Она тилим — жону дилим!

Ҳар бир фидойи зиёли она тилимиз ҳақида биттадан жўяли фикр бирдирса,

маънавий бойликларимизга муносиб улуш қўшса тараққиётимиз шунга яраша бўлади, дейди Дониш домла ЎзАда ёритилган қуйидаги мақолани ўқишни барчага тавсия этиб.

ш2

Тил миллатнинг руҳи бўлса…

Тил миллатнинг руҳи бўлса...

Аслида бизнинг ҳозиргача амалда бўлган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунимиз ёзувчи Эркин Аъзамнинг икки ой аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, Республикамизда давлат тили амал қилишини йўлга қўйиш бўйича Ишчи гуруҳ ҳайъатининг аъзоси сифатида билдирган сўзига қараганда, “…бошқа тиллардан кечирим сўраш қонуни” бўлиб қолган.
Шунда ҳам кимларгадир бу қонун маъқул бўлмагани қизиқ. Яна кимларга – ўзимизникиларга.Биз “тилимизнинг мавқейини кўтарамиз, мустақил давлат бўлганимиз билан ўта бағрикенглик қилиб, то ҳозиргача орамиздаги бошқа миллат вакилларини аяб, уларнинг тилини ҳурматлаб келдик, энди ҳеч бўлмаса кўча-кўйда энг аввал ўзбек тилида ёзувлар эълон қилдирайлик, ҳужжатларни энг аввал халқимиз тилида тайёрлаб етказайлик, одамларимиз бошқа тилларни билмагани учун ҳеч бўлмаса ўз юртимизда камситилмасин, бўйни қисилмасин”, деб турганда…
Тил миллатнинг руҳи бўлса, демак, руҳимизни қаттиқ букканмиз. Биз – қирқми эллик ё олтмиш йил аввал дунёга келган авлод, ҳеч бўлмаганда, ўттиз йилдан бери фарзандларимизга соф она тилида гапирганимизда эди, ҳозир тоза ва фарқли бир авлод шаклланиб бўлган, ўзимиз уларга ҳавас билан қараётган, керак бўлса ортларидан яна ўзимиз эргашаётган бўлардик. Бу авлоднинг тийнати, қарашлари, фикрлаши, муомала-муносабати, муҳими, тили соф ўзбекча бўларди. Мана энди бу ишни қандай уддалашга бошимиз қотган. Ахир ўзимиз уларни шундай тарбия қилдик, уларга шундай аралаш тилда сўзладик, ўзлигимизга эътибордан кўра ўзгаларга маҳлиёликни ўрнак қилиб кўрсатдик, ҳар турли одатларни тиқиштирдик ва борган сари ўзлашиб боришига замин яратдик. Энди қай йўсинда фарзандлардан соф миллий руҳни талаб қиламиз?Мана, нималар деяпмиз: “Кўчаларимиз ҳар хил ёзувларга тўлиб кетган”, “Ёшларимизда миллий руҳ етишмаяпти”, “Ўзбекнинг пулига ресторан қуради-да, номини ажнабий сўзлардан қўяди”, “Ўзбек тилида ҳужжат юритиш назоратга олинмаган”, “Бизда қўш тилли бошқарув ишлайди”.Ҳа, бундай гаплардан ҳам беза бошладик.
Аралаш тил билан сўзлаб тарбиялаган болаларимиз, ўзлари очган корхонами, марказга ажнабий номларни қўйсалар, энди уларни асло айблаб бўлмайди. Бугунги камчиликларимизни санаб ўтиришдан ҳам маъни йўқ. Энди муаммоларнинг ечимларини топиб, уларни тезроқ қўллаш тўғрисида ўйлашимиз керак.
Ижтимоий тармоқларда тилимиздаги сўзлар бошқа тиллардан олинганлиги, соф ўзбек тили у қадар бой эмаслиги ҳам айтилмоқда. Бироқ тилларнинг ўзаро алоқаси ва маълум тил лексик қатламининг ўзлашма тиллар ҳисобига бойиши табиий бир ҳолдир. Тилимиз луғатидаги ўзбекча сўзлар ҳозирги инглиз тилидаги соф инглизча, рус тилидаги соф русча сўзларга нисбатан катта фоизда эканини илмий маълумотлар тасдиқлайди. Бироқ тилимизда маълум сўзнинг бир неча хил гўзал шакллари туриб, ажнабий сўзларни қўллаш билан нимага эришмоқчи, нимани исботламоқчи эканимизни ўзимиз ҳам билмаймиз.Биз тилимизни сира камситмаслигимиз керак.
