Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов ва бошқа сўнмас сиймолар…

Ижод бўстонида энг катта бахт – аввало улуғ Устозлардан сабоқ олиш, деб

биламан. Бир замонлар қайсидир бахтли ёш ижодкорлар Мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Умар Хайём, Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом каби даҳо шоир ва адибларни кўрган, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган, сабоқ олганлар, дея ўшаларга ҳавасим келиб, ширин хаёллар оғушида юрардим.

1 2 3

Ўйлаб кўрсам, ўзим ҳам улардан кам бахтга эришмаган эканман. 1980 йилда Тошкент ўқишга келибоқ атоқли болалар ёзувчилари Оқилжон Ҳусанов ва Худойберди Тўхтабоев билан танишганман. Кейинроқ Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Саид Аҳмад, Носир Фозилов, Анвар Обиджон, Озод Шарофиддинов, Абдуғафур Расулов… бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин. (Бу рўйхатга ҳамон меҳр кўрсатиб юришган азиз ва қадрдон Устозларимни киритмадим).

Худо берган бир фазилат – қалбимдан жой олган ўша Инсонлар, азиз сиймолар билан ўз-ўзидан жуда қадрдон бўлиб кетаверганман. Уйларига борганман, ўз навбатида уйимга таклиф этганман. Шу тариқа меҳр ришталари мустаҳкам боғланиб, худди қариндошдек бўлиб кетганмиз.

Устозларимнинг бир-бирига жуда ўхшаш ноёб фазилатларига қойил қолганман, ҳатто ҳавас қилганман. Яъни, уларнинг бирортаси овозини баландлатиб гапирганини эшитмаганман. Ҳаммаси ғоят ёқимли ва пастгина овозда сўзлардилар. Демак, энг ширин, мағизли ва сермазмун гап-сўзлар паст товушда, мулойимлик билан айтилишини шу Устозларим мисолида кўрганман. Минг афсуски, Устозларимдан ана шу ноёб фазилатни борлигича “ўзлаштириб” ололмадим… Ҳамон давраларда сўзга чиқсам, микрафон тутишимга ҳожат қолмайди… Товушим “жонли ижрода” жаранглаб кетаверади… Шу “қусур”имни Устозларимдек мулойим гапириш фазилатига айлантира олсам армоним қолмасди, деган ўй ўртаб юборади гоҳо…

Бугун Фаробий (аввалги Чиғатой) қабристонида раҳматли Устозларимни зиёрат қилар эканман, ана шу ажиб хотиралардан бутун вужудим алланечук бўлиб кетди.

Илоҳим, буюк Устозларимнинг руҳлари шод бўлсин.

 

Тўлқин ЭШБЕК

2021 йил 9 июнь.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>