Олмазор – олмазорликлар ифтихори, кўрки ва шаънидир

Атоқли адиб, публицист ва олим Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда

Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий унисерситети Журналистика факултетини тугатган (1973). Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» (1989). Шундан кейин ёаувчининг «Паноҳ», «Оромкурси». «Сўроқ». «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган. «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.А. Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.

Хуршид 1 Хуршид 2

 Публицистика

            Футбол шинавадаларига яхши таниш бир манзарадан бошламоқчимиз сўзимизни. Жаҳон футболида ном қозонган энг маҳоратли ва афсонавий деб тан олинган мураббийлар ҳам ўйин пайтида ёрдамчига, кўмакчига муҳтожлик сезмоқда. Бу оддий ёки шунчаки ҳолат эмас, балки масъулият айни авжига чиққан дақиқаларда мана ман деган устозга ҳам яқин маслаҳатчи, ёрдамчи жуда-жуда асқотади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига расман ёрдамчи штат бирлиги ажратилгани ҳам тарихий воқелик сифатида, ҳам реал ҳаёт зарурияти сифатида айни муддао бўлди. Бизнинг ушбу икки кишилик жамоамизга ҳавас қиладиганлар оз эмас: камина ва Раҳимқул Муҳаммадиев!

Аввало, айтиш керакки, бизни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бир мақсад-бир маслак йўлида таништирди, дўстлаштирди, ҳамкорга айлантирди.

Раҳимжон билан учрашмаган кунимиз оз, телефонлашмаган кунимиз деярли йўқ. Мен ушбу Олмазор тумани ҳудудида дунёга келганим, шу маскан-манзилда вояга етганим ва яшаётганимдан, қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 142-Қорақамиш округидан сайланганимдан фахрланиб сўз очсам, Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани фарзанди бўлган Раҳимжон менинг она туманимни мендан ўн карра яхшироқ билишига чандон ҳайратга тушаман. Чунки, туман ҳокимликларида обдон тажриба орттирган, Олмазор туман кенгаши депутати, иқтисодчи эмасми, ҳаётни жуда яхши билади, оддий кишиларимиз қалбига йўл топа билади, муаммолар илдизига дарҳол етиб боради, ечим топади.

Беш-олтита кўйлакни кўпроқ тўзитганимдан келиб чиқиб, аксари суҳбатларимизда тарихни хотирлашга тўғри келади. Ҳозирги Олмазор тумани бир замонлар Октябрь райони деб аталгани, кейинроқ у Собир Раҳимов деб номлангани ва ҳозирги номини  олганини эслашамиз. Шундай дамларда гапни нимадан бошлаб, нимадан давом эттириш бир оз шошириб қўяди одамни.

Дарҳақиқат, ҳозирда пойтахтимизнинг аҳолиси кўплиги жиҳатидан энг гавжум туманига хос бўлган муҳим жиҳатлар нимада, деган савол хаёлга толдиради одамни. Саволни мана шундай кўндаланг қўяйлик: Олмазор туманининг ўзига хос хусусияти нималарда ифода топади? Қиёфасида, мундарижасида, маъно-мазмунида?

Мамлакатдан мамлакатнинг, шаҳардан шаҳарнинг, тумандан туманннинг фарқи бўлиши керак-ку! Республика бўйлаб йўлга тушилса, бир вилоят ҳудудининг бошланиши ва тугаши йўл ёқасидаги ёзувларда кўринади, холос. Тошкент шаҳрида ҳам шундай: масалан, “Олмазор туманига хуш келибсиз”, “Мирзо Улуғбек туманига хуш келибсиз” деган ёзувга кўзингиз тушади, вассалом.

Кези келганда, мулоҳаза туғилади: ҳар бир туманнинг ўз рамзи, тимсоли яратилса, шу рамз ва тимсоллар орқали туман тарих саҳифаларидан ўрин олса, тилларда достон бўлса!..