Талаффузимиздан тушиб қолаётган ва ўз-ўзидан адабиётимизда ҳам тобора кўринмай бораётган сўз ва ибораларимизни, балки, ботмонлар билан ҳам ўлчаб бўлмас. 90 ёшли кекса онахон Равзажон Эргашеванинг ўкиниб, кўзида ёш айланганча деганлари ёдга келади: “Бир маҳаллар картишкани ҳеч ким бунақа атамас эди, “баранг” дердик. Эҳ-ҳе, бир бошқача сўзларимиз, ажаб-ажаб мақолларимизнинг қанчаси йўқ бўлиб кетди. Одамлар ишлатмаса худди ҳеч қачон бўлмагандек йўқолиб кетавераркан”.
Тилимизнинг оғриқлари ҳақида сўз борар экан, ҳақли ва аччиқ саволлар пайдо бўлади: Бизда фақат жонли тил туфайлигина ўзбек тили йўқотишларга юз тутяптими? Ўзбек тили амал қилиш доирасининг кенгайишига пайдо бўлаётган монеликларга оммагина айбдорми? Аввало, мактабларимиздаги она тили фанларини ўқитишнинг аҳволи қониқарлими? Бугун етти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган барча фарзандларимиз “Она тили” номли мустақил ва миллат учун бирламчи бўлган фанни қандай дарсликлар асосида ўрганмоқдалар? Дарсликларнинг ҳар уч йилда янгиланишидан аслида уларни такомиллаштириб бориш ва шиддатли замон талабларига ўз вақтида жавоб бера олишни кўзда тутилмаганмиди? Бас, шундай бўлса, муаллифлар дарсликдан дарсликкача уч йил давомида меҳнат қилиб, уни мукаммаллаштиряптиларми, давлат тили мақомини олган тилимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, қачонлар қолиплашган қоидаларга янгиликлар киритяптиларми? Ёки эски чопонга эски ямоқлар солиб, яна бутун республика бўйлаб узатяптиларми?
Одобсизлик бўлса ҳам, айтамиз, ҳозир айрим дарсликлар муллифларнинг қарийб хусусий мулкига айланган. Эксперт ўқитувчилар ёрдамида анча-мунча хатоларни ўнглагач, ҳадеб хато топавериб муаллифни ҳиқилдоғига келтирган бир ўқитувчини “Сиз кимсиз? Кўчадаги бир одамсиз. Менинг китобимга тегманг!” дея жеркиганига нима дейсиз?
Ҳолбуки, дарслик муаллифлари илм яратмайдилар. Соҳа мутахассислари тайёрлаган билимларни тартибга соладилар, холос. Дарсликлар янгиланади, бир-икки оғиз гап ё бирор қоида ҳисобига бойийди. Мана, янги ўқитила бошлаган 11-синфлар учун “Она тили” дарслиги, бошдан-оёқ Нутқ маданияти дарсликларини эслатгани етмагандай, “Паразит сўзлар” деган атама ҳисобига бойиган. Эканки, айрим кишилар нутқида такрорлаб юрадиган “ҳалиги”, “анақа” деганга ўхшаш сўзлар “паразит” бўлар экан. Илмий атама ҳам шундай қўпол ва хунук бўладими? Хуллас, шу каби жуда эски атамани қайта тиклаб киритиш билан китоб яна миллион-миллион нусхада чоп этилаверади.
Ўқитувчиларнинг кўплари билан суҳбатда дарслар бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили дарсликларидаги маълумотлар она тили дарслигидаги маълумотларга тўғри келмаслиги, она тили ва ўзбек тили икки хил фандек бўлиб қолаётгани борасида куюнганларини эшитамиз. Яна айтадиларки, “Исмлар туркуми”, “Сўз ясалиши”, каби бир неча мавзуларда ноаниқликлар кўп. Қўшма гапларда тартибсиз таснифлар илм сифатида ҳавола қилинган. Урғулар ўрни, урғули ва урғусиз бўғинлар, қўшимчалар ҳақида маълумотлар турлича келтирилган.
Ҳа, тадбир тақдирга мос эмас. Бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Морфологияда “нима қилди” қўшма сўзининг феъл туркумига киритиб юборилиши ҳам бир оддийгина, ҳамма тушунадиган мисол бўла олади. Аслида, феъл ҳаракат англатади, бу қўшма сўз эса ҳаракатни англата олмайди, ҳаракат англатувчи сўзларга ишора қилади. Агар ҳозиргиқонун-қоидаларга олимларнинг ўзлари амал қилсалар, яхши тушуниб етсалар, бу сўз олмош вазифасини бажаряпти. Қайсидир олимнинг қачондир “Ўзбек тилида феълдан феъл ясалмайди” деган ҳукмини тилшуносларимиз яхши ёд олганлар. Ҳолбуки, тилимизда элликка яқин феълдан сўз ясовчи қўшимча қўшиш усули билан яп-янги феъллар ясалади. Тарихий лексикамизни ўрганилса, бу сон яна аллақанчага ошиши мумкин. Оддий мисоллар: кўнмоқ – кўникмоқ, келмоқ – келишмоқ, букмоқ – букчаймоқ. Бу каби мисолларни юзлаб келтириш мумкин.
