Коррупция камайса нима бўлади? Кўпайса-чи?..

Коррупция кўпайса нима бўлишини ҳамма билади, энди уни камайтириш керак, дейди Дониш домла.

Бунинг учун нима қилиш керак, деган саволга бири-биридан тўғри қуйидаги жавобларни эшитасиз:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунини (2017 йил 4 январдан кучга кирган ) тўлақонли амалга ошириш зарур!

2. Прездентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ҳаракати бошландими, шу салбий иллатдан азият чекканлар ва чекиши мумкин бўлганларнинг ҳаммаси бир тан-у бир жон бўлиб бу ҳаёт-мамот жанггида нималарга қодир эканлигимизни кўрсатишимиз лозим!

3. Халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий маданиятини ошириш лозим!

4. Барча соҳаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш керак.

5. Порахўрларга шафқат қилмаслик керак. Айтишларича, Хитойда қўлга тушган порахўр отиб ўлдирилар, уни отиш учун ўқнинг пулини ўзининг оиласидан ундириб олишар экан… (Тасаввур қилинг, бир чолнинг пенсиясидан ўқ учун пул ундириб олиб, порахўрлик қилган мансабдор ўғлини отиб ташлашса!) Агар шу гап рост бўлса, «халқаро тажриба» сифатида ўрганиб кўрса арзийди. Фақат, бизда ўлим жазоси бекор қилинганини назарда тутган ҳолда шунга тенг бошқа қатъий чора кўриш мақсадга мувофиқдир.

Мана сизга бири-биридан муҳим жавоблар.

Бизда эса бундан ҳам муҳимроқ таклиф бор. Баъзи жамоат транспортларида «Ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг» деб муттасил эслатиб турилгани каби коррупцияга қарши кураш ҳақида ОАВда тўхтовсиз бонг уриб туришимиз шарт! Коррупция, порахўрлик, таъмагирлик жинояти билан қўлга олинган барча жиноятчилар ҳақида телевизорда ҳозиржавоблик билан ошкора кўрсатиб бориш керак. Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар соҳаси ходимлари онда-сонда шунақа жиноятчиларни қўлга олишлари қисқагина лавҳада намойиш этилади. Ана шу лавҳаларни кўпайтириш керак. Бундай лавҳаларни 24 соат намойиш этиб туришса ҳам одамларимиз эътибор билан кузатиб боришдан чарчамайди. Айни пайтда ҳамма тўғри хулоса чиқаради, маърифий сабоқ олади, тарбияланади! Мансабдорлар кўзларини каттароқ очадиган бўлади! Ваҳоланки, мамлакатимиз бўйича шунақа лавҳаларга «қаҳрамон» бўладиганлар ҳали тиқилиб ётибди. Модомики шу мавзуда кўрсатув бўлгач, уни Қуддус Аъзам, Комилжон Шамсиддинга ўхшаган сўзлари ғоят таъсирчан тележурналистлар шарҳлаб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги пайтда бу борадаги битта камчилик: қўлга олинган шунақа жиноятчиларнинг кейинги қисматлари ҳақида етарлича ахборот берилмаётир. Бу борадаги таклифимиз, улар жазога тортилгач, вақти-вақти билан жазони ўташ жараёнлари, қанчалик кўзлари очилаётгани, пушмон-у армонга тўла «дил сўзлари», бола-чақаларининг андуҳли интервьюлари ҳам намойиш этиб борилса, бу борадаги ҳуқуқий-маърифий ишларимиз самарадорлиги янада ортган бўлур эди.

Агар фақат жамиятимиздаги салбий ҳолатлар, жирканч иллатларни фош этишга қаратилган «Адолат мезони» деган телеканал ташкил этилса, унда жиноятчиларни қўлга олишдан тортиб тергов ва суд жараёнларигача, ҳатто, жазони ўташ ҳоллари ҳам намойиш этиб борилса 24 соат мобайнида унинг миллионлаб мухлислари экрандан кўз узолмайдиган бўлиб қоларди. Бундай шиддатли ва айни пайтда ҳуқуқий-маърифий, тарбиявий ишларимизнинг самараси албатта шунга яраша бўлади.

