Профессор Фотима Мўминова сабоқлари

Филология фанлари доктори, профессор Фотима Мўминова Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази тингловчиларига «Он-лайн журналистика» фанидан  сабоқ берар экан, чинакам педагоглик маҳоратини ҳам намоён этмоқда.

ф1

к2

IMG_4465

Устоз ҳақида бир пайтлар «Туташ тақдирлар» рукни остида бир мақола ёзгандим. Ҳурматли ўқувчиларимиз эътиборига мазкур мақолани ҳавола этамиз.

 БАХТ ҚАСРИГА ЕТАКЛАГАН… “ЖАНЖАЛ”

 Бир гал хотин-қизлар байрами арафасида журналист-олима Фотима Мўминова ҳақида мақола ёзиб “сюрприз” қилмоқчи бўлдим. Интервьюни опанинг ўзиданмас, турмуш ўртоғи Файзулла акадан олиш лозим топилди. Устоз самимий жилмайган кўйи шундай деди:

– 1972 йилдан буён “таржимаи ҳол”имиз бир хил! Бир вақтда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиганмиз, бирга шу даргоҳда фаолиятимизни бошлаб, “Журналист” ўқув газетасини чиқарганмиз, бирга кафедрага таклиф қилиниб, илмий ишга киришганмиз, бир вақтда турмуш қуруб, бир вақтда оталик ва оналик, кейинчалик бувалик ва бувилик бахтига мушарраф бўлганмиз!

Сўнгги гапдан мазза қилиб кулдик. Устоз у ёғини айтмагани учун қолганини ичимда пичирлаб қўя қолдим: бир вақтда бу даргоҳдан “кўтарилиб кетиб”, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетидан қўним топгансизлар!!

Аслида таржимаи ҳоллари унчалик бир хилмас. Файзулла ака Бухородан келиб ўқишга киргач, кейинги йил наманганлик Фотимахон бир пағона пастки курсга қабул қилинган. Йигит бир қадам олдинда-ю бир пағона юқорироқда, деганларидек, илм чўққиларини забт этишда ҳам Файзулла Абдуллаевич ҳамиша сафнинг олдида!

Иккита темирни пайвандлагани (сварка қилгани)ни кўрганмисиз? Ўртада жизиллаган олов кўзни қамаштиради. Худди шундай баъзи диллар бир-бирига пайванд бўлишида қандайдир “олов” пайдо бўлади. Талабалик йиллари уларнинг баъзи “муносабатлари” сварканинг жизиллашидан қолишмасди… Қизиғи, уларнинг бир даҳанаки жанжали муҳаббат туйғуларига туташиб кетган!

Бу воқеа ўтган асрнинг 75-йилларида юз берганди. Журналистика факультети декани Анвар Шомақсудов бир куни шундай деди:

– Файзуллажон, сиз ёшлар касаба уюшмасига раҳбарлик қиласиз.

Иккинчисининг ҳам елкасига яхшигина вазифани юклади:

– Фотимахон, сиз ёшлар ташкилотига масъулсиз!

Ўша пайтларда ташкилотчи ташвишининг адоғи кўринмасди. Эртадан-кечгача тинмай ишласанг ҳам “муҳим топшириқ”ларнинг кети узилмасди. Энг ёмони, қаттиққўл домлалар уларнинг жамоат ишларидаги фаолиятига унча аҳамият беришмас, фақат ўқиш, пухта билим олишни талаб қилишарди. Чидаганга чиқарган, деганларидек, эплаганларгина ортиқча маломатлардан ўзларини сақлаб қоларди…

Бир куни уларнинг баҳслари сал бўлмаса даҳанаки жангга айланаёзди… Гап деканнинг хонасигача боргач, Анвар Шотурсунович уларни чақиртирди. Қизишган етакчиларнинг “дардлари”ни эшитгач, уларга нима етишмаётганини дарров фаҳмлаган. Катта ҳаёт тажрибасига эга бу оқкўнгил инсон ўзгача меҳр билан боққанча шундай деган:

– Ҳамма масалада Фотимахон ҳақ! Билдингизми! Сиз эса, яхши йигит, битта топшириқни бажарасиз, келишдикми?