Ўтган асрнинг 60-йилларига разм солинса, Чорсу бозори туманимизнинг қони ва жон томири  ҳисобланган. Ўша кезларда ҳозирги Ҳастимом, Чуқурсой даҳаларида улгуржи бозор жойлашган. Кейинчалик майда-чуйда гузаргоҳлар назарда тутилмаса, марказий бозор сифатида Чорсу “жон” сақлаб қолди. Чорсунинг “Паст бозор” деган номи ҳам бор. Ҳақиқатда, кўпгина жойларда бозор нисбатан пастлик жойларда жойлашган. Чорсу ҳам теварак-атрофга қараганда пастликка жойлашган. Шу боисдан “Пас бозорга тушиб чиқаман” деган гап маҳаллий аҳоли тилида кўп такрорланади.

Кейинги 50-60 йил кўз ўнгимиздан ўтказилса, мазкур бозор тинимсиз ислоҳ қилинди. Тинимсиз қайта қурилди. Ҳисобсиз маблағлар сарфланди. Лекин, очиғини айтиш керак, бозорнинг қадимги файзи, кўркига путур етса етдики, у ваъда қилингандек обод бўлмади. Қулай бозорга айланмади. Хусусан, ҳозирги автоуловларни қўйиш жойларининг танглиги, ҳарид қилинган нарсаларни бозордан кўтариб чиқиш, ҳисобсиз зиналардан ошиб ўтиш унча-мунча одамнинг тинкасини қуритади. Яна бир мулоҳаза шуки, ўттиз йиллар муқаддам Чорсу бозори Чорсу деҳқон бозори деб юритилган. Яъни, бозор деҳқонларники ҳисобланган. Энди-чи?

Деҳқонга жой йўқ, барча раста қадимги лаҳжада айтилса, “олибсотар”, ҳозирги лаҳжада айтилса, “тадбиркор” ихтиёрида. Нарҳ-наво ҳам, ўзаро муомала маданияти ҳам шунга яраша.

Тўғри, бу ­– фақат Олмазор туманига хос ҳолат эмас, унинг сабаблари чуқур. Туман миқёсида ҳал этиладиган муаммо ҳам эмас. Лекин истаймизми-йўқми, бозор маҳаллий маъмурий бирликнинг юзи, кўзи ҳисобланади. Чорсу ­– Тошкентнинг қадимий кўрки, эски шаҳар аҳолисининг ҳаёти қайнаб-тошиб турадиган маскан. Чорсу бозори шаҳримиздаги энг машҳур бозорларидан ўзининг ўзгача ёқимли, ўзбекона, миллий бозоргоҳлиги билан ажралиб туришини жуда-жуда истайди кўнгил.

Олис-яқин хорижий диёрлардан ташриф буюрган меҳмонлар, сайёҳлар ҳам Чорсу бозорига келишни истайдилар, ушбу бозор муҳитини ўз кўзлари билан кўришни орзу қиладилар. Буни ҳам унутмаслик керак.

­Раҳимжон тарихни яхши ўрганган.

­­–Тарихий Чиғатой ва Себзор дарвозаларининг рамзий кўрки тикланса, ­– деган орзусини яширмайди. Имконияти қадар ишлатган лойиҳалари ҳам бор. Қани эди!  Яхши ният ­– ярим мол, деганларидек!..

Чорсу бозоридан бошланадиган Сағбон, Чиғатой ва Қорасарой кўчалари туманимизнинг энг серҳаракат “магистрали” ҳисобланади. Биз болалик кезларимизда аҳён-аҳёнда кўзга ташланадиган машиналар, лекин кунда-кунора ўтадиган туя карвонлари ўрнига эндиликда дунёнинг исталган казо-казо машиналари тирбанд.

