“Иллатлардан эртага эмас, бугун воз кечиш керак!”

“Халқ сўзи”нинг жорий йил 19 январь сонида филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбекнинг“Халтаевми ёки Холтоев?” номли мақоласи эълон қилинган эди.

Унга газетхонлар ўз муносабатларини билдиришмоқда. Улардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

07:35 16 Февраль 2019 Жамият

Иллюстратив фото

“Тарихан араб тилидан қабул қилинган “шариф” калимаси она тилимизда муқаддас, мўътабар, азиз, табаррук каби маъноларни ифодалайди. “Исми шариф” Аллоҳнинг муборак 99 исми ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг сон-саноқсиз гўзал тахаллусларини англатиши инобатга олинадиган бўлса, уни “отасининг исми” — “отчество” маъносида қўллаш тўғри эмаслиги ойдинлашади.

Ривоят қилишларича, Одам Ато жамики мавжудотлар исмларини бурро-бурро талаффуз қилиб, маъноларини батафсил изоҳлаб берганлари сабабли фаришталар бирин-кетин унга сажда қилишган экан. Ота-оналари не-не орзу-ниятлар билан азиз фарзандларига қўйган гўзал маъноли исми шарифларнинг адабий тил қоидаларига зид равишда русчага мослаштирилган ҳолда расмий ҳужжатларга муҳрлаш, шу маънода, кечириб бўлмас хато ҳисобланади. ОАВ ва китоблар саҳифаларида, телекўрсатувларда ўша ҳужжатларни асослаган ҳолда такрорлаб боравериш билан ҳам асло муроса қилиб бўлмайди.

Ҳақиқатан ҳам, Холтоевнинг Халтаевга айлантирилгани каби хатоликлар Тахтаев — Тўхтаев, Тараев — Тўраев, Абесханов — Аббосхонов, Апакхаджаева — Оппоқхўжаева, Борий — Бўри, Гопор — Ғаффор, Марат — Мурод, Абид — Обид эканлигида ҳам кўзга яққол ташланади.

Бундан ташқари, тилимизда, ёзма манбаларда деярли 1,5 минг йил мобайнида Тоҳир, Зоҳир, Соҳиб, Раҳим сингари тўғри ёзилиб ва талаффуз қилиб келинган исмларимиз Тоир, Тойир, Тахир, Таир; Зоир, Зойир, Зохир, Заир, Захир; Соиб, Соип, Сойип, Сойиб, Сахиб, Саип; Райим, Раим, Рем, Рахим бўлиб кетаётгани она тилимизга давлат тили мақомини бериш йўлидаги қизғин баҳсларда четдан туриб тирноқ остидан кир қидирадиганларнинг “ўзбеклар адабий тил нормаларини билмасликлари сабабли адабий тилда ўз фикрларини ифода эта олмай, ҳаттоки, ўз исм-фамилияларини ҳам хато ёзиш ва нотўғри талаффуз қилишга кўникиб қолишган, шунинг учун бу тил давлат тили мақомини уддалашга қодир эмас”, деган иддаоларини билиб-билмай маъқуллаётгандек таассурот уйғотади.

Тил амалиётидан узоқ бўлган “соф назариётчи”лар эмас, балки ижодкорлар — шоир-ёзувчи, муҳаррир, таржимонлар чинакам тил фидойилари эканлигини тарих исботлаган. Шундай экан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ижроси юзасидан назорат олиб борувчи махсус инспекция мана шундай кишилардан тузилмоғи лозим. Зар қадрини заргар билади — “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ижроси тўла таъминлансагина, исми шарифларимиз ўз нафосатини лоқайдлик, бепарволик иллатларидан халос бўлишимиз эвазига тиклаб олади. Акс ҳолда, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг барча жабҳада тўлиқ ижроси учун бу муддат озлик қилади, дегувчилар яна эртани кутиб кун кўришдан нарига ўта олмайдилар. Зеро, хитойлик буюк файласуф Конфуций “Иллатлардан эртага эмас, бугун воз кечиш керак!” деганда минг бора ҳақ эди.

Юсуф ЭШОНҚУЛОВ, филология фанлари номзоди, доцент.

http://xs.uz/uzkr/post/illatlardan-ertaga-emas-bugun-voz-kechish-kerak

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>