Озод ва обод Ватан меъмори қалбимизда мангу яшайди

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд топган сана – 30 январь куни

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Талабаларнинг ижтимоий медиа ва маданият маркази”да “Озод ва обод Ватан меъмори қалбимизда мангу яшайди” мавзуида хотира кечаси ўтказилди. Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Талабалар турар-жойларида истиқомат қилаётган ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.

и1 и2

Ик4

и3 и4 и5

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори мустақиллигимиз меъморининг хотирасини абадийлаштиришда муҳим қадам бўлди,– деди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодиров.– Буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди Ислом Каримовнинг бугунги авлодларга озод ва обод Ватан қолдириш йўлидаги машаққатли меҳнатлари барчага ибрат ва намуна эканлигини бугунги замондошлар ва талабаларимиз яхши биладилар. Буюк Йўлбошчимиз тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган, ўзининг серқирра ва сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдиргани билан фахрланамиз.

“Талабаларнинг ижтимоий медиа ва маданият маркази” бўлим бошлиғи Бахтиёр Эгамбердиев, ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров ва Ахборот хизмати раҳбари, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек Биринчи Президентимизнинг мустақил давлатимизни барпо этишдаги қаҳрамонона фаолияти ҳақида сўз юритдилар.

Маърузаларда таъкидланганидек, мозийга қайтиб иш қилиш хайрликдир, ўтмишини унутган халқнинг келажаги бўлмайди, деган ҳикматлар замирида олам-олам маъно мужассам. Бугун мустақил давлат сифатида дунёда ўз ўрнимизга эгамиз, илғор ва ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш ниятида тараққиёт сари интилмоқдамиз. Шундай кезда кечаги ўтмишимизга ҳам назар солиб қўйиш, босиб ўтилган йўллардан тўғри хулоса чиқариш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Собиқ мустабид тузум даврида ҳаётимизнинг барча жабҳалари, айниқса, миллий қадриятларимизга қанчалик тажовуз қилингани ҳақида очиқ-ошкора айтилмоқда. Бу мавзуда янги тарих китоблари, илмий-оммабоп асарлар яратилмоқда. Биз эса ўша даврларни ўз кўзи билан кўрган, жаҳоншумул воқеаларнинг шоҳиди, иштирокчиси бўлган авлод вакилимиз. Қачонлардир Ўзбекистон мустақилликка эришса, биринчи галда миллий қадриятларимиз тикланади, деган умидлар сўнмаганди қалбимизда. Бироқ, бу ҳақда юрак ютиб гапирадиган мард топилиши амри маҳол эди… Баъзи бадиий асарларда миллий анъаналарга қилинадиган имо-ишоралар давр сиёсати олдида урвоқ ҳам бўлолмасди…

Ана шундай мураккаб ва қалтис замонда Ўзбекистонда туб бурилишлар даври бошланди. 1989 йил 24 июнь куни Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов илк бора республика минбаридан ўзбек тилида маъруза қилди!

Бу том маънода миллий истиқлол сари илк ва дадил қадам эди!

Маъруза сарлавҳасиданоқ унинг замирида истиқлол руҳи акс этганини англаш мумкин: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”. Бу – миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, она тилимиз, муқаддас динимизни аёвсиз топтаган мустабид тузум эскирди, энди бундай шароитда яшай олмаймиз, деган улуғ мақсадлар ифодаси эди!

Республика етакчисининг маърузаси замирида ўша даврдаги жуда кўп муаммолар ва уларнинг ечимини ҳал этиш асносида миллатимизнинг азалий анъаналари ҳамда уларни тиклаш учун ҳам маънавий йўл очилаётганини ҳис этиш мумкин эди.

Азалий анъаналаримиз бу қадар топталишига шўро даврида бошқа минтақалардан жўнатилган баъзи кадрларнинг ўзбошимчалик билан амалга оширган ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари ҳам сабаб бўлганди. Ўзбекистон Компартиясининг 1990 йил 4 июнь куни бўлиб ўтган XXII съездида Ислом Каримов “Ўтмишдан сабоқ чиқариб, келажакка ишонч билан” сарлавҳали маърузасида бу мудҳиш ҳолат юзасидан шундай деган эди:

“Халқнинг жуда бой тарихи ва маданиятини, ўлканинг ўзига хос ноёб хусусиятларини билмаган ва билишни ҳам истамаган бу одамлар республика ҳаётини босиб-янчиб, қинғир ўзанга солишга киришдилар.