Мустақиллик йилларида мазкур икки катта кўча, Қорасарой эса қисман таъмирланди: кенгайтирилди, йўллар равонлашди. Бироқ шаҳар тинимсиз кенгайиб бормоқда. Туманимизнинг шимоли-ғарб томонида аҳоли яшаш масканлари тўхтовсиз кенгайиб бормоқда. Қорақамиш, Профессорлар шаҳарчаси, Олимпия шаҳарчаси, Чуқурсой, Узумзор ва ҳоказо даҳалар ҳисобига туман сарҳадлари йил сайин ўсиб бормоқда. Шунга яраша, янгидан-янги кўчалар кўпаймоқда. Биргина Нурафшон кичик айланма ҳалқа йўлининг туманимиз ҳудудидан ўтадиган қисмидан қатнайдиган автоуловларнинг саноғига етаман деган одам овора бўлади.

Автоулов қанча кўпайса, халқ ҳаётининг маъмурчилиги белгиси эканлиги табиий, аммо-лекин  бундан келиб чиқаётган муаммолар ҳам эндиликда ҳеч кимга сир бўлмай қолмоқда. Биринчидан, кўчалар тирбанд, айниқса номлари тилга олинган учта шоҳ кўча (унга Нурафшон кичик ҳалқа йўли қўшилди!) чунонам серқатнов бўлиб қолдики, машиналар тиғиз пайтларда “Қани танимда парим бўлса, бу кўчалардан учиб ўтиб кетсам” дегинг келади киши. Иккинчидан пиёдалар учун ҳам нафақат муаммо, ҳатто хатарли бўлиб қолмоқда (бундан 5-6 йил кейинги аҳволни эса тасаввур қилишга юрак бетламайди!). Депутат сифатида бизга кўчамизнинг уриниш жойларига пиёдалар бехатар ўтишлари учун оқ йўл-йўл йўлкалар (“зебра”), ҳатто светофор зарур деган мазмунда кўплаб илтимосномалар, талабномалар тушган. Лекин ҳар қадамда “зебра”  ётқизиш ёки ҳар муюлишга светофор ўрнатиш ҳам осон иш эмас.

Яна ўрни келганда, бир таклиф: Олмазор тумани ҳудудидаги автомашина йўлларидаги йўл кўрсаткичлари бир бошдан қайта кўриб чиқилса, уларнинг мақсадга мувофиқлари, яъни машиналар ва пиёдалар учун зарурлари қолдирилса. Яна: йўл чизиқлари қишин-ёзин яққол кўринадиган ҳолда чизилиши шарт (негадир, мамлакатимизда йўл чизиқлари бўёғи жуда тез ўчиб ва хиралашиб кетади!). Шунинг ўзи туманимиз кўчаларида кўнгилсиз тасодифларнинг олдини олиш ва камайтиришга улкан ҳисса қўшган бўлур эди.

Озодалик, саришталик ҳақидаги сўзларимиз алоҳида. Биз туманимиз алоҳида ўзига хосликлари билан назарга тушишини, намуна-ибрат бўлишини истаяпмиз. Бунинг энг муҳим чораси ­– орасталик, тозалик, ободонлик. Афсуслар бўлсинки, бу борадаги кўрсаткичларимиз шаҳримизнинг бошқа туманлари сингари мақтанарли эмас. Айниқса, эрта тонгда катта-кичик кўчаларимизга қараб бўлмайди, ҳар муюлишда, ҳар чорраҳада тун мобайнида олиб чиқиб ташлаб кетилган чиқинди-ахлатларга тўлиб тошади. Ахир халқимиз азал-азалдан озодалик борасида ҳамиша ўрнак бўлиб келишган. Эрта тонгдан келинларимиз, бўйи етган қизалоқларимиз дарвоза олди-атрофини сув сепиб, супуришган. Ўтган-кетганларнинг баҳри дили очилган. Энди-чи?!

Бу мавзуда жуда кўп гапирилади, лекин натижа йўқ даражада. Кўп қаватли уйлар тевараги ўтиб бўлмайдиган аҳволда. Сабаб?