Устознинг топшириғи ғалати бўлган. Яъни, шу жанжалдан кейин улар ресторанга бориши лозим эди! “Жанжалкаш етакчи”лар раҳбарнинг раъйига қараб, ресторанга йўл олишган. Дўстлар даврасида роса чақчақлашган ва… кўп ўтмасдан ЗАГС идорасига ариза ёзишган!

Журналистикага интилиш уларни битта ўқув даргоҳига етаклаган бўлса, илмий изланишлар ва ташкилотчилик ишлари тақдирини туташтирган. Шу-шу Файзулла ва Фотима (кейинги ўринларда – Ф+Ф) Мўминовлар учун бу ўқув даргоҳи илм сарчашмаси-ю бахт-иқбол масканига айланган.

Ўқишни тамомлагач, Ф+Ф меҳнат фаолиятларини шу даргоҳда бошлади. Сўнг, Анвар Шомақсудов ва Анвар Каримовлар уларни кафедрага ишга таклиф қилишди. Кафедранинг қуйи пағоналаридан иш бошлаган Ф+Ф аста-секин ўқитувчилик, катта ўқитувчилик лавозимларидан юқорилай бошлади. Устоз мураббийлардан ортда қолмасликка тиришиб, ишга берилиб кетган кезларида, 1978 йил май ойида профессор Тўғон Эрназаров уларни кафедрага чақиртирган. Ҳамиша илмни қадрлаб, ёшларни ҳам илмий ишлар билан шуғулланишга даъват этиб юрадиган устоз бақамти ўтирганча салмоқ билан шундай деган:

– Насиб этса, келгусида журналистикамизнинг ўз олимлари мактаби яратилади. Хўш, илмий ишни тезлаштирингиз учун биздан қандай ёрдам керак? Бу масалада асло тортинманглар!

Фидойи устознинг гаплари далда бўлди. Илмга интилувчан Ф+Ф шу журналистика ихтисослиги бўйича илмий тадқиқотларини дадиллик билан давом эттирдилар. Уйда эр-хотин, университетда эса устоз-шогирд, гўё оддий ҳамкасблардек умргузаронлик қилардилар.

1979 йилда университетда бўлиб ўтган бир воқеа уларнинг қалбларига муҳрланди. Ўшанда ЮНЕСКО томонидан мазкур ўқув даргоҳида катта халқаро анжуман ўтказилди. Унга Москва Давлат университетидан машҳур журналист олим Ясен Засурский ташриф буюрган эди. Илмий маърузалари билан қатнашган Я.Засурский факультет фаолияти билан танишгач, қандайдир умид ва ишонч билан Тўғон акага шундай деганди: “Мана энди ТошДУ журналистика факультети ҳам халқаро майдонга чиқиш қобилиятига эга бўлибди, хорижий талабаларни ўқитишга қодир экансизлар!”

Интилганга толе ёр, деганларидек, Ф+Ф бирин-кетин журналистика ихтисослиги бўйича филология фанлари номзодлари илмий даражасига, сўнг доцент илмий унвонига эга бўлдилар. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида профессор-ўқитувчилар учун бунёд этилган тўққиз қаватли уйнинг 8-қаватидаги хонадонлари улар учун – кутубхона, факультет – иккинчи уйларига айланди. Узоқ йиллар шу масканда турли лавозимларда ёнма-ён меҳнат қилдилар. Шу билан бирга журналистика ихтисослиги бўйича фан докторлари, профессор даражасига етдилар. Яхшидан боғ, деганларидек, Файзулла Абдуллаевичнинг 1999 йилда факультет декани лавозимида иш бошлаган кезлари “Оммавий алоқалар ва реклама” кафедрасига асос солгани бўлғуси журналистларнинг жамоатчилик билан алоқалар, ахборот хизмати назарияси ва амалиётини мукаммал ўрганишлари учун илмий замин яратди.

Бахт ва иқболлари мана шу қутлуғ даргоҳ билан чамбарчас боғлиқ бўлган Ф+Ф фарзандлари қалбида ҳам журналистика илмига меҳр уйғотган. Ўтган йили учинчи ўғиллари Шерзод ЎзМУнинг Олий журналистика курсини тамомлаган бўлса, қизлари Шаҳноза бу йил магистратурага қабул қилинди!