Халқнинг кўп асрлик анъаналари, маданияти, урф-одатлари ва маънавий қадриятларини менсимаслик элни жуда ранжитди.

Айрим маҳаллий раҳбарлар ҳам амал пиллапоясидан кўтарилишга ҳаракат қилиб, ўзларини аждодларини унутган манқуртлар деб шоша-пиша эълон қилдилар. Халқнинг урф-одатлари, анъаналари, маданияти обдан оёқости қилинди, она тилининг қўлланиш соҳаси сунъий тарзда чеклаб қўйилди. Ҳатто, шундоқ ҳам миллий анъаналардан анча олисда бўлган айрим санъат турлари ҳам кимларгадир мақбул бўлмай қолди ва уларни янгилашга уриндилар. Ҳатто миллий либос ҳам қораланди.

Кези келганда одамлар миллий анъаналар бўйича тўй қилиш, қариндош-уруғларни дафн этишга ҳам чўчиб қолган эдилар.

Буни байналмилалчилик шиорлари билан ниқоблашга беўхшов уринишларининг чинакам байналмилалчиликка мутлақо алоқаси йўқ эди. Республика ҳудудида ўзбек тилининг давлат тили сифатида эътироф этилиши тўғрисидаги қонун, даставвал қай йўсинда тайёрланганини эслаб ўтиш кифоя. Худди шу йўсинда икки тиллик ҳақидаги қонун лойиҳасини ўтказиш учун анча ҳаракатлар қилинди.

Одамлар, ҳатто бир умр қишлоқда яшаб, она тилида сўзлаб келган, тил боисидан сира қийинчиликка учрамаган кишилар ҳам бу лойиҳани қабул қилмади.

Такрор айтаманки, бу ишларнинг ҳаммаси амалга интилган, «об-ҳаво»га қараб иш юритган кишиларнинг қилмиши эди. Аммо қилғилиқни қилиб қўйган ана шу арбоблар энг асосий нарсани – халқни унутиб қўйишди. Халқ эса ҳеч қачон миллий ўзига хослик йўқолиб кетишига рози бўлмайди”.

Собиқ шўро мафкураси чуқур илдиз отган сиёсий муҳитда фаолиятини бошлаган биринчи раҳбаримизнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир чиқишида ўз халқининг тарихи ва маданиятига, ўз она заминига, миллий қадриятларига, азалий анъаналарига улкан мухаббат туйғуси ёрқин сезилиб туради.

Ўзбек халқининг тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналари, миллий қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мустабид тузум даврида тақиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, динга ҳурмат билан муносабатда бўлишни қарор топтириш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа азиз-авлиёларимиз, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур сингари улуғ аждодларимиз хотирасига нисбатан тарихий адолатни тиклаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, қарор ва фармонлари Ислом Каримовнинг қанчалик миллатпарвар, маънавий жасоратли инсон эканлигини кўрсатади.

Республикамиз раҳбари коммунистик мафкура ҳукмрон бўлган мураккаб даврда бутун жамиятимиз маънавий муҳитига таъсир қиладиган бу ўта нозик ишга ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан киришган эди. Бу ишни аввало шунга лаёқатли миллий кадрларни жалб этишдан бошлаганини 1989 йил 19 август куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пленумида сўзланган “Жамиятни янгилаш учун курашаётган барча соғлом кучларни бирлаштириш зарур” сарлавҳали нутқида ҳам ўз ифодасини топган.

“Республикадаги вазиятни, урф-одатларни ва халқ анъаналарини яхши биладиган ёш, истиқболли маҳаллий кадрларни лавозимларга кўтаришни тўғри изга солиш ғоят муҳимдир,– деб таъкидлади Ислом Каримов.– Бундай кадрларни кенг кўламда, истиқболни кўзлаб тайёрлаш керак. Айни вақтда кадрлар давомийлигини таъминлаш, фаол раҳбарлар рўйхатидан адолатсиз равишда ўчирилган кишиларни ва бугунги кунда аҳоли орасида обрў-эътибор ва ҳурмат қозонган кишиларни фаол ишга қайтариш даркор. Мана шу ишончнинг ўзи уларнинг руҳини кўтаради ва аминманки, улар ўзларига қайтарилган ишончни оқлаш учун янада зўр ғайрат билан, ҳеч нарсадан чўчимай, виждонан меҳнат қиладилар”.

