билдиришган? (Ўша билдирилган фикрлар мониторинги олиб борилганми? Унинг натижалари ташкилот раҳбарига ва жамоага маълум қилинганми?)
  2. Ходимлар ташкилот раҳбарининг таржимаи ҳолини, иш услубини билишадими, унга ишонишадими, зарур пайтда қўллаб-қувватлашадими?
  3. Ташкилотнинг истиқбол режалари, дастурлари билан ҳар бир ходим танишганми ва бу борада уларнинг фикрлари ўрганилганми?
  4. Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжат борми ва унга қай даражада амал қилинмоқда?
  5. Бўлимларнинг кундалик фаолияти: эришаётган натижалари, пайдо бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечими қандай ҳал этилаётганидан бутун жамоа мудом хабардор бўлиб борадими?

Тасаввур қилинг, ташкилотнинг барча бўлимлари ходимларидан ўша саволларга ижобий жавоб олинса, у ҳолда бу жамоа аъзоларининг ҳуқуқий савияси, маданияти қай даражада юксак бўлиши мумкин! У ҳолда ҳар бир ходим қандай жамоада ишлаётганини англаб, онгли равишда меҳнат қилади! Ташкилотининг бу жамиятда нима учун кераклигини ҳис этади. Одамларга қандай фойда келтираётганини, бунинг келажаги қандай бўлишини яхши билади. Ахборот хизмати ўз фаолиятида жамоа аъзоларига ана шулар ҳақида узлуксиз равишда зарур маълумотларни етказиб туриши шарт.

Агар ходим улардан бехабар бўлиб, фақат раҳбарининг топшириғини бажариш билангина кифояланаётган бўлса-чи? (Маъмурий-буйруқбозлик усули шунақа эди-да). Бу ҳолда ташкилот фаолиятини қандай баҳолаш мумкин? Бундай ташкилот ўз мақсадларига қай даражада эриша олади?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ана шу вазифаларини Ахборот хизмати бажаради. Яъни, у биринчи галда ташкилот раҳбарияти ва меҳнат жамоаси ўртасида доимий алоқа ўрнатиши зарур. Бу алоқа – жамоа аъзоларини юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар билан таништиришдан бошланади. Ўз соҳасига оид қонунлар, ташкилотининг меъёрий ҳужжатлари, режалари ва бошқа маълумотлар билан танишган ҳар бир ходимда уларга нисбатан фикр пайдо бўлади. Ана шу фикрларни, таклиф ва эътирозларни ўрганиб, улардан ташкилот раҳбарини хабардор қилиб бориш Ахборот хизматининг галдаги муҳим вазифаси ҳисобланади. Илмий нуқтаи назардан қаралганда, Ахборот хизмати шу аснода икки томонлама фикр тинглашни, пировардида, халқ билан мулоқотни – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйган бўлади.

Ахборот олиш ҳам, журналистнинг саволларига тўлақонли жавоб бериш ҳам катта масъулият талаб қилади. Бунинг учун журналист ҳам, ташкилот мутасаддиси ҳам муайян тайёргарлик кўрмасдан бирор натижага эришиши мушкул. Хўш, бу муаммони осонроқ ҳал этишнинг имкони борми? Ахборот хизмати худди ана шу масъулиятли ва муҳим вазифани ижобий ҳал этади! Яъни, у ташкилотлар ва ОАВни боғловчи бўғин бўла олади.

