“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (8)

8-мавзу: Ахборот хизматини ташкил этишда назария ва амалиёт уйғунлиги

 ***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

 6

 Режа:

  1. Ахборот хизматининг моддий базаси яратиш усуллари.
  2. Ахборот хизматининг Низоми.
  3. Ахборот хизматида вазифаларнинг тақсимланиши.

 

Ташкилотда Ахборот хизматини ташкил этиш учун унинг қуйидагича моддий ва ҳуқуқий базасини яратиш зарур:

Биринчиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-сонли қарори иловасида кўрсатилган тартибда Ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини, мақсад ва вазифаларини белгиловчи Низомини ишлаб чиқиш; (Маълумот учун айтиш ўринлики, ЎзМУ Ахборот хизмати Низоми ҳам шу асосда тайёрланган. 1-иловага қаранг).

Иккинчиси, ташкилот биносида Ахборот хизмати учун алоҳида хоналар ажратилиши ва уларда стол-стуллар, бошқа зарур жиҳозлар билан бир қаторда факсли телефон, компьютер (принтер ва сканери билан), телевизор, радио, видео, видеокамера, диктофон ва бошқа ашёлар бўлиши зарур. (Айтиш жоизки, қайсики ташкилотнинг Ахборот хизмати бошқа бинода жойлашган бўлса, у кутилган даражада фаолият кўрсата олмайди).

Учинчиси, Ахборот хизмати республикамиз етакчи газета-журналларини мунтазам кузатиб бориш имконига эга бўлиши лозим. Бу борада ташкилотга обуна йўли билан келадиган нашрларнинг тахламлари иложи борича Ахборот хизмати хонасида туриши мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчиси, Ахборот хизматига ушбу ихтисосликка эга бўлган кадрлар ишга қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Жумладан, журналистикадан бехабар, таҳририят, ахборот агентликлари, радио ва телевидение ишини тушунмайдиган шахс ахборот хизматида фаолият кўрсата олмайди. Айни пайтда PR назарияси ва амалиётини пухта билган журналист Ахборот хизмати фаолиятини ривожлантиришга самарали ҳисса қўшиши мумкин.

Ахборот хизматида қанча ходим ишлаши уни ташкил этган ташкилотга боғлиқ. Жаҳон амалиётида ҳар бир ташкилотда камида уч нафардан ўн беш кишигача ишлаши маълум. Қатор ривожланган мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида ҳатто 50 нафаргача ходим ишлаши кузатилган. Ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор. Яъни, бири – газета-журналларни, иккинчиси – радиони, учинчиси – телекўрсатувларни, тўртинчиси – интернетни мунтазам кузатиб боради ва ташкилотга оид зарур ахборотларни тўплаш (ва шу йўл орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш) билан шуғулланадилар. Айни пайтда улар ОАВ ёрдамида ўз ахборотларини тарқатиб борадилар.

Республикамизнинг қатор етакчи ташкилотларида асосан уч нафардан ходим фаолият кўрсатмоқда. Яъни, ахборот хизмати раҳбари, катта референт ва оператор. (Ахборот хизмати масъул ходимлари бошқача номланиши ҳам мумкин).

Ахборот хизмати раҳбари – ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади. У барча масалаларда ташкилот раҳбари билан бевосита мулоқот қилиб, бу соҳада унинг маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилади.

Матбуот котиби ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга ҳам масъулдир. У матбуот анжуманларида, брифингларда ҳамда ОАВ вакиллари билан суҳбатларда ташкилот раҳбари номидан гапириши, турли саволларга жавоб бериши, ахборот тарқатиши, раддия бериши мумкин. Бу ишларнинг барчаси ташкилот раҳбари билан келишилган ҳолда қилиниши шарт.

