Карим БАҲРИЕВ: Ҳақорат ва туҳмат учун журналист ҳам жарима тўласин

ЎзМУ Журналистика факультети талабалари жуда яхши кўрган Устоз адиб,

таржимон ва публицист Карим Баҳриев суҳбатини қунт билан ўқишар экан, ундан албатта ўзлари учун тегишли хулосалар чиқаради, сабоқ олади, дейди Дониш домла умид билан. Қовун қовунни кўриб ранг олади, деганларидек, бўлғуси ижодкорларимиз ҳам Устознинг теран фикрларидан ранг олиб, шундоқ камолга етсалар муродимиз ҳосил бўлгани шулдир.

Карим БАҲРИЕВ: Ҳақорат ва туҳмат учун журналист ҳам жарима тўласин

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг “Гурунг” туркум суҳбатлари давом этади. Бу галги меҳмонимиз журналист, шоир ва таржимон Карим Баҳриев.
– Ассалому алайкум, хуш келибсиз. Карим ака, одатда суҳбат журналистнинг савол бериши ва суҳбатдошнинг жавоби билан белгиланади. Келинг, шу анъанани бузган ҳолда, бошқачароқ бошласак. Мен сиз билан боғландим. Сиз суҳбатдош бўлишга рози бўлдингиз. Ва ЎзАга келаётган вақтингизда мухбирга нималарни сўзлаб беришингизни ўйладингиз?
– Инсон ўз шахсидан, касбидан келиб чиқиб гапиради. Бир устозимизга яхши ёзасиз, десалар, бошқа иш қўлимдан келмаса нима қилай, деган экан. Шундайки, менинг ҳаётим сўз билан боғлиқ бўлди. Ҳатто болалигимни эслайман. Дарахтнинг устига чиқиб кўп китоб ўқирканман. Кўп китоб ўқиганимни кўрган амаким “Кўп китоб ўқисанг миянг суюлиб кетади. Иш қилмасанг, билагинг қотмаса кун кўролмайсан”, дерди. Шунда “Сизларни билакларингиз боқса, мени миям боқади” деб айтган эканман. Ростдан ҳам насибамиз сўздан бўлди. Кўпроқ сўз ҳақида, сўз эркинлиги ҳақида гапираман доим.
– Шу сўзингиздан келиб чиқиб сўрамоқчиман. Ўзбекистонда сўз эркинлиги, очиқлик кузатиляпти. Айни жараён бошланган, давом этяпти. Ҳатто бутун дунё юртимизни кузатяпти…
– Ўзбекистонда ҳамма нарса қиёслашда кўринади. Бундан олдинги вақтда Президент Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, илм-фан жойида турди. Турли тўсиқлар ва коррупция бўлди. Ўша даврлар билан таққослаганда бугун жуда катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Авваллари журналист жуда обрўли эди. Ҳамма эҳтиром кўрсатарди. Бугун ҳар бир одам журналистга айланди. Бугун ҳар бир телефон суратга олади. Шу сабаблими, оддий одамлар журналистлардан ҳам ўтиб кетаётгандек назаримда. Одамлар бир жойда уй бузилса расмга олиб сайтга ёки ижтимоий тармоқларга қўйяпти. Ҳоким мажлис ўтказса, уни ҳам тармоқларга жойлаяпти. Мактабда ёки боғчада нимадир бўлса, у ҳам чиқиб кетяпти. Ҳокимият шунга муносабат билдиряпти. Жавобини беришга мажбур бўляпти. Бугун кўзга ташланяптики, ижтимоий тармоқлар ривожланди ва мен уни “Халқ журналистикаси“ деган бўлардим. Одамларнинг журналистик маҳорати ҳатто журналистларникидан ҳам ортиб кетяпти. Юртимизда теле ва радио журналистикасидан интернет журналистикаси анча илгарилаб кетган. Бўлган воқеани дарҳол ёритади. Илғор сайтларимиз бор. Ҳар бирининг ўз йўли бор. Муассисларнинг манфаати ҳам ётади. Шунга қарамасдан “Газета.уз”, “Кун.уз”, “Хабар.уз”, ҳатто Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайти ҳам онлайн маконда фаолият юритяпти. Ёки солиштириб кўрсангиз, давлат тасарруфидаги ОАВлар бизнинг статусимиз баланд, деб ўтиради. Кўнгилочар қисми ривожланиб кетган. Телевидениедаги баъзи нарсаларни одамлар кўрмаяпти. Нега? Чунки халқ дардини ёрита олмаяпти. Мен телевидениени қизиқроқ қилиш тарафдориман. Аудиторияни йўқотяпти. Бора-бора ўзбек телеканаллари кўрилмай қолиши мумкин. Бошқа давлатлар ахборот маконининг таъсирига тушиб қоляпмиз. Буни яхшилаш учун ўн йиллаб ҳаракат қилишимиз керак. Буни мақсад қилиб ҳаракат қилиш керак.
