Маҳорат мактаби: Нажмиддин Комилов. Устоз ва ёш истеъдод

Мумтоз адабиётимиз бобокалони Алишер Навоийнинг сермазмун ҳаёти, шахсий фазилатлари, иқтидор ва камолоти замондошлари учун намуна бўлганидек, бугунги ёш ижодкорларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.

Маълумки, Навоий жуда кўп ёш ижодкорларга раҳнамолик қилган. Ўнлаб истеъдод соҳиблари — шоир ва муаррих, рассом ва хаттотлар бу қуёшсимон зотнинг ҳиммати ва ҳамияти соясида вояга етганлар. Улуғ шоир истеъдод тарбияси борасида, таъбир жоиз бўлса, истеъдод педагогикасини ишлаб чиққан. Истеъдодни таниш ва эътироф этиш йўллари, табиий қобилият, билим ва меҳнат, таҳсил ва адабий таъсир, рағбатлантириш ва талабчанлик, ахлоқий сифатлар ва унинг истеъдодга таъсири, ғоявий етуклик ва маҳоратни ўстириш каби масалалар Навоийнинг доим диққат марказида бўлган.

Аллома устознинг бу борадаги қарашлари унинг “Мажолис ун-нафоис», «Хамса ун-мутахаййирин», «Маҳбуб ул-қулуб», «Тарихи ҳукамо», «Насойим ул-муҳаббат» каби бир қатор асарларида, шунингдек, замондошлари асарларида ўз ифодасини топган. «Мажолис ун-нафоис»нинг учинчи ва тўртинчи мажлисларида ёш қаламкашлар ҳақида, ижод аҳлининг тарбияси хусусида сўз боради.

Навоий ижодкор шахс ҳақида гапира туриб, биринчи навбатда, унинг истеъдоди даражасини белгилайди. Чунончи, «хуштабъ киши», «яхши табълик йигит», «табъи ҳам, ҳофизаси ҳам яхши», «табъғинаси бор», «назмға майли бор» каби иборалар орқали шоирнинг ижодий иқтидори, шеър айтиш маҳоратини фарқлайди. Шундан сўнг ёш ижодкорнинг шеъриятдаги қайси бир тур ёки жанрга майли борлигини (ҳажвгўй, маснавийнавис, ғазалсаро, муаммочи) ҳамда унинг услубини (ошиқона шеърга майл, орифона ижод, ҳазинлик, қувноқлик ва бошқалар) аниқлаб, шунга кўра тарбия, таҳсил тадбирларини қўллайди. Ҳаддан зиёд ҳазин куйловчи айрим ёшларни кузатган шоир бунинг сабабини аниқлагач, эҳтиёткорлик билан уларнинг руҳини кўтарган, фаол ва ишчан бўлишга чақирган.

Хусусан, ёшларнинг шахсий хислатлари, сажияси, ахлоқ-одоби, таҳсил кўрган-кўрмаганлиги устозни кўп қизиқтирган. Камтарлик, мулойимлик, хуштавозе бўлиш, меҳнатсеварлик, бурролик, ҳозиржавобликни ижодкорнинг фазилатлари, деб билган Навоий ялқовлик, паришонлик, жунунсифат юриш, кеккайиш, ҳавойилик, шаробхўрликка берилиш сингари ёмон одатларни қаттиқ қоралайди. Бу каби салбий одатлар бир қанча ёш истеъдодларни нобуд этганлигини “Мажолис ун-нафоис» асарида қатор мисоллар билан кўрсатиб беради:«Мавлоно Сайфий … ҳушёрлиғ ва басе одамиваш ва ҳаё ва одоблиғ йигитдур. Аммо сархушликда ўзга моҳият бўлур, балки расвонамо бўлур эди. Бу учурда тавбаға тавфиқ бўлди. Умид улким, истиқоматға ҳам мувофиқ бўлғай».

Шероздан Ҳиротга ўқишга келган Саид Қароза исмли кимсасиз етим болани Навоий ўз тарбиясига олиб, унга алоҳида мураббийлар тайинлайди, «шафқат ва машаққатлар» кўргизади. Афсуски, кўп ўтмай, болада ножўя қилиқлар зоҳир бўлади. Шоир уни тузатиш чораларини кўради. Аммо фойда бермайди. Оқибатда бу йигит Ҳиротда туролмай, Самарқандга қайтади ва у ердаги хамрий — майхўрларга қўшилиб, бутунлай нобуд бўлади. Самарқандлик ёш шоир Саид Қутб Лакаданг эса бадахлоқлиги туфайли ҳибсга олиниб қатлга ҳукм этилади. Алишер Навоий орага тушиб қатлни бекор қилишга эришади. Лекин «ул нокасгина» бундан хулоса чиқармай, ўз юртига қочиб, ёмон ишларини давом эттиради. Бундай ҳоллар Навоийни беҳад ранжитган. Ўзини идора қилолмаган, яхшиликни, ҳурматни билмаган кишилардан, гарчи уларда истеъдод нишонаси бўлса-да, чинакам ижодкор чиқмаслигини айтиб, уларнинг тақдирига ачинади.