Наманган муҳандислик-педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицей ўқитувчиси Нозима Сайфуллаева бундай дейди: Дарсликларимизда чалкашликлар, қўпол хатолар шунақа кўпки, уялиб кетаман. Мана, қаранг, “-ман, -сан, -миз, -сиз” қўшимчалари. Буларни билибманки, ҳозирги замон феълларига қўшиладиган шахс-сон қўшимчалари дейдилар. Наҳотки, шундай юрт ишонган олимлар III шахсда “-ти” қўшимчаси ҳам шахс-сон ифодалашини билмайдилар. “Кетяпти” феълига қаранг. Лекин “-ти”ни ҳамма жойда замон қўшимчаси деб ўтиб кетаверадилар. У эса сира замон англатмайди”.
Мактаб дарсликлари ғиж-ғиж хатолар билан йилдан-йилга ўтиб келаверди. Олий ва ўрта махсус таълимдаги дарсликлар-чи? Уларда аҳвол яхшими? Биргина Академик лицей ўқувчилари учун Ҳозирги ўзбек адабий тили дарслиги 1- , 2- , 3- курс ўқувчилари учун ўн беш йиллар давомида қўлланиб келган дарсликда 450та хатоликнинг аниқланганига нима дейсиз? (Қизиққанлар учун электрон шаклда юборишимиз мумкин)
Касб-ҳунар коллежлари учун (муаллифлар: А. Рафиев, Н. Ғуломова) “Она тили ва адабиёт” китобитўғрисида яхши фикрларни айтиш мумкин. Бу китоб академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун “Ҳозирги ўзбек адабий тили” китобига қараганда мукаммалроқ, хатоларга кам йўл қўйилган. Лекин унда ҳам қўпол камчиликлар бор. Масалан, қайта-қайта чоп этилишига қарамай 21-бетида имлога оид нотўғри маълумот узоқ йиллар давомида ўқувчиларга сингдириб келинди: диск, банк, танк каби рус тили орқали ўзлашган сўзлар охирида а товуши қўшиб айтилади ва ёзилади(?).
Қай бирини айтайлик? Имло қоидаларига она тили китобларининг ўзида амал қилинмаса…
Эҳ-ҳе, юқоридаги икки дарслик – академик лицейлар учун Ҳозирги ўзбек адабий тили ҳамда касб-ҳунар коллежлари учун она тили ва адабиёт дарсликлари бир неча ўн йиллар давомида ўта қўпол хатолар билан ёш авлодни алдаб келди. Ўқитувчини ҳайрон қилди. Бу – биз учун ўлимдан оғир уят.
Яхши ишга кеч эмас. Ҳеч биримизнинг бутун бир халқ, қадим тарих, муаззам келажак олдида ўз “мен”имизни юқори қўйишга, аввал ўтганлар қолдирган илмларни меники дея бонг уришга, бирор айтарли илм яратмай туриб, яратганлик даъвосида бўлишга, номимиз, обрўмизни сақлаш учун аввалги хатоларимизни тан олмай, тўғри деб ўтказишга маънавий ҳаққимиз йўқ!
Дунёнинг исталган чети билан исталган сонияда алоқа қилиб сўзлашиш, фан-техника оламидаги ёки ижтимоий ҳаётдаги янгиликлардан тезда хабар топиш, уларни ўзлаштириш мумкин экан, эндифарзандларга миллий руҳни сингдиришнинг ноодатий усуллари ва йўналишларини қўллаш зарур кўринади.Бундай усул ва йўналишларни кашф этишда бугунги кун дарғаларининг обрўси, билимигагина эмас, ёш олимлар, изланувчан нинг илмий ва интеллектуал салоҳиятига таянилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Миллий руҳ масаласи барчамизнинг диққат марказимизда туриши керак. Бу эзгу ишда энг муҳим ўринни она тили ва адабиёт дарслари эгаллайди. Она тили дарслари – нафақат ўқитувчилар ва ўқувчиларга, балки барчамизга тегишли.Ахир, она тили – айнан миллат дегани-ку. Ҳар бир одам сўзлаган тили доирасида тафаккур қилади, инсон сифатида шу тил руҳида шаклланади. Йўқса тил миллатни белгиламаган бўларди.
