Талабалар Алишер Навоийдан сабоқ олдилар

Сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган кун – 9

февраль эрта тонгидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ўқув даргоҳларига мумтоз қўшиқлар садолари остида кириб келдилар.

а1 а2 а3

– Ҳар тонг талабаларни мана шундай мумтоз оҳанглар билан кутиб олиш ва вақти-вақти билан буюк аждодимиз Мир Алишер Навоий сабоқларини ёшлар қалбига сингдириб боришимиз ғоят муҳим аҳамият касб этади,– деди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўлими ҳамда маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров.– Юртимиздаги олий таълим муассасаларида улуғ мутафаккир аждодимиз меросини ўрганиш ва тадқиқ қилишга бағишланган конференциялар ўтказилаётган ва унда Англия, Озарбайжон, Туркия, Россия, Афғонистон, Франция, Қозоғистон, Ҳиндистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг етакчи университетлари профессорлари ўз маърузалари билан иштирок этишиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий тарбия устуворлигига тан бераётган бугунги кунда биз ҳам шунга яраша саъй-ҳаракатлар қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Университет бош биноси ва ҳар бир факультет ҳовлисига ўрнатилган радиокарнайлардан Алишер Навоий ғазаллари ижросида куйланган мумтоз ашулалар янграб турарди. Бу бетакрор оҳанглар оғушида завқ-шавқ ила аудиторияларга кирган барча факультетлар талабаларига биринчи дарс – “Алишер Навоий сабоқлари” мавзуида бўлди.

– Математика факультети талабалари бугун улуғ аждодимиз Мир Алишер Навоий меросини янада теранроқ англади, дилдан ҳис этди,– дейди факультет декани Насриддин Жабборов.– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек бўлғуси математиклар ҳам адаб илми саналмиш адабиёт фанини пухта ўзлаштиришлари, ўзбек адабий тилимиз асосчиси бўлган Алишер Навоий ижодини мудом ўрганиб боришлари ҳақида сўз юритар экан, “Агар огоҳсенсен, шоҳ сенсен” деган шоҳ сатрлари замирида оламча маъно мужассам эканлигини изоҳлаб берди.

Маърузачи «Sano-standard» нашриётида 2016 йили 10000 нусхада чоп этилган «Ибратли ҳикоятлар ва хислатли ҳикматлар» тўпламидан ўрин олган Алишер Навоийнинг «Хамса», «Насойим ул муҳаббат» ва «Лисонут-тайр» асарларидаги айрим ҳикоятларнинг содда насрий баёни, шунингдек, мутафаккир шоирнинг ҳикматли сўзлари маъноларига эътибор қаратди. Мазкур тўпламдан ўрин олган қуйидаги сатрлар мазмунини тушунтирар экан, уни талабаларга такрорлашни таклиф этди. Яъни:

 

Тухм (уруғ) ерга тушуб чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!

 

Талабалар бу сатрларни жўровозда такрор айтишар экан, борган сари унинг беқиёс мазмун-моҳиятини англаб бораётганини таъкидлашди. Ўша фикр ва хулосалар ҳосиласи: ҳар бир инсон ўзига ўзи мудом шундай савол бериб юрмоғи даркор: чечакка айланган гул уруғичалик, ипак яратган қуртчалик ғайрату ҳиммати бўлмаган одам – ўзини одам деб ҳисоблаши мумкинми?! Ахир биз мукаммал инсон бўлиб яралганмиз. Оёқ-қўлларимиз ҳар ишга қодир! Ақлни пешласак, тўғри ҳаракат қилсак, қанчалик наф келтирадиган одам бўлишимиз мумкин, деган ўй, фикр ҳеч биримизга тинчлик бермаслиги керак. Мана, пурмаъно сатрлардан олинадиган сабоқ!

