ИСМЛАР ЖИЛОСИ

Мактабимизда Мусурмонхўжа исмли бола бўларди. Билиб-билмай уни «Мусур»

деб чақирардик. Бунга ўзиям шу қадар кўникиб кетган эдики, иттифоқо исмини тўлиқ айтган тақдиримизда ҳам ғалати қабул қиларди:

– Намунча Мусурмонхўжалаб қолдинг?!— дерди хафа бўлиб.— Мени — «Мусур» десанг бўлди-да…

3

Бу гаплардан хабар топган муаллимимиз дашном берди:

– Ўрисчани тузукроқ ўқимасдан гапиришларинг ғалати-я. Ахир, «мусур» — қўқим (ахлатнинг бир тури) эканини наҳот тушунмасаларинг?

Бу гап жўрамизга ёқмади. Ўзича бизга шундай тушунтирди:

– Одамнинг оти бошқа тилга таржима қилинармикин? Физика фанида «қаршилик белгиси»ни яратган немис олимининг оти ўзбек тилида ғалати эшитилади, тўғрими? Бироқ, унинг устидан кулишга сира ҳаққимиз йўқ. Мен ҳам ўзбекман. Ўрисчадаги «мусур» бошқа нарса…

 

Жўрамизга маъқул «исм»ни айтиб чақирсак нима қипти? Хуллас, Мусурмонхўжани болаликка хос самимият билан «Мусур» деб чақириш одати тарк этилмади.

Йиллар ўтиб ақлимиз ҳам улғайди. Болаликда тушунмаганларимизни теранроқ англай бошладик. Исмлар масаласида муаллимимиз ҳақ экан! Исмларимизнинг айтилиши, ҳужжатларда ёзилиши ҳақида чуқурроқ фикрлаш лозим. Таниқли олим Эрнст Бегматовнинг «Ўзбек исмлари» («Ўзбекистон миллий энциклопедияси») Давлат илмий нашриёти, 1998 йил) китоби бу борада муносиб қўлланма бўлибди. Китобнинг 600-бетида шундай ёзилган: «Исмлар ва уларнинг миллий шаклларига лоқайдлик билан муносабатда бўлиш баъзи ўзбекча номларнинг русча бузилган шаклини «ижод қилиш»да ҳам кўринади. Натижада баъзи ота-оналар ўз фарзандларининг, ёшлар эса ўз дўстлари, ўртоқларининг, ака-укалар ё опа-сингилларининг исмларини Алик (Алишер, Аҳмаджон), Гуля (Гулнора, Гуландом), Диля (Дилбар, Дилором)… шаклларида бузиб айтишади. Бундай номбозлик, номбузарлик ҳаракати она тилига, қолаверса, рус тилига ҳам ҳурматсизликдир».

Болалигимизга бориб жўрамизни «мусур»га чиқарганимиздан хижолат бўлдик. Таассуфки, бундай хатоликни такрорлаб юрганлар ҳанузгача топилади. Баъзи бадиий асарларда ҳам «қисқартма исм»лар учрайди. Ўша муаллиф «асарим ҳаётий чиқсин» деган ўйда қаҳрамонларини шундай «сўзлаштиради». Буни ўқувчилар қандоқ қабул қилишаркин? Ана, фалон китобдаям шунақа ёзилган-ку, дея айрим китобхонлар ҳам ўша хатоликни такрорлаб юрмасмикин? Нима бўлганда ҳам исмларимизни тўғри талаффуз қилиб айтсак яхши бўларди-да.

Мусурмон, Мусурмонқул, Мусурмонбек, Мусурмонхўжа сингари исмларга келсак, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида улар кўп учрайди. Йиллар, асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган бундай исмлар замирида ҳам қандайдир маънолар мужассамдир?

