Ахборот қачон қуролга айланди?

Бўлғуси журналист Моҳларойим Қаюмова мавзу топиш ва ёритишда тенгдошларига ўрнакдир, дейди Дониш домла.

C360_2015-06-14-15-48-15-278-1

Тадқиқотчиларнинг аксарияти ахборот урушларининг юзага келишини технологияларнинг тараққиёти билан изоҳлайди. Хусусан, рус олими С.А.Зелинский 1917-91 йилларда Ғарбнинг социализмга қарши олиб борган курашини “Биринчи ахборот уруши”[1] сифатида баҳолаган. Ўзбек тадқиқотчиларидан У.Саидов ахборотнинг геосиёсий қуролга айланишини янги информацион технологияларнинг имкониятлари билан белгилайди[2]. Бизнинг тадқиқотларимиз эса инсоният ибтидоий даврлардан бошлаб ахборотдан қурол сифатида фойдалангани, цивилизациянинг илк босқичларидаёқ ахборот урушлари олиб борганини кўрсатди. Қуйида ушбу мулоҳазани илмий далиллар орқали исботлашга ҳаракат қиламиз.

Инсоният тарихидаги илк қуролли тўқнашувлар сайёрада одам популяцияси пайдо бўлган пайтларга тақалади. Маълумки, томонлар ўртасида зиддият вужудга келганда уруш бошланади. Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор, зиддиятни имкон қадар ўз фойдасига ҳал қилишни истаган ҳукмдор энди лашкар тўплаши, халқини шу урушнинг тарихий зарурат эканига ишонтириши керак. Ишонтириш эса ахборий таъсир кўрсатиш деганидир. Демак, ҳар қанақа уруш ишонтиришдан – ахборот қуролини қўллашдан бошланган. Психологлар Э.Дурбан ва Д.Боулбиларнинг фикрича, халқ орасида аввалдан мавжуд бўлган норозиликни муайян миллат, мамлакат, ирқ вакилларига бўлган нафратга айлантиришга эришилгандагина уруш ҳолати вужудга келиши мумкин. Демак, мамлакат ичида рақиб томон ҳақидаги контр-информация тарқатишсиз халқни урушга даъват этиб бўлмайди. Шу билан бирга, халққа бу урушнинг келиб чиқишида рақиб томоннинг айбдорлиги сингдирилади, натижада омма онгида ўч олиш кайфияти вужудга келади. Шу нуқтада замонавий ахборот урушларининг яна бир муҳим белгиси – ижтимоий онгни манипуляция қилиш кўзга ташланади. Зотан, урушлардан доим ҳукмдорлар манфаатдор бўлган, халқнинг уларга рози бўлишига эса турли информацион ва манипулятив таъсирлар натижасида эришилган. Уруш бошлангач ҳар бир томон ўзига иттифоқчи қидиришни бошлайди. Бунда ҳам рақиб томон ҳақидаги контр-информация, ахборот урушларининг муҳим методларидан бўлмиш миф (иттифоқчилар билан имзоланадиган абадий дўстлик шартномалари), иллюзия (потенциал иттифоқчига сингдириладиган тасаввур, гўёки умумий рақибни мағлуб қилишдан манфаат бор), пропаганда-агитациядан фойдаланилади. Умуман олганда, томонлар нейтрал мамлакатлар билан ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлгани, ён-атрофдан ўзига иттифоқчи қидириши, рақиб ҳудудида контр-ахборий сиёсат олиб бориши, шунингдек, ўз аҳолисини урушга руҳлантириб туриши нуқтайи назаридан давлатлар жами 4 та фронтда информацион кураш олиб борган дейиш мумкин: ўз мамлакати ичида, нейтрал томонлар билан муносабатларда, потенциал иттифоқчилар излашда ҳамда душман тараф территориясида. Демак, инсоният тарихида содир бўлган ҳар қанақа урушни ҳақли равишда ахборотлар уруши сифатида тан олиш мумкин.

Рақиб мамлакатлар бир-бирининг ҳудудида олиб борган информацион сиёсати айниқса долзарб аҳамият касб этган ва уларда замонавий ахборот урушларига хос бўлган кўплаб хусусиятларни кўриш мумкин. Тадқиқотимиз орқали айтмоқчи бўлган асосий гапимиз ҳам шундан иборат: ахборот урушлари рақамли технологиялар вужудга келишидан анча олдин мавжуд бўлган. Гап шундаки, бугунга келиб информацион операциялар олиб бориш имкониятлари кенгайди; зиддиятни қуролли тўқнашувсиз ҳал қилиш йўллари пайдо бўлди; мамлакатларни қурол ишлатмай босиб олиш усуллари топилди. Натижада қуролли урушлардан қисман воз кечилди ва асосий мухорабалар ахборот ёрдамида олиб бориладиган бўлди.