Ваҳоланки, ўша даврда Ўзбекистонда кадрлар масаласи асосан иттифоқ маркази ҳисобланган Москвада ҳал этиларди. У ердан юбориладиган ёки Ўзбекистондан бориб “чиғириқ”дан ўтган кадрлар комфирқанинг бизнинг миллийлигимиздан йироқ бўлган ғайришуурий ғояларига, ўша даврда урф бўла бошлаган “совет турмуш тарзи”га хизмат қиладиган бўлиши лозим эди.

Собиқ мустабид тузум даврида республикамиз раҳбарлари асосан рус тилида нутқ сўзлаши талаб этиларди. 1989 йил 23 июнь куни ўз фаолиятини она тилимизда бошлаган Ислом Каримов кўп ўтмай – 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинишида ҳам бош-қош бўлди. Бундай қонун қабул қилиниши ўша даврда иттифоқнинг руслаштириш сиёсатига қарши сиёсий курашнинг ўзига хос ифодаси эди!

Бу нозик масалада ўта сиёсий ҳушёрлик ва вазминлик билан иш юритган Ислом Каримов 1989 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ўн биринчи сессиясида сўзланган “Тил элни бирлаштириши лозим” сарлавҳали нутқида шундай жумлаларни ўқиш инсонни маънавий камолотга чорлайди:

“Ўзбек халқининг яхши ҳикматлари борки, қайси оилада бир кун жанжал бўлса, қирқ кун баракаси қочади, дейилади. Тўғри эмасми? Мана, қаранг, менимча, кейинги йилларда биздан барака қоча бошладики, бу баракани энди қачон оилаларимизга киритамиз?”

“…ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади”.

“…агар рус миллатига мансуб киши ўзбек тилини билса, ўзбек эса рус тилини билса, бунинг устига ҳозирги ёшларимиз яна учинчи тилни ҳам билсалар, нур устига аъло нур бўлмасмиди?”

Шунингдек, “Илм-фан имкониятларидан тўлароқ фойдаланайлик” сарлавҳали нутқида баён этилган қуйидаги фикрларга эътибор беринг:

“Аввало, ўзбек тилининг софлиги ва сўз бойлиги масаласи бор. Бу ўринда гап ўзбек тилининг бундан буёнги тараққиётига оид илмий ечимлар ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, айниқса, техника билан боғлиқ ихтисослар бўйича атама луғатлари ва замонавий дарсликлар, ўқув қўлланмаларининг йўқлиги халқ хўжалиги учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлашга муайян даражада халал бермоқда.

Биз ўзбек тилини ўқитишнинг энг янги, самарали методикасини тайёрлаш, давлат тилини жадал ўрганишнинг курсларини ишлаб чиқишда тилшунос олимларнинг мададига эҳтиёж сезиб турибмиз. Халқнинг кўп асрлик маданиятини ўрганиш учун дастур бўладиган эски ўзбек ёзувини ўрганиш муаммоси ҳам кун тартибида турибди”.

Бу бетакрор фикрлар бугун учун ҳам ғоят қадрли, бинобарин, келгусида ҳам у ҳеч қачон ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаслигига аминмиз.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ҳақиқатан ҳам шиддатли бир давр эди. Қўрқинчли аждарҳо талвасага тушаётгандек етмиш йил одамларни абгор қилган мустабид тузум ҳам жон таслим қила бошлаётгани сезилиб турарди. Шундай паллада миллатимиз, халқимизнинг азалий миллий қадриятларини тиклаш ҳамда уларга маънан таянган ҳолда иш кўриш учун раҳбарда шунга яраша билим, матонат, журъат ва фидойилик керак эди. Ана шу фазилатлари билан эл меҳрини қозонаётган Ислом Каримов Тошкентда СССР, Ўзбекистон ССР, маҳаллий советларнинг халқ депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида 1990 йил 24 февраль куни бўлиб ўтган кенгашда сўзланган “Одамлар биздан амалий ишлар, аниқ натижаларни кутмоқда” сарлавҳали маърузасида ўзининг бу борадаги позициясини яна бир бора намоён этиб, бошқа мутасаддиларни ҳам ана шундай миллатпарварликка даъват этганди.

