Мустақиллигинг абадий бўлсин, Ватаним!

Жоннинг жисмдан ташқарида ватани бўлмаганидек, ақли расо одамнинг

туғилиб ўсган, тупроғидан, дов-дарахтларидан, бетакророна табиатдан қувват, ноз-неъматларидан озиқ олган Ватанидан ўзга ватан бўлмайди.

Ватан бу сизу биз учун ҳаётимиздаги ҳамма нарса, умримиз мазмуни, ҳаётимиз маъни ва маъносидир. Ватан бу – сархил ифорлари билан дилингни сархуш қилган меҳр сарчашмаси, димоғингга ором берган турфа гуллару боғ-роғлар, оёғингга чирмашиб санчилган тиканлар, ғижир-ғижир тошчалардир. Ватан бу – ота-боболаримизнинг хоки ётган муқаддас тупроқ. Биз эъзозлайдиган жамики қадрли нарсаларнинг макони.
Бу дунёда нафас олаётган жонзот борки, ўз Ватанини ҳимоя қилади. Ҳатто, қушлар ҳам полапонлари чуғурлашиб ётган инини турли ёвуз ниятли мавжудотлардан асрайди. Ер юзининг қайсидир ҳудудларида яратилган иқтисодий шароитларни деб ўзга юртда яшаш эса бу – вақтинчалик умргузаронлик қиладиган бегона макондан бошқа нарса эмас.
Ватандан ўпкалаб бўлмайди. Ватанга қўл кўтариш онага қўл кўтариш каби нобакорликдир. Ватанга хоинлик қилиш, ўзи танасидан ажралиб чиққан онага хиёнат қилишдан ҳам оғир жиноятдир. Чунки Ватан онанинг ҳам, улуғ момоларимизнинг ҳам Онасидир.
Инсон улғайгач, меҳнат қилиб ота-онасига нон-насиба олиб келгандек, Ватанини севган ориятли фарзанд унга беминнат хизмат қилади, гўшаларини обод қилади, ёмон кўзлардан асрайди. Яхши ниятли одамлар ота-боболарининг хоки ётган тупроқни оёқости қилинишига мутлақо йўл қўймайди. “Ватанга жон садақа! Бу Ватан меники, шу азиз тупроқдан яралдим, унинг ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиб улғайдим, ақлимни таниб, одам бўлдим. У мени ардоқлаб, вояга етказди. Мана шу муқаддас заминда ота-боболарим яшаб ўтган, бугун мен, ота-онам, фарзандларим, мен севган ва мени севган ёрим – биродарларим, ватандошларим яшайди!” деган улуғ туйғу билан Ватанини сидқидилдан севган ҳар бир ақл-ҳушли инсоннинг юрагидан чуқур жой олиши ва уни ўқтин-ўқтин тўлқинлантириб туриши бу қадим дунёда исбот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳақиқатидир!
Барча адабиёт ихлосмандлари, мутолаа шайдоларини Ватанимизнинг 28 йиллик Истиқлол тантанаси билан муборакбод этган ҳолда, саҳифаларимизда миллий ва жаҳон адабиётининг забардаст вакиллари қаламига мансуб қаҳрамонлари Ватанни жондан азиз билган, аммо яшамоқ ҳукми золим замонага тўғри келган асарларидан парчалар эълон қилмоқдамиз.

Ғафур ҒУЛОМ, адиб
(1903–1966)
“МЕНИНГ ЎҒРИГИНА БОЛАМ”

