Маҳобатли юлдуз ҳеч қачон сўнмас

Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги

муносабати билан Тошкент давлат аграр университетида “Маҳобатли юлдуз ҳеч қачон сўнмас” мавзуида адабий кеча бўлиб ўтди.

Унда университет Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Иномжон Исроилов ва бошқалар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди маънавий-маърифий аҳамияти, ёшлар камолотида унинг тутган ўрни ҳақида сўз юритди.

1 1а 1аа

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбекнинг “Замонавий адабиётларда Бобур сиймоси” мавзуидаги маърузаси тадбир иштирокчиларида катта қизийиш уйғотди.

– Биз буюк аждодимиз Бобурнинг ёрқин сиймосини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи ҳамда севимли ёзувчимиз Хайриддин Султоннинг “Бобурнинг тушлари” насрий тўплами ва “Бобурийнома” маърифий романи орқали янада теранроқ англаймиз,– деди маърузачи.– Буюк аждодимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида биз тенггилар ўтган асрнинг 79-йилигача фақат адабиёт дарсларида қисқача маълумотга эга бўлгандик. Ўша йили республикамиз маънавий ҳаётида порлаган яшиндек воқеа – Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи бўлди. Адабиёт ихлосмандларини ўшанда кузатгандим; гавжум шаҳарлардан сокин қишлоқларгача уйда, кўча-кўйда, ишхоналарда ҳамма-ҳамманинг қўлида бежирим муқовали “Юлдузли тунлар” китоби эди!

Романни иштиёқ билан мутолаа қилар эканман, ҳар кеча тушимда Бобур бобомизни кўрардим. Зарбоф тўнига монанд чиройли салласи ва пешонасига қадалган кўҳи-нури билан от устида келаётган бобомиз сиймосини кўриб ҳайратга тушардим…

Улкан истеъдод соҳиби бўлган адиб Пиримқул Қодировнинг ўз ибораси билан айтганда “тарихни телескоп билан кузатиб”, Бобур замонасини кўзи билан кўргандек тасвирлаганди. Романни мутолаа қилган ўқувчи кўз олдида буюк аждодимиз Мирзо Бобур ва замондошлари сиймоси яққол намоён бўлади. Ёзувчи мазкур романи орқали Бобурни бутун бўйи-басти билан қайта гавдалантириб берган.

Юртимизда ҳали мустабид тузум ҳукм сураётганига қарамай Биринчи Президентимиз Ислом Каримов тарихий ҳақиқатларни тиклашга киришгани жуда улуғвор ишларнинг бошланиши эди. 1989 йилда “Бобурнома” китоби 200000 нусхада чоп этилган бўлса, 1990 йил октябрь ойида бу шоҳ асар яратилганлигининг 460 йиллиги нишонланиши бизга руҳий қувват бахш этди. “Аввало, улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома” ёзилганлигининг 460 йиллигини кенг нишонлаётганимиздан хурсандмиз,– деган эдилар Биринчи Президентимиз.– Бу байрам айни пайтда Шарқ халқлари тарихи ва адабиётига беқиёс ҳурмат ва муҳаббатни ифода этади”. Ўша куни кечқурун Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет катта театрида “Бобурнома”нинг 460 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали кеча тарихий ҳақиқатнинг том маънода тикланаётгани ифодаси эди.

“Бобурнома”даги табиат тасвирлари, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихига оид нодир кузатишлар, тилга, динга, ҳуқуқшуносликка, санъат ва адабиётга оид тадқиқотлар Бобур Мирзонинг қомусий билимлар эгаси бўлганини кўрсатади. Демоқчиманки, бугунги ва келгуси авлодлар ҳам бу буюк маънавий меросни теран ўрганиб боришлари уларни албатта маънан юксакликка олиб чиқаверди.

Ўта мураккаб даврда фаолият кўрсатишига қарамай Бобур самарали ижод билан шуғулланиб, бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

Тақдир тақозоси ила подшоликни ўғли Ҳумоюнга топширган Бобур 1530 йили 47 ёшида ўзи асос солган мамлакат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди. Унинг васиятига биноан 1539 йилда ҳоки Қобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Бобур ўз юртида қадр-қиммат топди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти фармонига кўра 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги кенг нишонланди. Ўзбекистон ФАнинг Бобур номидаги медали таъсис этилди.

Маърузачи таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи ҳақида ҳам атрофлича сўз юритди.

