Меҳр ришталари дардга дармондур

Меҳр кўзда, ширин сўз жон озиғи, деган гаплар замирида улкан ҳикмат бор.

Устоз шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким, уюшма масъул ходимлари Холмурод Салимов, Шуҳрат Рўзиев, Жобир Хўжақуловлар ҳол сўраб уйимга келишганларидан дилим ёришиб кетди.

1 2

Саъдулла ака “Маърифат” газетаси Бош муҳаррири лавозимида ишлаб юрган кезлари кўп мақолаларимни кўтариб борардим. Устоз бирор марта “фалон бўлимга ташлаб кетинг” демасди. Ўзларига олиб борган қўлёзмамни албатта ўзлари кўриб, газетанинг навбатдаги сонида ёритарди. Кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Бош муҳаррир бўлган кезлари ҳам биз каби муаллифлар яйраб ижод қилардик. Бош муҳаррир қай бир муаллифга меҳр билан боқса, унинг илҳоми шунга яраша жўшиб ёзишини кўринг-да. Шу тариқа Устоз кўплаб муаллифларга илҳом бахш этган бўлса, қанчадан-қанча ҳаваскорларни ижод майдонида камолга етказган.

Бош муҳаррир ўзлари билмаган ҳолда кўп давраларда “гап-сўз” бўлади. Иши битган муаллифлар кўкка кўтариб гапирса, мақоласи ё асари ёритилмай қолганлар уни йўққа чиқаради. Бироқ, сал кам қирқ йилдирки Саъдулла Ҳаким ҳақида бирор даврада “ғийбат” эшитмадим! Доим миннатдор бўлиб гапирганларнинг сўзларини тинглаб, дилим яшнаб кетарди.

Ўн беш йилча илгари Устознинг бир китоби ҳақида ёзган “Гулларга пайваста ашъорлар” сарлавҳали мақолам газетада ёритилганини кўрмай қолибман. Ўша куни Устознинг ўзлари қўнғироқ қилиб, самимий ташаккур айтганларида ёш боладек севиниб кетгандим.

Бугун Устозимиз мамлакатимиз Журналистлари Ижодий уюшмаси раҳбари сифатида ҳар бир ижодкорга оталарча меҳр билан қарашларини ҳис этамиз. Бироз бетоблигимни эшитиб, хонадонимга кўнгил сўраб келишлари эса каминага бардамлик, куч-қувват бахш этди.

Устозлардан наинки ижод сирларини, шу билан билан бир қаторда меҳр-оқибатни ҳам ўргансак арзийди.

 

Тўлқин Эшбек

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>