Газета ва телевидениенинг асл Ватани

Кўзгуда акс этган ҳақиқат

1 2

 Ҳаётда қайсики юрт алломаси бирор фанга асос солса ё тадқиқотчи нимадир кашф этса, янги фан ва яратилган мўъжизанинг ватани – ўша замин бўлиб қолади. Ал Хоразмий бобомизнинг илми ила математиканинг ватани – Ўзбекистон эканини дунё олимлари эътироф этадилар. Абу Али ибн Синонинг «мададисино»сидан «медицина» атамаси пайдо бўлганининг ўзи бу фан ватани – Ўзбекистон эканини англатади. Бу рўйхатни фахр билан анча давом эттиришимиз мумкин.

Худди шундай газета ва телевидениенинг асл ватани – Ўзбекистон экани ўз исботини аллақачон топган. (Бугунги Ўзбекистонимиз номи узоқ ўтмишда турлича аталганини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик жоиз).

1928 йилда Тошкентда ихтирочилар Борис Павлович Грабовский ва Иван Филлипович Белянскийлар электрон-нур ёрдамида ҳаракатдаги тасвирни бир жойдан иккинчи жойга узатадиган ва қабул қиладиган «радиотелефот»ни кашф этганлар. Бу ихтирочилар ўша даврда бугунги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият кўрсатгани боис илк тележиҳозлар ҳозиргача ЎзМУ Физика факультети музейида сақланмоқда.

Энди газетанинг ҳам ватани – кўҳна юртимиз, яъни, бугунги Ўзбекистон экани тадқиқотлар натижасида ойдинлашмоқда. ЎзМУ Журналистика факультетини тамомлаган Малика Рўзиева “Авесто”нинг публицистик кўринишлари” мавзусидаги Битирув малакавий ишида ғоят қимматли фикрларни илгари сурган.

Ёш тадқиқотчи аввало газета турлича кўринишда бўлиши мумкин эканлигига эътибор қаратади. 1445 йилда немис олими Иоган Гуттенберг босма ускунларини кашф этгунга қадар гарчи “газета” атамаси ҳали пайдо бўлмаган эрса-да, одамлар оммавий тусда мутолаа қиладиган газета бўлган. Бу – “деворий газета” эди. Бугун ҳам “деворий газета”нинг ўрни сусайиб қолгани йўқ. Деарли барча муассалар ва ташкилот идораларида вақти-вақти билан “деворий газета”лар чиқиб турибди. Энг қизиғи, ўша “деворий газета”ни ҳамма иштиёқ билан ўқийди.

Айнан “деворий газета”лар кейинчалик босма нашрларнинг пойдевори бўлган эди, деган фикрни ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди.

Модомики, бугун минглаб нусхаларда чоп этилаётган нашрлар пойдевори “деворий газета”лар бўлган экан, 2720 йил илгари жумлаи жаҳонни ҳайратга солган “Авесто” асари дастлаб 12 мингдан ортиқ қорамол терисидан тайёрланган (ҳозирги замонавий “баннер”га ўхшаш) “деворий газета”ларда ёритилгани яхши маълум!

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида “Ота-боболаримизнинг асрлар давомида тўплаган ҳаётий тажрибаси, диний, ахлоқий, илмий, адабий қарашларини ифода этадиган тарихий ёдгорликлар орасида бундан қарийб уч минг йил муқаддам Хоразм воҳаси ҳудудида яратилган, “Авесто” деб аталган бебаҳо маънавий обида муҳим ўрин тутади… “Авесто”нинг туб маъно-моҳиятини белгилаб берадиган “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” деган тамойилни оладиган бўлсак, унда ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратли бўлган сабоқлар борлигини кўриш мумкин. Буларни жамият ҳаётининг устувор ғояси сифатида талқин этишимизнинг бугунги маънавий идеалларимиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлиқ мустаҳкам ҳаётий асосга эга экани айниқса эътиборлидир” деганда ҳақ эдилар.

Айрим мутахассислар фикрича, “Авесто” бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маънавият, буюк маданият бўлганидан гувоҳлик берувчи тарихий ҳужжатдирки, уни ҳеч ким инкор этолмайди. Бу нодир китоб бундан уч минг йил муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргузаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидир.

