Сиртқи ва кечки таълим кадрлари

2016 йил охирларида «Ҳаракатлар стратегия» Тўртинчи устувор йўналиши

муҳокамасида «Олий ўқув юртларида сиртқи ва кечки таълим йўналишини тиклаш зарур»лиги ҳақидаги таклифимизни кенг жамоатчилик қизғин қўллаб-қувватлаган эди. Аслида бу ҳаётбахш таклифни далатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларида илгари сургани айни муддао бўлган! Мана шу улуғ ғоялар самараси илгари қандоқ бўлган эди? Бир пайтлар ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетининг сиртқи ва кечки бўлимларини тамомлаганларнинг кўпчилиги ютук кадрлар — публицистлар, адиблар, шоирлар, ноширлар, телерадиоюлдузлар бўлиб камолга етдилар! Ҳақиқат қуёши яна қайтадан порлаб универистетимизда сиртқи ва кечки бўлимлар қайтадан тиклангани айни муддао бўлди. Бу, яна улуғ сиймоларни етиштириш учун имкониятлар эшиги қайтадан очилди, дегани! Илоҳим, шу улуғвор ишлар, саъй-ҳаракатларимиз бардавом бўлаверсин.

Марҳамат, Журфакнинг кечки бўлимида камолга етган улуғ адибимиз фаолиятига бир назар солинг.

Журфак «Уч илдиз» маҳорат мактаби

Тоҳир Малик

Тоҳир Малик (Тоҳир Ҳобилов) 1946 йилнинг 27 декабрида зиёли оилада дунёга келди.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети кечки бўлимида ўқиди. Қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлади. Кейинчалик ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида адабий ходим, бўлим бошлиғи вазифаларида ишлади (1966).

Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Республика радиосида, “Чўлпон”, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилди. 1995 йилдан буён Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўзбек тилидан дарс беради.

Ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига айнан талабалик йилларида қўл урди; бир қатор асарлари китобхонлар эътиборини ўзига тортди. “Ҳикмат афандининг ўлими” (1972) асари ўзбек адабиётида фантастика йўналишидаги биринчи қисса саналади. Шу йўналишдаги бир қатор ҳикоялари, “Фалак” (1976), “Заҳарли ғубор” (1978), “Сомон йўли элчилари” (1979), “Тириклик суви” (1984) қиссалари, “Девона” романи (1985, дастлаб “Чорраҳада қолган одамлар” номида нашр этилган), “Қора фаришта” (2005) китоби чоп этилди; бу асарлар рус ҳамда бошқа хориж тилларига таржима қилинди.

Адиб ХХ аср бошларидаги ўзбек зиёлилари фаолиятини ўрганиб, Абдулла Авлоний ҳаёти мисолида “Савоҳил” (1987, аввал “Қалдирғоч” номида нашр этилган) романини ва Мирзакалон Исмоилий хотирасига атаб “Озод инсон ҳақида қўшиқ” (2008) қиссасини ёзди. Бу мавзу кейинчалик “Сўнгги ўқ” (1990), “Ов” (1997) қиссаларида давом этди. “Сўнгги ўқ” асосида етти қисмли телефильм яратилди. Унинг маънавият масалаларига, ахлоқий қадриятларга бағишланган “Бир кўча, бир кеча” (1988), “Иблис девори” (2006), “Энг кичик жиноят” (2007) асарлари ҳам китобхонларга манзур бўлди. “Иблис девори” асосида бадиий фильм суратга олинди. Адиб инсоннинг маънавий-руҳий оламини тадқиқ этишга кўп эътибор қаратди. Бунинг самараси ўлароқ “Жиноятнинг узун йўли” (2001), “Аёвсиз илон” (2009), “Ақл ва Оқил” (2010), “Келинлар дафтарига” (2010), “Тилингни асра”, “Меҳмон туйғулар” маърифий асарлари ҳамда уч китобдан иборат “Одамийлик мулки” (2012) асари дунёга келди.

Тоҳир Маликнинг яна “Алвидо… болалик” (1989), 5 китобдан иборат “Шайтанат” (1994,1995,1997,2001,2011), “Мурдалар гапирмайди” (1994), “Ёмонликдан йироқ бўлинг” (2001), “Талваса” (2007), “Тилла каламуш” (2007), “Вой, онажоним” (2009), “Соҳилсиз денгиз”, “Падаркуш” (2011), “Самум” (1-2 китоб, 2012–2013), “Чархпалак”, “Ҳаловат”, “Шайтанатнинг жин кўчалари”, “Номус”, “Куёв бола, сизга айтар сўзим бор” (2012), 12 жилдли “Танланган асарлар“, Муножот” (2013), “Умидлар дашти”, “Умидимиз юлдузларига” (2014), “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (1-2 китоб, 2015) каби роман, қисса, ҳикоялар, бадеалар китоблари нашр этилди.

Адиб таржимон сифатида “Ташналик” (булғор ҳикоялари, 1980), Э. Амитнинг “Капалак” (1981), А. Ҳакимовнинг “Оқсоқ бўри” (роман, 1981), Ф. Достоевскийнинг “Маъсума” (роман, 1985), В. Икскулнинг “Номус ва ажал” (2010), “Номус ва қасос” (2011), К. Гоццининг “Буғуга айланган қирол” (пьеса, 2011), Л. Толстойнинг “Сакраш” (1980) асарларини ўзбек тилига ўгирди. Айни пайтда адибнинг асарлари ҳам араб, рус, қирғиз, қозоқ, уйғур тилларига таржима қилинди.

Адиб қатор киносценарийлар ва радиопьесалар муаллифи ҳамдир.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 1996 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.


“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

http://uzas.uz/articles/1786/

You may also like...

2 Responses

  1. Лола Хожаниязова:

    Мен буюк адиб Тоҳир Малик иждоди олдида таъзимдаман. Халқнинг юрагига яқин ёзувчи бўлганлиги учун ҳам чин юрагимдан ҳурмат қиламан. Айни пайтда ўзим ҳам ТошДУнинг журналистика факультетини сиртдан тамомлаганман (1989 йил). Ҳозирги кунда Беруний туман «Халқ минбари» газетаси муҳарририман. Иш\ончим комил, журфакнинг сиртқи бўлимининг очилиши кўплаб ёш ижодкорлар учун имконият ва қулайлик эшикларини очади. Президентимизга ижод аҳли учун кўрсатаётган жуда катта эътибори ва ғамхўрлиги учун минг раҳмат!

    • Азиз Лолахон Хожаниязова! Сайтимиз Сиздан Журфак талабаларибоп мақолалар (маҳорат мактаби сифатида) кутиб қолади. Суратларингиз билан юборсангиз янаям яхши бўларди. (+998909120963 телеграмм орқали жўнатинг)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>