Навоий танқидига учраган салбий хислатлардан яна бири — дангасалик, истеъдодни истифода қила билмасликдир: «Мавлоно Нодирий яхши табъи бор, аммо кўп лаванддур. Муддате фақир била мусоҳибат эрди, ўзин лавандлиғин забт қила олмади, яна ўз ишини кейинга юборди». Шоир Қобулийнинг «димоғида парешонлиғ ва таврида лавандлиғ» бўлганлиги учун таҳсилни охирига етказмаган ва муддосига эриша олмаган. Хоразмлик Жоний деган шоирнинг эса «Хейле жунун зотида борким, салоҳият касбига монеъдур, йўқ эрса ғаробатлиғ табъғинаси бор». Мавлоно Кавсарий «табъида назм айтур қобилияти бор, аммо машғуллуқ қилмас».

Бундай ёшларнинг бир қисми Навоий ва Жомийнинг танбеҳларини қулоққа илиб, «туз йўлга» кирганлар, улуғ шоир бу ҳолни хурсандчилик билан қайд этиб, улар истиқболига умид билдирган.

Навоийнинг фикрича, ижодга дил боғлаган одамда, албатта, табиий истеъдод — табъ бўлиши лозим. Қуруқ ҳавас билан шоирлик даъво қилиш ярамайди. Энг ёмони шуки, деб куйинади шоир, куруқ назмни шеър атаб, «юз машаққат билан бир байт боғлайтурган, даъвосини эса етти фалакдан оширатурган»лар ҳам бор. Баъзан улардан бирор яхши байт ҳам воқе бўлар, лекин бу ҳали шоирлик даъвосини қилишга ҳуқуқ бермайди. Ахир, шоир сўзида ҳақиқат ва маърифатдан баҳра берадиган маъно, шавқу завқ ва «шуъла-афкан ҳарорат» бўлмоғи лозим. Шоирона таркиблар дардли, ёниқ юракларда пайдо бўлади.

Ҳақиқий истеъдод нишонаси мавжуд одамда илм олишга иштиёқ ҳам, ҳофиза ҳам кучли бўлади. Навоий буни Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби ёрқин сиймолар мисолида кўрсатади. Барча илмлардан хабардор бу донишманд зотларнинг эл орасида ҳаким-файласуф, шайх — йўл бошловчи каби табаррук унвонлар билан упуғланишларига боис шудир. Шоир етук файласуф, хирадманд одам бўлгандагина унинг сўзи халқ эътиборини қозонади. Бироқ бу мартабага осонликча эришилмайди. Бунга катта заҳмат ва чидам, қунт, таълим ва таҳсил орқали муяссар бўлинади. Шунинг учун Навоий ҳофиза — хотира, зеҳн, фантазиянинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, такрорий мутолаа, машқ, шеър ёдлашни тавсия этади. Машқ қилиш, қайта-қайта ишлаш истеъдодни ўстиришга кўмаклашади: «Мавлоно Миракий, … кичик ёшлиқ хомтабърок йигитдур. Имкони бордурким, табъига кўп иш буюрса пухталиқ пайдо қилур». Навоий даврида ёшларга таълим бериш поғонама-поғона кўтарилиш усулига асосланган эди. Яъни савод чиқарилгач, аввал ўз устозидан таълим олар, кейинчалик билим ва қобилияти тақозо этса, каттароқ устозга қўл берар, сўнг яна улуғроғига ўтар эди. Шу йўсин энг истеъдодли, сараланган ёшлар Жомий ва Навоийга шогирд тушардилар.

Қайси соҳага қўл урмасин, уни тез эгаллаб оладиган қобилиятли ёшлар Навоий замонида анчагина бўлган. Ҳам тарихчи, ҳам рассом, ҳам бастакор, бунинг устига, яхши шоир ва ҳакимлик қўлидан келадиганлар катта ҳурматга сазовор эдилар. Бироқ Навоийни бир нарса ташвишга солади: кўп қиррали истеъдод соҳибларининг аксарияти шунча ҳунарни эгаллаган ҳолда амалда бирор соҳада ўзларини кўрсатолмайдилар. Улар гоҳ унга, гоҳ бунга уриниб, умрни беҳуда ўтказадилар. Кўп ўрганиш яхши, лекин муайян соҳада кишиларга фойда келтириш лозим. Одамларга нафи тегмаган истеъдод, амалга ошмаган ният каби, кишига армондир.

