БАҲОР УЗУК БЎЛСА, КЎЗИДИР НАВРЎЗ

Фасллар келинчаги ҳисобланмиш баҳор Наврўз айёми билан нақадар гўзал ва тароватлидир. Баҳорни Наврўзсиз, Наврўзни баҳорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шоир ёзганидек, баҳорни узукка қиёс айласак, Наврўз шаксиз унинг ёқут кўзидир! Бу кўз қорачиғида акс этган гўзалликни тараннум этиш ҳар бир қаламкашнинг асл сўзидир! Маънавий қадриятларимиздан бирига айланган Наврўз ҳақида қанча нодир китобларда дурдона сўзлар битилмаган дейсиз!

IMG_1590

“Миллий маънавиятимизнинг азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам – шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида ёрқин намоён бўлади,– деб ёзади Юртбошимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида.– Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда”.

Буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Эрон подшоҳи бўлган Жамшид “янги кун”ни Наврўз деб атагани ҳақида ёзиб, шундай ривоятлар келтиради: “Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайиб қилдилар ва Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғимчоқларда учдилар”.

Бу тарихий асарда яна шундай нодир фикрлар ўқиш мумкин: “Наврўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди… У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар”.

Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”  асарларида ҳам Наврўз тарихига оид қимматли маълумотлар билан танишиш мумкин.

Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида Наврўз байрами ҳақида шундай битиклар ўқиймиз:

 

Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,

Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам…

 

Бу байрам қанчалик қадимий қадриятларимиздан бири бўлгани ҳақида таниқли журналист Шомуҳиддин Мансуров “Сиёвуш” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: “Ислом дини хаёлда бўлмаган, Будда ҳали “туғилмаган” даврларда Кўҳистон деб аталган ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган битиклар – “Бундахиши”да унинг номи Сиёвахш, “Авесто”да эса Сиёваршан шаклида келтирилади”. Муаллиф бу маълумотлар Бухоронинг Наршах қишлоғида туғилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахийнинг 943-944 йилларда араб тилида ёзилган “Бухоро тарихи” китобидан олинганини таъкидлар экан, Сиёвуш бундан тўрт минг йиллар илгари яшаб ўтганлигини, демак халқимиз Наврўзни тўрт минг йилдан буён нишонлаётганини асослайди. “Халқ Сиёвушни мангуликка, мангуликни эса Наврўзга қиёс қилади,– деб ёзади муаллиф.– Наврўз халқ севган қаҳрамонларни мангу ёдда қолдирган бўлса, ўз навбатида, халқ қаҳрамонлари Наврўзни мангуликка дахлдор байрамга айлантирдилар”.

Кези келганда таассуф билан айтиш жоизки, собиқ мустабид тузум даврида кўплаб топталган қадриятларимиз қатори Наврўз ҳам таъқиқлангани ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ. Шундай оғир дамларда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси ва қатъий саъй-ҳаракатлари билан 1990 йил 2 майда “Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида“ги тарихий ҳужжат имзоланди. Унда аввало Наврўзнинг тиклангани, буни юртимизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олгани баён қилинган. Шундан буён мамлакатимизда ҳар йили 21 март – Наврўз байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Демакки, Наврўз байрами ҳам юртимизда истиқлол қуёши порлаган онлардаёқ қайтадан чирой очди. У бугун ҳаётга муҳаббат рамзи сифатида ардоқланади. Баҳор чечакларини қанотида олиб келган Ҳумо қуши мисол юрт кезганида олам ўзгача мунаввар бўлганини дилдан ҳис этмаган киши топилмаса керак.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам бу кун ҳақида кенг ёритилган. Яъни, Наврўз баҳорнинг тенг кунлиги – қуёшнинг ҳамал буржига киришига тўғри келади. Уни байрам қилиш дастлаб ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Собиқ совет тузуми Наврўзни диний маросимлар қаторида таъқиқлаган бўлса-да, у халқимиз маънавий ҳаётидан озиқланиб, бойиб, мукаммаллашиб бораверди.

Наврўз байрами бутун юртимизда кенг нишонланиши боқий анъанага айланиб қолди. Наврўз байрамига пайваста халқ маросимлари, урф-одат ва анъаналари миллий туйғуларимизни янада жўш урдиради. Наврўз байрами куни шаҳару қишлоқларимизда халқ сайилга чиқишини кузатсангиз дилингиз яйрайди. Шундоқ дориломон кунларга етказгани учун яратганга шукроналар айтасиз.

Ҳар йили Наврўз байрами олдидан теварак-атрофимизни ҳашар йўли билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳам ўзига хос анъанага айланган. Бу йил ҳам ана шундай умумхалқ ҳашари ўзига хос кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, пойтахт шаҳримиз кўча ва хиёбонлари, майдонлари, истироҳат боғларига баҳор насими келгани аён билинди. Минглаб туп гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Бугун қайсики маҳалла кўчасига қадам ранжида қилманг, гулга бурканган дов-дарахтларни кўриб дилингиз яйрайди. Улар эртанги фаровонлик, файзли-баракали ҳаётдан дарак бераётганга ўхшайди. Мамлакатимизда баркамол авлод камолга етган сайин орзу дарахтлари ҳам улғайиб бораётганини ҳис этасиз. Зотан, бу қутлуғ байрам олий ўқув юртларида қанчалик шодиёналар билан нишонланишини таърифлашга тил ожиз. Гўё шу лаҳзаларда Наврўз айнан баркамол авлодни маънан камолга етказувчи байрамга айлангандек!