– Ҳув, худоё уруши бошига етсин, қиёмат-қойим дегани шудир-да, а, ўғригина болам-а. Ҳа, майли, шу етимларнинг ҳам пешанасига ёзгани бордир. Хўш, энди ўзингдан сўрай. Ахир, ноиложликдан-ку, шу ҳаром йўлга қадам босибсан, ўзига тўқроқ, бадавлатроқ одамларникига борсанг бўлмайдими? Мана шу маҳаллада Карим қори деган читфуруш бор, Одилхўжабой деган пудратчи бор. Матёқуббой деган кўнчи бор. Буларнинг давлати-ку мил-мил. Бешикдаги боласи ҳам четига байт ёзилган чинни косада ош ичади. Шуларнинг томини тешсанг бўлмайдими?
– Эй, бувим тушмагур, соддасиз-да, содда, — деди ўғри. — Бойларнинг уйи­га тушиб бўладими, уларнинг пахсаси саккиз қават, эшиклари темирдан, ҳар биттасининг қўрасида эшакдай-эшакдай иккита, учтадан итлари бор. Бу итлар ҳовли саҳнидан битта капалак ўтса, бир ҳафта вовуллайди. Одилхўжабойнинг ғуломгардишида-чи, милтиқ ушлаган городовой туради. Жонимдан кечибманми, ўлдирмаганда ҳам сибир қилиб юборади…
ОЙБЕК, адиб
(1905–1968)
“ҚУЁШ ҚОРАЙМАС”

Бектемир йўл четидаги дарахтнинг йўғон танасига орқасини суяб чўққайди. Қорни очган бўлса ҳам, лекин маҳкам боғланган халтани ечиб, увиган нонни олиб ейишга эринди. Қора, қуюқ қошлари остидаги йирик, тийрак, болаларникидай соф, содда кўзлари билан узоқларга тикилди. У юзидан, бўйнидан оқиб, ғашини келтирган сувни, намат ҳиди келаётган эски, ҳўл шинелининг енг учи билан артди-да, бошини ҳорғин қуйи солди. Қандайдир узуқ-юлуқ фикрлар, кўнглини ғаш қиладиган сезгилар уни чулғаб олди…
Ногоҳ Бектемир даҳшатли тушдан уйғонгандек бўлди. Ҳансираб нафас олди. Қаердадир, узоқда, шовқин солган зениткалар, пулемётлар гўё тарновдан “тик-тик” томиб, кеча сукутини чуқурлаштиришган томчилардек туюлди. Ўзидан нарироқда тупроққа қоришган гавдаларга томон эмаклади…
Бектемир ўлим дарасида боради – кўзларида ғазаб яшини, оқарган юзида пўлатнинг қаҳри ва қаттиқлиги. У ўлимга ем бўлмоқ учун эмас, балки ўлимни енгмоқ учун боради, муборак тупроқни қонли этиги билан топтаган, кучли, айёр, маккор, такаббур, ваҳший душманга қарши боради…

ШУҲРАТ, адиб
(1918–1995)
“ШИНЕЛЛИ ЙИЛЛАР”

– Хайр, дўстим, – деди Элмурод қўзғаларкан, – биздан “куч билан кирдинглар элимизга”, деб ўксиманг! Баъзан куч адолатнинг асл йўлдоши бўлади. Адолатсизликни даф этмоқ улуғ бахт. Биз ана шу бахтга муяссар бўлганимиз учун жуда-жуда хурсандмиз. Биз ўзимиз учунгина эмас, сиз учун ҳам жанг қилдик, қурбон бердик. Аминманки, немис халқи бу учун биздан миннатдор.
– Шубҳасиз! – деди Ганс унинг қўлини олиб.
– Шуни унутмангки, дўстим, агар Прометей инсонга олов топиб бериш учун худоларга қарши исён кўтарган бўлса, совет кишилари немис халқининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб бериш учун, вабодан олиб қолиш учун ана шу оловга кирди, унда ёнди, ўртанди, бироқ қайтмади, немис халқининг инсоний бахтини асраб қолди, ёлғиз немисни эмас, башариятни даҳшатли мудҳиш ҳалокатдан сақлаб қолди. Шунинг учун ҳар бир совет солдатининг хизмати прометейча бор.
– Биз буни унутмаймиз, Элмурод! Бахт гарови дўстлик эканини яхши биламиз…

Саид АҲМАД, адиб
(1920–2007)
“УФҚ”

