Ислом Ҳамронинг маҳорат мактаби

Истеъдодли шоир ва публицист, «Адолат» газетаси Бош муҳаррири

Ислом Ҳамро Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини тамомлаганидан буён бу даргоҳдан қадамини узгани йўқ. У газета таҳририятида талабаларимиз учун амалиёт мактабини ва ўзи Журналистика факультетида маҳорат мактабини ташкил этгани ҳақида сайтимизда фахр ила ёритиб боряпмиз. Бағрикенг, саховатли Бош муҳаррир Журфакка ҳеч қачон қуруқ қўл билан келмайди. Ҳар гал бир қучоқ «Адолат» газетасининг янги сонларидан, ўзининг ажойиб китобларидан олиб келиб, талабаларга ҳадя этиб кетади.

Қовун қовунни кўриб ранг олади, деганларидек, бўлғуси журналистлар мана шундай Устозларга аввало ҳавас билан қарайдилар, сўнг эргашадилар, андоза оладилар.

Долзарб мавзудаги қуйидаги мақолани талабаларимиз навбатдаги ижодий маҳорат дарси сифатида ўқиб, ўзларига тегишли хулоса чиқаришларига аминмиз. Илло, келгусида талабаларимиз орасидан ўнлаб Ислом Ҳамролар етишиб чиқишларига тилакдошмиз.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири,

«Уч илдиз» маҳорат мактаби раҳбари

2

1

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА:

Яна кимўзар бошландими?..

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: Яна кимўзар бошландими?..

