Талабалар масканида Наврўз шодиёналари

Байрам “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасига янада файз киритди!

3140

Юртимизга Наврўз айёми ўзгача файз-барака олиб келади. Ҳар байрамда буюк аждодимиз ҳазрат Алишер Навоийнинг бетакрор сатрларини эҳтиром ила ёдга оламиз:

 Ҳар тунунг қадр ўлубон,

Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

 Бу сатрлар замирида бетимсол тилаклар зуҳур этилганини дилдан ҳис этамиз. Демак, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

Шуни фахр-ифтихор ила айтиш мумкинки, қишнинг сўнгги кунларидан бугунги кунгача, керак бўлса, ҳали яна бир неча кун бу байрам шодиёналарини давом эттираверамиз!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бу йил Наврўз байрамига катта ҳозирлик кўрилди. Университет ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари, спорт иншоотлари теварак атрофларида кенг миқёсда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. “Ботаника боғи”дан тортиб барча хиёбонлар, йўлаклар ва бошқа ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Барча бинолар ва иншоотлар байрамона безатилди.

43
11          22       30   33 34  36 37    41 42  44 45   48 49 50 51  53 54 55 56 57   60

Наврўз сумалак сайли билан янада файзли байрам ҳисобланади. Талабалар турар-жойлари ҳовлисига азамат йигитлар дошқозон ўрнатдилар, эпчил қизлар енг шимариб ишга киришдилар.

59

Қозон бошида навбатма-навбат кафгир айлантиришнинг гашти бошқача!

38

Эрта тонгдан бошланган куй-қўшиқлар Сумалак сайлига, Наврўз байрамига ўзгача шукуҳ бахш этади. Бу миллий удумлар ёшлар қалбида ифтихор туйғусини жўш урдиради. Ана шундай муҳит талабаларни бир оила фарзандларидек аҳил, иноқ қилиб қўйиши турган гап.

52

Наврўзда қилинган тилаклар йилга татийди, деган гап бежиз айтилмаган. Бугун барчанинг тилаклари – Юртимиз тинч-осуда бўлсин, халқимиз фаровонлиги ортиб бораверсин!

18

Шанба куни эрта тонгданоқ хуштаъм сумалак дастурхонларга файз киритди!

Байрам дастурхонини безаган турфа тансиқ таомларни кўриб кўз қувнайди!

н1

Университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов байрам табригини Ижтимоий фанлар факультети талабалари ва мураббийлари даврасида бошлади:

– Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда,– деди университет ректори барчани байрам билан самимий қутлаб.– Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаланидек, “Миллий маънавиятимизнинг азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам – шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида ёрқин намоён бўлади”. Баҳор насими ила келган, она табиат уйғониши, курраи заминдаги ажиб манзара – тенг кунлик билан пайваста бўлган Наврўз байрамимиз собиқ мустабид тузум даврида сунъий равишда йўққа чиқарилгани аянчли ҳол эди. Ўтган асрнинг 80-йилларида бизнинг талабалик давримиз ҳам шу ерларда ўтган. У даврда бу ажойиб байрам “унутилган” эди… Излаб-излаб топганим шул, деганларидек, айнан гўзал Наврўз байрами ҳам юртимиз мустақиллиги йилларида чинакам ҳаётимиз воқелигига айланиб кетганидан бахтиёрмиз!

58

Кези келганда таассуф билан айтиш жоизки, собиқ мустабид тузум даврида кўплаб топталган қадриятларимиз қатори Наврўз ҳам таъқиқлангани ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ. Шундай оғир дамларда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси ва қатъий саъй-ҳаракатлари билан 1990 йил 2 майда “Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида“ги тарихий ҳужжат имзоланди. Унда аввало Наврўзнинг тиклангани, буни юртимизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олгани баён қилинган. Шундан буён мамлакатимизда ҳар йили 21 март – Наврўз байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Демакки, Наврўз байрами ҳам юртимизда истиқлол қуёши порлаган онлардаёқ қайтадан чирой очди. У бугун ҳаётга муҳаббат рамзи сифатида ардоқланади. Баҳор чечакларини қанотида олиб келган Ҳумо қуши мисол юрт кезганида олам ўзгача мунаввар бўлганини дилдан ҳис этмаган киши топилмаса керак.

Наврўз байрамида ҳар бир факультет талабалари биттадан вилоят удумлари ва санъатини саҳналаштириши ўзига хос анъанага айланиб қолган.

