Саратон (Рак) — ҳаёт синовлари

Бошидан ўтказган – табиб, деган ҳикмат бежиз айтилмаган.

Саратон (Рак) дардига ким, қачон, қай тариқа чалиниб қолишини билмай қолар экан. Шукрки, инсонларни бу дарддан халос этиш учун шифокорлар, соҳа мутахассислари муттасил изланишлар олиб боришмоқда ва албатта, муайян ютуқларга ҳам эришилмоқда.

Бу дарддан сесканманг, билъакс, бошидан ўтказганларнинг сўзларига қулоқ солсангиз, ўзингиз учун кўп фойдали фикрларга эга бўласиз. Яъни, ўша дарддан йироқ юришингиз учун ўзингизга керакли маълумотларни олишингиз мумкин. Қуйида турли манбалардан олиниб, эътиборингизга ҳавола этилаётган мақолаларни эътибор билан ўқисангиз, ўша дардлардан йироқроқ юришингиз учун ўзига хос тавсияларга эга бўласиз.

Энди ўзимизнинг гаплардан гурунглашайлик.

Тошкентдаги (Беруний метросидан сал нарида жойлашган) республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази – жонга жон бахш этгувчи маскан экан. Шу сиҳатгоҳга бош суқуб кўрган куним бир ҳолдан жуда таажжубландим; метро бекатларида йўловчилар эрталаб ё кечки пайт қанчалик тирбанд бўлса, бу ердаги беморлар ҳам ундан кам эмас-а…

Бундан ҳам антиқа ҳол шуки, кўча-кўйда, маҳалламизда таниш-нотаниш қанча одам билан ҳамсуҳбат бўлмайин, ўша касаллик ҳақида сўз очсам, ё ўзи, ёки бошқа бирор яқин кишиси бу дарддан қандоқ азият чеккани ва жонга жон шифокорлардан қандоқ даво топгани ҳақида эшитиб ҳайратга тушаман.

Наҳотки, ўзим отдек гижинглаб юрган пайтларим бу дарддан шунча киши азият чекишини ҳатто сезмаган бўлсам… Қўрққанга қўш кўринар, деганларидек, балки улар кўзимга жуда кўпдек кўринаётгандир… Уни мутлақо ҳис этамаган пайтларим чиндан ҳам бундай беморлар анча-мунча эканини билмагандирман. Тани бошқа – дард билмас, дегани шу-да…

Худога шукр, жамиятимизда соғлом кишилар кўп! Бироқ, дардини ичига ютиб юрган, асло нолимайдиган иродали одамларни ҳам тушуниш қанчалик зарур эканлигини ҳис этдим.

Жарроҳлик операциясидан кейин ноёб дорилар ичишга тўғри келаркан. Бу дорилар таъсирини билиш, ташхис қўйдириш учун шифокор кўригига келиш керак. Қачон бу кўрикка келсангиз узундан-узун навбатда туришга тўғри келади. Табиийки, вақт ўтиши учун ўзингизни овутиб, навбатда турганлар билан суҳбат қиласиз. Шундай суҳбатда бир қизнинг гаплари эътиборимни тортди:

– Онам шу дард туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган,– деди у умид билан.– Президентимиз халқ билан мулоқот орқали оиламиз аҳволидан хабар топгач, 3 хонали уй ҳадя қилди. Бу онажонимнинг руҳиятига яхши таъсир қилиб, анча соғая бошлади!

Дардига даво топаётганлар билан суҳбатлашсангиз, мамлакатимизда бу дардга қарши жиддий кураш давом этаётгани, замонавий шифохоналар бунёд этилаётгани, энг ривожланган давлатлардан шу касалликни тўғри аниқлаб бера оладиган ноёб жиҳозлар келтирилаётгани ва ишга тушурилаётгани ҳақида кўп янгиликлардан бохабар бўласиз.

о1

Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази онкоуралогия бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Нодир Раҳимов яқинда шу соҳада навбатдаги диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, фан доктори илмий даражасини қўлга киритди. Унинг бу ютуғидан кўпроқ беморлар хурсанд. Негаки, чинакам инсонпарвар, ширин сўз, теран фикрли бу фан доктори дардингизга қанча шифо топса, шунча яхши-да!