Журналистика илми бўстонида ўзига яраша салмоқли ўрнига эга бўлган Файзулла Мўминовнинг сўнгги йилларда чоп этилган “Социология ва журналист фаолияти”, “Журналистика ижтимоий институт сифатида”, “Метод журналистики и методы деятельности журналистов”, “Паблик рилейшнз: история и теория”, “Магистерская диссертация по международной журналистике”, Фотима Мўминованинг “Современные зарубежные СМИ” ва “История мировой журналистики” номли ўқув қўлланмалари, қатор тўпламлардан ўрин олган илмий мақолалари аллақачон китоб жавонларимиз жавоҳирларига айланди. Журналистика назариясига бағишланган бу ўқув қўлланмалари журналистика соҳасига қизиққан иқтидорли ёшларнинг қалбларига жо бўлиб кетмоқда.

Файзулла Абдуллаевич раҳбарлигида яратилган “Жаҳон журналистикаси тарихи” номли салмоқли дарслик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсиясига биноан икки маротаба (2006 ва 2008 йилларда) “Фан ва технология” нашриётида икки маротаба 1000 нусхадан чоп этилгани эътиборга моликдир.

Қайси соҳада бўлмасин олимнинг устозлиги – қанча шогирд етиштиргани, яъни, нечта фан номзоди ва докторларига илмий раҳбарлик қилгани билан “ўлчанади”. Журналистика соҳасида Файзулла Мўминов бу масалада ҳам энг пешқадам устоз десак, муболаға бўлмайди. Яқинда устоз раҳбарлигида ўн бешинчи тадқиқотчи 10.01.10-журналистика ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ёқлайди! Шу кунгача битта фан докторига раҳбарлик қилган бўлса, истиқболда яна… қанчасининг “иши пишиб” тургани ҳозирча сир бўла қолсин. Билъакс, яна “дўстлари” кўпайиб кетиши мумкин… Илмий раҳбарнинг шунақа “дўстлари” қанча кўп бўлса, шогирдлари шунча завол эмас – “камол топиши”ни ўз бошидан кечирганлардан бири сифатида фахр-ифтихор билан айтишим мумкинки, устоз унақа чигал масалаларни ҳам донолик билан ҳал этишда ўзига хос мактаб яратган экан! Худога шукр, илм бўстонида тилни тийиш санъатини ва унинг меваси нақадар тотли бўлишини ҳам мукаммал ўргандик!

Устоз оппонентлик қилган, тақриз ёзган илмий ишларнинг ҳам саноғига етиш мушкул.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқаларни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, Журналистлар ижодий уюшмаси, сиёсий партиялар томонидан ўтказилаётган турли анжуманларда айнан шу масалада йирик мутахассис, профессор Файзулла Мўминовнинг маърузалари катта қизиқиш билан тингланади.

Устоз фаолияти ҳақида айрим ҳамкасбларининг фикрларини қоғозга туширдик.

Насимхон Раҳмонов, ЎзМУ журналистика факультети декани:

Файзулла ака ва мен бундан 15 йил муқаддам Олий Аттестация Комиссиясининг Филология бўйича Эксперт кенгаши аъзоси бўлиб ёнма-ён ишлаган эдик. Ўшанда журналистика ихтисослигидан узоқроқ бўлган олимларга бу соҳанинг чинакам қиёфасини кўрсатиб берган олим Файзулла Мўминов бўлди. Унинг кейинги фаолиятидан, хусусан, олий малакали илмий педагог-кадрлар тайёрлашда олиб бораётган хизматларидан кўпчилик хабардор. Ҳозирда журналистика ихтисослиги бўйича етишиб чиқаётган фан номзодларининг аксарияти Файзулла Мўминовнинг ҳиссасига тўғри келади. Бу нимани кўрсатади? Устоз доимо изланишда, муттасил илмий ижодий жараён ичида, шогирдлар даврасида, касбдошлар, жамоа эътиборида… Шу ўринда Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги байтлари беихтиёр ёдга келади, гўё Ҳазрат бу байтларни Файзулла ака ва у сингари фидойиларга бағишлагандай:

 

Ул киши сўз баҳрида ғаввос эрур,

Ким гуҳари маъни анга хос эрур.