Азизхон орқа саҳифага қаради. Қаради-ю, ғалати бўлиб кетдн. Саҳифа тепасида Дўнан Дўсматов билан унинг сурати ёнма-ён босилган эди. Сурат тепасида катта-катта ҳарфлар билан шундай ёзув бор:
«Канал баҳодирларига шон-шарафлар бўлсин!»
Лазизхоннннг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Тиниқ, беғубор куз осмонига қаради. Қиттак ҳам булут йўқ. Жуда олисларда, далаларнинг уфққа туташиб кетган жойларида ҳам оппоқ қоғозлар капалакдек пилдираб учар, гоҳо енгил шамол боғлар устидан уларни очиқ далаларга қараб суриб кетарди.
Шу қоғозлар бетига сурати туширилган ўн минглаб Азизхон бутун водий тепасида, булутлардан ҳам баландда, олмос чўққилар, сап-сариқ адирлар, сонсиз жилғалар устида сузарди.
Азизхон энтикди. Ҳамиша иягини икки кафтига тираб ўтирадиган дардчил онаси, қачон одам бўласан, тентагим, деб нолийдиган дадаси кўз олдида пайдо бўлди.
«Дадажоним, дадажоним, мана, одам бўлдим-ку, энди койиманг!» – деб қичқиргиси келди.
Осмони фалакда қоғозлар учарди. Болалар қичқирарди. Бутун водий оғзида достон бўлган Азизхон йўл четида йиғидан кўзлари қизариб, ҳиқиллаб борарди…

Одил ЁҚУБОВ, адиб, уруш қатнашчиси
(1926–2009)
“ҚАЙДАСАН МОРИКО”

Шунда кўз олдимизда улкан дид ва маҳорат билан қурилган миттигина, лекин беқиёс кўркам шаҳарча Порт-Артур намоён бўлади. Шаҳарчанинг бир томони мовий бўғозга, бўғоз эса офтоб остида жимирлаб ётган океан мавжларига туташиб кетади. Уфқда қаёққадир кетаётган кемалар кўзга ташланади. Улар қаёққа кетяпти? Эҳтимол, элимиз томон йўл олаётгандир? Биз кемалар мўрисидан эшилиб чиқаётган кўкимтир тутунларга энтикиб тикиламиз. «Биз ҳам бир кун шундай кемаларга тушиб она юрт томон йўл олармиканмиз ё суякларимиз бу гўзал, лекин бизга ёт гупроқларда қолиб кетармикан», – деган ўй юракларимизни зирқиратади…
– Биз бугун видолашамиз! (прошай-прошай қиламиз), – деди у.
– Нима бўлди ўзи? Нега тўсатдан прошай-прошай қиласанлар? Опанг Чико қани?
– Чико ҳозир командирингга боради. Бир минутга боради. Прошай-прошай қилгани боради!
Морико кўз ёшларини арта-арта бўлган воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, генерал ҳамма воқеадан воқиф бўлган. «Менким, палончи жанговор генералнинг қизлари ўз оталарининг ғурурини ерга уриб, душманим офицерлари билан юрса… бу қандай шармандалик, ундан кўра оталарингни ўлдиринглар, топтанглар! – деб нола қилган. – Мен бу шармандаи-шармисорликни кўтаролмайман, мен рус офицерининг бошлиқларига бориб, бор воқеани айтиб бераман, уни армиядан ҳайдатаман. Мен биламан, улар рус офицерларининг япон қизлари билан юришини қатъий таъқиқлашган!»