– Шу жараёнда журналист холис бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Агар у нохолис бўладиган бўлса, кераксиз маълумотларни, ҳатто хабарни ҳам халққа нотўғри етказиши мумкин.
– Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган мақол бор халқимизда. Касбимизда ҳақиқатни ёзиш керак. Мана шу чойнакми, деса, бу пиёлами, деса, биз ҳа, шундай, десак ҳақиқат бўлади. Бу предметга нисбатан. Лекин буни бирор бир ҳодисага нисбатан айтадиган бўлсак, жуда қаттиқ айтолмаймиз. Ёки биз бирор кишига оид фактни олсак, порахўр дейишимиз мумкин. Шунда журналистда жавобгарлик бўлади. Дейлик прокуратура тизими порахўр десангиз, бу фикр бўлади. Бунинг ичида факт йўқ. Қонуний жиҳатдан ҳимоя қилиш керак, деса, инсон шаъни ҳимоя қилинади. Ташкилот эса юридик шахс ҳисобланади. Баъзи амалдорлар ташкилотлар ҳақидаги чиққан хабар ва маълумотларни кўрсатиб шу хабар ташкилот обрўсини тўкди, деб айтади. ЎзА мухбири Тошкент шаҳрида кўчалар қоронғу, чироғи ёнмайди, жиноятлар содир этиляпти, деб мақола ёзган. Мутасаддилар ташкилотимизнинг обрўсини тўкди, бизни жиноятчиликда айблади, деб айтган. Бу ундай талқин этилиши керак эмас. Сўз эркинлиги бўлгандан кейин, ҳамма нарсани гапириш мумкин бўлгандан кейин ҳар хил ҳолатлар бўлади. Кимларгадир нисбатан нотўғри фикрлар чиқади. Шунда журналистлар ҳам суд жараёнига тортила бошлайди. Шу боис, журналистларнинг ҳуқуқий маданияти ҳам юксалиши керак. Медиа соҳасида ҳам алоҳида юристлар тайёрланиши керак. Бу сўз билан боғлиқ мутахассислар тайёрланишига доир фикрлар. Мамлакатда тилшунос, лингвистлар бўлиши керак. Энди шу жараёнда лингвист-юристлар керак бўлади. Агар матнларни одамлар судга бера бошласа, матндаги сўзлар нимани англатишини тушунтириб бера оладиган мутахассислар керак. Энди янада қизиқ жараёнлар бошланади. Холис бўлиш бу жуда қийин. Албатта ҳақиқатни ёзиш керак. Навоий айтгани каби: “Рост сўз деёлмасанг, ёлғон демағил доғе“. Ҳеч бўлмаса ёлғон гапирмаслик керак. Лекин журналистга маълум маънода ёзадиган майдон қолиши керак. Ҳақорат ва туҳмат жиноятларини жиноят ишларидан олиб фуқаролик кодексига ўтказиш керак. Ҳақорат ва туҳмат учун газета жаримага тортилсин, журналист ҳам жарима тўласин. Лекин қамалмасин. Агар у қамалса, бошқа журналист ёзмай қўяди. У қамалдику, тўхта мен жим юрай деган фикрга келади.
– Яна бир фикр бор. Журналистлар дадил гапира бошлагандан кейин хорижлик инвесторлар шу маълумотларни ўқиб Ўзбекистонга келади ёки келмайди, деган фикрлар ҳам билдирилди. Журналистларни огоҳлантиришмоқда.