Нега миллатдошларимиз йил сайин болаларини рус мактабларига кўпроқ етаклайдилар? Уларни нима мажбур қилади? Нима ундайди? Бунинг олдини олиш ҳақидаўйлашдан кўра ечимини топиш лозим. Одамлар “фарзандим жамиятда ўз ўрнига эга бўлсин, икки тилни билса, сира қийналмайди”, дейди. Оддий мисол, бир шифокор 1991-1993 йиллар давомида Тошкентдаги Марказий ҳарбий госпиталда ишлагани, беморларга бир кунда ўн еттитагача қандайдир тиббий мосламани моҳирлик билан улагани, шундай мосламадан бир кунда тўрттагина улаганлар “пятминутка” деган йиғилишларида ҳамманинг олдида ўз салоҳияти, маҳорати борасида маъруза қилгани, у эса, ўзбек тилида ҳам, рус тилида ҳам шунча илмий китобларни ўқиб билимини оширгани билан ўртага чиқиб гапиролмагани, натижада ўзи севган ишидан кетганини ўкиниб сўзлайди. Ҳозир ҳам тиббиёт муассасаларида “бешдақиқалик”лар ўзбек тилида ўтказиляпти, деб айта оламизми? Ҳужжатларни фақат ўзбек тилида юргизяпмиз дея оламизми?
Ишни мактаблардан, ўқитувчилардан бошлаш керак, деб кўп бонг урамиз. Бироқ… Бир неча кун аввал Тошкентдаги филологияга ихтисослашган мактабда “Тилимиз нуфузи: муаммо ва ечимлар” деган мавзудаги брифингга таклиф қилишди. Туни билан ўқитувчилардан шундай таклифлар чиққанига севиниб туни билан уйқум қочди. Иштирок этдим. Мактабнинг эришган ютуқларини то Халқ таълими вазирлигининг вакили келгунича роса тингладик. Вакил бир-икки оғиз доимий ҳасратлардан гапирди. Кейин Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети вакили ҳам шу оҳангда маъруза қилди: кўчалардаги ёзувлар, улар, булар. Навбат юраги ўртаниб турган ўқитувчиларга келганда эса, шошиб турган мулозимлар тезда чиқиб кетишди. Шу билан ҳаммаси бўлиб тилимизмуаммосига 25 дақиқа вақт ажратилди. Брифинг номи қандайлигидан қатъи назар, тил муаммосига астойдил ёндашмади. Биз эса мактаб ўқувчиларининг 15дан ортиқ рақс-қўшиқдан иборат чиқишларини томоша қилдик. Майли, лекин қўшиқ-рақснинг ҳам жойи бор, ўрни бор. Бирор ўқувчи тил ҳақида шеър айтса ё ҳазрат Навоийдан ғазал ўқиса майли эди. Назаримда, ўша ерда тилимизнинг нуфузини сақлашдаги камчиликларимизни байрам қилдик. Бизга лоқайдлик қимматга тушмоқда.
Агар мамлакатимизда давлат тилининг нуфузи ошса, одамларда рус мактабларига қизиқишларига эҳтиёж қолмайди. Бола бечоранинг ўз тилида ўқимай қийналиши, мулзам бўла-бўла, кам гапирадиган бўлиб кетиши, ҳар икки тилни ҳам яхши билмай ора йўлда қолиши, қалбида маънавий бўшлиқ пайдо бўлиши, бадиий асар ўқишдан кўп ҳолларда узоқлашиши каби оғриқлар юрагимизнинг аччиқ-аччиқ оғриқларидир. Охирги махлумотларга қараганда, таълим рус тилида олиб бориладиган синфлари мавжуд мактаблар Республикадаги мактаблар умумийсонининг 40 фоиздан юқорисини ташкил этаётганига нима деймиз.
Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда Ўзбек адабиёти ўқитилиши шарт экани тўғрисидаги таклифларимизни юқори ташкилотларга киритганмиз. Энди бу жараённи имкон қадар тезлаштириш керак. Чунки маънавий йўқотишларимизнинг илдизлари ҳам мактабдадир. Таълим рус тилида олиб бориладиган синфларда 90 фоизгача ўзбек болалари ўқиётгани, уларнинг ўзбек адабиётидан мутлақо бехабарлиги йиғлашга арзигулик ҳолдир.