Тажрибали врач Нодир Раҳимовнинг сўзларини тинглаган бемор бир зумда ўша дардидан холос бўлгандек ҳис этади ўзини. Тиббиёт соҳаси билан бир қаторда адабиётни ҳам яхши билган шифокорнинг айтишича, машҳур рус ёзувчиси Александр Исаевич Солженицин (1918-2008) ҳам бир пайтлар айнан саратон касалига дучор бўлиб, Тошкентда, мана шу шифохонада даволанган экан. Буюк адиб шу тариқа 1963-1966 йилларда “Раковый корпус” қиссасини яратган!

– Шунча дардни мардона енгиб, ўлмас асарлари билан жаҳон адабиётида ёрқин из қолдирган матонатли адиб кам эмас – 90 баҳорни кўришга муваффақ бўлганини барча беморларга ибрат қилиб кўрсатгим келади,– дейди шифокор ҳар бир беморга далда бериб.– Бу дардга чалинганлар асло тушкунликка тушмасдан, шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилса, узоқ умр кўриши мумкин, албатта.

Бир мушоҳада, ёзувчи Солженицин даволанган пайтдан буён ўтган давр мобайнида тиббиётимиз қанчалик ривожланди! Юртимиз мустақилликка эришганидан буён қанча тараққий этган давлатлардан энг замонавий жиҳозлар келтирилди, шифокорларимизнинг малакалари шунга яраша қанчалик ошди! Демак, бугунги замонавий тиббиётимизга умид билан қараб, яшашга интилиш ва яна интилавериш лозим!

Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази Тошкент шаҳар филиалида шу тоифадаги беморлар учун яратилган қулайликларни кўриб, енгил тортасиз. Бу масканда ҳам эрта-ю кеч дардига даво истаб келаётганларнинг кети узилмайди.

о2

Мазкур шифохонага қарашли поликлиникада тажрибали шифокор Шерали Юсупов ҳам беморлар қалбига йўл топишда тиббиёт фанлари доктори Нодир Раҳимовдан қолишмайди. У ҳар бир бемор билан суҳбатлашар экан, касби кори ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда жўяли, ғоят сермазмун сўзлари билан қалбини забт этаверади. Беморнинг қалбига ёрқин йўл топиб, унга гўзал ҳаёт бахш этаётгандек таассурот қолдираверади.

– Касал эканман, дея тушкунликка тушган одамнинг тузалиши жуда қийин кечади,– дейди тажрибали шифокор.– Беморнинг биринчи табиби – унинг ўзи ҳисобланади. Қай бир бемор аввало ҳаётга умид билан боқиб, мен соғломман, бу арзимас дардни енгишга қодирман, деган ирода билан яшаса ва келажак сари умид билан интилса, албатта узоқ яшаш бахтига мушарраф бўлаверади.

Бу бетакрор шифокорларни ҳақли равишда буюк ҳаким Абу Али ибн Сино издошлари, муносиб ворислари, дегинг келади. Шундай ажойиб шифокорлар бор экан, саратон балоси даф бўлаверишига умид қилса бўлади.

Суҳбат ўз йўлига, албатта.

Қадрдон замондошларимиз, азиз дўстларимизнинг бу дардга ҳеч қачон гирифтор бўлмасликларини яратганнинг ўзидан тилаган ҳолда бир-иккита фикримизни баён этмоқчимиз.

Биринчиси, вақти-вақти билан ўзингизни текширтириб, тиббий кўрикдан ўтиб туринг. Худо сақласин, мабодо, шунақа дардга чалинган бўлсангиз, вақтлироқ олдини олиш имкониятлар бор экан!

Иккинчиси, қуйида тақдим этилган мақола-ю маълумотномаларни эътибор билан ўқиб чиқинг ва шифокорлар, мутхассислар тавсияларига амал қилинг.

Жонингиз соғ, бошингиз омон бўлсин, азизлар!