Пиримқул ҚОДИРОВ, адиб
(1928–2010)
“ИЛИНЖ”

Сандиқ майин оҳанг чиқариб, жиринглаб очилди-да, унинг ичидан қалампирмунчоқнинг ҳиди келди. Умаржон ака қалампирмунчоқни яхши кўрарди. Баъзида унинг бир-икки донасини оғзига солиб, тиш­ларининг орасида айлантириб юрар, гапирганда нафасидан ҳам қалампирмунчоқнинг ҳиди келарди. Шу эсида турган Иқбол опа унинг кийимларини, хатларини қалампирмунчоқ билан бирга сақлар эди…
Тернополь душмандан иккинчи марта озод қилинганда харобалар остида жон берган жангчилар жасади кавлаб олиниб, биродарлар мозорига дафн этилган, аммо уларнинг кўпларини таниб бўлмаган, номлари аниқланмай қолган…
Эри урушга кетгандан бери Иқбол опа бу найни ҳеч кимга берган эмас. Най ўттиз икки йилдан бери сукут сақлайди. Иқбол опанинг қалбидаги муҳаббат туйғуси ҳам ҳамон Умаржон акага мунтазир…
Умаржон ака шу кийимларини кийиб, най чалиб юрган пайтларида йигирма уч яшар йигит эди. Иқбол опа эса энди йигирмага кирган келинчак эди…

Ўлмас УМАРБЕКОВ, адиб
(1934–1994)
“ҚИЗИМГА МАКТУБЛАР”

Юртим, Ўзбекистоним, қадрдон, туғишган элим! Чўчима! Сен тарих кўргансан, баъзилар чипта кавуш кийиб юрганларида, сен чарм этик, зар тўнда юргансан, шаҳарлар қургансан. Муҳими, йўқ бўлиб кетмадинг, борсан, ҳаётсан! Давлат кўрган халқ хор бўлмайди. Ўз йўлини топади. Авлод-авлод болаларинг роҳатини кўрасан. Йиллар келади, ҳозир сенга шарт қўяётганлар ўз шартларидан қайтиб, сенга дўстлик таклиф қиладилар, ҳеч қандай шартсиз, ғурур ва киборсиз. Худо ўзи ёр бўлсин сенга!..
Урушда яқин жигарларидан ажраган одамларнинг, ота-онасиз қолган болаларнинг асирларга қандай меҳр-шафқат билан қарашганини ўз кўзим билан ўз шаҳримизда, ўз кўчамизда кўрганман…
Қизим, Умида, мен сенга атаб, мураккаб, катта урушнинг бир кичкина бўлагини қисқача қоғозга туширдим. Лекин шу қисқача ҳикоядан ҳам ўз халқингнинг қандай эканини кўриб турибсан. Мен – даданг каби шу халқни сев, унга содиқ бўл, унинг хизматини қил. Биламан, ишонаман, сен ўз халқингнинг обрўсига обрў қўшадиган, унинг дуосини оладиган ишлар қиласан. Қодирсан шунга, ниятингга ет, омад, бахт ҳамиша сенга ёр бўлсин…

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ, адиб
(1940–2005)
“ОҚТОШ”

Сезиб турибман, қизлар ҳам менга ачинишар эди. Анави кўзи сузук қув бўлса, ишшаяди.
Ҳеч кимга парво қилмай, атрофни томоша қила бошладим. Бир маҳал қарасам, тепамизда парвоз қилаётган қалдирғочларнинг бири шувиллаб камарнинг шифтига кириб кетгандек бўлди. Тикилиб боқсам, ҳув ундай қатнинг деворида чипоргина ини бор: ундан бир-иккита малларанг бошчалар сариқ тумшуқларини очиб тепага талпинишар, уя лабига қўниб олган қалдирғоч уларга навбат билан хўрак едирар эди. Тумшуғидан-а!
Оғзини катта очиб тутади. Анави жинқарча бўлса, бошини суқиб юборади. Нақ жиғилдонидан олади емакни! Қизиқ: тумшуғи онасининг бўғзини тилмасмикан?
Жонивор, бутун умр бўйи шу тариқа тўйдиради-я болаларини! Кейин болалари ҳам…
Мен чумчуқ деганини тумандаги уйимиз-ҳовлимиздаям кўравериб кўзим пишиб кетган эди. Хўп, ана сўпитўрғайларни ҳам бу ерда кўп кўрдим: уларни «Дашт булбули!» дейишаркан. Улар инини бузиш ёмон экан…
Аммо жарқалдирғочнинг боласини кўриш… Яқиндан кўриш унга тикилиш менга шунчалик қизиқ туюлдики, ўша инга чиқиб бориш йўлини қидира бошладим.
Қидира бошладим-у, топдим! Ҳа… Шундоқ ёнимдан қатга ўрмаласам, бемалол чиқиб борар эканман.
«Қат» дегани – тоғ бағриларида бўладиган кўндаланг кесим дейиш мумкин: ўша кесимнинг тепасидан тошлар уваланиб тўкилади. Кейин ундай жойлардан мундайроқ киши энгашиб юриши ҳам мумкин: айтишларича, овчилар юрармиш…
…Ахир, ушбу дарё оқиб тушаётган тоғ туманимизнинг шимолида-да!
Ҳа, тоққаям кўп чиққанман.
Шошманг-шошманг, «кўрпанинг қатига қўйдим» деган гапни эшитганмисиз?
Кўз олдингизга келган бўлса, бас…