Ҳозирги пайтгача бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз қанчалик самарасини кўрсатаётганини қуйидаги мақолани ўқиб, ўзингиз хулоса чиқарасиз, деган умиддамиз. Эътиборли жиҳати шундаки, мақолада интервьюси берилган ҳуқуқшунос олимлар, депутатлар ва бошқа мутасаддилар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш, турли жиноятларнинг олдини олиш мавзусида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳурмат-эътиборини қозонган ҳуқуқшунос-олимлар ва бошқа мутасаддиларнинг мухтасар фикрларидан яна бир бор баҳраманд бўлинг.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

пора

кишан1

***

Ўзбекистонда коррупция камаймоқда

Ўзбекистонда 2017 йилнинг биринчи ярим йили давомида коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган 1566 нафар мансабдор шахсга нисбатан 1130та жиноий иш қўзғатилган.
“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.
У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон
ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт
 сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган
жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб,
гуллаши учун шароит яратиб беради.”
БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясидан
 
Арслон ЭШМУРОДОВ,
журналист
Минг афсуски, коррупция деб аталмиш бало давлатчилик шаклларининг ҳар қандай кўринишида инсониятнинг маънавий ва моддий тараққиётига болта уриб келаётган ўта ижтимоий иллат сифатида жуда катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Ўрни келганда таъкидлаш керакки, бугунги кунда ҳам инсониятни ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бири – коррупция балосидир.
Коррупция – лотинча сўз бўлиб, “пора бериб сотиб олиш” маъносини англатади. Мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатни суистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида гапирадилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддиларига асосий вазифа сифатида қўяди. Жамият тараққиёти кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашиш йўлида аёвсиз кураш олиб борилаётгани ўзининг самарасини ҳам бермоқда.
Коррупцияга қарши курашиш республика идоралараро комиссияси томонидан тайёрланган таҳлилий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистонда 2017 йилнинг биринчи ярим йили давомида коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган 1566 нафар мансабдор шахсга нисбатан 1130та жиноий иш қўзғатилган. Суд органларига 1442 нафар мансабдор шахсга нисбатан 954та жиноят ишлари юборилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23 фоизга, қўзғатилган жиноий ишлар сони эса 22 фоизга камайган. Шунингдек, коррупция жиноятлари натижасида етказилган зарарнинг 77 фоизи ундириб олинган. Коррупцияга алоқадор бўлган жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, бу турдаги барча жиноятлар сони камайган. Жумладан, Жиноят кодексининг 207-моддаси мансабга совуққонлик билан қараш – 39 фоизга, 209-моддаси мансаб сохтакорлиги – 38 фоизга, 167-моддаси ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 37 фоизга, 205-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 35 фоизга, 206-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш – 31 фоизга, 210-212-моддалари пора олиш, бериш ва олиш-беришда воситачилик қилиш – 13 фоизга камайган. Лекин, коррупцияга қарши курашиш борасида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина.
Маълумки, ички ишлар органлари бевосита коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари тизимига киради. ИИВ Академияси ҳам Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмаси ва шу билан бирга, юридик олий ўқув юрти сифатида коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш, илмий-амалий тадбирлар ўтказиш каби чора-тадбирларни амалга ошириришда фаол иштирок этиб келмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кафедраси ва Криминология кафедралари томонидан “Ички ишлар органларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолиятининг илмий-назарий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусида ўтказилган давра суҳбати тафсилотлари билан батафсил таништирамиз.
Ахтам ТУРСУНОВ, 
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кафедраси 
бошлиғи, юридик фанлар доктори:
– Илмий-назарий томондан ёндашиб айтадиган бўлсак, коррупция вужудга келиши сабаблари ва шарт-шароитларига кўра ҳам ўта мураккаб ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Шу сабабли унга қарши кураш ҳам ниҳоятда мураккаб кечади. Иккита кафедра ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад ҳам коррупцияни вужудга келтирувчи омиллар ҳамда ички ишлар органларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолиятининг илмий-назарий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни атрофлича таҳлил қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш – давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири деб белгиланди.
Ўрни келганда коррупция давлат ва жамият ҳаётида қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Биринчидан, инсоният ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган – демократия ва демократик институтларнинг мустаҳкамланишига салбий таъсир қилади, яъни уларга жиддий путур етказади.
Иккинчидан, жамият тараққиёти учун энг муҳим омил – тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади ва кенг жамоатчиликда уларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ишончни сўндиради.
Учинчидан, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бузилиши, соғлом рақобатнинг бозордан сиқиб чиқарилиши, яширин иқтисоднинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин яратади.
Тўртинчидан, жамиятда носоғлом ижтимоий-маънавий муҳитнинг шаклланишига сабаб бўлиб, демократик давлатнинг энг муҳим ҳуқуқий принципларининг бузилишига олиб келади. Ва бундай салбий оқибатларнинг яна қанчасини санаб ўтиш мумкин. Энди булардан ўзингиз тегишли хулоса чиқариб олаверинг…
Давра суҳбатида кўп бора таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни жадаллик ва қатъият билан амалга ошириш талаб этилади. Шунингдек, қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайман:
- коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириб бориш;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлаш;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш амалиётини янада такомиллаштириш;
- коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар учун аҳоли ичида сайёр суд мажлисларини кўпайтириш ва кўргазмали суд мажлисларини уюштириш;
- масъул лавозимларга тавсия этилаётган номзодларга талабларни кучайтириш;
- давлат хизматининг нуфузини, давлат хизматчиларининг маошини ва масъулиятини ошириш;
- аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларнинг сифати ва миқдорини янада ошириш;
- давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олди олинишини, аниқланишини ва уларга чек қўйилишини таъминлашга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш;
- фуқароларнинг сиёсий партияларга бўлган ишончини янада ошириш;
- давлат органларининг мансабдор шахслари устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
- судлар ва оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш;
- юрист кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан қайта ислоҳ этиш;
- мансабларнинг сотилишининг олдини олиш, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг ҳаққоний бўлишига эришиш ва бошқалар.
Қумиринисо АБДУРАСУЛОВА,
Криминология кафедраси бошлиғи,
юридик фанлар доктори, профессор:
– Мураккаб ва кўп қиррали ҳодиса сифатида коррупция тарихи қадимийлигига кўра инсоният цивилизациясига тенг десак хато бўлмайди. Давлат хизмати тизимидаги коррупция ҳақидаги биринчи битиклар Қадимги Бобил (эрамизгача бўлган 24-аср) архивларида топилган. Ўша даврда Лагаша мансабдор ва судяларнинг вазифаларини суистеъмол қилишнинг олдини олиш мақсадида давлат бошқарувини ислоҳ қилади.
Машҳур қадимги юнон ҳикматига кўра “ Do ut facies ” (бажариши учун бераман) дейилган.
Коррупция – ижтимоий феномен, жамият ва ижтимоий муносабатлар натижаси, ижтимоий ва хўжалик фаолиятини бошқариш функциясининг ўзига хослигидан келиб чиқиб вужудга келади ва мавжуд бўлади, яъни айнан шундай ҳолатда мансабдор шахсда жамият ва давлат манфаатларини эмас, балки ўз шахсий ғараз ниятидан келиб чиқиб ресурсларни тасарруф этиш ва қарорлар қабул қилиш имконияти вужудга келади. Демак, коррупция мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодиса бўлиб, унинг кўриниши, шакли ўзгариши билан ҳажми қисқармайди.