– Мен бунга қўшилмайман. Мамлакатнинг олтин захираси ҳақида маълумот берилмасди. Бу давлат сири тоифасига кирарди. Яқинда бир қатор позициялар бўйича, олтин ва қимматли металлар сирлар тоифасидан чиқарилди. Хориждан келадиган инвестор фақат газетага ёки ижтимоий тармоққа қарамайди. У жаҳон банкининг ҳисоботларига қарайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маълумотларига қарайди. Ўрганилаётганда шу мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари йўқ, деб гапириб турса, бу мамлакатга инвестиция қўймайди. Мамлакатнинг имижини газетада чиққан тўрттагина мақола ҳал қилмайди. Ҳамма мамлакатнинг элчиси юрибди орамизда. Миллионлаб туристлар кела бошлади. Мирзиёевнинг яхши хизматларидан яна бири – юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиряпти. Визасиз кирадиган давлатлар сони ошди. Қўшни давлатлар билан чегаралар либераллашди. Миллионлаб туристлар юрган мамлакатда инвестор билмайдими аҳволнинг қанақалигини? Шунинг учун инвестор бошқа нарсани кўради. Бугун бир тадбиркорга ер берилади. Ўша туманга янги ҳоким келади ва эски ҳоким пора олиб ер берган, деб қурилган тайёр магазинни бузиб ташлайди. Буни кўрган инвестор бу мамлакатда мулк ҳуқуқи ҳимояланмаганэкан, деб ҳисоблайди. Ёки яна бир фермерга ерларни 49 йилга арендага бериб кейин 2 йил ўтмай қайтариб олишаётганини кўрган инвестор бу давлатда мулк ҳуқуқи йўқ экан дейди. Чет эллик учун Ўзбекистон ҳақида хулоса чиқариш учун юзлаб манба бор. Шунинг биттаси матбуот. Абдулла Қаҳҳордан бир вақтлар бир катта амалдор ёзувчи “Мени ҳам ёзинг бир мақтаб”, деб сўраганида, А.Қаҳҳор унга “Сиз ёзувчисиз, хўрозқанд эмассиз… Асарларингизни ўзи ҳимоя қилади”, деган экан. Бўлаётган ишларни ёлғондан мақтасак ҳеч ким ишонмайди. Ҳақиқатдан бўлаётганни ёзиш керак. Адабиёт, кино, театр одамларни балки тарбиялар. Лекин матбуот тарбиялайди, деб айтмаслик керак. Матбуот тезкор хабар етказиши керак. Шу мамлакатда ҳақиқат бўлса, биров ёлғон гапирса шу фош бўлса, шу ОАВда эълон қилинса, шунда болалар ҳам тарбияланади. Демак ёлғон гапирса шарманда бўлиши мумкин, деб ўйлайди. Лекин журналистлар ёлғон ёзиб турса, одамлар кўзбўямачилик қилиб яшаши керак экан, ростини айтган одамга қийин экан, бу одам кун кўрмай ўтар экан, деган хулосага келса, халқ айёр, қаллоб бўлиб тарбияланади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамма нарса очиқ ойдин бўлсин ва шу орқали ривожланишга юз тутайлик деяпти. Бугун қайси йўналишларда тўсиқлар бор деб ҳисоблайсиз?
– Аслида матбуотнинг, сўз эркинлигининг катта ҳиссаси амалдорлар учун фойдали. Журналист бирор нарсани гапирса, танқид қилса, зарар қилмаётгани, уларнинг фойдаси учун эканини тушуниши керак. Журналистлар ҳамма нарсани ўйлаши керак. Хориждан келадиган пул коррупция туфайли йўқ бўлиб кетмаслиги керак. Зарур жойга сарфланиши керак. Тезроқ натижа бериши керак. Иш ўринлари яратилиши керак. Коррупцияга қарши ким курашади? Матбуот. Шавкат Мирзиёев сўз эркинлигини жуда ҳимоя қилдилар. Ўзлари кўп нарсани очиқ-ойдин гапирди. “Мен Фарғонада тез ёрдам машинаси бормай тўлғоқдаги аёлнинг ўлганини Озодликдан ўқидим”, дедилар. Балки журналистлар интилиб, сўраётгандир. Лекин жуда кўп давлат идоралари журналистларга маълумот беришда шошилмаётгани, бир нарсани матбуот котиблари бера олмайди ўзича. Раҳбар билан келишиб чиқайлик, матнини ёзиб ўқитиб олайлик, рухсат берса бераман дейди. Тўрт-беш кун ўтиб кетади. Унгача халқаро матбуотда чиқиб кетган бўлади. Шунақа тез маълумот беришга ўтишимиз керак.
– Бугун ОАВда чиқиш деса раҳбарлар ҳам сал сергак тортаяпти.