Ахборот хизматини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш масаласини ҳар бир вазирлик, идора ва муассаса ўзининг тегишли Низоми ва бошқа норматив ҳужжатлари асосида ҳал этади. Фақат, уни ташкил этиш ва фаолиятини такомиллаштиришда назарий манбаларга, илғор тажрибаларга таянган ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати фаолиятини ривожлантириш борасида халқаро тажрибаларни изчил ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. АҚШдаги Халқаро коммуникация ва ташқи алоқалар институти мутахассиси Маргерит Салливан “Масъул ахборот хизмати” тўпламида баён этилган айрим фикрлар билан танишамиз.

“Ҳамма фойдалана олиши мумкин бўлган ахборотсиз ёки уни олиш усулларига эга бўлмаган халқ ҳукумати майнавозчилик ё фожиага, ёхуд ҳар иккисига дебочадан бўлак нарса эмас”.

“Одамларга воқеалардан хабардор бўлиш имконини берсангиз, мамлакат хавф-хатардан ҳоли бўлади”.

“Ғоялар оқими, мулоҳазакор қарорлар қабул қилиш қобилияти, танқид қилиш имконияти – сиёсий демократия суянадиган барча асослар кўп даражада ахборотга боғлиқ”.

“Ҳукуматнинг халқ билан алоқаси бутун тизимининг маркази – жамоатчилик билан алоқа бўйича ахборот хизматидир. Ҳукумат ахборот хизмати – ОАВ ҳукумат фаолияти тўғрисида кунда ахборот берадиган канал”.

“Ҳукуматлар ихтиёрида жуда катта ҳажмда ахборот бўлиб, улар учун ушбу ахборотни фуқароларга етказишнинг самарали усули зарур, шундагина ҳукумат ахборот хизмати вакили саҳнага чиқади. Бу одам ҳукумат ичида ишловчи репортёр каби, жамоатчилик учун ахборот тўплайди”.

“Ахборот хизмати ходими журналистлар билан қалбдан, бироқ профессионал муносабатда бўлиши керак. Репортёрлар ўз ишини қилиши, сизлар, ахборот хизмати вакиллари эса, ўз ишингизни қилишингиз даркор. Сизлар репортёрлар билан дўст бўлишингиз мумкин, бироқ журналистлар ҳам худди ўзиларингиз каби доим хизматдалигини ёдда тутишингиз керак”.

“Матбуот котибининг иши президент позицияси ва фикрларини унга ўзининг кейинги ишларини аниқроқ режалаш имконини берадиган, айни вақтда ҳукумат нима билан шуғулланаётганини билишда матбуотга кўмаклашадиган қилиб баён этишдан иборат. Бу – айни бир вақтда икки жанобга хизмат қилишда эҳтиёткорлик билан мушкулларни енгишга имкон берадиган, усталик билан мувозанатлаштирилган фаолият”.

“Ахборот хизмати вакилларининг профессионал алоқалари дўстона, бироқ шахсий алоқалари кескин бўлиши мумкин. Репортёр мураккаб саволлар берадиган, сизга ёқмайдиган репортажни ёзишга ёки эфирга узатишга тўғри келадиган вақт келиши мумкин. Сиз дўстликка умид боғлай олмайсиз. Доим нимадир – ё дўстлик, ёки профессионал муносабатлар зиён кўради. Бироқ сиз профессионал муносабатда бўлишингиз зарур. Сиз репортёрни таклиф қилиб: “Сен бу воқеани чиндан ҳам кўпиртириб юборибсан”,– дея олиш имкониятига эга бўлишингиз керак”.

“Яхши матбуот котиби янгилик тизимида ишлайдиган ҳар қандай қонуний ташкилотнинг ахборот тўғрисидаги ҳар бир сўровини, ҳатто: “Мен бу масалага кейинроқ қайтаман” деган бўлса-да, қондириши шарт. Оддий хушмуомалалик асосий қоида бўлиб хизмат қилиши даркор. Гарчи ушбу дамда матбуот душманларча отланиб турган бўлса ҳам, улар ахборот тарқатиш учун керак бўлиб қоладиган вақт келади. Шундай дам келганда улар кимдан қарздор эканликларини унутишмайди”.