Файз ҳаримида тажаллий анга,

Ким ёрубон машъали маъни анга.

Сўз майини ул киши ошом этиб,

Ким дури маъни садафин жом этиб.

(Кимда маъно гавҳари бўлса, ўша одам сўз дарёсининг ғаввосидир. Маъно машъали кимнинг юзини ёритган бўлса, шод хуррамлик ҳарамида жилва этиш ўшанга насиб бўлади. Ким маъно дурининг садафидан ўзига жом қилган бўлса, сўз майини ўша одам симиради).

Бугун илмий салоҳиятнинг масъулиятини елкасида кўтариб келаётган устозлар бор. Гап илмий салоҳият ва устозлик мақоми ҳақида кетар экан, бунинг заминида фақат меҳнат ва яна меҳнат ётганини катта авлод билади. Катта авлодга муносиб шогирдлар, бизнинг назаримизда, давр билан ҳамнафас, фикри теран бўлиб шаклланаётгани сир эмас. Бунинг боиси, албатта, устозларнинг меҳнатлари самарасидир.

Аммо танганинг орқа томони ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Назаримизда, бугунги авлод учун устозларнинг маърузаларигина етарли эмасдай туюлади. Фикр теранлигининг ўзи салоҳиятни шакллантира олмайди. Бугунги талабани илмга олиб кириш учун насиҳатларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун, чамаси, жонли намуна, талабанинг кўз ўнгида олимлик қиёфасини намоён қилиш лозим. Амал-тақал қилиб фан доктори ёки фан номзоди дипломига эга бўлиб олиш билан олимлик қиёфаси шаклланиб қолмайди. Бизнингча, талабага шундай уқтириш керакки, фан йўлида қилинадиган хизматларнинг энг буюги унга янги ғояларни киритишдан иборат эканини талаба ҳис қилмаса, ўгитлар, йўл-йўриқларнинг самараси унумли бўлмайди. Ҳозирда талабалар китоб ўқишдан, илмий салоҳиятни шакллантиришда ўзимизнинг қадимий анъанавий усуллардан бир оз узоқлашганини ҳам биламиз. Бунинг сабаби фақат тил билмасликда эмас, балки илмда катта авлоднинг айрим вакиллари илмий тафаккури ҳам жўнлашиб бораётганида эмасмикан деган хавотирлик ҳисси пайдо бўлади. Бундай вазиятда авваллари фаннинг чегараси бўлган жой бугун унинг нақ маркази эканини талабага уқтириш, далиллаш анчайин мушкул. Шу боис “меҳнатсиз чинакам буюклик бўлиши мумкин эмас” (Гёте)лигини, аввало, катта авлод ҳис қилса бўлди – ақлли талаба ўзи хулоса чиқариб олади. Талаба билан катта авлод ўртасида шахсий яқинлик ҳам илмий салоҳият бобида кўп ижобий натижалар бериши тайин. Бунга катта авлоднинг ҳар бири ҳаётида кўплаб мисоллар борки, бу ўринда айтиб ўтириш ортиқча. Энг муҳими, талабани ўзимиздан нари итариш эмас, яқинлаштириш йўлларини қидиришимиз керак.

Талабада илмий салоҳиятни шакллантиришнинг яна бир йўли бугун мумкин бўлмаган нарса эртага албатта ечилишига ишонтира олишдир. Одатда шундай ҳолат ҳам бўладики, салоҳиятли олимлар эмас, балки қобилилиятсизлар, фан у ёки бу масалани ҳеч қачон ҳал этолмайди, деб таъкидлайдилар. Ана шунда ишонтира олиш санъати қўл келади. Агар устознинг фикри дадил бўлса, мақсадга эришув йўлларини топади. Дадил фикрли, хаёлпараст олимлар ўйиннинг олдида турган шашка доначаларига ўхшайди. Улар ўзлари қурбон бўлиб, ғалабани таъминлайдилар. Ворисларнинг биринчи галдаги вазифаси ҳам шу бўлмоғи керак. Хаёлпараст бўлмаган олим ўзини амалиётчи деб атайди, у ҳеч нарса ярата олмайди. Ҳамма фан соҳалари қатори, журналистиканинг илмий салоҳияти ҳам ворисийликка боғлиқ. Журналистикани том маънодаги фан сифатида шакллантириш учун, бизнингча, давр билан баравар одим ташлаш, замон билан ҳамнафас бўлиш заруратга айланди. Журналистика соҳасида фақат амалиётчилар эмас, балки назариётчилар тайёрлаш бизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиши керак.