 

* * *

ТАЛАБАЛАР НАВРЎЗИ

 

Ҳар йили баҳор “Ёшлик” талабалар шаҳарчасига ўзгача файз олиб келади. Бу гўшага Наврўз гўё талабалар учун сепини ёйиб келгандек борлиқ яшнаб кетади. Унинг тароватидан баҳраманд бўлганлар ҳақли равишда – Талабалар Наврўзи, деб аташлари бежиз эмас. Бу йил ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мураббийлари ва талабалари байрамга пухта ҳозирлик кўрдилар. Эрта кўкламданоқ бир неча бор ҳашар ўтказилиб, теварак-атроф ободонлаштирилди, минглаб туп мевали, манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари ўтқазилди.

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, деганларидек, ЎзМУнинг 13 та факультети талабалари мамлакатимизнинг 12 та вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказиладиган Наврўз байрамининг ўзига хос жиҳатларини саҳналаштирдилар. Шундай эзгу ниятда талабалар турар-жойлари ҳовлисида, майдон ва хиёбонларда азалий қадриятларимизни кўз ўнгимизда намоён этувчи ўтовлар тикилди, дошқозонларда сумалаклар қайнади. Карнай-сурнай садолари борлиқни тутган маҳал талаба йигит-қизларнинг қорақалпоқча, хоразмча, сурхону қашқадарёча, фарғонаю наманганча, бухоро ва андижонча, самарқанду тошкентча ранг-баранг миллий либосларда саҳнага чиқишлари байрамга олам-олам файз киритишини тасвирлашга қалам ожизлик қилади. Журналистика факультети талабалари бу йил Фарғона Наврўзини ўзига хос равишда саҳналаштирдилар. Фарғона вилояти ҳаёти, маънавий олами, адабий муҳитини акс эттирувчи 30 дан ортиқ деворий газеталар чиқарилди Водий гуллари, халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Наврўз байрами халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси ҳамда миллий анъаналаримизни ёрқин намоён қилишини истеъдодли талабаларимизнинг миллий либосларимизда саҳналаштирган давраларида ҳам яққол кўриш мумкин,– деди байрам тантанасини кириш сўзи билан очган университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедов.– Бизни энг қувонтирган ҳол шуки, журналистика факультетида анча ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Ижодкор талабаларнинг 10 дан ортиқ мақолалар тўплами нашр этилгани, кўплаб газета-журналларда мақолалари ёритилгани, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларга истеъдодли ёшларнинг муаллифлик қилишаётгани умид уйғотади. Шунга яраша сизларга бир хушхабар: келгуси йил Наврўз байрамини журналистика факультети янги замонавий бинода нишонлайди!

Дарҳақиқат, айни пайтда университет Маданият саройи ёнида факультет янги ўқув биноси қурилиши жадал давом этмоқда.

Тўй тўйларга улансин, деганларидек, бугунги байрамда факультетимизда кўп йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган азиз устозимиз, доцент Юсуфжон Ҳамдамов таваллуд топган куни муносабати билан самимий муборак этилди. Заҳматкаш олим ва мураббий учун энг катта совға – “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилган “Тараққиёт мезони” китоби бўлди. 11 босма табоқ ҳажмида 1000 нусхада чоп этилган китобда юртимиз мустақиллиги йилларида миллий журналистикамиз ривожланиш босқичлари таҳлил этилган. Наврўз талабалар, бахтиёр ёшларнинг ҳароратли қалби янглиғ табиат уйғонишининг рамзидир. Мустақил Ватанимизнинг келажакка комил ишонч билан қарайдиган ёшлари қалбида миллий қадриятларимизга бўлган муҳаббати юртга чексиз садоқат туйғусига пайваста бўлиб кетмоқда!

Нақадар тароватли Наврўз гўзал ва ажойиб байрам эканини ҳис этамаган юрак, ундан баҳра олмаган қалб бўлмаса керак. Ана шундай ажиб туйғулар оғушида саҳнага чиққан гулгун чеҳралар азалий Наврўз удумларини намойиш этиши байрамга янада шукуҳ бахш этди.

 

Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

6 Responses

  1. Adolat G'ofurova:

    Eng avvalo shuni aytmoqchimanki, maqolaning sarlovhasi o’quvchini o’ziga jalb qiladi. Qolaversa maqolada manbalardan unumli foydalanilgan va Navro’z bayramining tarixi chiroyli yoritilib berilgan!

  2. Bahor kelinchak bo’lsa, sepidir Navro’z

  3. Бизнинг факультатда Наврўз ҳар йили шундай нишонланади. Мақолани ўқиб яна қайта байрамда қатнашгандек бўлдим.

  4. Zeh:

    Maqolangiz menga juda yoqdi.

  5. OLTINOY MADAMINOVA:

    MAVZU JUDA HAM CHIROYLI TOPILGAN MAQOLANIKU AYTISHGA TIL OJIZ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>