“Миллатлараро муносабатларни ривожлантиришда биз ўз халқига ҳурмат билан бир қаторда бошқа миллат ва халқларга нисбатан ҳам чуқур ҳурмат-эътибор, яхши қўшничилик ва уларнинг ҳам миллий ғурурлари борлигини ҳисобга олиб, ҳаракат қилишимиз керак. Миллий анъаналар халқнинг энг нозик, энг ҳурматталаб фазилатларидир,– деб таъкидлаган эди республика раҳбари.– Афсуски, четдан келган баъзи бир одамлар ана шy нарса билан ҳисоблашмаган пайтлар бўлди. Ҳатто ўзимиздан чиққан айрим раҳбарлар Наврўз байрамига, миллий кийим-кечакка қарши чиқди. Шу даражага бориб етдикки, қариндошини кўмиш маросимида қатнашишга ҳам эскилик сарқити, деб қаралди, бундай одамларга, айниқса, раҳбарларга нисбатан тазйиқ ўтказилди. Диндорлар билан мулоқотда бўлиш, улар билан бамаслаҳат иш юритиш масалаларини қўяверинг. Хуллас, бўлганича бўлди. Шунинг учун бугун бу ишларни қаттиқ қоралашимизни, халқ анъаналарига, унинг меросига, одамларнинг диний эътиқодларига қатъий ҳурмат ва эътибор билан қараш кераклигини яна бир бор уқтириб ўтмоқчиман”.

Давлат раҳбари ўша кенгашда депутатлар, турли лавозимдаги масъул шахсларга қарата ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги Қонунни ҳаётга тўла татбиқ қилишдаги сусткашликни кескин танқид қилар экан, аниқ мисолларга мурожаат қилади:

“Оддий мисол: кўчаларимиз, ҳар хил идоралар, савдо тармоқлари, хуллас, ҳамма жойда кўзга ташланиб турадиган ёзувларимизни олайлик. Юз фоиз маҳаллий аҳоли яшаётган жойларда ҳали ҳам бу ёзувлар русча эканлигига нима дейиш мумкин? Ёки бунга ҳам юқоридан буйруқ бериб мажбур қиляптими? Ахир, бу кулгили ҳол-ку. Лекин бу кулгининг таги зил. Чунки бу маҳаллий аҳолининг миллий ғурури билан ҳисоблашмаслик демакдир. Натижада халқда норозилик туғилиши табиий. Тил ҳақидаги Қонунни изчиллик ва зудлик билан амалга ошириш ҳам депутатларнинг муҳим ишларидан биридир. Хуллас, ўртоқлар, ҳаммамиз миллий-маданий масалаларни ҳал этишга кўпроқ эътибор беришимиз лозим”.

Миллий ва азалий анъаналар бир-икки кишининг саъй-ҳаракати билан бир томонга ўзгариб қолмайди. Собиқ мустабид тузум мафкурасининг ўткир “тиғ”лари халқимизни миллий ўзлигидан жудо қилишга ва қандайдир “янги совет кишиси”га айлантиришга ҳам қаратилганди. Бунинг учун мафкура ва таълим-тарбия асосан шунга қаратилганди. Ўзбекона урф-одатлар ва миллий анъаналаримизни “эскилик сарқити” деб талқин қилиш, мактабда дарсларда, матбуотда ора чаплаш кенг тус олганди. Мактабда ҳатто оналар алласини ҳам ерпарчин қилиб, “алла” сўзи “Аллоҳ”дан олинган. Аллоҳ эса йўқ нарса, унга ишонганларнинг онги паст бўлади, деган гаплар бот-бот такрорланаверарди. Айниқса, мактабда ёш авлод қулоғига қуйилаверадиган бундай “тарбия”лар йиллар мобайнида ўз аксини кўрсатмасдан қолмасди. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида, айниқса, саксонинчи йилларда камолот ёшига етганларнинг онги ана шундай ғайришуурий ғоялар таъсирида ҳам шаклланганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Худога ишонмай қўйган кимсани бу илоҳга ишонтиришнинг ўзи бўлмайди. Аллани “сарқит” деб улғайган ёш она пайти келиб чақалоғига алла айтишга тили бормай қолади… Туғилганида қулоғига алла кирмаган болакай қанақа дунёқараш билан уйлғайганини ҳам кўплаб оилалар мисолида кўрдик. Бола онгини азалий анъаналарга асосланган миллий тарбиямиз, аввало она алласи заби этмаса, уни аста-секин бошқа ғоялар зарпечакдек қамраб олиши мумкинлигини ҳам ҳаёт аллақачон исботлаган.