Дониш домла

***

Саратон (Рак) ҳақида ҳамма билиш керак бўлган фактлар

Саратон ҳақида фактлар
Medlife.uz

Саратон ҳақида гапирадиган бўлсак, у анчадан бери ер юзида тарқалган касалликлар ичида 2-ўринни эгаллаб турибди. Бу хавфли ва кўпинча ўлимга олиб келадиган дард. Ҳозиргача ҳам қийинчилик билан даволанади, охирги босқичларида эса умуман давосиз. Бу дард ҳақида ҳамма билиши керак бўлган фактлар.

Саратон турлари тўғрисида билмоқчи бўлсангиз бу ерда тўлиқ маълумот

Саратон ҳақида фактлар

1. 50 % саратон касалликларини олдин олиш мумкин.

Саратон касалликлари олиб келган ўлимларни деярли ярмини олдини олиш мумкин эди. Фақат 2015-йилнинг ўзида саратондан 1.6 млн киши вафот этди. Эрта ташхис қўйилганда уларнинг ярмини ҳаёти сақлаб қолинган бўларди.

2. Ном битта – саратон (рак), касалликлар эса жуда кўп.

Саратон – бу юзлаб касалликлар учун умумлаштирилган исмдир.

Саратон ҳақида гапирилганда аслида хафвли ўсмаларнинг биттагина тури – картсинома назарда тутилади. Тиббиётнинг бутун бир соҳаси онкология бу касалликларни ўрганади

3. Саратон ва генетика

Фақат 5% гина саратон касалликлари ирсий алоқага эга яъни авлоддан-авлодга ўтиши мумкин. Шунинг учун ҳам кимдир саратон кўпинча ирсий табиатга эга бўлади деса ишонманг. Агар аждодларизда саратон бўлган бўлса бу сизда ҳам ўсма пайдо бўлади дегани эмас.

4. Чекиш ва саратон ҳақида

Ким нима деяверсин, лекин ҳақиқатдан ҳам 90% ҳолатда ўпка саратони сабабчиси чекиш бўлиб чиқади. Тўғри чекмайдиган одамлар ҳам касалланиши мумкин, фақат чекувчиларга нисбатан анча кам эҳтимол билан. Чекишни ташлаганига 10 йиллар бўлган бўлса ҳам, дард 55-60 ёшли инсонларга кўпинча ёшлик ҳатоларини эслатиб қўяди.

5. Уйқусизлик ва саратон

Инсон уйқусиз узоқ яшай олмайди. Тунги уйқу 6 соатдан кам бўлса уйқусизлик деб аталади. Соғлом уйқу касалликни олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Уйқусизлик тўғри ичак саратони билан касалланиш эҳтимолини анчагина оширади. Ундан ташқари изланишлар кўрсатишича тунги навбатчиликда ишлаётган одамларда саратон билан оғриш даражаси юқорироқ бўлар экан.

6. Ҳаттоки боллалар ҳам саратон билан оғрийдилар.

Ҳозир бу билан ҳеч кимни ҳайрон қолдира олмайсан, лекин илгари болалар саратон билан жуда кам касалланар эдилар. АҚШдаги маълумотларига қараганда ҳар куни 40 га яқин болага ёмон ўсма ташхиси қўйилади. Бунга сабаб экологик ўзгаришлар. Болалар она қорнидаёқ пестидсидлар ва озиқ-овқат таркибидаги консервантлар, қўшимчалар билан заҳарланиб келмоқда.

7. Ривожланган давлатларда саратон кўпроқ тарқалган.

Бунга сабаб шаҳарлар аҳолисининг ҳаёт тарзи ва экологик бузулишлар. Бугуннга келиб саратон йилига сил ва ОИТС дан ҳам кўпроқ инсон ўлимига сабабчи бўлмоқда. Дунйодаги ҳар 8 та ўлимдан биттаси саратон ҳақида эслашга мажбур қилмоқда.

8. Саратон узоқ муддат белгиларсиз ривожланиши мумкин

Ўпка, тухумдон, тўғри ичак саратонлари узоқ муддатгача ҳеч қандай симптомларсиз кечиши мумкин. Касаллик аниқланганда эса кеч бўлган бўлади. Шунинг учун 50 ёшдан ўтганда доимий равишда кўрикдан ўтиб туриш зарур.