Ҳозирги вақтда коррупция миллий хавфсизликка таҳдид солаётган асосий хавф бўлиб, иқтисодиёт ривожланишига асосий тўсиқ, давлат томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларга қарамай ижтимоий барқарорликнинг сақланиши ва чуқурлашувига таъсир қилувчи омилдир. Коррупция иқтисодий қонунларнинг эркин ҳаракатланишини чеклайди, мамлакат нуфузини халқаро ҳамжамият олдида туширади. Ҳаққоний ва ижтимоий йўналтирилган бизнес бозордан сиқиб чиқарилади, чунки коррупция бундай бизнесни норентабел қилиб қўяди.
Коррупция ўта мослашувчан хусусиятга эга бўлиб, шаклини ўзгартириб такомиллашиб, ижтимоий ҳуқуқий тизимдаги бўшлиқлар, камчиликлардан усталик билан фойдаланади. Чоп этилган маълумотларга кўра, ҲМҚО ҳақиқий коррупция ҳолатларининг 1-2 фоиз аниқлайдилар, жавобгарликка тортилганлар сони ундан ҳам камроқдир.
Ушбу ижтимоий салбий ҳодиса миллий давлат чегараларидан чиқиб, глобал масштаб касб этмоқда. Ундан олинган даромадлар легаллаштирилганидан сўнг халқаро ва миллий молиявий тизимга жойлаштирилиб, давлат ва халқаро ҳокимият ҳамда иқтисодиёт институтларини емирмоқда.
Трансмиллий коррупцияга қарши кураш XX асрнинг сўнгги чорагида фаоллашди, чунки шу даврда у аниқ институтционал хусусият касб эта бошлади. Коррупция қонун устуворлиги, демократия, инсон ҳуқуқларига, жамиятдаги аҳлоқий қадриятлар, ҳокимиятга ишонч, давлат бошқаруви принциплари, тенглик, ижтимоий адолатга таҳдид солади, конкуренция (рақобат)га тўсқинлик қилади. Амалиётни ўрганиш коррупция давлат бошқарувининг бутун тизимини издан чиқариб, давлат ҳокимияти авторетити (обрўси)нинг, давлат хизмати нуфузининг тушиб кетишига сабаб бўлаётганлигини кўрсатмоқда. У иқтисодиётнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб, айниқса иқтисодиёт соҳасига уюшган жиноятчиликнинг ўсишига имкон беради.
Коррупция феноменини тушунишга оид турли методологик ёндашувлар бор. Қадимдан унинг бир нечта: ижтимоий, сиёсий, криминологик, ҳуқуқий жиҳатлари кўриб чиқилган. Хусусан, Афлотун ва Арусту коррупцияни сиёсий категория; Н.Макиавелли давлат умумий касаллигининг кўрсаткичи; Ж.Монтескье эса уни дисфункциональ жараён эканлиги сабабли яхши сиёсий тартиб ёки тизим яроқсиз бўлиб қолади, деб баҳолашган.
Ҳозирги замон илмий,ўқув ва ижтимоий публицистик адабиётларда коррупцияга турлича таърифлар берилган. Коррупцияга қарши курашнинг универсал усулини аниқлаш учун асос ҳисобланувчи унинг ягона тушунчасини ишлаб чиқиш мураккаб эволюцион йўлдир. Коррупциянинг интеграль хусусиятга эга эканлиги туфайли ушбу ҳодисанинг ягона тушунчаси ишлаб чиқилмаган.
Зафар АМИРОВ, 
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси 
кафедраси катта ўқитувчиси, юридик фанлар 
бўйича фалсафа доктори: 
– Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг маълумотига кўра, 2017 йил мамлакатимизда порахўрлик билан 1,7 мингдан ортиқ жиноят иши бўйича 2,5 минг нафарга яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Рақамлардан кўриниб турибдики, коррупция билан боғлиқ жиноят содир этиш ҳолатлари анчанига учраб турибди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашишда, аввало, ҳар бир инсон ўз фаолиятини қонунларга бўйсуниш нуқтаи-назаридан жиддий ислоҳ қилиши керак. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири бу – энг аввало, инсон онгини ўзгартиришга қаратилганлигидир. Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев ўзларининг кўплаб маъруза ва чиқишларида одамларнинг дунёқарашини, ҳаётга нисбатан муносабатини ўзгартиришимиз лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтадилар. Бу бежиз эмас албатта. Қачонки инсонда соғлом фикр пайдо бўлса, у коррупциядан ҳоли бўлади.
Айни пайтда коррупцияга оид жиноятларнинг аксарият қисми латент бўлиб қолмоқда. Мазкур жиноятларни фош этиш динамикаси субъектив омил давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахслари сиёсий иродасига боғлиқдир. Мамлакатимизда коррупция жинояти учун жавбгарликка тортилганлар сони 2013 йилга нисбатан 2017 йилда 1,5фоиз ортганлиги унга қарши кураш ҳақиқатда кучайганлиги кўрсаткичидир, бироқ коррупция жиноятчилигининг фақат 1-2 фоиз фош бўлади, қолган қисми эса латентлигича қолмоқда. Коррупция жиноятини содир этганлар шахсига келсак, мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупция жиноятларнинг таркиби қуйидагича: пора олиш (24,4 фоиз), мансаб сохтакорлиги ( 23,1 фоиз ), ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш (22,2 фоиз), ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (21,7 фоиз), пора бериш (5,4 фоиз) ва бошқалар (3,5 фоиз).