Баъзи болалар она қорнидаёқ суннат (хатна) қилинганга ўхшаб туғиладилар. Бундай болаларга Суннат, Суннатилло деб исм қўйилиши ҳақида мазкур китобнинг 400-бетида изоҳ берилган. Билишимизча, Мусурмон ҳам Худонинг қудрати билан она қорнидаёқ суннат қилинганларга нисбатан айтилади.

«Ўзбек исмлари»нинг 262-бетида Мусулмон, Мусулмонбек, Мусулмонқул каби исмларнинг араб тилидан кириб келганлиги, ислом динига эътиқод қилувчи, художўй деган маъноларни англатиши изоҳланган. Бироқ, китобда Мусурмон деган исм ҳақида ёзилмаган. Эҳтимол, у Мусулмоннинг ўзлашган ё маҳаллийлашган шаклидир?

Тилимизда мавжуд бўлган 14600 исмларни жамлаб, батартиб изоҳ ёзган муҳтарам олимимиз мазкур китобнинг қайта нашрларида бу арзимас масалага ҳам аниқлик киритиб кетсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Исмлар – аждодлардан катта мерос. Ҳар бир исм замирида улкан маъно бор. Доно бобокалонларимиз улар ҳақида оқиллик билан ўйлаганлар. Шу маънода ҳар бир исмни кашфиёт десак арзийди.

Исмларга турли замонларда турлича муносабатда бўлингани ҳақида тарихий асарлардан, халқ оғзаки ижодидан биламиз. Ўзбекона исмларга ўтмишда унчалик нотўғри муносабатда бўлинмаган. Охирлаб бораётган асримиздагина миллий исмларимизга бўлган муносабатда ноаниқликлар сезилди. Бунга бир томондан собиқ «қизил тузум» мафкураси, иккинчидан эса ўзимиз – ҳужжатларида исмлари хато ёзилиб қолганларнинг ўзлари ҳам сабабчидир.

Шўролар даврида ҳар бир гўдак дунёга келгани ҳамоно унга биринчи ҳужжат – «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома» ёзиш қонунлаштирилганди. Бироқ, ҳамма бало шундан бошланган экан. Айрим исми шарифлар кўр-кўрона хато ёзилаверган. Нега имловий хато ёзяпсан, деб суриштирадиган, тўғри ёзилишини талаб қиладиган мард топилмаган. Бир жиҳатдан ўша даврда «ўзбекона исм бундоқ ёзилади» деб гапириш ҳам мумкин эмасди. Қилдан қийиқ ахтарадиган, тирноқ орасидан кир қидирадиган айрим кимсалар ҳар бир гапингдан миллатчилик «ҳиди анқиши»ни пойлашарди. Мафкура шунақа эди-да.

Тоҳир исмли боланинг ҳужжатида – «Тахир» деб ёзилган. Тахир – аччиқ, ачқимтил деган маънони англатишини ҳамма билади.

«Ўзбек исмлари» китоби 604-бетида шундай жумлани ўқиймиз:

«Туғилганлик гувоҳномаларида, паспортлар ва бошқа хил расмий ҳужжатларда анъанавий шаклларда расмийлашган ёки хато ёзилган исми шарифлар анчагина. …Исми шарифлар билан алоқадор муаммоларнинг ҳал бўлиши кўп жиҳатдан Бахт уйлари, қишлоқ кенгашлари йиғинлари ва паспорт бўлимларида номларни расмий ҳужжатларда қайд қилувчи кишиларнинг мутахассислик малакаси ва имловий савиясига боғлиқ. Улар фуқароларнинг исми шарифларини қайд қилиш ва тўғри ёзишда оқилона иш тутишлари, ўз шахсий мулоҳазаларига ёки баъзи нотўғри маълумотларга ёпишиб олмасликлари лозим». Бағоят доно фикр. Афсуски, ҳаётимизнинг худди шу қатламида бир муаммо кўндаланг турибди.

Биринчиси, фуқароларнинг исми шарифлари эски – «СССР паспорти»да қандоқ (қанақа хатолик билан) ёзилган бўлса, янги –Ўзбекистон фуқароси паспортига ҳам айнан шундай, ҳарфма-ҳарф (хатоси билан) кўчирилмоқда.

Иккинчиси, янги туғилган чақалоқларнинг илк ҳужжати – «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»сига уларнинг исми шарифини ёзишда аввало ота-онасининг паспортларидан (имловий хатоларини ҳам) айнан кўчирган ҳолда ёзмоқдалар. Юртимиз мустақиллигига қарамай, бундай мудҳиш хатоликни давом эттираётган лоқайд кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Минг афсуски, исми шарифларимиз ёзилишидаги кўплаб қўпол имловий хатоликлар узлуксиз давом этаётир. Ахир, ҳар куни юртимизда минглаб ўғил-қизларга, фуқароларга «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома», «Фуқаролик паспорти», «Ўрта маълумоти тўғрисида шаҳодатнома», «Никоҳ қоғози», қайсидир ўқув юртини тамомлаганлиги ҳақида диплом (аксарият илмга чанқоқ инсонлар икки-уч ўқув юртидан диплом олмоқдалар), «Ҳарбий билет», бирор партия ё уюшмага аъзолик билети, «Ҳайдовчилик гувоҳномаси», «Техпаспорт», «Меҳнат дафтари», «Уй дафтари», даволаш муассасаларидаги махсус дафтарлар ва ҳоказолар янгидан ёзилаётир. Булардан ташқари, ҳар куни сон-саноқсиз «Турар жойдан маълумотнома», иш жойидан маълумотнома, тавсифнома, меҳнатга лаёқати бор ё йўқлиги ҳақида варақа, тўловномалар, хизматсафар гувоҳномаси, нотариус ва бошқа ҳуқуқий идоралардан муҳим ҳужжатлар олинади. Ҳар бир ишхонада ҳисобчи, кадрлар бўлими, хазиначи ёзиб тўлдирадиган ҳужжатларга ҳам исми шарифингиз ёзилиши зарур. Албатта ўша паспортдагидек ёзилиши шарт. Ана энди бошда бир марта «адашиб» ёзилган «Халтаев Тахир»нинг шунча ҳужжатларда такрор-батакрор таҳқирланишини кўз олдингизга келтиринг!..

Инсоннинг исми шарифини бузиб ёзиш — гуноҳлар ичида энг оғир гуноҳ, дегим келади. Таассуфки, ҳар куни ўзимиз ҳам билиб-билмай ўша хатоликка қанчалик «ҳисса» қўшаётганимиз ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Ўғил-қизларимиз исми шарифи «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»сида қандоқ ёзилган бўлса, мактабда «журнал»га айнан шундоқ кўчирилмоқда. Сўнг, ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномага исми шариф ёзишда ҳам шундай йўл тутилаётир. Айни вақтда туман Ички ишлар бўлими паспорт бўлинмаси мутасаддилари ҳам илгариги ҳужжатларида қандоқ ёзилган бўлса, шундоқ ёзмоқдалар. Бошқа ҳужжатлар ҳам шу тариқа тўлдириб борилаверади.

Касбимиз тақозосига кўра кўплаб идора ва ташкилотларга ташриф буюрганимизда антиқа манзараларга дуч келамиз. Туппа-тузик ўзбекона исм-шарифлар эшикларга кўр-кўрона хато ёзиб қўйилган. Сабабини суриштирсак, ўша мансабдор кишидан — «паспортимда шундай ёзилган» деган мужмал жавоб эшитамиз. Касбимиздан бохабар бўлгач, ўша мансабдорларнинг, газетага ёзадиган бўлсангиз, исми фамилиям айнан паспортимдагидек бўлсин, деб қўйишлари ортиқча.

Ота-буванг руҳини чирқиллатма, дейдиган мард йўқ. Ҳей, барака топгур, паспортингда шунақа хато «ёзилиб қолган» бўлса, уни ким тузатиб беради? Одилона Қонунларимизга амал қилсангчи! Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар» деб ёзилган! Маълумки, 1995 йил 21 декабрда мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилинган. Унгача амал қилган қонунимизга мувофиқ ҳам кўпгина ватандошларимиз, миллатдошларимиз янги давр ҳужжатларини олиш шарафига мушарраф бўлганлар. “Давлат тили ҳақида”ги қонунда аввал бошданоқ исми шарифларнинг ҳужжатларда ёзилиш масаласи оқилона ҳал этилгани сир эмас. Унда шундай жумлалар қайд этилган эди: «Исмлар, ота исми ва фамилияларининг ягона тўғри шакли махсус маълумотномаларда қайд этилади. Ўзбекча исмлар, ота исми ва фамилиялар бошқа тилларда берилганда, айни чоқда, дунёга машҳур кишиларнинг ота исми ва фамилияси ўзбек тилида берилганда уларнинг асл ёзилиш хусусияти сақланиб қолади. Исмлар, ота исми ва фамилияларни ёзишда ўзбек тилининг ифода ва талаффуз қонуниятларига риоя этилади». Одилона қонунларимизга монанд исми шарифларимизнинг тўғри ёзилиши учун «махсус маълумотнома» ҳам дунё юзини кўрди. Бу – «Ўзбек исмлари» қомусий китобидир. Унда исмларнинг лотин алифбосида ёзилиш тартиби ҳам кўрсатилгани айни муддао бўлган.

Хўш, паспортидаги хатоликларни тўғрилаттириб олишлари учун ўша шахсларга бундан ортиқ яна қанақа ёрдам ё имтиёз керак? «Адолат» нашриёти 1999 йилда Ғафур Абдумажидовнинг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонунига шарҳлар» деб номланган рисоласини 5000 нусхада чоп этган. Рисоланинг 26-бетида шундай ёзилган: «ўзбек исмлари, ота исмлари ва фамилияларида анъанавий, умум томонидан қабул қилинган ўзбек имлоси нормаларини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир. Масалан: Жўраев, Эргашев, аммо «Джураев», «Иргашев» эмас». Ана сизга қонуний изоҳ! Бундан ортиқ яна қандай ҳужжат талаб қиласиз?

Бунинг учун аввало инсон қалбида миллий туйғу бўлмоғи лозим! Собиқ «қизил тузум» даврида хатолик ўтибдими, энди уни тузатиш мавриди етган! Мустақиллик сизу бизга ана шу имкониятни берган!! Фақат, фамилияларини тўғрилаттириб ёздириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. «Паспортимдаги имловий хатоликни тўғрилаттирсам, бошқа ҳужжатларимдаги хатоликларни ҳам тузатиб чиқишнинг ўзи бўладими?» дея тушкунликка тушишга ҳожат йўқ. Айтайлик, Холтоев Холтўра деган инсон ҳужжатларида «Халтаев Халтура» бўлиб ёзилиб қолган. Энди у Фуқаролик паспортида ҳам исми шарифини тўғрилаттирса бошқа ҳужжатлари нокерак бўлиб қолмайди. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодекси»да ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланган. Бирор қонунда «паспортида исм-фамилиясини тўғрилаттирганларнинг бошқа ҳужжатлари нокерак бўлиб қолиши» ҳақида гап-сўз йўқ. Қолаверса, чумчуқдан қўрқиб тариқ экмайдиган одамдек фуқаролик паспортидаги хатоликни тўғрилатган тақдирда «бошқа ҳужжатлари» ҳам ортиқча ташвиш бўлишидан қочиб юриш маънавиятли кишига тўғри келармикин?!

Авлодларим алам билан «қайси Халта, Халтура ё Тахирнинг авлоди эканмиз» дея ўксинмасин, десангиз, исмингизни асл ҳолида сақланг! Бунинг учун юртимиз истиқлоли имкон бермоқда!

Тўлқин ЭШБЕК

“Адашган қиз қисмати” (2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва

санъат нашриётида чоп этилган) китобидан олинди.

You may also like...

22 Responses

  1. Дарҳақиқат, исмларни қисқартириб, ҳар хил қўшимчалар қўшиб айтадиган инсонлар ўзлари билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўядилар. Мақола айнан шундай инсонларни тўғри йўлга чорлайди!

  2. Малика Суюнова:

    Ўз даврида нозик ва долзарб мавзуларда мулоҳаза юритгансиз, ҳақиқий журналист деб шундайларни айтса керак. Ижоддан чарчаманг!

  3. Sevara Uktamova:

    Biz ham o’zaro do’stlar bilan muloqotda ismlarimizni qisqartirip aytamiz. Men bu maqoladan o’zimga tegishli xulosa chiqardim. O’ylaymanki buni o’qigan barcha tengdoshlarim ham kerakli xulosani chiqarip olishadi.

  4. Ismlarning xatolik bilan yozilishi birinchi navbatda Fuqarolarning holati va dalolatnomalarini yozish idora hodimlarining savodsizligi va bizlarning etiborsizligimiz tufayli yuz berib turadi.

  5. Bunday olib qaraydigan bo’lsak ismlarimiz bu bizning faxrimizdir. Inson dunyoga kelishi bilan har bir oilada yo uning otasi, yo onasi , yo bobosi yoki boshqa qarindoshlaridan biri ism qo’yadi. Ismlar ba’zi hollarda insonning kelajagini ham belgilab qo’yadi.

  6. Исмларни тўлиқ айтиш ҳам савобдир.

  7. Domla nahot o`sha vaqtlar Musurmonxo`ja akaning ismini yarim chala aytish uning ko`ngliga tegishini bilmagansiz?

  8. Shahnozaning gapida jon bor, ismni to`liq aytish ham savob albatta. Domla maqola hayotiy bo’lganligi uchunmi menga juda yoqdi.

  9. OLTINOY MADAMINOVA:

    ISIMNI CHALA AYTISH JUDA HAM KATTA GUNOH

  10. Maxfirat Jumanova:

    Ajoyib! Ismlarni qisqartirib aytishga men ham qarshiman

  11. Maxfirat Jumanova:

    Axir ota-onamiz bizga yaxshi niyatlar bilan go`zal ism qo`yishadi.

  12. Kattalardan ko’p eshitgandim, ismni qisqartirib aytilsa katta gunoh bo’larkan. Lekin, ba’zida o’zim ham bunga amal qilmayman. Bu maqoladan keyin men ham iloji boricha ismlarni to’liqroq aytishga harakat qilaman!

  13. Bizning ismlarimiz tagida qanchalik chuqur ma’no borligini unutmaslik kerak.

  14. Ism ham inson taqdirini belgilaydi.

  15. Farzandlarimizga to‘g‘ri ism berish har bir ota-onaning burchi.

  16. Maqolani boplabsis, Musurmonxo`jani kamsitishda toblabsiz.

  17. Juda yaxshi maqola! Ismlarni tòg’ri aytish ham òzaro hurmatning bir belgisi.

  18. Guruhimizda Musulmonmek degan bola bor. Unga avvalllari Musulmon deb murojaat qilsak, u: «men ham, sen ham musulmon» deya javob berardi.Shundan so`ng unga doim Musulmonbek deb gapiradigan bo`ldik. Tabiatan hazilkash yigitga ismini chala aytganimiz og`ir botgan chog`i qayta bu tarzda chaqirishlariga yo`l qo`ymadi. Chunki insonning ismi uning kim ekanligidan dalolat beradi. Mazkur maqola o`quvchini ancha mushohadaga chorlaydi. Biz ham bundan keyin iloji boricha ismlarni to`liq aytishga harakat qilamiz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>