Бизнинг давлатдагина олий ўқув муассасаларида “Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда ўзбек тили ўқитувчиси”ни тайёрлайдиган факультетлар бор. Нега ўқитувчини шу тарзда тоифаларга ажратиш керак? Республикамизнинг ҳамма ерида ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси дипломига эга бўлган ҳар бир мутахассис таълим қайси тилда олиб борилишидан қатъи назар, ўзбек тили ваадабиётидан ўқувчиларга таълим беришини жорий этсак, тилимизнинг нуфузини оширишда катта қадам ташлаган бўламиз.
Бизнинг тилимиз, таълимимиз. Маънавият вамаърифатимизга оди таклифларимиз шундай бўлди:
1. Кейинги вақтда ҳар уч йилда янгиланаётган мактаб дарсликлари муаллифлари олдига нашрдан нашргача дарслик устида ишлаш вазифасини қатъий белгилаш, дарсликларнинг маълум қисмларини тегишли мутахассислар ёзишлари ва дарслик Республика таълим марказида мувофиқлаштирилишини жиддий назорат қилиш. Дарсликларда аниқланган ҳар бир хато учун муаллифларга жарималар белгилаш.
2. Ёш олимлар, тадқиқотчи мутахассис тилшунослардан ўз тилимизга муносиб тилшунослик илмини яратиш бўйича илмий ишлар танловларини ташкил этиш, янгича тилшунослик илми яратилиши учун кўрсатмалар бериш.
3. Имло ва изоҳли луғатларни яратиш мақсадида яна аввалгидек хатолар кузатилмаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслик учун то янги алифбо тасдиқлангунига ҳамда ундан кейин маълум бир муддатга қадар, луғатлар устида ишлаш вазифаларини белгилаш.
4. Ўзбек тилининг изоҳли луғатидаги хатолар, киритилмай қолган сўзлар бўйича изланишлар олиб бориш учун тегишли мутахассисларга кўрсатмалар бериш, муддатлар белгилаш. Луғатлар, дарсликларни масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилишига етарли вақтлар ажратиш.
5. Нашриётларда чоп этилаётган китоблар, луғатларнинг тўғрилигига нашриётнинг жавобгарлигини белгилаш. Нашр этилаётган китоблар учун муаллифлар, тақризчилар, муҳаррирлар ҳамкорликдаги ишлари самарадорлигини ошириш, жавобгар масъулияти бўйича қатъий талаблар белгилаш.
6. Интернетдаги Ziyonet тармоғига жойлаштирилаётган адабий ва илмий меросимиз намуналари матнининг тўғрилигини текширадиган махсус гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш. Тармоқнинг нафақат Республикамизда, балки хорижда ҳам ўрни борлигини кўзда тутган ҳолда, унинг нуфузини ошириш
7.Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда, (айниқса, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда асосан ўзбек фарзандлари ўқиётганини кўзда тутган ҳолда) “Ўзбек адабиёти” фанини киритиш.
8. Она тили дарсликларида тақдим этиладиган маълумотлар, қоидаларнинг соддалаштирилган кўринишлари Ўзбек тили дарслигидан жой олиши, она тили ва ўзбек тили дарсликларидаги қоидалар мутаносиблиги таъминланиши бўйича Республика таълим маркази олдига талаблар қўйиш.
9. Ижод мактабларида 5-синфдан бошлаб “Адабиёт қоидалари” ҳамда тилимиз жилолари, қуввати баланд шеваларимиз, ўзбек фольклорини ўрганишга йўналтирилган дарсларни киритиш.
10. Республикамизда чоп этилаётган барча дарсликлардан Республикадан ташқаридаги ўзбек мактабларида фойдаланилиши бўйича ҳамкорликдаги ишларни назоратга олиш.
Хайрли ишга ҳеч қачон кеч эмас.
Маъмура Зоҳидова,
Филолог, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
 http://uza.uz/oz/culture/til-millatning-ru-i-b-lsa—24-05-2019