Шу муносабат билан устод Навоий ёшларга бир соҳага ёки адабиётнинг маълум жанрига қўл уришдан олдин, қобилияти етиш-етмаслигини аниқлаб олиш лозимлигини уқтиради. Иқтидорга қарамай беҳуда уриниш бор истеъдодни ҳам издан чиқариши мумкин. Маълумки, Ҳирот адабий муҳитида талайгина хамсанавислар майдонга чиққан. Улар орасида бир қадар муваффақиятга эришганлари ҳам бор. Бироқ кўпчилиги арзирли достон битолмасдан, унутилган. Ваҳоланки, улар кичик жанрларда дурустгина ижод қилишлари мумкин эди. Навоий бундай ёшларнинг «катта» асарларидан кичик мисоллар келтириб, уларда етук санъаткорларга хос хаёл қила билиш қуввати, юксак маҳоратнинг етишмаслигини кўрсатади.

Улуғ шоир айрим ёшлардаги қуруқ манманлик, салафларни назар-писанд қилмай, ўзини ҳаммадан юқори қўйиш одатини ёмон кўрган. Кўча-кўйда, мажлисларда кўкрагига уриб: мен Фирдавсий ишини бир ойда бажараман, Низомий қаршимда ип эшолмайди, дегувчилар устидан заҳарханда қилади; уларни камтарликка, сўз билан эмас, иш билан ўзларини кўрсатишга даъват этади. Жумладан, мавлоно Абдуллоҳ на «Шоҳнома»ни, на Низомий ва Деҳлавий “Хамса»ларини писанд қилади, Жомийни эътироф этадими-йўқми, маълум эмас, ваҳоланки «биз фақирлар ўзимизни ул жаноблар дастурхонининг резачини деб биламиз», дейди устоз.

Ёшлардаги ғурур, ғайрат ва шижоатни маъқуллаш лозим, бу — яхши сифат, бироқ уни хоксорлик, камтарлик билан омухта этмоқ даркор, деб билади Навоий. Бу борада Абдураҳмон Жомийни ибрат қилиб кўрсатади. Шунинг учун бўлса керак, сийстонлик Қозизоданинг шеъриятдаги қобилиятини эътироф этса ҳам, ортиқча манманлигини ёқтирмайди. Уни Жомий ҳузурига юбориб, уялтиради. Дўстларнинг тўғри, беғараз танқидини қабул қилиш кишига камол келтирса, жиззакилик, танқидни тан олмаслик ижодкорга ярашмайди (Буни Навоий самарқандлик шоир Риёзий мисолида кўрсатган). «Мажолис ун-нафоис»да панд-насиҳатни қулоғига олмай, на истеъдодини, на илмини ишга соладиган «раъносифат ва худоройлиқ билан авқотини (вақтини — Н.К.зое қилувчи» Осафий сингари такасалтанг, хаёлпараст ёшлар, «йигитлик ҳою ҳавоси била парешон» юрувчилар танқид этилади. Алишер Навоий ёш ижодкор тарбиясида меҳнат, унинг атрофидаги кишилар, маслакдошлари катта ўрин тутади, деб таълим беради. У мавлоно Савсаний ҳақида ёзиб, дейди: «Озодаваш кишидур, кўпроқ авқот Гавҳаршодбегим мадрасаси теграсида бўлур эрди, бефойда эл била мусоҳибатлиғ қилмас, невчунким, бежиҳат машаққатларни ўзига раво кўрмас. Умид улким, бу давлат барчаға насиб бўлғай». Ижодкорнинг қалби пок, хаёли тоза, нияти эзгулик сари етакловчи экан, унинг дўстлари, суҳбатдошлари ҳам шундай фозил, доно одамлар бўлмоғи лозим. Жоҳил, нодонлардан узоқ юриш яхши, аммо гўшанишинлик мақбул эмас, адабий маҳфилларга, мунозара-мусоҳабаларга қатнашмоқ, ҳаётда фаоллик кўрсатмоқ илҳомни тоблайди, ижодий имкониятларни юзага чиқаради.

Баъзи ёшлар салафларни мутолаа қилиш пайтларида бутунлай улар таъсирига берилиб қоладилар. Баъзан шундай ҳам бўладики, ўзлари билмаганлари ҳолда салафлар мисралари, ибораларини ўзлаштириб, ишлатиб юрадилар. Бундай «тасарруф»дан қутулолмаган киши мустақил ижод қилиш қобилиятини ҳам аста-секин йўқотади. Адабий таҳсил — маҳоратни эгаллаш воситаси, тақлид эса табънинг йўқлигидан нишона эканлигини таъкидлайди Навоий. Табиий завқи, мустақил ижод этиш қобилияти бўлмай туриб, «ўзини шеърга мансуб» деб кўрсатувчи «эл қошида шеърхонлик» қилувчилар адабиётнинг офатидир, шеъриятни улардан пок тутиш лозим, дея огоҳлантиради улуғ шоир.