“Ахборот хизматига ҳукуматнинг садақаси ёки унинг таъсирчанлик кўрсаткичи сифатида эмас, балки эркин жамият табиатидан ва давлатнинг фуқарога муносабатидан келиб чиқадиган нарса сифатида қараш керак. Демократия шароитида ҳукумат учун, у қандай бошқараётгани тўғрисидаги ахборотни оммага етказишдан ҳам кўра нима табиийроқ бўлиши мумкин? Демократик жамиятда матбуот билан мулоқот, бу – бурч!”1

АХ фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда асқотадиган бу фикрларни амалиётда қўллаш фойдадан ҳоли бўлмайди. Гарчи, ҳаётий тажрибалар, ўзига хос кузатишлар натижасида “амалиёт учун сабоқ” тарзида айтилган бўлса-да, бу фикрлар моҳиятан назарий илм хазинасини бойитиши шубҳасиздир. Аслида назарий илмлар ҳам шу аснода такомиллашишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Ривожланган мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида ахборот хизмати ижтимоий воқеликка айланиб кетган. Ўша давлатлардаги оммавий ахборот воситалари ҳукуматга дахлдор бўлган энг муҳим ахборотларни айнан ўша идора ахборот хизмати орқали олади. Бу жараёнда шундай йўл тутиш ҳар томонлама самарали ҳисобланади. АХ орқали ахборот олишда ОАВ ходими учун талай қулайликлар пайдо бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси иккинчи бандида: “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар”2 деб белгилаб қўйилган.

ОАВ ходими бирор вазирликдан ахборот олиш мақсадида ташриф буюрса, кимга мурожжат этиши керак? Эндиликда бу муҳим вазифани ҳал этадиган масъул ходим – матбуот котибидир.

Матбуот котиби журналистнинг ҳар томонлама тўлиқ ахборот олиши учун барча шароитларни яратиб бериши шарт. У ташкилот раҳбарининг ахборот бериши учун ҳам кўмаклашиши лозим.

Айтиш жоизки, пиар соҳасидаги фанлар дастлаб журналистика факультетларида ўқитила бошланган. Демак, бу соҳанинг ўзи маълум даражада ОАВ билан ишлашга ихтисослашган.

Матбуот котиби ҳар қандай вазиятда ОАВ ходимларининг саволларига асосли жавоб бериши зарур. У журналистлар билан мулоқот ва учрашувлар, матбуот конференциялари уюштиришда ташкилотчилик қобилиятига ҳамда маҳоратига эга бўлиши лозим.

Матбуот котиби ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам масъул ҳисобланади. Бунинг учун у тегишли қонунларни, ҳукумат қарорларини пухта билиши, инчунин, ахборот хавфсизлигига қандай мавзулар кириши ҳақида тўла билим ва тасаввурга эга бўлиши шарт. Бу борада ташкилот мутасаддилари билан бамаслаҳат иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

 

Назорат саволлари

  1. Ахборот хизматининг моддий базаси қандай яратилади?
  2. Ахборот хизматининг ҳуқуқий асоси қайси ҳужжатлардан иборат?
  3. Ахборот хизматида қанча ходим ишлаши мумкин?
  4. Ахборот хизмати ходимларининг вазифалари нималардан иборат?
  5. Ахборот хизмати раҳбари қандай мақомга эга?
  6. Ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш деганда нимани тушунасиз?
  7. Ахборот хизмати ижтимоий воқеликка айланганини қандай тушунасиз?

1

____________________________________

1 Қаранг: Салливан М. Масъул ахборот хизмати. http.//usinfo.state.gov. Б. 7-10

2 Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни. //Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2008. Б. 43-44.

 

You may also like...

33 Responses

  1. Madina Akbarova:

    «Odamlarga voqealardan xabardor bo’lish imkonini bersangiz, mamlakat xavf-xatardan holi bo’ladi»…Juda kuchli gap. Haqiqatdan ham oshkoralik, xalq bilan hisoblashish, qonun va hujjatlarni ochiq muhokama qilish demokratik jamiyat qurishda ustuvor vazifa hisoblanadi.