8

Ижтимоий фанлар факультетининг истеъдодли йигит-қизлари бу гал кўҳна ва навқирон Бухоро шаҳри ҳамда вилояти манзараларини юксак маҳорат ила намоён этишган.

9

Қадим Бухорони кўз ўнгингизда намоён этувчи ҳунармандчилик, зардўзлик, патдўзлик ва бошқа миллий анъаналарни истеъдодли талабалар шу қойилмақом қилишганки, уларни кузатган киши хаёлан ўша афсонавий шаҳарда юргандек ҳис этади ўзини.

Шу он буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида битилган тарихий воқеа-ҳодисалар бир дафъа бўлса-да кўз олдингизда намоён бўлгандек туюлаверади.

Бу тарихий асарда яна шундай нодир фикрлар ўқиш мумкин: “Наврўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди… У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар”.

Баъзи манбаларда қайд этилишича, Ислом дини хаёлда бўлмаган, Будда ҳали “туғилмаган” даврларда Кўҳистон деб аталган ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган битиклар – “Бундахиши”да унинг номи Сиёвахш, “Авесто”да эса Сиёваршан шаклида келтирилади. Бухоронинг Наршах қишлоғида туғилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахийнинг 943-944 йилларда араб тилида ёзилган “Бухоро тарихи” китобида қайд этишилича, Сиёвуш бундан тўрт минг йиллар илгари яшаб ўтган экан. Демак, халқимиз Наврўзни тўрт минг йилдан буён нишонлаётганини изоҳашга ҳожат йўқ. Халқ Сиёвушни мангуликка, мангуликни эса Наврўзга қиёс қилади. Наврўз халқ севган қаҳрамонларни мангу ёдда қолдирган бўлса, ўз навбатида, халқ қаҳрамонлари Наврўзни мангуликка дахлдор байрамга айлантирдилар.

39

Талабалар саҳнасида ўтмиш ва келажак туташганини ҳис этасиз. Бухоролик машҳур Хўжа Насриддин афанди ва саҳналарни забт этган лўли Марям образлари даврагача ўзгача файз киритди.

Бухороча куй-қўшиқларга монанд рақслардан барча бирдек сармаст бўлади. Энг муҳими, бундай бетакрор анъаналар талаба-ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада жўш урдиради!

Журналистика факультети талабалари бетакрор ашъорлари ила аввало она юртимиз Ўзбекистон харитасини яратишиб, Навоий вилоятига хос урф-одатларни ўз саҳна кўринишларида жонлантирдилар.

Кимё факультети талабалари Қашқадарё вилоятининг қадимий урф-одатларини, ўзига хос анъаналарини намойиш этдилар. Мана шундай гўзал вилоятнинг урф-одатларини кўрсатиб бериш учун саҳнага чиққан бахши йигит ашуласи томошабинларни хаёлан Қашқадарёга олиб кетди.

Қашқадарё тоғларида руҳан сайр қилар эканмиз, тўй тантанаси устидан чиқиб қолдик. Қашқадарёликларнинг тўй маросимида амалга оширадиган чиройли одатлари билан яқиндан танишдик. Талабалар томонидан Қашқадарё ҳақидаги бир-биридан гўзал шеър қўшиқлар ижро этилди, дилбар қизлар қашқадарёча рақсга тушиб, барчага хушкайфият бахш этдилар.

Ўзбек филологияси факультети талабалари Наманган вилоятининг ўзига хос урф-одатларини шу қадар жонли бир тарзда намойиш этишдики, бир дафъа барча омошабинлар ўзларини гуллар шаҳрида юргандек ҳис этдилар.

Механика-математика факультети талабалари мўъжизакор Хоразм одатлари ва санъатини шу қадар жонлантирдиларки, томошабинлар шу лаҳзада хаёлан ўша заминда парвоз қилган бўлсалар ажабмас.

62

Иқтисодиёт факультети талабалари саҳнасида қадимий Тошкент шаҳрининг машҳур дарвозалари “қад ростлаган”. Машҳур “Маҳаллада дув-дув гап” фильми асосида саҳналаштирилган театрда замонавий қаҳрамонлар барчани ҳайратга солди. Ёдингизда бўлса, ўша фильмда келин бўлиш Сайёрахон тўй куни қочиб кетади ва Умаржоннинг онаси бошқа келин топишга мажбур бўлади. Бу саҳнада эса “келинликка номзод”лар Тошкент дарвозаларидан бирма-бир рақсга тушганча кириб келадилар.