– Асар муаллифи 1992 йили бобурийлар изларини излаб Эрон, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Афғонистон мамлакатлари бўйлаб ташкил этилган илмий экспедиция таркибида иштирок этди,– деди у.– Сафар таассуротлари, хотира ва ҳаяжонлари, улар давомида аждодларимизнинг бемисл маданий мероси, уларнинг зафар-фожиалари, кечмиш-изтироблари, келгуси наслларга қолдирган умр сабоқлари, муқаддас зиёратгоҳлар ҳақида тўпланган кўплаб муҳим маълумотлар “Бобурийнома” маърифий романининг яратилишида асос бўлгани шубҳасиз. Заҳириддин Бобур сиймосига болаликдан меҳр қўйган, “Толе йўқки…” рубоийсини мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ қалбига жойлаган, “Бобурнома”ни қайта-қайта мутолаа этишни одатга айлантириб, бундан кўнгли чексиз лаззат туйган адиб мазкур асаригача ҳам бадиий насрда бу улуғ шахс ҳаётини ёритиш юзасидан бой ижодий тажриба тўплагани маълум. “Ой ботган паллада”, “Паноҳ” ҳикоялари, “Тавба”, “Бобурнинг тушлари” бадиалари ва ниҳоят, “Саодат соҳили” қиссаси “Бобурийнома” маърифий романи яратилишида адабий-эстетик замин вазифасини ўтаган. Роман композицияси ўзига хос. Асарда мозий ва замонамиз воқеалари алмашиниб келади. Роман воқеаларининг бу тарздаги ички қурилиши ўқувчининг эътиборини бир маромда ушлаб туради. Натижада китобхон мутолаа жараёнида толиқмайди, аксинча, қизиқиши тобора ортиб боради. Бу – асарнинг биринчи ва муҳим фазилати. Иккинчиси – асар сюжетида буюк Соҳибқирон Амир Темур, Умаршайх Мирзо, Бобуршоҳ, унинг аъёнлари, фарзандлари Ҳумоюн, Комрон, Аскарий мирзолар, Гулбаданбегим, салтанатининг давомчилари бўлган неваралари, улуғ замондоши Ҳофиз Кўйкий ва бошқа тарихий сиймолар қатори бир гуруҳ замондошларимиз ҳамда сафар давомида мулоқот қилишга тўғри келган турли мамлакат ва миллат вакиллари образлари иштирок этади. Энг фаол образлардан бири – муаллиф образи. Муҳими, ҳар бир образ, ҳар бир бадиий детал ягона мақсадга – Бобурнинг шахс, шоир, шоҳ ва мутафаккир сифатидаги сиймосини инкишоф этишга хизмат қилади. Бу услуб асар воқеаларини, гарчи турли замон ва маконларда кечган бўлса-да, яхлит бир тизимга бирлаштириб туради.

Фарзанд кутаётган Умаршайх Мирзо ва Қутлуғ Нигорхоним руҳияти, овда жайронни таъқиб этган Умаршайх Мирзонинг тасодиф туфайли йўлбарс боласининг туғилиш жараёнига гувоҳ бўлиши, овдан қайтар экан, ўғилли бўлгани ҳақидаги хушхабарни эшитиши, гўдакка Заҳириддин Муҳаммад дея исм қўйилганини билгач, бобоси Тошкент ҳокими Юнусхоннинг: “Қутлуғ бўлсин, улуғларнинг исми. Насиб этса, иншооллоҳ, йўлбарсдай баҳодир бўлғусидир. Инчунин, “Бобур”, яъни “йўлбарс” деб чақирсак ҳам бўлар экан”, деган сўзи Умаршайх Мирзога чақмоқдай таъсир қилиши ва овда кўз ўнгида йўлбарс туғилгани воқеасини айтиб бериши… Асар ана шу ҳодисанинг бадиий тасвиридан бошланади. Бу орқали қисматнинг ўзи номига муносиб тарзда Бобурга йўлбарсдай мард ва шижоатли бўлишни раво кўргани талқин этилади. Асар ибтидосиданоқ ўқувчининг қизиқиши ортади, у роман cюжетининг ичига кирганини сезмай ҳам қолади.