Гап бўлиши мумкин эмас, ободонлаштириш хизмати ходимлари зиммасидаги вазифани ўташмоқда: улар тозалаш ишларига бош-қош бўлишмоқда. Чиқиндилар вақти-вақтида олиб кетиш йўлга қўйилган. Лекин шуни алоҳида таъкидлашга тўғри келадики, озодаликнинг бош шарти ­– ҳар бир киши, ҳар бир хонадон вакиллари авваламбор ўзлари унга риоя қилмоқликлари керак. Шарт!

Озодалик инсон ҳаёти, турмуши учун шу қадар муҳимки, кунига беш маҳал халқни, қўни-қўшниларимизни озодаликка чорлаш, чақириш, бундан огоҳ этиш кўплик ёки ортиқчалик қилмайди. Беш маҳал намоз кўнгилларни, қалбларни нечоғли ғуборлардан тозаласа, кўчаларимиз, хиёбонларимиз озодалигини сақлаш ҳаётимизни гўзаллаштиради, фарзандларимиз тарбиясига улкан ҳисса қўшади. Турмушимизга қут-барака киради, гўзаллашади.

Туманимиз аҳолиси, табиий, бундан кейин ҳам кўпаяди. Ҳозирнинг ўзида маҳаллаларда болалар боғчалари, ўрта мактаблар етишмаслиги яққол кўриниб қолмоқда. Эрта ё индин бу борада қай аҳволга тушамиз? Саволни кўндаланг қўялик: Олмазор тумани аҳолиси дунёга келаётган ва келажак жажжи фарзандлари учун боғча ва мактаб шароитларини йўлга қўя оладими?

Назаримизда, ҳеч ким бу саволга “Ҳа” дея жавоб беролмайди. Аввало, бўш майдон йўқ, бўш майдон топилса, боқча-мактаб қуриш учун маблағ йўқ. Ечимни ким топади? Туманимизнинг ҳозирги раҳбарияти шу каби саволларга ижобий жавоб-чора топа билишига эса кўзимиз етмайди. Муаммо эса ошиб-тошиб хирмонга айланаверади.

Талабалар шаҳарчаси нафақат туманимизнинг, балки Тошкент шаҳрининг, қолаверса, бутун мамлакатимизнинг қиёси йўқ масканларидан ҳисобланади. Зеро, шаҳарча минг-минглаб ёш йигит-қизларимизнинг катта ҳаётга учирма бўладиган ­– яъни, илм-маърифат оладиган жойлари. Улар шу ерда ўқийдилар, яшайдилар. Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Инновацион тараққиёт вазирлиги, шунингдек салоҳиятли олий ўқув юртлари Талабалар шаҳарчасида жойлашган. Умумлашма баҳо бериладиган бўлса, Талабалар шаҳарчаси Ватанимизнинг ўзига хос илм-маърифат, ақлий-интеллектуал марказидир. Демак, туманимизнинг ўзига хос қиёфаси айни шу омилдан келиб чиқилса, киройи иш бўлур эди.

Яъни: Тошкентнинг Олмазор тумани интеллектуал тараққиёт тумани; Учинчи Ренессанс сари отланган ватандошларимиз учун пешқадам, намуна бўларли туман; Олмазор тумани аҳолиси, айниқса ёшлари ўзларининг маданияти, юксак дид ва салоҳиятлари билан, яшаш тарзи билан кўрар кўзни қувнатадиган инсонлардир!