Бугунги кунда республикамизнинг кўп ташкилотлари ўз ахборот хизмати, газета-журналлари, телерадиостудияси, интернетда веб-сайтларига эга. Улар ташкилот ахборотларини оммага етказишга хизмат қилиши талаб этилади. Ўз навбатида жамоатчилик фикри ўрганиб борилиши зарур. Ана шунда халқ билан мулоқот янада самарали бўлади.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини узвий боғлаб турадиган масъул шахслар – Ахборот хизмати ходимлари ҳисобланади. Улар аввало ташкилотнинг ОАВ билан алоқаларини мунтазам равишда йўлга қўяди. Ўз навбатида ОАВ ташкилот ахборотини тарқатиш билан бир қаторда унинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Ахборот хизмати қанчалик самарали фаолият кўрсатса, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари шунчалик мустаҳкамланиб бораверади. Шуни айтиш жоизки, одамлар оқ билан қорани, рост билан ёлғонни, ҳақиқат билан сохталикни яхши ажратиб олади. Шу боис халқ билан мулоқотда психологик муносабатлар муҳим ўрин тутади. Одамлар билан руҳий мулоқот қуйидагича кечади: “…ўзаро алоқадан эътиборга, эътибордан тушунчага, тушунчадан тан олишга, тан олишдан ишончга, ишончдан ҳурматга, ўзаро ҳурматдан ҳамкорликка, ўзаро ҳамкорликдан ҳамоҳангликка”14. Бундай ўзаро боғланиш жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Матбуот котиблари турли мураккаб вазиятларда қандай йўл тутишни яхши билиши зарур. Назариётчилар фикрича: “Яхши матбуот котиби журналистлар билан шундай асосда ишлаши керак: “ҳақиқат шунчалик серқирраки, ёлғон гапиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”15. Матбуот котиби зиммасига тушадиган мураккаб вазифалар ҳақида сўз борар экан, Ахборот хизмати институти ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари оламининг муҳим бир сегменти бўлиб қолаётганини тўғри англамоқ даркор.

Ахборот хизмати фаолияти ОАВ билан узвий боғлиқдир. Яъни, Ахборот хизмати зарур ахборот манбаларидан фойдаланиши учун имкон яратса, ОАВ ҳозиржавоблик билан ёритиб бориши мумкин. Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда: “Халқимиз оммавий ахборот воситаларидан мамлакатимиз ва хорижда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида холис ва тезкор ахборотлар олишни, шу билан бирга, биринчи навбатда, ҳокимият органлари ва бошқарув тузилмалари фаолияти ҳақидаги танқидий фикрларни, ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан илгари боришимизга тўсиқ бўлиб турган нуқсонлар, ҳаётдаги долзарб муаммолар хусусида ошкора, профессионал таҳлилий материалларни кутади”16. Бу вазифани тўла-тўкис амалга оширишда қатор муассасалар, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари муҳим ўрин тутади.

Кўриниб турибдики, жамиятимизда халқ билан мулоқотни мунтазам йўлга қўйиш ҳар бир идора ва ташкилот Ахборот хизматидан жуда кўп саъй-ҳаракатлар, меҳнат ва масъулият талаб қилади. Бунинг учун аввало ташкилот тизимида бирлик, баҳамжиҳатлик бўлиши ва Ахборот хизмати билан яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатиши лозим. Шу йўсинда бутун ташкилот, тизим ахбороти ҳазиржавоблик билан тарқатиб борилса, у аввало жамоатчиликда муайян фикр уйғотади. Шу фикрлар асосида амалга оширилган халқ билан мулоқот янада самарали бўлаверади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

Ўзбекистон Республикаси қонунлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

 Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

 

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ”  Илмий-оммабоп рисоласидан

______________________________________________________

1 Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш, одамларнинг орзу-умидларига қанот бериш – ҳар бир раҳбарнинг бурчи. //Халқ сўзи. 2006 йил 20 октябрь.

2 Пахрутдинов Ш. Замонавий раҳбар: у қандай фазилатларга эга бўлиши лозим? //XXI asr. 2005 йил 10 ноябрь.

3 Каримов И.А. Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби. Т.5. – Т.: Ўзбекистон, 1997. –Б. 351-352.

4 Мирзиёев Ш. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. //Халқ сўзи, 2017 йил 17 январь.

5 Қаранг: ўша манба, ўша жойда.

6 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003. –Б. 362.

7 Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий фикр жамоатчилик маркази. 1999. – 25 б.

8 Биккер Г., Босков А. Современная социологическая теория и ее преемственности и изменении. –М.: 1963. С-632.

9 Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. – 163-б.

11 Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий фикр жамоатчилик маркази. 1999. – 7-8 б.

12 Қаранг: Салливан М.Х.Масъул матбуот хизмати. –Т.: 2005. – 13 б.

13 Қаранг: Нуриллаев Д. ва бошқ. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма. –Т.: Адолат. 2006. – 6-б.

14 Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: теория и история. –Т.: Ижод дунёси. 2003. Б. 77.

15 Бутрин Д. Год открытых дверей. //Коммерсанть. –2002, 24 декабрь. Б. 30.

16 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. 52-б.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>