***

а6

а4

а5

Ўша дақиқаларда Ижтимоий фанлар факультетида ўтказилган “Алишер Навоий сабоқлари” дарси янада сермазмун бўлди. Фалсафа фанлари доктори, профессор Мукаррам Нурматова ўз сўзида атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса, пайтаванинг салла бўлгани шу-да” деган мазмунда битилган шеърини ёдга олди.

Маърузада таъкидланганидек, Мир Алишер Навоий асарларининг мазмуни теран англаш инсон маънавий оламини бойитади. Маънавияти юксак инсон ҳеч қачон тубанлик ботқоғига ботмайди, ўғрилик, босқинчилик, порахўрлик, таъмагирлик, ғийбат қилмайди, она Ватанини, миллатини, иймонини сотмайди. Бундай иллатлардан ўзини йироқ тутади. Шу мезондан туриб қараганда, Алишер Навоий асарлари авлодларни комиллик сари чорлаётган эзгулик маёғига ўхшайди. Демак, бу маънавий хазинадан бебаҳра одам маънан қашшоқлигича, маърифат нурларидан бебаҳра зулмат ичра қолаверади.

– Мир Алишер Навоийнинг меросхўрлари, бугунги издошлари ҳисобланган талабаларимиз буюк аждодимиз ўгитларига сўзсиз амал қилишни шарафли бурчи, деб биладилар,– дейди факультет декани Ҳаким Тўхтаев.– Бугунги айём муносабати билан Ижтимоий фанлар ва Журналистика факультетлари талабалари “Фақат адабий тилда сўзлашамиз!” акциясини бошлади. Бу акция доимий равишда давом этиб, унга барча ёшларни чорлаб қоламиз.

***

Навоийхонлик дарслари-ю адабий кечалари шу куни дарслардан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Талабаларнинг ижтимоий медиа ва маданият маркази”да давом этди.

Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Талабалар турар-жойларида истиқомат қилаётган ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.

1 24

– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “1991 йил – Алишер Навоий йили” деб эълон қилинган эди. Эътибор қилсангиз, ўша йили январь ойида ҳали Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришишига анча бор эди,– деди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодиров.– Демоқчиманки, юртимизда энг катта маънавий жасорат – буюк аждодимизга эҳтиром кўрсатишдан, миллат қаддини ростлашдан бошланган эди. Ону Ватанга муҳаббат ва садоқат аслида ана шундай буюк аждодларга эҳтиромдан, уларнинг бой маънавий меросларини теран ўрганишдан бошланади.

“Талабаларнинг ижтимоий медиа ва маданият маркази” бўлим бошлиғи Бахтиёр Эгамбердиев, ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров, Ахборот хизмати раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбек ва бошқалар бебаҳо маънавиятимиз асосларини буюк мутафаккир шоир Мир Алишер Навоийнинг бебаҳо меросидан ўрганиш лозимлигини таъкидладилар.

Талабалар филология фанлари номзоди, доцент Абдумурод Тилововнинг Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги сермазмун маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

Абдумурод Тиловов ҳазрат шоир ғазалларини ёддан айтган ва мазмун-моҳиятини теран таҳлил этган талабаларга ўзи нашрга тайёрлаган ва яқинда чоп этилган Алишер Навоийнинг ҳозирги ўзбек тилига табдил этилган “Маҳбуб ул-қулуб” (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар) китобидан ҳамда ўзининг 1- ва 2-жилддан иборат “40 одоб ва ҳикмат” китобларидан ҳадялар қилди.

Маънавий-маърифий тадбирда Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди. Шоир ғазаллари билан куйланувчи ашулалар ижро этилди.

 ***

3

Ушбу тадбир ҳақида истеъдодли тележурналист Ўрол Ҳамидуллаев ва тасвирчи Эркин Азимов томонидан тайёрланган лавҳа “Ўзбекистон-24” телеканалида кенг ёритилгани муносабати билан Ўзтелерадиокомпания маъмуриятига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Сайфулла АШУРОВ,

ЎзМУ Ахборот хизмати ходими

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>