Бугун ҳаммамиз эрта тонгдан юрагимизни ҳовучлаб телеэкранга кўз тикамиз, ижтимоий тармоқларни кузатамиз, “нима бўлса ҳам ҳеч кимда коронавирус аниқланмаган бўлсин, ҳеч бўлмаса, кечагидан камайган бўлсин!”
Кўраяпмиз, ўқияпмиз, гувоҳ бўлаяпмиз. Кеча дунёнинг энг ривожланган давлати сифатида кўксига ураётган мамлакатлар ҳам бу кўринмас бало олдида ожиз қолди. Қай бир давлат касалликдан ўлаётган фуқароларини дафн қилишга улгурмаяпти, яна қайси бири ўз фуқароларининг даволаниши учун отнинг калласидай нарх белгилаб қўйди. Ҳатто оддийгина тест ўтказиш ёки телефон орқали шифокор маслаҳати ҳам пуллик мамлакатлар бор.
Бизда-чи?
Бизда ҳукумат ҳамма нарсани бепул қилиб қўйди. 14 кунлик карантинга олинганларга ҳам барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Тезкорлик билан янги карантин шифохоналари бунёд этилмоқда. Кам таъминланган оилаларга ҳукумат ташаббуси ва ҳомийлар кўмагида бепул озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Биз-чи? Биз нима қилаяпмиз?
Биз ношукурларча ҳомийлар томонидан уйимизгача етказиб берилаётган бепул озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатсизлигидан, камлигидан нолимоқдамиз. Ижтимоий тармоқлар, телеграмм каналларида мамлакатимизда олиб борилаётган эзгу ва савобли ишларни йўққа чиқариш, халқаро ҳамжамият олдида Ўзбекистонимизнинг обрўсини тўкишда “жонбозлик” кўрсатмоқдамиз…
Ҳеч ўзимизга савол бериб кўрдикми? Бунга ҳаққимиз борми, ўзи? Нега бунча сурбетлашиб кетаяпмиз?!
15 апрель куни “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатувини кўрдим. Кўрсатувда таъкидланишича, кўп ҳолларда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фаолият бошлаган 1197 Call маркази телефонига ўзига тўқ, икки-уч қаватли уйи, уч-тўртта шахсий машинаси бор фуқаролар ҳам мурожаат қилаётган экан. Улар марказдан тамаки маҳсулотлари, банан, апельсин каби цитрус мевалар, ҳатто маиший техника воситалари ҳам сўрашаяпти экан.
Улар кимлар ўзи? Уларнинг бунга ҳаққи борми? Кам таъминланган оилалар учун хайрия қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлар ёнидаги қўшниси оч ўтирган бойваччанинг томоғидан қандай ўтаётган экан? Наҳотки шунчалик манқуртлашиб кетаяпмиз?!
17 апрель апрель соат 10.00 ҳолатига кўра мамлакатимизда коронавирус касаллигига чалинганлар сони 1380 нафарга етган!
Нега? Нима учун? Қандай қилиб? Ахир шунча саъй-ҳаракат қаерга кетаяпти?
Бу саволларга жавоб излашдан аввал яна бир рақамга эътиборингизни тортаман. Барча жавоблар ана шу рақамнинг ичига яширингандек, назаримда.
Бугун, 17 апрель ҳолатига кўра мамлакатимизда карантин қоидаларини бузган фуқаролар сони 73 минг нафарга яқинлашиб қолди. Ана сизга коронавирусга чалинган бир бемор 300-400 нафар инсонга юқтириши мумкин деб жар солинаётган бир пайтда бизнинг “ўз ҳуқуқини яхши биладиган” айрим фуқароларимизнинг аҳволи. Мен бекорга “ўз ҳуқуқини яхши биладиган” деган жумлани қўштирноққа олмадим. Чунки бугун телевидиние ёки ижтимоий тармоқларда тарқалаётган лавҳаларда карантин талабини бузаётганлар асосан ўз уйи атрофида юргани, шифохонага бораётгани каби асоссиз баҳоналар тўқиб, ўзларини “ҳуқуқлари бузилган” қилиб кўрсатишга уринишмоқда. Ҳеч ким сўрамайдики, “Ҳой, биродар, ҳуқуқнинг ёнида бурч деган тушунча ҳам бор. Сиз ўша бурчингизни бажараяпсизми?!” деб.
Мамлакатимизда карантин эълон қилиниб, автомашиналарнинг мақсадсиз юриши чекланган илк кунларда минглаб бойвачча, қимматбаҳо машина эгаси бўлган юртдошларимизнинг “кўнгиллари юмшаб, доставкачи” бўлгилари келиб қолди. Мутасаддиларга раҳмат, вазиятни тўғри англаб, “кўнгилли доставкачилар” ниятларига етмади. Шундан кейин қимматбаҳо машиналари бор юртдошларимиз махсус рухсатномасиз ҳам “эплаб юриш” мумкинлигини “исботлашга” тушиб кетишди. Уларга нима, жарима дегани нари борса, 4-5 миллион сўм бўлар экан. Тўлайди, юраверади! Бу ҳолатни ҳар куни телеканалларда осмонга қараб машина бошқариб қўлга тушаётган “Малибу”, “Каптива”, “Эпика” каби “арзон” машиналари бор айрим юртдошларимиз исботлашаяпти. Қоидани бузиб, қўлга тушганлари камлик қилгандай, қайси онасини, яна бири хотинини гиж-гижлаб, ўз қонуний хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар, миллий гвардия ходимларига шаллақилик қилаётганларини қандай тушуниш мумкин?..
Улар кимлар ўзи? Уларга бундай йўл тутишга ким рухсат берди?
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда кўнгилни хира қиладиган яна бир мавзу айлана бошлади. Бу, эркатой фарзандлар мавзуси. Аввалига пойтахтнинг Амир Темур хиёбонида “эплаб юрган” учлик, кейин Тошкент ситидаги эркатой қиз, қоп-қора “Каптива”да ундан ҳам қоп-қора автомат кўтариб юрган йигитчанинг эркаликлари ҳаммасидан ҳам ошиб тушди, назаримда. Бугун эса ижтимоий тармоқларда “сендан қолсам, қулоғимни кесаман қабилида”ги янги лавҳа пайдо бўлди. Икки эркатой – “арзонгина” машинада йигитга тўппонча ўқталганча, рақсмонанд қилиқ қилаётган қиз, пойтахтнинг Юнусобод туманидаги вақтинча постни писанд қилмай, “ёриб ўтиш”га уринган, “отиб” олган 23 ёшлик шоввоз…
Булар кимлар ўзи? Ота-онаси борми? Бўлса улар қаерда?
Назаримда кейинги кунларда худди мен сендан камми қабилида қилинадиган кимўзар тўйларимиз каби карантин қоидасини бузиб мақтаниш ҳам “урф”га кираётгандек. Нима бўлса ҳам бу “кимўзар” пойгасига тезроқ барҳам бериш керак. Тўғри, куни кеча Бош прокуратура баёнотида карантин қоидасини бузганлар кечирилмаслигига алоҳида урғу берилди. Қоидабузарларнинг жаримага тортилаётгани, 15 сутка “дам олишга” жўнатилаётгани кимларгадир камлик қилаётганга ўхшайди. Акс ҳолда, биз юқорида тилга олган иллатлар бу қадар тез болалаб, салкам 73 минглик “маррани забт” этишга яқинлашиб қолмаган бўларди.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлган фикримиз, ҳалиям бўлса айбсизлик призумпциясидан вақтинча воз кечиб, хавфсизлик презумциясига жиддийроқ эътибор қаратишимиз лозим ва шарт. Келинг, миллатимизнинг фахри бўлган Амир Темур бобомизнинг устидан кулган эркатойларнинг, Тошкент ситида томоша кўрсатиб, ички ишлар бўлимига олиб келишганда ҳам оғзига мунчоқли ниқоб (?!) тақиб олган “ғурури осмон” қизнинг, “автомат” кўтарган бойвачча ўғилнинг, “Каптива”да постни “ёриб” ўтишга уринган шоввознинг ота-оналарини ҳамда ички ишлар ва миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, устига устак уларга шаллақилик қилаётган бойваччаларнинг юзини телеэкранларда очиқ-ошкор кўрсатайлик.
Билайлик, улар кимлар экан? Кимларнинг эркатойлари юртнинг тинчлигига, халқнинг хавфсизлиги ва саломатлигига рахна солишга уринаяпти экан? Қачонгача айбдор қолиб, айбсиз уялади? Улар андишани отини қўрқоқ қўйиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талашаяптими, келинг, биз ҳам ҳуқуқимизни талаб қилайлик. Бундан кейин карантин қоидасини бузганлар, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ “арзон” машина минадиган бойвачча, телеэкранларда юзлари бекитмасдан, очиқча кўрсатайлик. Токи улардан “ранг” олаётган бошқа “қовун”ларга сабоқ бўлсин. Ана шундагина кимўзарга чек қўямиз.
Ислом ҲАМРО,
“Адолат” газетаси бош муҳаррири.
 http://uza.uz/oz/society/el-boshiga-ish-tushganda-yana-kim-zar-boshlandimi—17-04-2020

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>