Малака ошириш тизими такомиллашмоқда

Мамлакатимизда янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

оп9 оп1 оп2 оп3 оп4 оп5 оп6 оп7 оп8

Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрларнинг илмий салоҳияти ва амалий тажрибаси иш берувчининг талабларига, таъбир жоиз бўлса, рақобатбардошлигига мувофиқ бўлиши талаб этилмоқда. Бу даражадаги етук кадрларни етиштириш учун уларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилар нафақат билимли, заковатли, шу билан бир қаторда, нотиқ, тадбиркор, ижодкор бўлиши талаб этилади. Улар ахборот технологияларидан хабардор, мультимедия воситаларини қўллаб дарс бера оладиган даражада бўлмоғи, хориж тилларини мукаммал билмоғи, замонавий педагогик технологияларни қўллай олмоғи лозим.

Ана шундай ўқитувчилар таълимини олишган талабалар келгусида етук кадр ва мутахассис бўлиб етишишига умид қилса бўлади. Улар келгусида жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар. Демак, ўқитувчилар салоҳияти бевосита келажакка дахлдор масала бўлиб, бугун уни ҳал этиш борасида бир қатор амалий ҳаракатлар қилинмоқда.

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш – етук кадрлар тайёрлаш жараёнининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда бу борада қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 278-сон қарори билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази ташкил этилган. Мазкур марказда бугунги кунда қатор вазифалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 августдаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Марказда таълим жараёни янги методик база асосида йўлга қўйилган. Бинобарин, малака талабларини тўлақонли амалга ошириш мақсадида юқори самарали, замонавий таълим ва инновация технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибалар кенг жорий этилмоқда. Шунга монанд ўқув режалари, дастур ва услублари тубдан янгиланди. Ўқув дастурлари, янги ўқув-услубий мажмуалар хорижий экспертлар билан ҳамкорликда яратилди.

Республикамизда 2020 йилга қадар фан йўналишлари бўйича хорижий адабиётларни марказлашган ҳолда сотиб олиш йўлга қўйилган. Бу борада қатор имтиёзлар жорий этилган.

Марказимизда шу кунга қадар 28 та хорижий адабиёт таржима қилиниб, экспертлар кўригидан ўтказилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ахборот-ресурс марказлари умумий тизими асосида мазкур адабиётлардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилди.

Марказимизда биология, кимё, физика, журналистика, геология, геофизика, математика, амалий математика ва механика каби саккизта фан йўналишлари бўйича янги талаблар асосида ўқув дастурлари яратилди, ўқув режаларига 49 та янги модуллар (фанлар) киритилди, ўқув-услубий мажмуалар яратилиб хорижий мутахассисларининг тақризлари олинди.

Дастурларда олий таълимнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва қонунчилик нормалари, илғор технологиялар ва педагогик маҳорат, таълим жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, амалий хорижий тил, тизимли таҳлил ва қарор қабул қилиш асослари, махсус фанлар негизида илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари бўйича сўнгги ютуқлар, педагогнинг касбий компетентлиги ва креативлиги, глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларини ўзлаштириш бўйича янги билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш масалалари ўз ифодасини топган.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналишларининг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳар бир фаннинг долзарб масалаларидан келиб чиққан ҳолда тингловчиларнинг махсус фанлар доирасидаги билим, кўникма, малака ҳамда компетенцияларини такомиллаштирилиши кўзланган.

Президент фармонида “…хорижий мутахассислар, ўқув-услубий ходимлар ва амалиётчи мутахассисларни шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларини олиб бориш учун кенг жалб этиш” вазифаси белгилаб қўйилган эди. Шунга монанд АҚШ, Германия, Италия, Франция, Англия, Япония ва Жанубий Корея мамлакатларининг рейтинги юқори бўлган университетлари профессорлари ва мутахассислари ўқув дастурларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш билан бир қаторда амалий тажриба алмашишда ҳам иштирок этишлари йўлга қўйилмоқда.

Шу йил 22 августдан 10 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказида олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида тренерлар тайёрлаш курслари ташкил этилди. Бу даргоҳда машғулотлар юксак савияда ўтказилди. Режага кўра машғулотлар ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида давом эттирилди.

