Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш орқали пухта билимли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Лекин бугунги кунда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда бир қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, кейинги йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Бу ҳол манфаатдор жамоатчиликнинг, айниқса, ота-оналарнинг тест синовларини ўтказиш жараёнларига ҳақли равишдаги эътирозларини келтириб чиқармоқда ва ҳар йили уларнинг ушбу масала юзасидан қарийб 4 мингдан зиёд асосли мурожаатлари келиб тушмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кириш тест синовлари топшириқлари ва уни ўтказиш талаблари қобилиятли ёшларни олий таълимга қабул қилиш мезонларига тўла жавоб бермайди. Айниқса, ижодкорлик ва индивидуал маҳоратни талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига иқтидорли ёшлар ўрнига, ушбу соҳаларда етарли иқтидорга эга бўлмаган ёшлар тест синовлари орқали ўқишга қабул қилинмоқда.

Республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқиш тақозо этилмоқда. Зеро, бугунги кунда тест синовлари натижалари 2000 йилда харид қилинган 4 та оптик сканер орқали чиқарилиши, тест материалларини чоп этишга мўлжалланган офис техникаси (принтер ва компьютерлар) маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскириб кетганлиги оқибатида тест синовлари натижалари қарийб 15-20 кунга чўзилиб эълон қилиниши бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган кириш тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади)нинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш (кейинги ўринларда олий таълим муассасасига қабул қилиш деб аталади) бўйича кириш тест синовларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш;

кириш тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш;

абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишни кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириш.

2. Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари ҳамда унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларидаги Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилишини, тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларига имконият яратилишини таъминласинлар.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

тест синовлари ўтказиладиган бино ва павильонларни зарур мебеллар (стол, стул, доска ва бошқа зарур воситалар) билан жиҳозланишини;

Давлат тест марказининг ҳудудий вакиллари учун зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган алоҳида хона ажратилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда катта сиғимдаги биноларни тест синови жараёнини видеокузатувлар орқали онлайн тизимида кўрсатиб ўтказиш учун зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланишини таъминласинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

тест материалларини тайёрлаш ва тест синовлари натижалари ўз вақтида эълон қилинишини таъминлаш мақсадида Давлат тест марказига замонавий моддий-техник воситалар ва жиҳозлар харид қилиш учун 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин;

Давлат тест марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ҳисобига бир ой муддатда Давлат тест маркази ҳузурида Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасини ташкил этсин. Бунда Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилиши белгилаб қўйилсин:

Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида Давлат тест маркази ходимларининг малакасини ошириш;

Давлат тест маркази ходимларини моддий рағбатлантириш.

5. Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва унинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республикада амалга оширилиши режалаштирилаётган “Хавфсиз шаҳар” тизимини яратиш дастури доирасида тест синовлари жараёнини ёритиш мақсадида шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар, мониторлар ва йиғма павильонларни харид қилсин ҳамда уларни давлат мулки сифатида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминласин.

7. Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Давлат тест марказининг ходимларнинг чекланган сони 150 нафар бўлган янгиланган тузилмасини тасдиқлаш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорини бир ой муддатда қабул қилсин.

9. Давлат тест маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М.М.Каримов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 ноябрь

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ 

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган абитуриентлар сони кескин ортиб бормоқда. Йилдан-йилга ўсиш ўртача 10 фоизни ташкил этиб, хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 минг нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда олий таълим муассасаларига 810 мингдан ортиқ абитуриентнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши мос равишда аудитория назоратчилари сонининг ва тест материаллари ҳажмининг ортиб боришига ҳамда тест синовларини ўтказишга салбий таъсир кўрсатиб, қатор муаммоларни юзага келтирган. Жумладан, аудитория назоратчиларининг тест синовларини ўтказиш бўйича етарли амалий кўникмаларга эга эмаслиги ҳамда уларнинг жавобгарлик даражалари аниқ белгиланмагани, тест синовлари учун танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши мавжуд талабларга жавоб бермаслиги, биноларнинг олий таълим муассасалари бош штабидан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашгани, биноларнинг шахсни аниқловчи фото ва видео қурилмалари, тест синовларида фойдаланиши ман этилган воситаларни аниқловчи замонавий техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги, аудиторияларда видеокузатув камераларининг мавжуд эмаслиги тест синовларини ўтказиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ва уни назорат қилиш сифатининг тушиб кетишига олиб келган.

Бундан ташқари, тест синовларини ўтказишнинг амалда бўлган тартиби тест натижаларини қисқа муддатда ҳисоблаб чиқариш имконини бермаган.

Юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликлар олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича ўтказилган тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини етарли даражада таъминлаш имконини бермаган ва оқибатда абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари эътирозларига сабаб бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори қабул қилиниши юқорида қайд этиб ўтилган муаммоларнинг ўз ечимини топиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қарорга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши ва тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилиш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ҳамда унинг ҳудудида қўшимча йиғма павильонлар ўрнатилиб, улардан самарали фойдаланган ҳолда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса Олимпия захиралари коллежлари ёки жойлардаги бошқа муассасаларнинг катта сиғимдаги биноларида, тест жараёнининг ошкора ва шаффофлигини таъминлаган ҳолда, видеокузатувлар орқали онлайн тизимда жамоатчиликка, шу жумладан, абитуриентларнинг ота-оналарига кўрсатиб ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Тест синовларини ҳавфсиз ўтказиш ҳамда тест синовлари жараёнида учрайдиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, тест синовлари жараёнини онлайн ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар, мониторлар ва йиғма павильонларни республикада амалга оширилаётган “Хавфсиз шаҳар” тизими доирасида харид қилиниши ва уни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлаш вазифаси белгиланди.

Шу билан бир қаторда, қарорда Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирликларига бир ой муддатда тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси топширилди.

Тест синовлари жараёнларини мунтазам ривожлантириб бориш, тест топшириқларининг сифатини ошириш, тестология фани бўйича хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни амалда татбиқ этиш мақсадида илғор хорижий ўқув ва илмий муассасаларда мутахассислар малакасини доимий ошириб бориш ҳам қарорда ўз аксини топган.

Қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажаришни таъминлаш мақсадида Давлат тест марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда) ҳисобидан Давлат тест маркази ҳузурида «Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси»ни ташкил этилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Мазкур жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилиши назарда тутилган:

Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида Давлат тест маркази ходимларининг малакасини ошириш;

Давлат тест маркази ходимларини моддий рағбатлантириш.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади ҳамда олий таълим муассасаларига ўқиш учун билимли, иқтидорли ва муносиб номзодларни танлаб олишга замин яратади.

 

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>