9. Эмизикли аёллар кўкрак бези саратонига учраш хавфи камроқ

Доимий сут билан эмизиш аёлларда гормонал ўзгаришларга тўсқинлик қилиб саратон олдини олади. Ҳозирги кунда кўкрак бези саратонини аёллар орасида кенг тарқалиш энг асосий сабаблари:

  • Кўкрак билан эмизишдан бош тортиш.
  • Кеч фарзандли бўлиш ва камфарзандлилик.

https://medlife.uz/onkologiya-uz/saraton-haqida-faktlar-kirillchada/

***

Саратон касаллиги турлари, кўп учрайдиган кўринишлари

Saraton kasalligi turlari. Oq qon

Оддий одам учун бу дард ўлим ҳукми билан баробар. Лекин аслида саратон касаллиги турлари жуда ҳам хилма-хил бўлади. Унинг бази турлари осонликда аниқланади ва самарали даволанади. Касаллик тўғрисида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, у ҳақида ҳамма билиши керак бўлган фактлар ҳақида ўқинг.

Саратон касаллиги турлари

Тиббиёт фанида онкологик касалликлар қайси аъзоларда учрашига қараб гуруҳларга бўлинади. Умуман олганда саратон деб фақат эпителий ҳужайрларда учрайдиган ўсмаларга айтилади. Хавфли ўсмаларнинг бошқа турлари масалан мушаклар ҳамда суякларда учрайдиганларига саркомалар деб аталади. Лимфомалар эса лимфа тугунларини шикастлайди.

Ўсма 2 хил бўлиши мумкин яхши ҳамда ёмон. Яхшилари барқарор, ўзгармайди атрофи ўзи ўсиб чиққан тўқима билан қопланган. Энг мухими кўпайиб организм бўйлаб тақалмайди, улар хавфсиз. Ёмон ўсмалар эса кўпайиб атрофдаги тўқималарни эгаллаб олади, метастазлар (бўлакларга бўлиниб тарқалиш) беради. Улар ўта хавфли.

Саратоннинг энг кўп учрайдиган кўринишлари

Бугунги кунга келиб касалликнинг 10 та тури энг кўп учрайди. Шулардан 8 таси одам аъзоларини, 2 таси эса қон ва лимфа аъзолар тизимини шикастлайди. Улар қуйидагилар.

 Кўкрак бези саратони, ҳаммасини эрта ташхис халқ қилади

Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ҳар йили 1.5 миллион аёлларга бу диагноз қўйилади. Ўтган асрларда асосан қари ёшдаги аёллар оғриган бўлса, эндиликда борган ёш аёллар ҳам бу дардга чалинмоқда. Бу қўрқинчили дард лекин давоси бор, қанча эрта ташхис қўйилса шунча яхши.

Кўкрак бези ўсмаси келиб чиқиш сабаби шифокорларга ҳозирча номаълум. Экология ва ирсият муҳим роль ўйнаши аниқланган. Қишлоқ аёллари шаҳар аёлларига нисбатан 30% камроқ касалланади.

Саратон 4 босқичда боради. Агар касаллик 1-босқичда аниқланса 5-йил ичида яшаб қолиш имконияти 94%, 2-босқичда аниқланса 79%. 4-босқичда аниқланган ўсмани деярли даволашнинг иложи йўқ, бунда шифокор фақат бемор аҳволини енгиллаштиришга ҳаракат қилади. Касалликни ўз вақтида аниқлаш, унинг аломатларини олдиндан пайқаб мутахассисга мурожаат қилиш инсон ҳаётини сақлаб қолади.

Ракни даволашда 5 йил давомида яшаб қолиш кўрсаткичи деган тушунча кенг ишлатилади. Бу кўрсаткич қанча юқори бўлса, шунча тузалиб кетиш эҳтимоли юқори бўлади.