61

Биология-тупроқшунослик факультети талабалари Қорақалпоғистон, Физика факультети талабалари Фарғона, Хорижий филология факультети талабалари Сурхондарё, Тарих факультети талабалари Самарқанд, Геология ва география факультети талабалари Андижон вилоятига хос анъаналар ва удумларни бири-биридан сермазмун тарзда саҳналаштирганлари барчага хушкайфият улашганини таърифлашга қалам ожизлик қилади.

15

Мухтасар қилиб айтганда, бугун ЎзМУ Талабалар турар-жойлари атрофини кузатган киши юртимиз бўйлаб саёҳат қилгандек бўлади!

47

Байрам муносабати билан шахмат, теннис, арқон тортиш, куч синашиш каби спорт турлари, турфа танловлар ажвида.

46

Айниқса, миллий таомимиз – Ош дамлаш бўйича ташкил этилган мусобақа барчани мафтун қилди.

Сумалак, ҳалим каби баҳор неъматлари билан безатилган дастурхонлар байрамга ўзгача файз киритмоқда.

Наврўз байрамига бағишланган деворий газеталар атрофида мухлислари парвона.

19

Гул сайлидан кўнгиллар яшнайди.

20

Кўтаринки кайфиятда ўтказилган умумхалқ байрами Наврўз барча талабалар қалбида ўзининг энг гўзал ва чиройли хотиралари билан муҳрланиб қолган бўлса ажабмас!

 32

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари,

Аброр ХИДИР,

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси,

Улуғбек УСМОНОВ олган суратлар

You may also like...

8 Responses

  1. Ана энди ҳақиқатан Наврўз байрами Талабалар шаҳарчасига кириб келибди! Ижодкорларга раҳмат! Шундай гўзал байрамларимиз кўпаяверсин.

  2. Barchaga bayram muborak. Bu bayram orqali butun dunyo bizning qanday axil birdam bo’lib bayramni ko’tarinki ruhda o’tkazayotganimizga havas qilsa arziydi.

  3. Bayram baribir boshqacha, ayniqsa bayramlar orasida Sharqona yangi yil bo’lmish Navruzning o’rni bo’lakcha. Universitetimiz rahbariyatining har bir fakultetga har bir viloyatning urf-odatlarini ko’rsatib berish topshirig’ini yuklashi judayam yaxshi odat bo’lgan. Chunki shu bahonada talabalar boshqa viloyatlarning eng muhimi vatanimizning urf-odatlariyu, qadriyatlari haqida nafaqat bilim, balki tasavvurga ham ega bo’ladilar. Universitetimizda va talabalar hayotida har kunimiz Navruz bo’lsin!

  4. Garchi bayramni tomosha qilolmagan bo`lsamda, menda maqolani o`qib o`zimni Navro`z saylini o`sha yerdan turib kuzatgandek taassurot uyg`ondi.

  5. Mahliyo opani aytishlaricha, O’zMU navro’zi hammayoqda shov-shuvga sabab bo’libdi. Ko’cha-ko’yda «Milliy universitetda bayramlar boshqacha nishonlanadi a? » degan savollarni eshitdim. Demak, bayramlarimizga bo’lgan e’tibor atrofdagilarni ham jalb etadi. Asosiysi, rahbariyat bizdan xursand va bayram ko’ngildagidek o’tdi

  6. Ta’riflashga so’z ojiz. Fikrnoma yozishda esa bilmadim. Bu bayram tantanasini butun Respublikamiz aholisi bilan birga chel el fuqarolari ham birga nishonladi. 3 kurs talabasi Sirojiddin O’sarov Fransiyalik xonimga sumalakni vilkada emas, barmoqda yeyishni o’rgatdi. Shuni o’z Navro’z emasmi. Chet elliklar barmoqda sumalak yalasa. Qiziq?!

  7. Bu yilgi bayram umuman boshqacha bo`ldi. Mahliyo opa xar qadamda bizni qo`llab quvatlab turdilar. Bundan qandaydir ko`ksingiz g`ururga to`ladi. Buni so`z bilan ta`riflash qiyin

  8. Bunday tadbirlarni o’tkazilishi, O’zbekiston milliy Unversitetida o’Qiyotgan har bir talabaga olam-olam quvonch ulashishi bilan, har bir fakultetlarni Respublikamizda mavjud bo’lgan viloyatlarni udumlari milliy tavomlari, milliy liboslari, milliy qadryatlarini ochib berib, har bir viloyat haqida qishqacha ma’lumot berishi bilan ham hammani birdek quvontiradi…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>