“Олмазор саховати” – элга мададкор

Неча замонлардан буён мард ва жасур ота-боболаримиз ҳаёт синовларидан

мардона ўтиб келаётганини яхши биламиз. Қанча зилзилалар ва табиий офатлар, жаҳон урушлари ва бошқа тажовузлар ҳамиша халқ бошига мислсиз кулфатлар олиб келган. Бундай қийинчиликларни ота-боболаримиз мардона енгиб ўтганлари учун ҳам бугун ҳаётимиз замонамизга яраша давом этаётир.

8

Ҳаёт синовлари вақти-вақти билан турфа кўринишда юз бериб туришини ҳам англаб етдик. Бугун инсониятни таҳликага солаётган коронавирус балоси ҳам бир синов экан биз учун. Шукрки, ўз куч-қудратига эга мустақил Ўзбекистонимиз ва иродали халқимиз бу бало-қазо қаршисида таҳликага ёки тушкунликка тушмади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан коронавирус пандемиясига қарши курашга бел боғладик. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги сўзларини дилимизга жо қилиб олдик. Давлатимиз раҳбарининг “биз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур. Иккинчидан, мавжуд вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилишимиз ва уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чораларимиз билан тайёр туришимиз зарур” деган фикрлари ўзини ватанпарвар, халқпарвар ҳисоблайдиган ҳар бир инсонни улуғ мақсадлар сари чорлайди.

Ҳозирги шароитда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлиги учун шахсан жавоб бериши талаб этилаётган экан, бу борада биз халқ депутатлари ҳам зиммамиздаги масъулиятимизни янада теран англашимиз лозим. Туманимиз маҳаллаларидаги ҳақиқий аҳволни, ҳар бир хонадонни ўрганган ҳолда кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтиришга яқиндан ёрдам беришимиз лозим.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз. Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, деган чуқур маъноли сўзлар бор”. Албатта, бундай даъваткор сўзлар ҳар бир инсонга далда беради.

Шукр қилишимиз керакки, бугун ҳар бир оиланинг мазза қилиб яшайдиган уйи, хонадони бор! Уйларида роҳат қилиб яшаши учун шарт-шароитлари етарли! Энди баъзи ночорроқ оилалар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Саховатли тадбиркорларимиз кўплаб ана шундай оилаларни узлуксиз озиқ-овқатлар билан таъминлаб туришибди.

6 7

Бу эзгу ишларни доимий йўлга қўйиш мақсадида халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари саъй-ҳаракатлари билан “Олмазор саховати” хайрия ҳаракатини бошладик. Бундан кўзланган асосий мақсад – аввало саховатпеша тадбиркорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ночор оилаларга озиқ-овқатлар, моддий ёрдамлар бериш, бозорларни зарур маҳсулотлар билан тўлдириб бориш, маҳаллаларда зарур кўчма савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйишдир. Айтиш жоизки, шу кунга қадар бу борада анча-мунча ишлар амалга оширилмоқда.

5

Ҳаёт фақат еб-ичиш ва чиройли кийинишдан иборат эмас, албатта. Моддий ва маънавий ҳаёт бамисоли бир қушнинг икки қанотидир, деганларидек, ҳар куни, ҳар лаҳзада маънавий-маърифий ишларни ҳам такомиллаштириб боришимиз зарур. Бугун телевизор, радио, компьютер ва мобиль телефонларига эга бўлмаган хонадон топилмаса керак. Айни вақтда одамларнинг ўзаро ахборот алмашинуви ва тарғибот-ташвиқот ишларида телеграм каналлари етакчи ўринни эгалламоқда. Шундай экан, халқ депутатларидан тортиб ўзини халқпарвар ҳисоблаган барча зиёлилар ана шу кенг маънодаги оммавий ахборот воситалари орқали ҳақиқий маънавият ва маърифат зиёсини муттасил таратиб боришлари ҳам фарз, ҳам қарздир. “Олмазор саховати” хайрия ҳаракатининг иккинчи муҳим мақсади ҳам айнан шу муҳим масалаларга қаратилган. Туманимизда эл меҳрини қозонган юзлаб олимлар, маърифатпарвар, маданият ва санъат намоёндаларини шу улуғвор ишларга янада кўпроқ жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шу кунга қадар ҳам кўплаб таниқли фан, таълим ва маданият соҳаси вакилларининг ОАВда чиқишларини ижобий баҳолаш мумкин. Одамзод бир ўтирганда бир коса овқатга қорни тўяр, бироқ, маънавият ва маърифатга бўлган эҳтиёжининг чеки бўлмайди. Бу ғоят муҳим ва нозик эҳтиёж қондириб борилмаган жойда эса “мафкуравий бўшлиқ”, маънавий қашшоқлик пайдо бўлаверишини унутмаслигимиз лозим.

“Олмазор саховати” хайрия ҳаракати бу борада республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда қатор тадбирларни муттасил амалга ошириб боришни асосий мақсадларидан бири деб ҳисоблайди. Моддий неъматлардан бирор фуқаро эътибордан четда қолмагани каби маънавият ва маърифат зиёсидан ҳам барча юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз доимий диққат марказимизда бўлади.

Кўзи тўқнинг – ўзи тўқ, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Инсон қандай юртда, қайси жамиятда яшаётганини, теварак-атрофида нималар содир бўлаётганини ҳис этмагунча ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англамайди. Чиройли кийингани, тўйиб овқат егани билан у маънавий қашшоқ бўлса, ҳеч нарсанинг қадрига етмайди. Демак, одамзоднинг кўзини фақат моддий неъматлар эмас, аввало маънавий озуқалар кўпроқ тўйдиришини тўғри англамоқ зарур.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Нигора МИРЗАЕВА,

Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари,

филология фанлари номзодлари

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>