– Делегация билан Германияга бордик. Уларнинг прокурори делегация аъзолари билан кўришяпти. Улар бизни ўша пайтда учинчи дунё давлати, қашшоқ бир давлат, деб қарайди. Ҳаммага шунчаки қўл узатиб қўйяпти. Таржимон журналист Карим Баҳриев дегандан кейин ўрнидан туриб “Журналистлар бор экан, эҳтиёт бўлиб гапиришимиз керак экан”, деди. Ўша давлатларда журналистдан кўпроқ қўрқади. Кулгили бўлиши мумкин. Лекин ўша мамлакатларнинг кичик бир хатоси бўлса журналист излаб топади, ошкор қилади, халққа етказади, натижада шу амалдор ишдан кетади. Шу қўрқувгина уларни коррупциядан тийиб туради. Суд ҳокимияти ва матбуот эркин бўлмаса коррупцияни йўқотиш асло мумкин эмас.
– Айтганингиздек, бугун суд тизимида ҳам ислоҳотлар бошланди, янгиликлар жорий этилди.
– Албатта, бунинг суръати тез бўлиши керак. Кординал ўзгаришлар бўлиши керак. Катта фожеамиз – ҳамма нарсани косметик ислоҳотлар қиламиз, моҳиятини ўзгартирмоқчи бўлмаймиз. Суд тизимидаги ислоҳотлар ҳам катта нарса. Судья жуда катта ҳимояга эга бўлиши керак. Шундагина у прокурордан қўрқмайди ва одил ҳукм чиқаради. Шуни билган ҳолда давлатимиз раҳбари суд тизимини ислоҳ қилайлик, деб талаб қилаяпти. Журналист сифатида қўрқаманки, бу ислоҳотлар ҳали чуқур эмас. Бори ҳам қийинчилик билан ўтади. Ўзи журналистнинг касби шубҳа қилишдан иборат бўлиши керак.
– Шу жараёнда журналист қийинчиликларга учраганда, бир воқеани очолмагандан кейин у мақсадидан оғиши ҳам мумкин.
– Юзсиз, шартаки, коррупционер журналистлар ҳам бўлади. Аблаҳ журналист бўлса, у жазоланиши керак. Ёлғон ёзадиган бўлса, ҳақиқат фош бўлиши керак. Бу кўриниб турган нарса. Лекин журналистнинг адашиши яна ҳуқуққа бориб тақалади. Ҳуқуққа бориб тақалганда, факт билан фикр ажрата олиниши керак. Факт конкрет нарса бўлади. Фикр эса ҳамиша субъектив бўлади. Бир нарса ҳақида юзлаб фикрлар бўлади. Журналистга тўғри таёқдай бўлиб, ростини билсанг гапирасан, бўлмаса гапирмайсан, деса ҳам бўлмайди. Журналист фикр билдириши керак. Бунинг бир қисми хато бўлиши ҳам мумкин. Авлиё эмас журналист. Хато қилганида уни қамоқ билан қўрқитмаслик керак. Хатосини кўрсатиш керак. Агар атайлаб қилган бўлса, жиноят бўлса жазосини олиши керак. Лекин бизга сўз эркинлиги керак экан, журналистларга нисбатан сал бағрикенгроқ бўлишимиз зарур. Журналист биродарларимдан, ҳамкасбларимдан ҳалол, ростгўй бўлишни сўраган бўлар эдим. Одамлар шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилишни сўраган бўлар эдим. Бировни ноҳақ айбламасликларини сўраган бўлар эдим.
Давлатимиз раҳбари: “Нега ҳақиқатни ёзмайсилар, нега мен буни чет эл радиосидан билишим керак”, деб ўтирганда, ҳали тўлалигича ўзгармади матбуот. Ёки халқаро журналистлар арз қиладики, биз икки томонни беришни хоҳлаймиз, лекин давлат томони алоқага чиқмайди, деб. Бугун алоқага чиқаяпти. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг раҳбари интервью берди. Куни кеча бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири “Америка овози”га интервью берди. Амалдорларимиз озми-кўпми очила бошлади. Шундоқ бўлиши керак. Авваллари халқаро радиоларни бир ёқламаликда айблардик. Лекин улар: “Бир томонни ёзиб олаётирман, лекин давлат идорасига телефон қилсам, ҳозир сизга бир соатдан кейин телефон қиламан дейди ва телефонни кўтармайди, ёки ўчириб қўяди, бошқа тушолмаймиз”, дейди. Ўша амалдорни ҳам тушунаман. Бир нарса деб қолса, ўша жазоланарди. Ҳозир амалдорлар бемалол мулоқотга кира бошлади. Ўша қўрқув бироз пасайди. Албатта, бу ислоҳотлар изчил ва кенг кўламли бўлиши керак. Мана конвертация. Жуда катта ҳодиса иқтисод учун. Масалан, Туркиядаги уйлар ёки Россиядаги товарлар, Америкадаги товарларни одамлар оламан деса, пулни сўмда тўлайди. Шундай фирмалар борки товарингизни олиб келиб беради.
