Осуда ҳаёт асоси

Тинчлик ва осойишта ҳаёт – бебаҳо неъматдир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари тарғибот гуруҳи Олмазор туманидаги маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда корхона-ташкилотларда “Маърифат ва диний бағрикенглик“ мавзуида давра суҳбатлари ўтказмоқдалар. Бугун тумандаги 14- ва 16-сон оилавий поликлиникаларда бўлиб ўтган давра суҳбатларини шифокорлар катта қизиқиш билан тингладилар.

Маънавият ва маърифат маркази Илмий экспертиза бўлими етакчи мутахассиси Ҳаёт Нуриллаев, Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева ва бошқалар 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилиниши жаҳонда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлишига хизмат қилишини таъкидладилар.

м1 м2 м3

– Давлатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюция асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат“ экани ҳақидаги фикрлари замирида улкан маъно мужассам,– деди ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек.– Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган. Бу резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади. Ҳужжатда динлар, маданиятлар ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда айрим шахсларга нисбатан дин ва эътиқодлар замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Айни пайтда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ҳужжатда аъзо давлатларга миллий ва халқаро ОАВлар, жумладан, Интернет тармоғида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, бағрикенглик, зўравонликка барҳам бериш ҳамда дин ва эътиқод эркинлигига доир маърифий ахборот тарқатиш каби тегишли коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Айтиш жоизки, Президентимиз ёшларни сўнгги йилларда кучайиб бораётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш кераклигини таъкидлаб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилгани кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг нутқида кўтарилган устувор масалалар мазмун-моҳиятини халқимизга, айниқса, ёшларга етказиш, тушунтириб беришга масъулмиз. Муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз меросида доимо ҳалол меҳнат билан яшаш, ватанпарварлик, мардлик, саховат ва камтарлик улуғланади. Президентимиз ўз нутқида ислом динининг инсонпарварлик аҳамиятига яна бир бор эътиборни қаратди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз.

Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

XXI асрга келиб, жаҳон динларидан бири — исломга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Афсуски, бу қизиқиш ортида исломни ниқоб қилиб, ўзининг жирканч мақсадларини амалга оширишга уринаётган кучлар ҳам борки, улар нафақат тинчлик ва барқарорликка, балки ислом дини соф­лигига ҳам катта таҳдид солмоқда. Диний экстремистларнинг ёвуз мақсадлари, бузғунчи ғоялари бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақиради.

Давра суҳбатида тингловчиларни бу мавзуда қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

 

Олмазор туман ҳокимлиги

Маънавият ва маърифат маркази

Ахборот хизмати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>