Миллатимизни ана шундай зарарли иллатлар, маънавиятсизлик ботқоғи ва турфа тубанликликлардан халос этиш учун азалий миллий анъаналарни тиклаш шарт эди. Бу борада Ислом Каримов 1989 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар академиясида бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган “Илм-фан имкониятларидан тўлароқ фойдаланайлик” сарлавҳали нутқида шундай деган эди:

“Биз халқнинг миллий ўзлигини англаш жараёни ниҳоятда жўшқин равишда кучайиб бораётганлигининг гувоҳимиз. Умуман бу, шубҳасиз, ижобий жараёндир, лекин ана шу жараён билан бир вақтда салбий ҳодисалар ҳам юз бермоқда. Биз буни ҳам кўриб турибмиз. Миллий ўзликни англашда бузилишларга олиб келаётган сабабларни, омилларни аниқлаб олишимиз, ана шу жараёнларга ижобий таъсир ўтказиш йўлларини белгилашимиз, миллийлик ва байналмилаллик уйғун бўлишига эришишимиз керак.

Жумладан, биз тарихий халқ анъаналари, урф-одатлари ва маросимлари асосида одамлар онгини шакллантириш омилларини кучайтиришимиз зарур. Яширишга ҳожат йўқ, биз шубҳали шиорларга берилиб, маънавий маданиятимизни озиқлантириб турган илдизларни қирқиб ташлашга ўнлаб йилларни сарфладик. Ҳозир бунинг оқибатларини сезиб турибмиз. Маданият манбаларига қайтиш ғоят қийин кечмоқда, одамларнинг бу жараёнга муносабати ўткир бўлмоқда”.

Азалий анъаналаримиз – урф-одатларимиз, миллий байрамлар ва бошқа қадриятларимиз билан боғлиқ маънавий бойликларимиздир. Мустабид тузум даврида давлат сиёсати даражадасидаги хатти-ҳаракатлар билан йўқотилган бу анъаналарни қайта тиклаш учун яна худди шундай куч керак эди. Ислом Каримовнинг матонатли ишларидан яни бири – Наврўз байрамини тиклашда бош-қош бўлди.

“Биз яқинда бўлажак Наврўз байрамини анъанавий байрам сифатида нишонлаш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдик. Ҳар жиҳатдан диққат-эътибор билан муҳокама қилдик, «қош қўяман деб, кўз чиқарилган», ўзбошимчалик билан зарарли, халққа бегона қарорлар қабул қилинган, анъаналаримиз, урф-одатларимизнинг асрий негизлари оёқ ости қилинган ўтмиш давр сабоқларини ҳисобга олдик,– деди 1990 йил 20 январь куни Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида сўзлаган “Тошкентни юксак тараққиёт ва маданият шаҳрига айлантиришимиз керак” сарлавҳали нутқида.– Аввало, одамларнинг, бутун халқимизнинг кўпдан-кўп истак ва талабларини ҳисобга олиб, биз бу йил Наврўзни янгичасига, катта умумхалқ байрами сифатида тантана билан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилдик”.

Дарҳақиқат, Биринчи Президентимизнинг 1991 иил 12 февралда қабул қилинган “Республикада Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш хақида”ги Фармони азалий анъаналаримизни тиклашда муҳим қадам бўлди. Фармон аввалида, “Республикада инсоний қадриятларни янада камол топтириш, ўз-ўзига ишонч руҳи ва миллий ғурурни мустаҳкамлаш, дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқатни улуғлаш, маданий ва тарихий анъаналарни давом эттириш ҳамда ривожлантириш, асрлар давомида шаклланган урф-одатлар ва удумларни эъзозлаш” масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур Фармонга биноан ҳар йили 21 март умумхалқ байрами – дам олиш куни, деб эълон қилинди. Ўшандан буён жонажон юртимизда бу байрамга шаҳар-у қишлоқларда, маҳалла-ю турли жамоаларида кенг миқёсда ҳозирлик кўриш ва уни ўтказиш асносида азалий анъаналаримиз қанчалик қадр топиб, маънавий оламимизни бойитаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Азалий анъаналар ҳақида сўз кетганда Ислом Каримовнинг ўша нутқида баён этилган қуйидаги сўзлари замирида унинг мазмун-моҳиятига берилган таъриф ҳам ўз аксини топгандек:

“Яхши қўшничилик, иззат-икром, ўзаро ёрдам халқимизнинг жуда муқаддас анъаналаридан биридир. Муқаддас сўзини тилга олиб турганимиз маъқул. Биз ҳозир маҳалла ҳаётида, маҳалла жамоатчилигининг, гарчи баъзан кўзга чалинмаса-да, аммо қунт билан қилаётган жуда зарур ва муҳим фаолиятда тўла мужассам бўлаётган халқ анъаналарини асрашимиз ва кўпайтиришимиз керак.