 

You may also like...

6 Responses

  1. Menga Ma’mura opaning maqolalari juda yoqdi. «Tilga e’tibor — e’lga e’tibor» deganlaridek, biz tilimizni asrasakgina, xalqimizning, qo’shtirnoq ichida aytadigan bo’lsak, «ayrim fuqorolari»ning buzg’unchi g’oyalar ostida fikr yuritmasligiga yo’l qo’ymasligimiz mumkin. Zeroki,tilni asramoq barchamizning muqaddas burchimizdir.

  2. Зокирова Мадина:

    Она тили- миллат руҳи, ғурури, орзу умидлар намунасидир!

  3. Baratjonova Janona:

    Ushbu maqola menga judayam yoqdi. Til-millatimiz ko’zgusi. Uni qadrlashimiz va e’zozlashimiz hurmat bajo keltirishimiz har bir o’zbek farzandining muqaddas burchidir. Tilga bo’lgan hurmat va e’tiborni biz bolalikdanoq qalbga singdirsakkina maqsadga muvofiq bo’lardi deb o’ylayman.

  4. Til haqidagi ushbu maqola menga juda yoqdi. Til millat — ko’zgusi. U bizning ma’naviyatimiz timsoli. Shunday ekan o’z tilimizga befarq qaray olmaymiz. Maqola uchun rahmat.

  5. Ma’mura opaning maqolasi menga juda yoqdi. Chuki bizning ona tilimiz bu bizning ğururimiz. Desak yangilishmagan bõlar edik.

  6. Bugungi yosh avlod hatto yoshi kattalar ham kundalik so’zlashuvda boshqa tillardan keng foydalanishadi. Inson ko’p tilni bilishi bu juda yaxshi, lekin o’ sha tildan kerakli o’rinda foydalansa maqsadga muvofiq bo’lar edi. Ayniqsa biz yoshlar o’rtasida chet tiloni mukammal bilib undan o’rinli foydalanadiganlardan, bilib bilmay, palapartish foydalanadiganlar ko’pchilikni tashkil etadi. Ular bir ikkita chet tilini qo’shib gapirishni o’zlari uchun obro’ deb biladilar. Afsuski, ular kulgiga qolishayotganini bilishmaydi. Ma’mura opaning ma’qolasi menga juda ma’qul bo’ldi. Ayniqsa qiyidagi fikrlari:»Тилимиз луғатидаги ўзбекча сўзлар ҳозирги инглиз тилидаги соф инглизча, рус тилидаги соф русча сўзларга нисбатан катта фоизда эканини илмий маълумотлар тасдиқлайди. Бироқ тилимизда маълум сўзнинг бир неча хил гўзал шакллари туриб, ажнабий сўзларни қўллаш билан нимага эришмоқчи, нимани исботламоқчи эканимизни ўзимиз ҳам билмаймиз.Биз тилимизни сира камситмаслигимиз керак.» Tilimiz bu bizning boyligimiz, gurur-iftixorimiz. Uni kamsitmasligimiz, o’zgalar kamsitishiga ham yo’l qoymasligimiz kerak.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>