Тақдир Бобур зиммасига юклаган масъулиятни адиб қуйидагича образли тасвирлайди: “Унинг подшоҳлик қисмати гўёки темурийлар салтанатининг ойи ботиб, Мовароуннаҳр осмонида янги, порлоқ юлдуз пайдо бўлганини эслатарди. Чунки у тарих осмонида ой ботган паллада намоён бўлган эди”. Бобур ва унинг авлодлари ҳозирги Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Бангладеш мамлакатларининг аксар ҳудудларини ўз ичига олган улкан салтанатга асос солиб, темурийлар ҳукмронлиги тарихини уч ярим асрдан кўпроқ муддатга узайтирди. Бобур ва бобурийларнинг Ҳиндистондаги бунёдкорлик фаолияти “Бобурийнома”да зўр муҳаббат билан тасвирланган. Бу жиҳатдан “Бобурийнома” ва “Бобурнома”да кучли мутаносиблик кузатилади.

“Бобурийнома” – кўп йиллик ижодий изланиш, катта меҳнат ва заҳмат натижаси ўлароқ яратилган бадиий-маърифий асар. Бобуршоҳни йўқлаб беш аср муқаддам Ҳиндистонга борган Ҳофиз Кўйкий ҳақида энциклопедиядан маълумот олган адиб бу икки буюк сиймо учрашуви, мулоқотларини бадиий асарга айлантириш учун тинимсиз изланади. Манбалардан қимматли тарихий маълумотларни йиғади, ўз ижодхонасида қайта ишлаб, тарих воқелигини бадиий ҳақиқат даражасига кўтаради. Мана бу иқтибосда умрининг сўнгги дамларида Бобуршоҳнинг Ҳофиз Кўйкий билан мулоқоти таъсирчан ифода этилган:

“Бобур китоб қатидан букланган юпқа қоғоз олиб, тиззасига қўйди, бемажол лабларига нимпушти қизиллик югургандек бўлди:

Ё қаҳру ғазаб бирла мени туфроқ қил,

Ё баҳри иноятингда мустағрақ қил.

Ё Раб, сенгадур юзим, қаро хоҳ оқ қил….

Бобурни тағин қуруқ, қаттиқ йўтал тутди, нафаси бўғилиб, сўнгги мисрани куч билан шивирлади:

Ҳар нав Сенинг ризонг эрур, андоқ қил…

Рубоийнинг ажиб оҳангига сеҳрлангандек, ҳамма бир лаҳза тек қолди. Ниҳоят, бирин-кетин аъёнларнинг олқишлари эшитила бошлади:

– Хўп айтибдурсиз, олампаноҳ, бисёр гўзал!

– Ҳақ сўз, ғоят хуштакаллум байтлар…

– Ошиқона гўзал лутф бўлибдур, олампаноҳ…

Бобур Мирзо оҳиста бош чайқади, ҳазин жилмайгандек бўлди. Синиққан чеҳрасида бир лаҳза аламнок таассуф ифодаси кўринди… Бу дардли мисраларнинг “ошиқона гўзал лутф” эмас, балки суронли умри сўнгги манзил сари бораётган улкан музтариб қалбнинг келгуси насллар олдида бераётган изтиробли ҳисоби, даврон ҳукми қаршисидаги маъюс ўтинчи, Оллоҳ ҳузуридаги тазарруси эканини ёлғиз Ҳофиз Кўйкийгина ўз савқи табиийси билан англади.

Бобур буни сезди, миннатдор кўзлари олимга жавдираб боқди…”.

Маърузачи ўз сўзида атоқли адиб Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи – буюк шоҳ ва шоир образи тўлақонли тасвирланган ажойиб асар эканлигини теран ифодалаб берди.

Тошкент давлат аграр университетининг бир гуруҳ истеъдодли талабалари ана шу икки машҳур роман асосида намойиш этишган саҳна асарларини тадбир иштирокчилари ҳаяжон ила томоша қилдилар.

Тадбирда Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Дилдора Муҳиддинова, ўқитувчилар Сайёра Холмирзаева, Муяссар Муханова, Нилуфар Мамасолиева, Феруза Ашурова, Саломат Нурмонова, Наргиза Неъматова, Юсуф Бобоев ва бошқалар ҳам мухтасар фикрларини баён этдилар.

Бир гуруҳ истеъдодли талабаларнинг бадиий чиқишлари, дилрабо куй ва қўшиқлари маънавий-маърифий тадбирга янада файз киритди.

 

Фотима ТОЛИПОВА,

Тошкент давлат аграр университети

Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси,

Зарнигор ҲАСАНОВА,

http://uchildiz.uz сайти мухбири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>