Акбар Нурматов, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти:

– Профессор Файзулла Мўминов ҳар йили энг иқтидорли талабаларни саралаб, уларни олимпиада ва турли стипендияларга тавсия қилишда фаоллик кўрсатади. У раҳбарлик қилган қатор талабалар ва магистрантлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Алишер Навоий номидаги давлат стипендиясининг совриндори бўлган, турли давлат ва хорижий грантларни қўлга киритган. Масалан, 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг “Ёшларни миллий ғурур туйғусида тарбиялашда ОАВ нинг аҳамияти” мавзусидаги грант қўлга киритилди. Файзулла Мўминов журналист кадрларни тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратади. Бу соҳада таълим сифатини янада яхшилаш, янги соҳаларни тадқиқ этадиган кафедралар очишда унинг хизматлари беқиёс. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети таркибида халқаро журналистика, оммавий алоқалар ва реклама; Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида эса оммавий коммуникация ва ахборот технологиялари кафедралари ташил этилгани эътиборга моликдир.

Файзулла Мўминов Фуқаролик жамиятини ўрганиш институтида бир неча йил лойиҳа раҳбари бўлиб ишлаган. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фондининг “Ахборий-психологик хавфсизликни таъминлаш – жамият маънавий-маърифий ривожланишининг муҳим омили” номидаги грантни қўлга киритди ва ҳозирги вақтда лойиҳа бўйича ишламоқда. Айни пайтда устоз раҳбарлик қилаётган Оммавий коммуникация ва ахборот технологиялари кафедраси жамоаси “Интернетда радио ва телевидение”, “Интернетда муаллифлик ҳуқуқи” мавзуида илмий-амалий конференция ва семинарлар ташкил этди, анжуманлар натижаси сифатида тўпламлар чиқарди.

У Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика бўлими ва ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети ўртасида илмий ҳамкорлик ўрнатиб, турли тадбирларни ўтказиб келмоқда. Шунингдек, у Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети қошидаги журналистика ихтисослиги бўйича докторлик диссертациялари ҳимояси махсус илмий кенгашининг аъзосидир. Файзулла Мўминов илм-фаннинг фидойиси, жонкуяри, талабаларнинг севимли устози-мураббийси сифатида катта обрў-эътибор қозонган. У ўз билимини ёш журналистларга мунтазам етказиб туради. Ватанпарварлик, камтаринлик, меҳнатсеварлик, юксак маънавиятлилик каби фазилатлари шогирдлари учун ибрат мактабидир.

Устоз ҳақида ёзишга жазм этган фикрларим кўп эди-ю… шу тобда бир латифа ёдга тушиб, сўзимга нуқта қўйишга ошиқдим. Бир устоз ҳузурига ҳовлиқиб келган шогирди шундай депти: “Фалончи сизни роса мақтади!”

ф2

Устознинг пешонаси тиришиб сўрабди: “Нечта киши эшитди?”

Шогирд ҳаяжон билан жавоб берибди: “Йигирма бешта!”

Устоз юрагини чангаллаганча инграбди: “…яна йигирма бешта душман пайдо бўлибди-да…”

Салгина лоф қилиб айтадиган бўлсам, олтмишни ортда қолдирган кезларида ҳам олтмиштача мавзу устида ишлаётган, хорижий давлатларда ҳам ўзбек журналистикасининг довруғини дунёга таратаётган профессор Файзулла Мўминовни ортиқча мақташдан тилимни тийганим маъқул. Тилагим, юз билан юзлашганда ҳам “Ф+Ф=фан фидойилари!” формуласи ҳаётларининг мазмуни бўлиб қолаверсин.

 ма3

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети

Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси

доценти, филология фанлари номзоди, “Олтин қалам” мукофоти совриндори

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>