Маҳалла аҳли ўз даҳалари ва районларини обод қилиб, муштарак эҳтиёжлар учун одамларни жипслаштириб, шодлик кунларида ҳам, ғам-ғуссада ҳам бир-бирига мадад беришдек анъаналарни қўллаб-қувватлаб, оиладаги жанжаллар ва бошқа можароларни бартараф этиб, ёшларни катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаб, миллий ва умуминсоний қадриятларни маънавий, руҳий жиҳатдан асраб-авайлашдек жуда муҳим ишни кўз-кўз қилмай, аммо кун сайин қунт ва чидам билан амалга оширмоқда. Барча оқсоқолларимизга, маҳаллаларнинг фаолларига катта раҳмат, ҳимматлари учун таъзим бажо этамиз. Улар она шаҳримизни яна обод ва кўркам қилишдек ишда фаол қатнашишларига аминмиз”.

Мустақиллиги чорак асрдан ошган жонажон Ўзбекистонимизда истаган эзгу ишларимизни амалга оширишимиз учун чексиз имкониятлар мавжуд. Бугун миллий қадриятларимиз, азалий анъаналаримиз ҳақида хоҳлаганча сўз юритишимиз, бу борада қалбимиз буюрганини қилишимиз мумкин. Биринчи Президентимизнинг энг катта маънавий жасорати – ана шу улуғвор ишларни собиқ мустабид тузум исканжасида туриб мардона оширгани эди!

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 4 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари IX сессиясидаги “Ўзбекистон дунё харитасида ўзига муносиб жой олди” сарлавҳали маърузасида таъкидлаган қуйидаги оташин сўзларга эътибор беринг:

“Биринчи. Маънавий ҳаётимизда уйғониш юз берди. Тарихни тикладик. Она тилимизни англадик. Улуғ боболаримиз руҳини шод этдик. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир сингари халқ жигарбандларининг номи, иззат-икроми, ҳурмати ўз жойига қўйилди.

Удумларимиз, қадриятларимизга қайтдик. Юртимизга Наврўз кириб келди. Рамазон, Қурбон ҳайитларига етдик.

Динга муносабатимиз ўзгарди. Ўртадаги тушунмовчилик, қарама-қаршилик йўқолди. Бунинг ўрнига ҳамкорлик, ҳамжиҳатликка ўтдик.

Ошкоралик, демократия йўлида биринчи, лекин дадил қадамлар қўйдик.

Бир сўз билан айтганда, ўзлигимизни англадик. Аниқроқ қилиб айтсам, ўзлигимизга қайтдик. Халқимизда миллий ғурур учун белни боғлаб, дўппини дол қўйиб юриш учун замин яратдик.

Иккинчи. Сиёсий йўлда бурилиш бўлди. Неча йиллик орзу-умидларимиз рўёбга чикди. Мана шу ерда сизлар билан Мустақиллик декларациясини қабул қилдик. Кейин Мустақиллик қонунини эълон этдик. Ўшанда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ифода қилинганини 29 декабрда ўтказилган референдум исботлаб берди.

Мустақиллик бизга нима беришини билардик. Ўз тақдиримиз, фарзандларимиз келажагини ўзимиз ҳал этиш имконига эга бўлдик. Ўз еримиз, бойликларимизга соҳиблик қила бошладик. Қисқа вақт ичида мустақилликнинг неъматларини татиб кўрдик.

Мустақиллик туфайли дунёга, жаҳонга чиқдик. Қарийб юз йилдан бери ёпиб қўйилган чегаралар очилди, ватандошларимиз билан юз кўришдик.

Қисқа қилиб айтганда, жаҳон жамоаси Ўзбекистонни, бизнинг Ватанимизни қучоқ очиб қабул қилди.

Дунё харитасида энди катта ҳарфлар билан «ЎЗБЕКИСТОН» деб ёзиб қўйиладиган бўлди”.