“Авесто” буюк умуминсоний қадрият, нодир публицистика намунаси сифатида дунёга келди. У чексиз тафаккур ва тараққиёт ғояси, умумбашарий маданиятнинг юксак чўққисига айланди. Айрим мутахассислар фикрича, “Авесто” жаҳон цивилизациясига дахлдор бўлган умуминсоний қадриятларнинг ривож топишига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган буюк фалсафадир.

Машҳур тарихчи Герадот «Авесто» пандномалари ҳақида шундай ёзган: «Зардуштнинг издошлари ёлғончиликни энг уятли иш билан тенглаштирардилар ва ёлғончиликдан кейин қарз олишни уятли ҳисоблардилар. Уларнинг ақидасича, ҳар ким қарздор бўлса, у ёлғон ҳам гапира олади» сўзларини мисол тариқасида келтиради. Зардушт ақидасича, гадойлик қилишдан, мол ва пул исрофгарчилигидан, одам ўлдиришдан, баланд овоз билан қичқириб гапиришдан, зинодан, ўз жинси билан алоқа қилишдан, ўлганлар учун аза-мотам тутишдан сақланиш лозимдир”.

Бу ҳикматлар Зардуштнинг баланд заковатидан далолат бериб қолмай, бизни «Авесто»нинг умумбашарий зиё нуридан баҳраманд бўлишга ҳам чорлайди.

Ёш тадқиқотчи илмий изланишларида “Авесто”ни миллий публицистикамиз илдизларининг кўринишлари сифатида тўғри таърифлайди.

«Ҳақиқат – олий шарофатдир», дейилади «Авесто»да. Зотан, ҳақиқат буюк мўжиза. У асрлар мобайнида инсониятнинг олий мақсади, инсон қадру-қимматининг мислсиз ўлчови бўлиб келди. Одамлар ҳар дақиқада ҳақиқатга интиладилар, ундан нажот излайдилар. Айни ҳақиқат адолатга, шарофатга элтадиган буюк қудрат. Ана шу қудрат, «Авесто»да ўзининг бутун моҳияти билан ўз ифодасини топган.

Ижод маҳсули – журналистикада ўз ифодласини топар экан, «Авесто»ни теран нигоҳ ила мутолаа қилган ўқувчилар уни публицистиканинг ёрқин наъмунаси эканини англаб етадилар. Публицистика – журналистиканинг асл пойдеворидир. Демак, қайсидир маънода «Авесто»дек ноёб дурдона туфайли журналистиканинг ҳам илк ватани – Ўзбекистон дейишга ҳақлимиз!

Она заминизда 2720 йил илгари ҳайратомуз 12 мингдан ортиқ “деворий газета” оламшумул воқеа бўлган пайтда ҳали ўша даврдаги ота-боболар лисонида “газета”, “журналистика”, “публицистика”, “мақола” каби атамалар йўқ эди. Айнан ўша атамаларнинг пайдо бўлиши учун «Авесто»ни ёритган “деворий газета” муҳим пойдевор бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Неча-неча асрлик кўҳна обидалар бунёд этилган пайтида юртимиз номи ҳали “Ўзбекистон” дея аталмаган бўлса-да буюк аждодлардан қолган бу ноёб дурдоналар бугун Ўзбекистон Республикаси ва халқининг миллий бойликлари ҳисоблангани каби илк газетанинг ватани ҳам она Ўзбекистонимиз, дейишга ҳақлимиз.

Бу “нозик” фикрлар, тадқиқотларнинг барчаси баҳсли албатта. Ҳақиқат эса мана шундай баҳсларда намоён бўлади.

Телевидение ва илк деворий газета қадимда шу кўҳна заминда пайдо бўлган экан, демак, уларнинг асл ватани ҳам бугунги Ўзбекистонимиз сифатида эътироф этилаверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети

“Журналистика” кафедраси мудири,

филология фанлари номзоди 

«Адолат» газетасининг 2020 йил 26 июнь сонидан олинди

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>