Коррупционер шахсининг тавсифи уларни иккита мустақил ва бир-биридан фарқ қилувчи криминалогик портретидан ташкил топган:
а) давлат органларининг мансабдор шахси; давлат ёки маҳаллий органлар хизматчиларининг ғайриқонуний равишда енгилликлар, имтиёзлар бериши ёки олиши;
б) юқоридаги мақсадларни кўзлаб маблағ берувчилар ёки бошқа хизмат кўрсатувчилар киради.
Бу турдаги жиноятлар таҳлил этилса, ижро ҳокимияти органларининг хизматчилари энг кўп коррупцияга чалинганлигининг гувоҳи бўласиз.
Депутатлар, судъя ва прокурорларнинг алоҳида жиноят процессуал статусга эга эканлиги улар ичидаги коррупционер мансабдор шахсларнинг аниқланиши ва жиноий жавобгарликка тортилишига тўсқинлик қилмоқда.
Энг кўп коррупциявий ҳуқуқбузарликлар корхоналарнинг директорлари, банкларнинг раҳбарлари томонидан содир этилган.
Жиноят ишларининг таҳлили мазкур тоифадаги жиноятчиларнинг ўртача ёши 37 ёшни, олий маълумотлилар 52фоиз ни, 27фоиз ни аёллар эканлиги ни кўрсатади.
Фарҳод ПРИМОВ, 
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси 
кафедраси катта ўқитувчиси юридик фанлар 
бўйича фалсафа доктори:
– Коррупциявий жиноятларнинг иқтисодий сабабларига қуйдагиларни киритиш мумкин:
биринчидан, иқтисодий беқарорлик.Бу аввало инфляцияда намоён бўлади, яъни пул маблағларининг қадрсизланиши туфайли давлат ва маҳаллий давлат органлари хизматчиларининг ҳар қандай даромад манбаларини излашларига сабаб бўлади;
иккинчидан, жуда юқори даромадга эга бўлганлар табақасининг шаклланиши, уларнинг эркин маблағлари мансабдор шахсларни сотиб олиш учун ишлатилади;
учинчидан, самарали бозор рақобатининг йўқлиги асоссиз равишда жуда кўп даромад олиш имконини беради;
тўртинчидан, давлат мансабдор шахслари ва хизматчилари маошининг камлиги.
Коррупция жиноятчилигининг сиёсий сабаблари ва шароитлари:
а) аҳоли аксарият қисмининг ҳокимиятдан, мулкни бошқаришдан,қонун ижодкорлиги ва уни қўллаш амалиётидан четда эканлиги;
б) жиноий гуруҳлар вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига кириб қолганлиги;
в) марказий ва маҳаллий органлар хизматчилари сонининг асоссиз равишда ҳаддан ташқари кўплиги.
Коррупциявий жиноятчиликнинг ташкилий хусусиятдаги сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар:
коррупцияга қарши курашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни кўлами амалиётнинг нисбатан янгилиги;
коррупциявий ҳуқуқбузарликнинг маъмурий ва жиноят статистикасининг тўла ва объектив эмаслиги;
республика, вилоятлар миқёсида регистрлар, яъни давлат хизмати ёки маҳаллий давлат органларида ишлаши таъқиқланган шахслар рўйхатини юритувчи ташкилотларнинг йўқлиги;
коррупциявий жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги мутахассисларни тайёрлашда ўқув-методик таъминот даражасининг пастлиги;
непотизм қариндош уруғ, қуда андаларнинг хизмат бўйича бир-бирини қўллаб қувватлаши умумий ва адолатни, тартибни бузиб қариндошлари ва яқинларига даромадли ва фойдали мансабларни тақдим этиш.
Давра суҳбати иштирокчиларининг хулосасига қараганда, коррупция мавзуси унинг моҳияти ва ривожланиши ҳамда сабаб ва шарт-шароитлари иқтисод, ҳуқуқшунослик, фалсафа, психология, педагогика каби фанларнинг тарихий ва доимий ҳамда мунозарали ва долзарб мавзуларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, коррупцияни вужудга келтирувчи омиллар бениҳоя баҳсли масала бўлиб, ушбу омилларни аниқлаш ва тадқиқ этишнинг устувор амалий жиҳати шундаки, коррупцияга қарши кураш, хусусан, унинг олдини олишда, биринчи галда, уни вужудга келтирувчи омиллар аниқланиши ҳамда уларни бартараф этувчи чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Зеро, коррупцияни фақат уни вужудга келтирувчи муаммолар ва шарт-шароитларни бартараф этиш йўли билан камайтириш ёки даражасини пасайтириш мумкин.
Давра суҳбатида коррупцияга қарши курашда унинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш муҳим аҳамиятга эгалиги бир неча бор таъкидлаб ўтилди. Хулоса қилиб айтганда, ушбу тадбиркоррупцияга қарши курашда ҳам амалий, ҳам илмий, ҳамда назарий жиҳатдан фойдали бўлди.
Манба: uza.uz
http://zakovat.uz/mahalliy/details/1626/Ўзбекистонда-коррупция-камаймоқда

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>