Ўткир ҲОШИМОВ, адиб
(1941–2013)
“УРУШНИНГ СЎНГГИ ҚУРБОНИ”

“Камбағалнинг эккани унмайди, боласи кўпаяди ўзи, – деб ўйлади Шоикром ижирғаниб. – Шу кунимдан кўра урушга бориб ўлиб кета қолганим яхшийди”.
Уни урушга олишмади. Тўқимачилик комбинатида монтёр етишмасмиди, ё ўзи яхши ишлармиди, ҳар қалай, уни олиб қолишди. Шоик­ром уруш бошланишидан сал олдин уйланган эди. Уруш бўлди-ю, замон ўзгариб кетди. Бир хил одамлар тирноққа зор. Унинг хотини бўлса, ёнидан ўтиб кетса ҳам бошқоронғи бўлаверади. Худо бергандан кейин ташлаб бўлармишми, деб кетма-кет учта қиз туғиб берди. Урушнинг қора қаноти узоқлаб кетган бўлсаям, ҳамон унинг сояси одамлар бошига кўланка ташлаб турибди. Ҳали у қўшниникида аза очилади, ҳали бу қўшниникида.
Ҳовли этагидаги пастак эшик ғийқиллади. Шоикром кафти билан кўзини чироқдан пана қилиб қаради-ю, шу томонга келаётган онасини кўрди. У уйланганидан кейин отадан қолган ҳовлини ўртадан икки пахса девор олиб бўлишган. Бунгаям бир чеккаси Хадичанинг инжиқлиги сабаб бўлган эди. Ҳар хил икир-чикир гаплар чиқаверганидан кейин Умри хола рўзғоринг бошқа бўлса, ўзингга қайишасан, деб уларнинг қозонини бошқа қилиб берди. Ўзи кичик ўғли Шонеъмат билан нариги ҳовлида қолди…

Тоғай МУРОД, адиб
(1948–2003)
“БУ ДУНЁДА ЎЛИБ БЎЛМАЙДИ”

Амударё суви тўлалигича етиб боролмаётгани учун Орол денгизи қурияпти.
Орол денгизи? Энди, шу баҳонани топ­дингизми? Орол сиз билан биздан олдин ҳам бор эди, сиз билан биздан кейин ҳам бўлади! Суви камаяди, аммо қуримайди. Суви камайса, сиз билан биз айбдор бўлмаймиз. Амударё билан Сирдарё ҳам айбдор бўлмайди. Чунки Орол ҳамма тарафдан ёпиқ бир… кўл. Денгиз океанга чиқиши керак. Орол эса океанга чиқмайди. Демак, Орол – кўл. Океан билан туташмайдиган, океан суви тушиб турмайдиган ҳар қандай сув – қуриш хавфи остида бўлади. Ўнта Амударёни олиб бориб қуйсалар ҳам суви камайиб бораверади. Орол ҳам шундай. Сиз чўл-биёбонда ҳаёт кечираётган халқни ўйланг! Сиз оёқларингиз остида чўллаб ётган тупроқни ўйланг! Қаранг, ер қақраб ётибди, қақраб! Ер чатнаб ётибди, чатнаб! Асрлардан буён чўл-биёбон бўлиб ётибди. Сиз билан биз мана шу чўл-биёбонларни инсон яшайдиган маконга айлантирмасак… нима қилиб юрибмиз? Жайдари тил билан айтганда… одам бўлиб нима қилиб юрибмиз? Қани, Ўзбекис­тон гимнини айтинглар-чи..

