Коррупция – тараққиёт кушандаси

Коррупция ботқоғига ботган амалдорлар жамият тараққиётига ғов бўлиб, умри

халққа хиёнат қилиш, ёш авлод онгини заҳарлаш билан ўтишини энди кенг жамоатчилик яхши тушунади. Бу иллатга қарши кураш – тоза виждонли, ориятли зиёлиларнинг қалб амрига айланмоғи лозим. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзудаги давра суҳбати тингловчиларни янада теран фикрлашга ундади.

ЎзМУ проректори Нажмиддин Қодиров талабалар дунёқарашини муносиб равишда шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш қанчалик муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун энг аввало Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунини теран нигоҳ билан ўқиб-ўрганиш зарур.

1 2 3 46

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир Матмуратов жамиятда, айниқса, ёш авлод камолга етадиган олий таълим муассасаларида коррупция балосига мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш зарурлиги ҳақида атрофлича сўз юритди.

Айтиш жоизки, коррупцияга қарши кураш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, таъмагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга минбъад чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам бу жиноятга қўл урмайди.

Бугунги кунда ҳар бир давлатда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда. Ҳар бир давлат ва жамият коррупцияга қарши курашиш йўлини ўзи танлайди, аниқроғи, қандай йўл тўғри эканини ҳаёт кўрсатади. Қонунда коррупцияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш чоралари кўзда тутилгани, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Мутахассислар фикрича, коррупция сўзи «сотиш» ва «сотилиш» деган маъноларни ҳам англатар экан. Коррупцияга алоқадор одам қонунни бузишдан ташқари, ўзининг кимлигини, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади. Бундай одам нафақат молиявий зиён-заҳмат етказади, балки давлатни, демократияни беҳурмат қилиб, обрўсини тўкади, унга нон-туз бериб катта қилган, илму ҳунар, обрў ва мансаб берган эл-юртнинг юзига оёқ қўяди. Олий ўқув юртида талабадан ё унинг ота-онасидан пора олган, таъмагирлик қилган декан ё бошқа мансабдор шахс учун иймон, виждон, инсонийлик деган туйғулар бўлмайди. Улар харом-хариш йўл билан топганларини оиласида ўз фарзандларига харом луқма егизаётганини тушунмайди. Бундай оилада ўсган ўғил-қизлар эртага ундан баттар очофат, юлғич, порахўр бўлиб ўсади ва бир кун албатта қопқонга тушиб, умри панжара ортида ўтади. Мана шу ҳақиқатни олий ўқув юртларидаги ҳар бир мансабдор шахс яхши билиб олиши зарур. У бугун қилаётган қинғирликларимни ҳеч ким билмайди, сезмайди, деб ўйлайди. Ваҳоланки, бугун одамларнинг кўзи очилмоқда. Олий ўқув юртида қайси декан ёки бошқа мансабдор шахс шунақа қинғирликлар қилаётганини атрофидагилар яхши билишади. Ориятли, виждонли зиёлилар улар ҳақда тегишли идораларга хабар бериб қўйишни ўзларининг виждоний бурчи, покиза яшашга интилган халқ олдидаги қарзи деб билмоқдалар. Шунга яраша олий ўқув юртлари ҳам аста-секин тозаланмоқда!

Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан қутқариш шарафли бурчимиз эканлигини ҳамма бирдек тушунмоғи шарт. Акс ҳолда, ўзига тегишли хулоса чиқармай, порахўрлик ва таъмагирликдан тийила олмаётган шахслар жазога тортилиши муқаррар!

Маърузада таъкидланганидек, олий ўқув юртларида коррупцияга қарши кураш борасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Тўғри ишлаб, ҳалол яшаш саодатини ёшликдан ўрганган одамнинг умри ҳаловатда бўлади. Адолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, касбу амалга, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини ўқиб-уққан, порахўрлик ва коррупцияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади. Ҳалол меҳнат билан топилмаган бойлик тотли бўлмаслигини, ҳеч кимга буюрмаслигини, яхшилик эмас, ёмонлик ва кулфат келтиришини тушунади. Таниш-билишчиликдан давлат ва жамият манфаатларига зиён етмаслиги, қонунларга, инсоннинг қадр-қимматига рахна солинмаслиги керак. Ўзининг ғаразли мақсади учун ҳар қандай тубанликдан тап тортмайдиган масъул шахс нафақат олий ўқув даргоҳига, шу билан бир қаторда бутун жамиятга зиён етказади. Раҳбар ҳаммага ўрнак бўлиб, ҳалол ишлаб, фидойилик кўрсатиш ўрнига, кишибилмас порахўрлик қилса, ёш кадрлар ундан нимани ўрганади? Қанақа ўрнак олади?

Дарҳақиқат, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол одам ҳаётда ғолиб бўлиб, бахтли-саодатли яшайди. Бугун бутун жамиятимиз ана шундай покиза ҳаётга интилмоқда.

5

а

– Журналистика факультетида бундай иллатларга асло йўл қўймаймиз,– дейди Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Мирботир Ҳусанов.– Неча ўн йиллардирки, айнан бизнинг факультетда бўлғуси журналистларимиз порахўрлик нималигини билмаган, билмайди ҳам! Қайсики факультетда аввало мутасаддилар, домлалар пок-ҳалол бўлса, шогирдлари шунга яраша камолга етади.

Тадбирда талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

http://xs.uz/uzkr/post/korruptsiya-taraqqiyot-kushandasi

You may also like...

2 Responses

  1. Дониш домла, сизда ҳам виждон қолмабди… Журфакка қанчаси катта пора, пуллар билан кирганини биласиз-ку. Ориятли домламиз Мирботир ака унақа сафсата сотмайди-ку. Мирботир домланинг қанақа чистнийлигини ҳамма билади. Сиз ҳам порадан ҳазар қилгандек кўринасиз, лекин, сиз тўғри баҳосини — «3» ёки «2» қўйганларингиз баҳосини тўғрилаб кетди-ку. Хафа бўлманг, сиз ё қўрқоқ ё раҳбарларга хушомад қиласиз. Улар соққани йиғиб олиб, палончиларнинг баҳосини ошириб қўй, деса, хўп-хўп, дейсиз, талабаларни хафа қилмайман, дейсиз ва факультетда коррупция яна урчишига йўл очасиз. Сиздан баҳосини тўғрилаганлар кимга пора берсаям — сиз оган ҳисобланасиз. Чунки баҳони сиз ўзгартирасиз. Минг ҳақ бўлманг, пора берган талаба барибир сизга биров орқали бергани ёдида қолади. Текшир-текшир бўлса, баҳо ортидан қўл қўйган одам жавобгар бўлади. Яширмайман, яқинда шунақа ҳаққоний текшир-текшир ҳам бўлади. Агар текшир-текшир бўлмаса, ҳақиқат юзага чиқмаса ва порахўрлар, таъмагирлар жазога тортилмаса, мен Суперталаба отимни бошқа қўяман. Кўзингизга қаранг…

  2. Талабадан қайсики йўллар билан пора олган, таъмагирлик қилган «домла»га бу даргоҳда асло ўрин бўлмаслиги керак. Мани дадам шу факультетда ўқиган. Узоқ йиллар бу даргоҳда умуман порахўрлик бўлмаган экан. Охирги 5-6 йил ичида муҳит анча носоғломлашибди… Ҳар ким қинғир иши, жинояти учун муқаррар жазосини олади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>