Мустақиллик – улуғ неъмат! Истиқлол байроғини баланд кўтарган она Ватандагина ўзликни англаш мумкин. Бундай юртда инсоний, миллий қадриятлар, азалий анъаналар қадр топади! Она табиат ато этган ероси ва ер усти бойликларига эгалик ҳуқуқини ҳам фақат мустақиллик ато эта олади! Ана шундай беқиёс бахтга эришган Ўзбекистонимизда азалий анъаналаримиз аллақачон ҳаёт воқелигига айланиб кетганидан бахтиёрмиз.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мустақиллик йилларида бу борада амалга оширган ишлари беқиёс. Буни биргина “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида битилган мавзулар мисолида ҳам ўқишимиз мумкин.

Биз Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар кўрсатган жасорати-ю матонати ҳақида сўз юритдик, холос.

Шуни ёддан чиқармаслик лозимки, ўша суронли йилларда республика раҳбари хатоликка йўл қўйганида, қаердадир қатъиятсизлик қилиб имконни бой бериб қўйганида шу қадар мустақил давлат бўла олармидик?

Ислом Каримов матонати билан қўйилган пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлганини йиллар мобайнида – ўз ҳаётимизда кўриб турибмиз. Озод ва обод Ватан ана шу азалий анъанларимиз, миллий қадриятларимиз билан нақадар файзли эканидан халқимиз жуда бахтиёрдир.

Таълим соҳасида фаолият юритаётганимиз боис биз бу тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам алоҳида сўз юритгимиз келади.

Фарзандларимиз учун бизнинг ёшликдаги ҳаётимиз том маънода: “ўтмишдан эртаклар”га ўхшайди. Уларнинг ҳаёти эса биз учун ҳақиқий афсона! Ҳа, биз ўша афсонанинг ҳақиқатга айланганини кўряпмиз! Чорак аср илгари башорат қилинган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган даъватлар бугун ҳаётимиз воқелигига айланиб кетди! Бири-бирига мутлақо ўхшамаган иккита даврни ўз кўзлари билан кўрганлар бу буюкликни теранроқ фарқлаб берар экан.

Сўнгги ўн йилликлар даврида компьютерларсиз мактабларни тасаввур этиш қийин бўлиб қолди. Шундай кезда Биринчи Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак. Бу дастур умумтаълим мактабларида дарс бериш сифатини ҳар томонлама юксалтириш… лозим”. Чорак аср илгари айтилган бу ғоя ўз самарасини кўрсата бошлаганига ҳам анча йиллар бўлиб қолди. Шу давр мобайнида ўғил-қизларимиз таълим-тарбия олишган мактаблар ҳақида ҳарқанча фахрланиб гапирсак арзийди.

Биринчи Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида мактаб, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртлари учун замонавий бинолар бунёд этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолининг таълим соҳасидаги салоҳият даражасини ҳар томонлама юксалтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ишлаб чиқилди ва ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилгани ҳақида шунчаки сўз юритиб ёки ёзиб бўлмайди. Чунки, бу таълим муассасаларида ўғил-қизлар шунчаки кун ўтказиб юрганлари йўқ. Улар дунёдаги энг ривожланган давлатлардаги тенгқурлари билан бўйлашиб бормоқда. Ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, деган даъваткорона сўзлар ёшларимизнинг ҳаётий шиорларига айланиб қолган.

Биринчи Президентимиз 2014 йилда Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”, дея таъкидлаган эди. Ана шу эзгу даъват Ўзбекистонимиздаги миллионлаб ёшларни доимо юксак марралар сари дадил қадам ташлашга ундайди.

Буюк юрт деганлари – она Ўзбекистонимиздир!

Бугунги бахтиёр ёшлар том маънода шу Буюк юрт фарзандларидир!

Улар то абад Ўзбекистон довруғини дунёга таратаверадилар.

Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт шу тариқа авлодлар оша мангу давом этаверади!

Ўзбекистон аталмиш жанатмакон юртимиз тарихида “Мустақиллик меъмори” сифатида миллионлаб ватандошларимиз қалбида ўчмас из қолдириб кетган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳақида қай бир даврада сўз кетмасин, буюк сиймонинг ана шундай улуғвор ишлари фахр ила ёдга олинаверади.

Хотира кечасида намойиш этилган «Мустақил давлат асосчиси» ҳужжатли фильми талабаларда катта таассурот қолдирди.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>