Даволаш усуллари:

  1. Жарроҳлик йўли билан. Бу даволлашнинг асосий усулларидан бири. Ўсманинг ўчамларига қараб кўкрак бези сақлаб қолиниш ёки бутунлай олиб ташланиши мумкин. Буни даволовчи шифокор ҳалқ қилади.
  2. Кимётерапия. Ҳар хил кимёвий дорилар қўлланилади. Кўпинча операциядан олдин ёрдамчи восита ёки жарроҳликдан сўнг касаллик қайталамаслиги учун ишлатилади. Одатда 3-6 ой мобайнида қўлланилади. Ниҳоятда организмга заҳарли таъсир кўрсатади. Қон ҳосил бўлиш, иммунитет жараёнларини бузулишига, соч, қош-киприкларни тўкилишига оиб келади.
  3. Радиотерапия ёки нур терапияси. Бу усулда ўсимта кучли рентген апаратига ўхшаш асбоблар борқали нурлантирилади. Бу ёрдамчи усул дард қайталамаслиги учун жарроҳликдан сўнг ёки олдин операцияга тайёрлаш учун тайинланади. Кимётерапиядан фарқи унчалик заҳарли эмас, лекин мураккаб ҳар доим ҳам тайинлаб бўлмайдиган усул.

Буйрак саратони

Ҳар йили касалликнинг бу тури билан 190000 киши оғрийди, 90000 дан кўпроқ киши ўлим топади. Узоқ муддатгача кимётерапия препаратларига таъсирчан эмас деб хисоблаб келинган. Хозирда тадқиқотчилар борган сари даволашда яхши натижаларга эришиб келмоқда. Ўсма 1-босқичда аниқланса ҳар 10 та бемордан 9 таси яшаб кетади. Охирги 4-босқичда аниқланган ўсмани эса енгиб бўлмайди.

Тўғри Ичак ўсимтаси

Ичакни шикастлайдиган саратон турлари ичида бу ўсмалар ўзини узоқ муддат 20-25 йил ўсишига кўра бошқалардан ажралиб туради. Баъзида янги хавфли хосилалар полиплардан ривожланади. Полиплар тўқималарнинг шиллиқ қаватлари устидан аномал ўсиб кетишидир. Улар деярли ҳар 2 та одамдан биттасида бор. Лекин кўпчилик уларга эътибор бермайди. Полипларнинг 10 % камроғи хавфли ўсмаларга айланди.

Полиплар ҳақида тўлиқроқ ўқимоқчи бўлсангиз, бу ерда.

Лимфома – саратон касаллиги турлари ичида энг мураккаби

Лимфа тугунлари организмда ҳар хил чиқиндилардан, айниқса вирус бактериялардан тозаловчи фильтр вазифасини бажаради. Улар овал формада бўлиб, бутун организм бўйлаб жойлашган. Лимфа тугунлари лимфа томирлари билан бирлашиб мураккаб тизим ҳосил қилади. Лимфома ҳам мураккаб касаллик, турли туман кўринсиҳларга эга. Уларнинг ичида Ходжкин ва Неходджкин лимфомалари айниқса хавфли.

Ўпка саратони шафқатсиз

Саратон касаллиги турлари ичида инсоннинг энг бешафқат қотили. Асосий сабаби тамаки махсулотларини чекиш ҳисобланади. Кўпроқ 55-60 ёшдаги одамларда учрайди. Ўпка мураккаб тузилгани ва ўсма тез ривожланганлиги сабабли эрта ташхис қўйиш қийин. Охирги босқичларида эса аллақачон ҳаммаси кеч бўлади. 2010-йилнинг ўзида 175000 дан зиёд одам умрига зомин бўлган.

Простата бези ўсмаси.

Агар касаллик эрта аниқланса, ўсма бездан ташқарига чиқмаган бўлса 95% ҳолларда муваффақиятли даволанади. Лекин ўсманинг хавфли томони белгиларсиз узоқ муддат кечиши. Катта ёшдаги эркаклар тез-тез уролог кўринишидан ўтиб туриш керак. Ундан ташқари бовул қилишга кўп чиқиш, сийдик ва спермада қон бўлганда тезда шифокор мурожат қилиш зарур.

Қалқонсимон без ўсмаси деярли безарар.

Бу турдаги ўсмалар яхши ҳамда нисбатан осон даволанади. Кўпинча уни томоқда шиш пайдо бўлганда ёки беморнинг ютишга қийналаётганлиги тўғрисидаги шикоятидан сўнг аниқланади. 95 % ҳолатда ўсма атрофдаги тўқималарга хавф солмайди. Фақатгина 5 % ҳолларда тажавузкор, ёмон ўсимталар учрайди.

