Рисолат ҳайдароваЯвдат Илёсовнинг “Суғдиёна” романида қизиқ эпизод бор. Спитамен Бақтрия олий коҳини Вахшунвартанинг уйида меҳмон бўлиб, ёғлиқ палов ейди. Воқеа эрамиздан аввалги 329-327 йилларда бўлиб ўтяпти. Палов, аниқроғи, паловга ўхшаш таом Яқин Шарқ мамлакатларида шоли экиш расм бўла бошлаган пайтларда, эрамиздан аввалги II-III асрларда пайдо бўлган, деган тахминлар бор. Палов тайёрлаш технологияси эса эрамизнинг IX-X асрларига келиб такомилга эришган, дея фараз қилинади. Карим Маҳмудовнинг тадқиқотларида ҳам паловнинг тарихига оид қизиқарли маълумотларни кўриш мумкин. Ривоятларга кўра эса бу таомни Ибн Сино кашф қилган экан… Демак, Спитамен тановул қилган таом ҳозирги паловлардан эмас, балки ошга ўхшаб кетадиган бошқача бир овқат бўлган бўлса керак.
Мен севиб ўқиган романлардан бири – “Юлдузли тунлар”да яна-да қизиқ эпизод бор. Бир қарашда оддийгина воқеа. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо оила­си билан биргаликда саҳарлик қиляпти. Дастурхонга тортилган турли тансиқ егуликлардан тотингач, подшоҳ чой ичиш асносида фарзандларига насиҳат қилади. Воқеа ҳижрий 899, рамазон ойининг бошида, мелодий 1494 йил июнида бўлиб ўтяпти. Талабалик пайтларим романнинг шу жойини ўқиганда, мен: “Ўша пайтда Мовароуннаҳрда чой ичиш расм бўлган эканми?” деб ўйлаганим эсимда. “Бобурнома”, “Ҳумоюннома” асарларини ўқиш асносида чой таърифи, хусусан, Бобур ва темурийлар саройида чой ичилганига доир қайдларни учратмадим. Кейинроқ С.Абашиннинг тадқиқотларида чой дастлаб Хитой савдогарлари томонидан Қўқон хони Эрданабий саройига (у 1752-1769 йилларда тахтда ўтирган, хонлик ҳудудини анча кенгайтирган, афғон шоҳи Аҳмадшоҳ Дурроний билан Цин империясининг Марказий Осиёга қилган тажовузига қарши иттифоқ тузган киши) тақдим этилгани ҳақидаги маълумотни кўрдим (Чўқон Валихонов ҳам чойнинг Ўрта Осиёда расм бўлиши билан боғлиқ анча қизиқарли маълумотлар келтиради). Демак, Пиримқул Қодиров Мовароуннаҳрга чой кириб келишидан икки юз эллик йил аввалги воқеликда чой билан боғлиқ эпизодни киритган экан.
Хуллас, бу каби “тарихий хато”ларни яна топиш мумкин. Аслида тарихий роман ёки қиссаларда шунга ўхшаш “хато”лар қанчалик аҳамиятга эга? Умуман, ҳақиқий хато нима-ю, тўқима, аниғи, бадиий тўқима нима, уйдирма-чи? Бу масала кўпдан буён фикримни банд этиб келади.
Бирмунча вақт аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгашига келган тарихий романлардан бирини менга тақриз учун топширишди. Ҳаваскор бир адибанинг “Мен Мовароуннаҳр амириман” романида Амир Темурнинг болалигидан то сиёсат майдонига кириб келишигача бўлган давр қаламга олинган экан. Тақризни ўқиганлар “асар”даги мен эътироз билдирган эпизодларнинг баъзилари ҳақида “бу шунчалик аҳамиятлими?” дейишган эди. Ўзингиз хулоса чиқара қолинг: Амир Темур (романда ёзилишича, Темурбек) вафот этган онасини эслаб, (роман биринчи шахс – Амир Темур тилидан ҳикоя қилиняпти) мазмунан шундай дейди: “Онам қанчалик меҳрибон эди, менга самоварда чой қайнатиб берарди…” Кейинги лавҳа: Темурбекнинг опаси Қутлуғ Туркон узатиляпти. Муаллиф ёзади: “Мулла “Никоҳ” сурасини ўқиб бўлгач, – Сизларни эр-хотин деб эълон қиламан, – деди”. Ёки яна бири: Амир Муҳаммад Тарағай мажлисда қатнашиб, бек ва амирлар олдида нутқ сўзлаяпти: “Эшитишимча, дунёдаги халқлар учта ирққа бўлинар экан. Европаликлар, қора танлилар ва мўғуллар ирқига. Лекин нега туркийлар ирқи дейилмайди?” Майли, агар воқеа тасвирланаётган XIV асрда самовар Мовароуннаҳрга кириб келиш тугул, қадим Руснинг ўзида ҳали ихтиро қилинмаганини (у 1778 йилда Тулада ака-ука Иван ва Назар Лисицинлар томонидан ясалган, бизга эса чор Россияси истилосидан кейин кириб келган), Қуръони Каримда Никоҳ сураси йўқ эканини, никоҳ пайтида мулла одатда икки томоннинг розилигини олиб, никоҳ ҳақидаги ҳадислардан айтишини (масалан, “Ан-никаҳу суннати манла янкиҳу фалайса минни” – “Ким никоҳланмаса, у менинг умматим эмас”), “Сизларни эр-хотин деб эълон қиламан” деган жумла нас­ронийлар никоҳида айтилиши, бизга Голливуд фильмларидан кириб келгани-ю, бугунги кунда ФҲДЁ мудираларининг бахтиёр келин ва куёвга айтадиган хитобига айланганини, инсониятни учта ирққа ажратиш XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб татбиқ этилгани, воқеа бўлаётган XIV асрда эса бу ҳақда илмий назария ва қарашлар ҳали яратилмаганини назарга олмасак, албатта, ҳеч гап эмас.
Тўғри, ёзувчи бадиий тўқимага ҳақли. Аммо ёзувчининг хаёлоти қачон бадиий тўқима бўлади-ю, қачон уйдирмага айланади, гап шунда.
Тарихий мавзуда битиладиган асарда тарихий воқелик, образли қилиб айтганда, гўё бир авра ва астар, холос. Мағиз ва бичим эса бадиий асарга қўйиладиган бош мезон – бадиийликдир.
Келинг, бадиий тўқима ҳодисасини “Юлдузли тунлар” романидан бошлаб таҳлил этамиз.

ТоІир ва ТоІир офтобачи

Тоҳир образи – ўқувчи учун бадиий тўқима. Ҳақиқатда эса Бобур Мирзонинг Тоҳир офтобачи деган аъёни бўлган, Гулбадан бегим “Ҳумоюннома” асарида отасининг сўнгги кунларини эслаш асносида Тоҳир офтобачини ҳам ёдга олиб ўтади. Лекин бу кишининг қаерда туғилгани, аждодлари кимлиги, Бобур хизматига қандай келиб қолгани ҳақида қайдлар учрамайди. Ёзувчи Бобурнинг ёнида оддий халқ ичидан чиққан яқин сафдошлар борлигини кўрсатиш ниятида бўлгани учун Тоҳир офтобачини танлайди ва асар давомида уни образ сифатида босқичма-босқич ривожлантира бошлайди (қолаверса, ўша давр мафкураси бадиий асарларда оддий халқ вакиллари образи бўлишини талаб қилган), Тоҳир ва Робия севгисини “яратади”, уни Бобур билан биргаликда Самарқанд қамалига, Ўратепа-ю, Тошкент, Андижон ўртасидаги дарбадарликка, Иброҳим Лўди қўшини билан бўлган жангга “ташлайди”, қаҳратон қишда Ҳиндикуш тоғларида қор кечтиради, шу тариқа, узоқ йиллик синовлардан ўтказиб, Бобурнинг ёнида унинг хос кишиси қилиб қолдиради, ва ниҳоят, Бобур вафотидан кейин унинг “Бобурнома”сини Ватанга олиб келувчилардан бирига айлантиради. Шу мақсад йўлида ёзувчи ҳатто тарихан юз берган баъзи воқеаларни ҳам Тоҳирнинг зиммасига юклайди. Масалан, Умаршайх Мирзо ҳалок бўлгандан кейин Султон Аҳмад Мирзо (у Бобурнинг амакиси эди) Андижонни қўшиб олиш ниятида Самарқанддан қўшин тортиб келаётганда аскарлари ҳалокатга учраган: Қувасой дарёси устидаги кўприк қулаб, лашкарнинг кўп қисми сувга чўкиб кетган. Ёзувчи эса ўз қаҳрамонининг юрагида исён ўтини ёқиш учун ушбу тарихий воқеадан фойдаланади. Ота-онаси, қишлоқдошлари ва, табиийки, севгилисини қутқариш учун чора қидирган Тоҳирнинг қўлига арра ва болта “тутқизади”. Тоҳир ёнига дўстларини олиб, лашкар келишидан олдин тунда кўприкнинг асосини арралаб қўяди. Ва шу билан воқеалар саҳнасига чиқиб келади. Шу маънода Тоҳир образи тарихийлик ва бадиий тўқиманинг ажиб уйғунлигига мисол бўлиб қолади.

Хонзода бегим ва тарих ІаЄиЄати

Хонзода бегимнинг Муҳаммад Шайбонийхонга узатилиши, ўғли Хуррам Султоннинг ҳалок бўлиши “Юлдузли тунлар”нинг энг таъсирли бобларидан ҳисобланади. Агар тарихий ҳақиқатга тўлиқ риоя этилиш нуқтаи назаридан қарасак, бу ерда ҳам “хато” топамиз. Гулбадан бегим “Ҳумоюннома”да ёзади: “Отам ҳазратлари олти ой давомида Самарқандни олмоққа уриндилар, лекин мақсадларига ета олмадилар… ҳеч жойдан мадад ва ёрдам келмагач, маъюс бўлдилар. Ана шундай вақтда Шоҳибекхон “Агар… Хонзодабегимни менга берсангиз орамизда сулҳ тузилади ва иттифоқлик алоқалари ўрнатилади”, деб айтгизиб юборди. Охири Хонзодабегимни ўша хонга бериб, ўзларининг қайтишлари зарур бўлди”. Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида эса шундай дейилади: “Унинг (яъни Бобурнинг) қаршилик кўрсатишга ҳеч чораси қолмай, Шоҳибек билан сулҳ тузиб, ўз эгачиси Хонзодани унга берди”.
Пиримқул Қодиров романни ёзар экан, бош қаҳрамони Бобурнинг йилма-йил, босқичма-босқич шахс сифатида шаклланиб боришини, хусусан, унинг атрофидаги яқинлари, опаси, онасининг фидойилигини кўрсатишни ният қилган бўлиб, Хонзодабегим ва Нигорхонимни Бобурнинг интилишлари моҳиятини тушуниб етган оқила аёллар сифатида тасвирлайди. Шу нуқтаи назардан ёзувчи онгли равишда тарихни “бузиб” кўрсатади, Бобур опасини Шайбонийхонга узатишга розилик бермайди, тунда қамални ёриб чиқишга қарор қилади, укасининг ҳалок бўлишини истамаган Хонзодабегим эса Бобурдан яширинча Самарқанддан чиқиб, Шайбонийхон қошига кетади…
Тарихий роман ёзиш мақсадида манбаларни синчиклаб ўрганган ёзувчи “Ҳумоюннома”, “Тарихи Рашидий” ва ниҳоят, “Бобурнома”да нималар ёзиб қолдирилганини билмасмиди? Биларди, албатта. Гап шундаки, Гулбадан бегим ва Муҳаммад Ҳайдар ёзиб қолдирган тарихий ҳақиқат романнинг бадиият мантиғига мос келмас эди. Айнан бадиият мантиғи Хуррам Султоннинг ўлимини ҳам бир неча йилга “кечиктиришни” тақозо қилади. Хуррам Султон тарихан рўй берганидек, отаси Шайбонийхон ