Йўлчи Муҳаммад бўлғуси журналистларга амалиёт сирларидан сабоқ берди

Публицист ва адиб Йўлчи Муҳаммад 1956 йилда Самарқанд вилояти

Оқдарё тумани Холдор қишлоғида таваллуд топган. ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таҳсил олган. 1973 йилдан буён «Оқдарё овози» газетасида фаолият юритиб келмоқда. Унинг қатор китоблари, долзарб мавзудаги мақолалари чоп этилган. У Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси. 2011 йилда «Йилнинг энг фаол журналисти» республика танлови ғолиби. ЎзМУ Журналистика факультетида Йўлчи Муҳаммад билан ўтказилган ижодий учрашув талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Ижодий учрашувда Йўлчи Муҳаммад 2021 йилда чоп этилган қисса ва ҳикоялардан иборат «Туҳмат гирдоби» тўпламидан талабаларга ҳадя этди.

Тўлқин Эшбек,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, «Дўстлик» ордени, «Олтин қалам» мукофоти соҳиби.

ГЎЗАЛ ТОШКЕНТ ТААССУРОТГА БОЙ БЎЛДИ
Тошкент Ватанимизнинг пойтахти бўлиш билан бирга биз учун ҳам ғоят қадрли маскан. Чунки бундан 43 йил муқаддам Тошкент давлат университетининг журналистика факультетитига ўқишга қабул қилинганмиз. Бу муқаддас даргоҳда азиз устозларимиз – Очил Тоғаев, Расул Муҳаммадиев, Шомахсудов, Тошалиев, Сайди Умиров, Мухтор Худойқулов, Бойбўта Дўстқораев ва бошқа бир қатор ардоқли, билимли педагогларнинг қизиқарли маърузаларини тинглаганмиз. Биз доимо устозларимиздан беҳад миннатдор эканликларимизни алоҳида таъкидлашни истардим.
Яқинда Тошкентдаги “Ҳилол медиа” нашриётида каминанинг “Туҳмат гирдоби” қиссаси нашрдан чиқди. Туманимиз ҳокимлигида китоб тақдимоти юқори савияда ташкил этилди. Бу ҳақда Самарқанд телевидениеси орқали ахборот берилди. Бундан бир неча кун илгари қадрдон укамиз Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетининг доценти, таниқли адиб Тўлқин Эшбек китоб тақдимотини ва маҳорат дарсини факультетда ўтказишни таклиф этди. Унинг бу таклифини бажонидил қабул қилдим. Чунки бир пайтлар ўзимиз таҳсил олган даргоҳга бориш ва у ердаги шароитлар билан танишиш, бугунги талабалар билан дилдан суҳбатлашиш қанчалик мароқли эканлигини ҳис қилардим. Очиғини айтганда бугун бўлғуси журналист кадрлар таҳсил олаётган бинода барча шарт-шароитлар яратилганлигини кўриб, ҳавас қилдим. Кенг ёруғ хоналарда талабаларнинг билим олишлари учун барча имкониятлар мавжуд. Компьютер хоналари, турли-туман техник воситалар талабалар хизматида. Талабаларга маҳорат дарсларини ўтиш жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, булғуси журналистлар бу соҳанинг сир-асрорларини мукаммал ўрганиш билан бирга тажрибали, етук журналистлардан маҳорат дарсларини олишаётган экан. Дарс жараёнини Ўзбекистон МТРКнинг “Маданият ва маърифат” телеканалининг бош муҳаррири, иқтидорли журналист шогирдимиз, таниқли шоира Дилдора Мардиева раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ батафсил суратга олди. Талабалар билан мулоқот пайтида Дилдора ўзининг ёшлигини эслаган ҳолда университетга катта орзулар билан қадам қўйганлигини бунда албатта марҳум отасини ва каминани хизмати катта бўлганлигини алоҳида таъкидлади. Университет кутубхонасида бўлган суҳбатда ҳам журналистикани бугунги аҳволи ва келажаги ҳақида батафсил очиқ ва ошкора фикрлар айтилди.
Душанба куни “Маданият ва маърифат” телеканали раҳбарияти биз оқдарёлик ижодкорлар – камина ва таниқли шоир, айни пайтда “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журналининг бош муҳаррири Тохир Долиевни бевосита студияга мулоқотга таклиф этишди. Биз мулоқот пайтида босма нашрларнинг бугунги аҳволи ва “Оқдарё овози” газетасининг фаолияти ҳақида анчагина фикрларни айтдик. Яқин кунлар ичида бу мулоқот телеканл орқали батафсил ёритилади ва бу ҳақда сизларга маълумот берамиз.
Бир сўз билан айтганда Тошкентга ташрифимиз бир олам таассуротга бой бўлди. Барча учрашувларни намунали ташкил этган қадрдон укамиз Тўлқин Эшбекка, шогирдларимиз Дилдора Мардиевага, Нурулло Нарзуллаевга ва дўстимиз Тохир Долиевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Элимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг, азизлар! Келаётган янги йилингиз муборак бўлсин!
Йўлчи Муҳаммад,
«Оқдарё овози» газетаси Бош муҳаррир,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>