Қон саратони – Лейкоз, оқ қон.

Оқ қон икки хил формада учрайди.

  • Ўткир ва тез тарқалувчи.
  • Сурункали секин тарқалувчи.

Сурункали формалари тўғри даволанса касалликни назоратга олиш мумкин. Касалликнинг бундай формасига йўлииқан беморлар шифокорлар ёрдами билан 10 йиллар мобайнида яшаш имкониятига эга. Ҳозирги кунда жуда кўп беморлар сурункали лейкозга қарши курашиб яшаб келмоқда.

Сийдик пуфаги ўсимтаси

Сийдикдаги қон сийдик пуфаги саратони асосий ва биринчи симптоми. Кўпроқ эркакларда учрайди. Пайдо бўлишига асосий сабаб сийдик таркибидаги заҳарли моддалар, сийдик қопи деворини емиради. Сийдикка заҳарли моддалар тамаки маҳсулотларидан, автомобиль газларидан ўтиш мумкин. Янги ишлаб чиқарилган препаратлар анча самарали таъсир кўрсатмоқда.

Тери саратони.

Саратон касаллиги турлари ичида тери меланомаси алоҳида аҳамиятга эга чунки, беморнинг ўзи теридаги ўзгаришлаарнинг олдиндан пайқаб қолиш мумкин. Айниқса холларга, терининг ранги тасодифан ўзгарган соҳаларга эътибор бериш керак.

Қуйидаги белгиларга эътибор бериш лозим.

  • Ассиметрия (холнинг бир бўлаги иккинчи бўлагига тўғри келмайди)
  • Холнинг четлари но текис
  • Алоҳида олинган холнинг ранги бошқа холлар рангидан фарқ қилади.
  • Диаметри 6 мм дан катта.

Тери ўсмалари ичида меланомлар тез ўсишига кўра хавфли.

Онкология кундан-кунга ривожланиб бормоқда, шунга яраша даволаш усуллари ҳам такомиллашябди. Ҳозирги кунда саратон илгаригидек умидсиз, тузалиб кетишга имкониятсиз дард эмас.

Эътиборингиз учун раҳмат.

https://medlife.uz/onkologiya-uz/saraton-kasalligi-turlari-kirillchada/

***

Саратон эпидемиясининг сабаби маълум қилинди

Америкалик олимлар АҚШдаги ёшлар орасида саратон касаллигига чалиниш ҳолатлари кескин ўсганини аниқладилар. Салбий эпидемиологик вазият асосий сабаби семизликнинг тарқалишидир, дейилади MedicalXpress’даги матбуот учун хабарномада.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, 1995 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда 50 ёшгача бўлган аёллар ва эркаклар орасида кўпинча ортиқча вазн хавф омили бўладиган салбий ўсимталар кўпроқ пайдо бўла бошлаган. Шу билан бирга, кичикроқ ёш касалланишнинг нисбатан юқори даражаси билан боғлиқ бўлган. 45-49 ёшдаги кишиларда жигар саратони билан касалланиш эҳтимоли кўриб чиқилаётган даврнинг ҳар бир йили учун бир фоизга ошди, 30-34 ёш ва 25-29 ёшга етганлар учун эса бу кўрсаткич мос равишда икки ҳамда тўрт баробарга кўпайган.

Бундан ташқари, энг ёш миллениаллар орасида семизлик билан боғлиқ бошқа турдаги саратондан азият чекиш барча ёшдагилар орасида ҳам юқори бўлган. Буйрак саратони билан касалланган беморларнинг сони 6,23 фоизга, ўт пуфаги саратони — 3,71 фоизга, қовуқ саратони — 3,35 фоизга ва ичак саратони — 2,41 фоизга ўсди.