  2. Бизга ўтилаётган ҳар бир фан келгусида журналистлик фаолиятимиз учун жуда муҳим. Айниқса, ахборот хизмати, аудиовизуал журналистика, услубият ва адабий таҳрир каби фанлар менда катта таассурот қолдирмоқда. Ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, талабалар учун тинмай изланиб меҳнат қилаётган устозларимизга катта раҳмат! Уларнинг ишончларини оқлашга ва устозларга муносиб шогирд бўлишга ҳаракат қиламан.

  3. “Одамларга воқеалардан хабардор бўлиш имконини берсангиз, мамлакат хавф-хатардан ҳоли бўлади”. Ҳақиқатдан ҳам инсонларга тўғри маълумот берилса мамлакатда ахборот эркинлиги ҳам таъминланади ва омма орасида миш-мишлар, бўлар-бўлмас информациялар тарқалишига ҳам йўл қўйилмайди. Оммага информацияни ошкоралик билан эълон қилиш вақти келди.

  4. Maftuna Aslanova:

    Axborot xizmatining amaliyot qismida nazariya asosiy tayanch baza vazifasini o’taydi.

  5. Бу мавзу Ахборот хизмати фанининг моҳиятини янада тушуниб, унга чуқурроқ кириб боришимиз учун асос.

  6. Мадина Акбарованинг гапларига мутлақо қўшиламан.

  7. Axborot xizmati fani borasidagi bilimlarimiz yana bir poģona yuksaladigan bòldi. Albatta buning uchun Donish Domlamizga tashakkur

  8. haqiqat axborot xizmati eng muhim ahamiyat kasb etadi

  9. Bu mavzuni o’rganish davomida nazariya va amaliyot o’rtasidagi uyg’unlik nimalardan iborat ekanligini tushunib yetdik.

  10. Мутахассис Маргерит Салливаннинг “Одамларга воқеалардан хабардор бўлиш имконини берсангиз, мамлакат хавф-хатардан ҳоли бўлади», деган фикри менда улкан таассурот қолдирди.

  11. Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” o’quv qo’llanmasi bilan yaqindan tanishib shunga amin bo’ldimki, ushbu darslik sohadagi muhim adabiyotdir. Biz axborot xizmati faoliyat olib borishimiz uchun, avvalo, ushbu qo’llanma bilan yaqindan tanishishimiz lozim. Zero, nazariya va amaliyot bir maromda olib borilganda barcha ishlar muuvaffaqiyatli amalga oshadi

  12. Axborot xizmatlari fanining mohiyati juda katta ekanligini maruzalar va elektron darslar orqali yanada keng anglayabmiz.

  13. Haqiqatda nazariya amaliyot bilan bevosita uyg’un bo’lishi lozim. Chunki bu tushunchalar doim bir-birini to’ldirib keladi.

  14. Axborot olishda oshkoralikka yo’l qo’yish vaqti keldi deya ta’kidlashmoqda qadrli kursdoshlarim. Bu fikrga men ham qo’shilaman. Lekin bunday vaziyatda axborotning ishonchli, xolis ekanligini nazardan chetda qoldirmaslik kerak.

  15. Nazariya va amaliyotni ayro tasavvur etish qiyin. Ularning har ikkisi ham muhim.

  16. Axborot xizmatlarida ma`lumotlar yetarlicha berilsa, omma orasida turli yolg`on ma`lumotlar tarqamaydi. Shuning uchun , axborot xizmatlari samarali ishlab, bor ma`lumotlarni kechiktirmay taqdim etishlari lozim.

  17. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    “Яхши матбуот котиби янгилик тизимида ишлайдиган ҳар қандай қонуний ташкилотнинг ахборот тўғрисидаги ҳар бир сўровини, ҳатто: “Мен бу масалага кейинроқ қайтаман” деган бўлса-да, қондириши шарт. Оддий хушмуомалалик асосий қоида бўлиб хизмат қилиши даркор».
    Доим ёдда сақлаш зарур!

