Президент ўқитувчиларнинг маошини ва жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль

куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлигининг бошқарув тизими такомиллаштирилди, асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Яқинда вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда ушбу кўрсатмалар асосида ишлаб чиқилган халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилган.

Президент педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берган.

Турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик кераклиги таъкидланган. Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат ташкил этиш вазифаси қўйилган.

«Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш керак. Ҳар бир синфда болаларнинг нималарни билиши зарурлигидан келиб чиқиб, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш лозим. Дарсликларни энг замонавий методикалар асосида яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, муҳандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, бу борадаги лабораторияларни қайта жиҳозлаш талаб этилади. Мактабгача таълим ва олий таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга ҳам эътибор бериш керак», деган Шавкат Мирзиёев.

Умумтаълим мактаблари директорлари ва ўринбосарларига бўлган талабни қайта кўриб чиқиш, бу лавозимга ҳақиқий бошқарувчилик – менеджерлик қобилиятига эга шахсларни тайинлаш, маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари масъулиятини кескин ошириш кераклиги қайд этилган.

Халқ таълими тизимини молиялаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2019 йил учун давлат бюджетини шакллантиришда мазкур соҳага молиялаштиришни ошириш, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун Халқ таълими вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини сифатли бажариш учун халқ таълими тизимида махсус инжиниринг компанияси ташкил этиш бўйича кўрсатма берилган.

Шунингдек, таълим тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, мактабларнинг бюджетдан ташқари топаётган даромадларини уларнинг ихтиёрида қолдириш, мактабларда ички жамоавий назорат тизимини йўлга қўйиш, намунавий мактабларни кўпайтириш мақсадида мактаблар рейтингини ишлаб чиқиш каби масалаларга эътибор қаратилган.

Йиғилишда муҳокама қилинган йўналишлар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилган ва тегишли топшириқлар берилган.

 https://kun.uz/news/2018/07/17/prezident-umumij-urta-talim-sifatini-angi-boskicga-kutaris-vazifasini-kujdi

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>