Баҳодир МУРОД АЛИ,
ёзувчи
(1954–2016)
“ОҚТЎШ”

Тушга яқин Бека ювинди кўтариб келди. У ҳам итга ачиниб-ачиниб қайтди. Оқтўш Хожаси – қизни қоронғи тушгунча кутди, келмади. У негадир уч-тўрт кундан буён кўринмасди. Қаергадир кетган.
Бугун ҳаво кечагидан совуқ эди. Осмонда юлдузлар, хонадонларда чироқлар милтираб қолди. Оқтўш энди йўлта тушиши керак. Агар бугун кетмаса, эртага кеч бўлади…
Ит аранг ўрнидан турди. Энди юриши керак. У кечагига нисбатан ўзини яхши сезди. Шундай бўлса ҳам у оёқларига ҳамон ишонмасди. Аммо кетиши шарт, бу ерда қолиб бўлмайди, қолиб бўлмайди. Оқтўш ишонқирамай аста қадам босди. Кейин яна, яна. У секин ва бир текис юриб кетди. Ит аввал ҳовлини айланиб чиқди. Ўзи учун қадрдон нарсалар ва буюмлар олдида оз-оз тўхтади. Улар билан боғлиқ бўлган хотираларни эслади. Сўнгра йўлга чиқди.
Ит чимзорга келганида ҳарсиллаб қолди. Ётса туролмаслигини билди. Тик турганча нафасини ростлади. Бу ёғи энди шудгор. Қорайиб турган шудгорнинг устки қисми юпқа музлаган. Остки қисми эса юмшоқ. Йўлга қараганда шудгорда юриш оғир. Бунинг устига ер текис ҳайдалмаганди.
Оқтўш чуқурроқ ҳайдалган бир жойга келганида ўзини ўнглаёлмай қолди. Олдинги оёқлари бир зумда юпқа музламани синдириб туп­роққа кириб кетди. Оёқларини ердан чиқариб улгуролмади. Тумшуғи тупроққа ботди. Ит бу ерда кўп овора бўлди. Бурнидан чиқаётган ҳовурдан музлама эриб, нафас олиши қийинлашди. Дастлабки уриниши зое кетди. Оёқларини бирданига ердан суғуролмади. Кейин яна қаттиқ интилди. Бу гал оёқлари чиқишга чиқди-ю, тиззалаб қолди. Энди тиззалар тупроққа чўкиб борарди. Ит бор кучини тўплаб яна уринди, туриб олди. Йўлда беҳол давом этди.
Оқтўш Учтепа ортидаги ғўзаси ола экилган жойга қараб борарди. Ҳозир ер ҳайдалиб, у жойни топиш мушкул эди. Аммо ит у ерни тахминан топиб борди. Бир дақиқа тупроққа беланган тумшуғини юқори кўтариб, ҳавони искади ва ётди. Бу гал у ҳаётида биринчи ҳамда охирги марта жағини қўлининг устига эмас, шундоқ музлаган кесакчалар устига қўйди ва чуқур хўрсиниб юборди.
Ҳаво совуқ. Осмонда юлдузлар бодрайди. Учтепанинг шундоқ устидан тухумнинг сариғидек ой балқиб турибди. Оқтўш эса шу ҳаётга ташна кўзларини тикканча ётибди.

На изображении может находиться: 1 человек
На изображении может находиться: 1 человек, часть тела крупным планом и на улице
На изображении может находиться: 1 человек, часть тела крупным планом
На изображении может находиться: 1 человек, в помещении
На изображении может находиться: 1 человек, костюм и шляпа
+7
http://kitobdunyosi.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>