  18. Jurnalistlar, axborot xizmati xodimlari, ijodkorlar — barchalarini birlashtirib turgan narsa — axborotni keng jamoatchilikka yetkazish uchun uni tahlil qilish, qayta ishlash, taqdim etish va bu orqali jamoatchilik fikrini shakllantirish, jamoatchilikka ta’sir ko’rsatishdir. PR — jamoatchilik bilan aloqalar tizimi. Undan boxabarlik katta imkoniyatlar uchun yo’l ochadi.

  19. Ахборот хизмати фаолиятини олиб борувчининг бурч ва масъулиятлари, ахборот хизматининг моддий базаси ва ҳуқуқий асосларини яна қай бир манбадан шу қадар аниқ ва чуқур фактлар асосида ўрганиш мумкин? Устоз, борингизга шукр!

  20. Sevara Uktamovna:

    Irodaning fikrlariga qo’shilaman.

  21. Saodat Abulqosimova:

    Axborot xizmati faoliyati barcha faoliyatlar kabi o’z qonun-qoidalariga ega. Shu bilan birga, o’z nizomiga ham ega. Biz buni o’rganishimiz kerak.

  22. Pokiza Turdaliyeva:

    Nazariya va amaliyot uyg’unligi lozimligi biz talabalar amaliyot davomida o’rganganlarimiz nazariyaga asoslangani va amaliyot bilan bevosita bog’liqlini isbotlagani uchun ham o’ta muhimdir.

  23. Axborot xizmati fani qamrovi kengligini va uni chuqur o’rganish kerak ekanligini bildim.

  24. Yuqorida berilgan ma’lumotlar kelajakda as qotadi degan umiddaman.Asosiysi, ulardan foydalana bilishni bilishda.

  25. Reja asosida berilgan mazu tushunarli tarzda yoritilgan. Talabalarning mavzuni o’rganishida muammo yuzaga kelmaydi.

  26. Darslarda bir mavzuni to’liq tushuntirish qiyin. Tushunmagan joylarimizni shu saytdan olib, o’rganib boryapmiz.

  27. Sevinch Norqobilova:

    Har bir nufuzli tashkilotda bo’lganidek, axborot xizmatining ham o’z nizomi borligi haqida ma’ruzada yetarlicha ma’lumotlarlar berilgan.

  28. Darsda mavzu haqida u qadar tushunmagan ma’lumotlarimni saytdan o’qish davomida chuqurroq tushundim hamda yanada ko’proq ma’lumotga ega bo’ldim.

  29. Darhaqiqat, axborot xizmati har bir tashkilotning muhim bo’lagidir. Ma’ruzadan uning faoliyatiga doir ko’plab ma’lumotlar bayon etilgan.

  30. Назариянинг кераги йўқ, амалиётнинг ўзи бўлса бас, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу нотўғри фикр. Назарий билим бўлмаса, қанча кўп вақт сарфланса ҳам амалиётда тажриба тўплаб бўлмайди.

  31. Dilfuza Tillayeva:

    Nazariy bilimlarga ega bo’lib, uni amaliyotda tadbiq etish jurnalistning bilim saviyasini oshiradi. Nazariya va amaliyot uyg’unli bugungi kunda o’z aksini topmoqda. Yosh jurnalist kadrlarga amaliyot o’tash uchun yetarli shart-sroitlar yaratib berildi. Bugungi kungacha bir bir joyga bormaylik bizni iliqlik bilan kutib olishadi. Ustoz-shogir tizimini yo’lga qo’yishadi.

  32. Бу маруза бизга Ахборот хизмати фанининг моҳиятини очиб берди. Ушбу дарс орқали етарли маълумотларга эга бўлдик.

  33. Axborot xizmatida nazariya va amaliyot go’yoki yorug’lik bo’lmasa, soya ham bo’lmaganidek. Biri bo’lmasa, ikkinchisi ham aslo bo’lmaydi.!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>