Машғулотларда Жанубий Кореялик профессор Конг Ёнг Кун, япониялик олим Чикахиро Минова, “Кеио” университети профессори Наоя Усуда ҳамда Осака Сити университети профессори Накамура Катсухиро маърузалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Хорижлик олимлар жаҳон андозаларига мос таълим амалиёти, тизими, илғор технологиялари ва АКТ замонавий усуллари, ўз илмий-тадқиқот ишлари ҳақида атрофлича маълумотлар бердилар. Уларнинг сўзларини марказ директори, физика-математика фанлари номзоди Баҳодир Холбоев инглиз тилидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб турди. Мазкур тренинг курслари қизғин баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой бўлди.

Миллий университетнинг 42 нафар профессор-ўқитувчилари ушбу курсда билим ва малакаларини ошириб, махсус сертификат олдилар.

Жорий йилнинг сентябр ойидан эътиборан профессор Конг Ёнг Кун ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази директор ўринбосари сифатида ўз фаолият бошлади.

Устозлар устози бўлиш ўзига хос малака ва тажрибани тақоза қилади. Айни дамларда Марказда андрагогика (катталар таълими) сир-асрорларидан бохабар малакали 59 нафар ўқитувчилар фаолият олиб бормоқдалар. Уларнинг 13 нафари фан доктори, профессорлар, 39 нафари фан номзоди, доцентлар, 7 нафари ўқитувчилар. Улар орасида хорижда таълим олганлар ҳам бор. Илмий педагогик салоҳият 88 фоизни ташкил этади.

Тингловчиларнинг дарс жараёнлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ижтимоий сўровнома шаклида доимий равишда ўрганилиб борилади.

Француз ёзувчиси Ж. Жубернинг “Ўқитиш, икки баробар ўқиш демакдир” деган фикри долзарб бўлиб бормоқда. Бугун аудиторияларда талабаларга билим бериш учун ўқитувчи доимий ўқиб-ўрганиши тақозо этилмоқда. Зотан, профессор-ўқитувчиларининг таълим олишлари учун марказимизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Улар асосий ишдан ажралган ҳолда 2 ой (288 соат) мобайнида ўз малакаларини оширмоқдалар.

Тингловчиларга Давлат намунасидаги сертификат баҳолаш мезонлари ҳамда ўқув машғулотларидаги фаоллиги асосида, тегишли малака ошириш дастури бўйича 60 ва ундан юқори рейтинг балларини тўплаган (100 баллик тизимда) тингловчига берилади. Қўйилган талабларни бажармаган тингловчига эса малака ошириш курсида қатнашганлиги ҳақида маълумотнома берилиб, олий таълим муассасасига ўрнатилган тартибда хабар юборилади.

Марказ томонидан жорий этилган янги модул тизими педагогларнинг малака ошириш жараёнлари сифатини улар томонидан ўқитиладиган фанлардан талабаларнинг билим даражасини баҳолаш натижалари асосида аниқлаш имкониятларини беради. Эндиликда малака оширган педагогнинг фаолиятига баҳо бериш орқали малака ошириш жараёнлари сифатини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш имконияти шаклланмоқда.

Бугунги таълим жараёнини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Зеро, таълим тизимини модернизация қилишда интерфаол педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш орқали эришилади. Марказда масофадан ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Илмий анжуманлар, ўқув-семинарлар, видео-конференцияларни он-лайн шаклида бевосита кўриш ва уларда иштирок этиш имконияти мавжуд.

Марказимизнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Яъни, 9 та ўқув ва 2 та компьютер хоналари, 4 та интерактив проектор, 9 та видеопроектор, 1 та электрон доска ва юқори тезликка эга оптик толали, замонавий видеоконференс-алоқа воситаси малака оширувчилар ихтиёрида. 80 та компьютер интернет тармоғига уланган. Президент Фармонида таъкидланган “Олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши” талаби Марказда ташкил этилган таълим жараёнида инобатга олинган ва тўлиқ таъминланган.

Энг самарали инвестиция бу таълимга йўналтирилган инвестиция. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон бюджетидан таълим соҳасига ажратилаётган ҳаражатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани, мамлакат умумий йиллик бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани чет эллик мутахассислар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.

Ўзбекистоннинг ижтимоий ва гуманитар соҳаларда ривожланиш борасидаги ютуқлари бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида тавсия этилмоқда. Минтақавий марказимиз томонидан олиб борилаётган мазкур ишлар жамиятимиз келажаги учун қилинаётган хайрли ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.

 Дилбар Исажонова,

ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш (тармоқ) минтақавий маркази бўлим бошлиғи

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>