Олимлар сўзларига кўра, семизлик салбий ўсимталар пайдо бўлишининг энг осонлик билан олдини олиш мумкин бўлган сабаб ҳисобланади. АҚШда 12 та саратон ҳолатидан тахминан биттаси ортиқча вазнга алоқадор, Буюк Британияда эса — 20тадан биттаси. Шу билан бирга, АҚШнинг 20-49 ёшдаги фуқаролари ярмидан кўпи мева, сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларни кам ейишади ҳамда фастфуд, ширин ичимликлар ва тузни кўп истеъмол қилишади.

https://kun.uz/49296163

***

Aспирин қабул қилиш саратонга чалиниш хавфини камайтириши аниқлади

05.09.2018 | Тиббиёт | 2776

Ярим йил мобайнида мунтазам равишда кичик дозаларда аспирин қабул қилиш саратонга чалиниш хавфини сезиларли даражада, унинг баъзи турларини хавфини эса 50 фоизга  камайтиради. Бу ҳақда Хитойнинг Гонконг университети ўтказган тадқиқотларга асосланиб BBC хабар бермоқда.

Узоқ йиллар мобайнида ўтказилган тадқиқотларга 600 минг киши жалб этилди. Текширувлар эса аспирин айниқса ҳазм қилиш тизимида учрайдиган онкологик касалликларида самарали эканлигини кўрсатди. Мазкур медикаментни қабул қилиш натижасида жигар ва қизилўнгач саратонига чалиниш эҳтимоли 47 фоизга, ошқозон саратонига чалиниш эҳтимоли 38 фоизга, ошқозон ости бези саратони хавфи 34 фоизга, тўгри ва йўғон ичак саратонига чалиниш эҳтимоли 24 фоизга камайган.

«Узоқ муддат давомида ҳар куни 80 миллиграмм аспирин қабул қилиш ҳазм қилиш тизимида учрайдиган саратон касалликлари хавфини камайтиради. Худди шундай хулосани бошқа турдаги саратон касалликларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Хусусан, аспирин қабул қилиш лейкемия, ўпка саратони, простати бези саратонида самарали ҳисобланади», — дейди Гонконг университети профессори Келвин Цой.

Бироқ шундай онкологик касалликлар борки, уларга аспирин таъсир қилмайди. Кўкрак бези саратони, буйрак ва қовуқ саратони шулар жумласидандир.

https://sof.uz/news/show/17400-aspirin-qabul-qilish-saratonga-chalinish

 

You may also like...

8 Responses

  1. Assalomu aleykum ustoz. Ushbu maqola Respublika Onkologiya Ilmiy markazidagi ish faokiyatimni esga soldi. O’sha davrlarda ko’plab bemorlar bilan suhbatlashganimda to’rt mucham sog’ ekanligiga shukur qilar edim. Hozirgi paytda ham bemorlarim bilan telefon orqali gaplashib turaman. Ularning ahvoli yaxshi ekanligini eshitib xursand bo’laman. Kuzatishlarim natijasi sifatida xulosa o’rnida shuni ayta olamanki, ushbu dardni hech kimga ravo ko’rmayman. Hattoki, dushmanimga ham…

  2. Uzr ustoz texnik nosozliklarga ko’ra faoliyatim so’zida l ning o’rniga k harfi ketib qolibdi

  3. Умуртка нерв тукималарига якин булган хавфли гемангиома хакида маьлумот бера оласизларми

  4. Ассалому алайкум!Менинг онаизорим мана шу дарддан азият чекаяпди огриклари кучли онамни дардига кандай шифо топишни эса билмайман.Жорий йилнинг 28-29-30 июнь кунларида химиятерапия муолажасини олгандан сунг шифокорлар уйга жавоб беришган эди.Хозирда онамнинг огриклари жуда кучайган.Шифокорлар онамга нур бериш кераклиги айтишди,химия олгандан сунг 15 кундан кейин Тошкентга нур олиш учун бориш кераклиги айтишди аммо хозирда онамнинг огриклари жуда хам кучайган бунга кандай чора куриш пуикинлиги тугрисида маслахат бесангиз!Онамда белида гридаси хам бор,сахири хам бор.

  5. Кандай чора куриш (пуикинлиги) мумкинлиги сузи хато кетибди узр

  6. Ассалому алайкум мен якинда кузимни олдидан хол олдирдим хозир усти кизариб тортишиб гохида симиллаган огрик буляптими маслахат беринг кимга учрашай

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>