«Мажолис ун-нафоис»да зикр этилган ёш шоирларнинг кўплари билан Навоий шахсан таниш бўлган, суҳбат қилиб, синаб кўрган, хулқини кузатган. Лекин шоир ўзи танимаган — «эмди пайдо бўлғон» ёшларнинг шеърлари ҳақида ҳам фикр юритиб, холисона баҳолайди ва улар ижодига ривож — оқ йўл тилайди. Бу жиҳатдан ҳам улуғ устознинг тутган йўли ибратлидир. Чунки устоз оқ йўл тилаганда ёш ижодкорнинг ютуқлари билан бирга қусурларини ҳам кўрсатар, келгусида қусурлардан қутилиш чораларини тавсия этар эди.

Алишер Навоийнинг яна бир одати ғоят ибратлидир. У янги пайдо бўлган истеъдодли ёшларни ҳузурига чақириб суҳбатлашган, синовдан ўтказган. Бунга истеъдодли адиб Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъул вақоеъ» асарида келтирилган воқеа ғоят ибратлидир. Адиб ўзининг бошидан ўтган саргузаштни ҳикоя қилган. Восифий ёшлигидан мураккаб маъноли асарларни севиб ўқир экан, айниқса, киши исмлари яширинган «муаммо» жанрига қизиқиб, кўплаб муаммоларни ечган, бир нечта устозлардан таълим олган. Унинг қариндоши Соҳиб Доро Амир Алишер Навоийнинг мулозими бўлган. Соҳиб Доронинг қайд қилишича, «Амир Алишер ҳар куни фақирни чақириб, бугун бу шаҳарда (яъни Ҳиротда) бўлиб ўтган ажойиб ва ғаройиб нима кўрдинг ёки эшитдинг, сўзлаб бер», деб сўрар экан. Соҳиб Доро илму адаб дунёсида етишиб келаётган ва номи чиққан истеъдодлар, янги битилган китоблар ҳақида гапириб берган. Навбатдаги учрашувларидан бирида Восифий маҳорати ҳақида гапирганда, Навоий эртагаёқ уни ҳузуримга келтир, деб таъкидлайди. Соҳиб Доро Восифий билан бирга яна уч ёш шоирни олиб боради. Восифий ўзининг ҳаяжонлари, ҳазрат Навоий сиймосини кўришга муяссар бўлганини тўлқинланиб ёзган. Навоий ёш йигитнинг билими, қобилиятини янги айтилган бир муаммо орқали синамоқчи бўлади. Восифий бу муаммони аллақачон ёдлаб олганини, маъносини билишини айтганда, Навоий таҳсин айтиб, йигитга оқ йўл тилайди.

Ушбу воқеа ҳазрат Навоийнинг қизиқувчанлиги, Ҳирот адабий ҳаётининг гуллашини бевосита назорат қилиб тургани, ёшларга ҳар жиҳатдан кўмаклашишга ўзининг бурчи, деб қараганини кўрсатади.

Бежиз эмаски, Алишер Навоий хоҳ бошловчи, хоҳ тажрибали шоир ҳақида гапирмасин, энг аввало, улар асарининг тили, бадиий санъатларни ишлатишдаги новаторлиги, фикрнинг ифода усули ҳамда образлар билан қанчалик уйғун, мутаносиб эканлигига эътибор беради. Шеърнинг маъноси деганда улуғ шоир янги ифодалар орқали завқ бағишлайдиган таъсирчанликни назарда тутади. Шоирнинг хаёлоти, кучли иборалари латиф бўлса — шеър шунча «кўнгулга маҳбуб»дир. Шеърий тил алоҳида қонуниятга эга, у «эъжоз мақомида туриши» лозим. Равонлик ва латофат, сероҳанглик ва сермаънолик, хуллас, бадиий мукаммаллик ҳамма учун бирдай талаб мезонидир. Бутун-бутун достонларда битта қофия ё бир ўхшатиш ноўрин бўлса, танқид қилиниб, тузатилиши талаб этилган. Бу шаклбозлик эмас, балки сўз санъати учун, бадиият учун кураш, гўзалликни ҳимоя қилиш эди.

Алишер Навоийнинг маданият ва маънавият, адабиёт тараққиёти учун қилган ишлари, ёш истеъдодлар тарбиясига ғамхўрлиги ҳозир ҳам аҳамиятли ва ибратлидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 2-сонидан олинди.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>