Қиёсий таҳлил қиладиган бўлсак, урушлар олиб боришдаги ахборий сиёсат ҳам ўзгармаган. Томонлар ахборий сиёсатда “душман” образини яратади. Бу жиҳат ҳам замонавий, ҳам ибтидоий ахборот урушлари учун хосдир. Эътиборли томони шундаки, ҳамма даврларда ҳам бу ўринда “душман” атамаси қўлланилган. Зотан, “душман” – салбий бўёқдорликка эга идеологема. Илмий адабиётлар, хусусан, ушбу тадқиқотда нейтрал мазмундаги “рақиб” атамаси танланган. Ахборот урушларида эса қарши томонни характерлаш учун имкон қадар негатив бўёққа эга сўзлар танлашга ҳаракат қилинади. Умуман олганда, “душман” образини ўзига фойдали ракурсда шакллантирган мамлакатлар бундан ҳамиша фойда кўрган. Бироқ оммага душман тарафнинг бутун бошли ахолисини ёмон деб кўрсатиш иложсиз. Шунинг учун ўша давлатнинг рахбари – шахс тимсолида (персонификация методи) “душман” образи яратилиб, унинг ахборий портрети имкон қадар салбийлаштирилади. Замонавий ахборот урушларида Муаммар Каддафи, Саддам Ҳусейн, Милошевичларнинг салбий портрети оммавий ахборот воситалари томонидан яратилган. Персонификация методининг ибтидоий ахборот урушларидаги ўрнини тадқиқ қиладиган бўлсак, кўплаб мисолларга дуч келишимиз мумкин. Хусусан, Рим империясида бошқа халқлар вакилларини “варварлар” деб аташган, улар ўта вахший, қолоқ деган тасаввур омма онгига сингдирилган. Демонизация – рақиб ҳақида ҳаддан ташқари салбий тасаввурни оммалаштириш – исталган пайтда босқинчилик юришларини бошлай олиш учун Рим императорларига қўл келган.

Ахборот урушларининг яна бир муҳим қуроли – миф. Турли мамлакатлар ахборот сиёсатида мифологемаларнинг ўрни катта. Масалан, АҚШ информацион сиёсатидаги асосий йўналиш – дунё миқёсида АҚШнинг тартиб ўрнатувчи, тинчлик учун курашувчи асосий куч эканига ишонтиришдан иборатдир. Пухта ишлаб чиқилган бу мифологема манипуляциянинг яна бир методи – такрорлар орқали доимий равишда мустаҳкамланиб туради. Мифологемаларнинг қўлланилишига тарихдан мисол излайдиган бўлсак, Чингизхон империяси кучли ахборот сиёсати олиб борганини айтишимиз мумкин. Манбаларда келтирилишича, Чингизхон бирор юртга босқинчилик юришлари уюштиришдан олдин у ерларга махсус ёлланган чопарлар жўнатган. Элчилар одамлар орасида Чингизхон армиясининг ўта вахшийлиги ҳақида хабарлар тарқатган ва халқни урушсиз таслим бўлишга даъват этган.

Замонавий ахборот хуружларида фальсификациянинг юзлаб мисолларини топиш мумкин. Қизиғи шундаки, сохта ахборот хуружини уюштириш усули коммуникация технологияларининг кашф этилишидан анча олдин ҳам қўлланилган. 1853 йили бошланган Қрим урушининг тақдирини айнан ахборот қуролининг қўллангани ўзгартирган. Инглиз газеталари руслар дарёни кечиб ўтаётган ярадор туркларга ўқ узгани, бу билан қатор сулҳлар шартларини бузгани ҳақидаги хабарларни тарқатиб юборган. Ваҳоланки, вақт ўтиши билан бу хабарлар сохта экани исботланган.

Умуман олганда, замонавий ахборот урушларига хос жуда кўп жиҳатларнинг тарихда ибтидоий (гарчи жуда примитив бўлса-да) шакллари бўлган. Бундан хулоса қилиб, инсоният ривожланишининг илк босқичларидаёқ ахборотдан стратегик қурол сифатида фойдаланган дейиш мумкин.

Моҳларойим Қаюмова,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Зелинский С.А. Информационно-психологическое воздействие на массовое сознание. – Санкт-Петербург, «Скифия», 2008.
  2. Панарин И.Н. Информационная война и дипломатия. – М.: ОАО “Издательский дом “Городец”, 2004.
  3. Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т., “Akademiya”, 2008.

[1] Зелинский С.А. Информационно-психологическое воздействие на массовое сознание. – Санкт-Петербург, Торговый Дом «Скифия», 2008. Стр 8.

[2] Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т., “Akademiya”, 2008 – 54-бет

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>