– Айнан очиқлик, сўз эркинлиги даврида Карим Баҳриев нима билан банд?
– Кўп айтишади. “Сизга ўхшаганларнинг даври келди, энди ёзинг”, дейишади. Мен журналистика билан шуғулланаётганим йўқ. Ёзсам жуда қаттиқ ва кординал ёзаман. Лекин энди ёшим ҳам қариликка қараб кетаётган ёш ҳисобланади. Бугунги журналистлар ёш, билимли, кучли бўлса шу ишларни қилиши керак, деб ўйлайман-да, менга бироз кеч энди. Таржима билан бандман. Икки ой олдин Жорж Оруэллнинг “1984” китобини таржима қилдим. 20 февраль куни иккинчи таржимам ҳам китобхонлар қўлига етиб борди. Яна битта асар таржима қилаяпман. Миллат учун фойдали асар. Муваффақият тилсимларига оид асар – “Даҳолар ва ландовурлар”ни таржима қиляпман. Номидан ҳам маълум нега баъзиларнинг ҳамма нарсаси, пули бору, бошқаларнинг ҳеч вақоси йўқ, деган асар. Дунё адабиётидан жуда кўп таржима қиламан. Ижтимоий тармоқларда кўриш мумкин. Ҳамма мамлакат ижодкорларидан битта-битта таржима қилиб чиқяпман. Турк тасаввуф шеъриятининг таржимаси билан бандман. Шеърлар ёзаман. Кўп йиллар китобларим чиқмади. Лекин шеърий китобимни 2013 йилда чиқардим. Навоий ҳақида мақолаларим бор. Одамлар ижтимоий мақолаларимни айтади. “Ой бориб, омон қайтмаган, болам” деган мақолангиз шов-шув бўлган дейишади. Орадан 20 йил ўтиб ЎзА сайтида шу мақола қайта эълон қилинди. “Кун.уз“ сайтида ҳам ислоҳотларга оид мақоламни чиқардим. Жуда кўп ўқилган. Лекин ҳар йили 9 февралга яқин мақола ёзганман. Адабиёт ва адабиётшунослик ҳақида мақолалар ёзганман. Шуларни тўплаб бир мақолалар китобини тайёрлаяпмиз. Ростини айтишим керак, шиддат билан журналистикада қайта ишлаш ниятим ҳам бор. Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар халқимиз ва мамлакатимиз учун катта имконият. Шу қадар ислоҳотни истаган одам яна раҳбар бўладими йўқми биз буни билмаймиз. Шунча йил турғунликдан кейин бизга шундай раҳбар берилди. Жуда ажойиб лойиҳа, дастурларни эълон қиляпти. Шуни маҳкам ушлаб, олиб кетишимиз керак. Буни ўзимга вазифа деб биламан. Ҳадиксираб, иккиланиб ўтиришим ҳам ўзи тўғри эмас. Мен четда турсам, бошқалар амалда йўқ, деб четда турса, у кишининг ўзи нима қилади? Ёки 50, 100 киши нима қилади? Энди биз шу адолат, ҳақиқат, миллатимиз ва халқимиз фаровон яшаши учун бир ёқадан бош чиқаришимиз керак. Шунга халал берадиган истаган нарсага қарши бўлишимиз керак. Бир тилагим Нодира айтган: “Мақсад на эди жаҳона келдинг, кайфиятингни баён этиб кет.” бу дунёга келиб, индамай юриб, минғир-минғир яшаб, ишга бориб-келиб, на уни на буни эпламай ўлиб кетса. Ўлим ҳақ. Лекин дунёга келдингми фикрингни айтиб кет.
– Карим ака вақт ажратганингиз ва суҳбатимизга келганингиз учун раҳмат.
– Сизларга ҳам раҳмат таклиф қилганингиз учун.
Барно Мелиқулова, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА
http://www.uza.uz/oz/culture/karim-ba-riev-a-orat-va-tu-mat-uchun-zhurnalist-am-zharima-t-22-02-2019?m=

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>