Ҳамон шундай экан, олий ўқув юртлари билан туманимиз ҳудудида жойлашган ўрта мактаблар ҳамкорлигини ниҳоятда кучайтириш имконига эгамиз. Яширишнинг ҳожати йўқ, ўрта мактабларимизда олий тоифали ўқитувчиларимиз ниҳоятда оз. Мактабларимиз битирувчилари орасида олий ўқув юртига кириш борасидаги кўрсаткичларимиз ҳам ҳаминқадар. Ўз маҳалласида, гузарида жойлашган мактаб қолиб, аллақаерлардаги мактабларга бориб ўқиш одат тусига кираётгани бежиз эмас. Чунки ёнимиздаги мактабдаги ўқув-тарбия ишларидан қониқмаймиз. Бундай аянчли ҳолатларга барҳам бериш учун ҳам олий ўқув юртидаги олимларимиз, мутахассисларимиз, юқори малакали ўқитувчиларимиз туманимиз ҳудудидаги мактабларга жалб этилсалар деган умидда эдик.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳалла фуқаролари йиғинларига ниҳоятда улкан ишонч билдирмоқда. Давлатимиз томонидан кўрсатиладиётган зарур имкониятлар яратиш, имтиёзлар бериш, маблағлар ажратиш ҳеч қачон ҳозиргидай бўлган эмас. Маҳалла идораларининг янгилангани, қўша-қўша кадрлар билан таъминлангани бош устига. Лекин савол туғилади: Олмазор туманида энг илғор, энг намунали МФЙ қайси? Пешқадамликни аниқлаштирувчи мезонлар ишлаб чиқилганми? Ишлаб чиқилган бўлса, аҳолига қай тариқа, қай шаклда маълум қилинмоқда?

Чамамда, бу каби саволлар ҳақида ҳам қайғуриш вақти келди.

Туман рамзи, тимсоли ҳақида сўз борганда, бир мулоҳаза туғилмоқда.

Кичик ҳалқа йўли билан Сағбон кўчаси чорраҳаси туманимизнинг ўзига хос маркази ҳисобланади. Энг катта, энг серқатнов, бағри кенг чорраҳа. Бир ёнда туман ҳокимияти биноси, бир ёнда Ғалаба боғи, яна бир ёнда маҳобатли янги жоме масжиди. Айтмоқчимизки, минг-минглаб йўловчилар, айниқса сайёҳлар ушбу чорраҳада кутилмаган ажойиб манзарага дуч келсалар. Бу ерда туманимизга, халқимиз-миллатимизга хос бўлган, Тошкентнинг минг йиллик тарихидан ҳикоя қилувчи лавҳалар, ёзувлар ўрнатилса. Туманимиз аҳолиси орасида етишиб чиққан муаллимлар, устозлар, олимлар, табдиркорлар, спортчилар, атоқли шахслар ва ҳоказоларнинг суратлари кўргазмага қўйилса.

Бундай вазифалар малакали мутахассислар, безатувчи дизайнерлар зиммасига юкланса.

Ўзбекистон муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан улкан мақсад ­– Учинчи Ренессанс сари отланди. Янги Ўзбекистон бунёд этилмоқда.  Бу қадар оламшумул мақсадларга етишиш ўз-ўзидан бўлмайди. Тарихдан маълумки, Ренессанс улкан шахслар зиммасида барпо этилади. Яъни, шахс омили, комил инсон омили охир оқибат халқни Ренессансга етаклайди. Олмазор тумани асл фарзандларини, фидойи инсонларини шахс сифатида улуғлайдиган туманга айланмоғи мақсадга мувофиқ. Бизнинг икки депутатдан иборат мўъжаз жамоамиз туманимиздаги барча мутасадди идоралар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан Нуронийлар жамғамаси (Мирзиёд …), маънавий-маърифий йўналишда (Муаззам …) ҳамкорликларимиз яхши йўлга қўйилган. Истардикки, туманимиздаги барча секторлар ва ташкилот раҳбарлари, фаоллар туманимиз ҳокими ҳурматли Азизхон Шарипхонович Умархонов теварагида жипслашган ҳолда ҳаёт ва давр олдимизга қўяётган ишларни, муаммоларни оқилона енгиб ўтишга ўз хиссаларини қўшсалар. Зеро, инсон ҳаётининг кўрки, маъно-мазмуни ҳам мана шунда!

Олмазор ­– олмазорликлар учун Ватан остонаси демакдир, туманимиз чеҳраси бизнинг чеҳрамиздир, туманимиз шаъни ҳаммамизнинг шаънимиздир!

 

                                                Хуршид Дўстмуҳаммад,

                                      Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

                                      Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистонда

                                      хизмат кўрсатган маданият ходими, филология

                                     фанлари доктори, профессор.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>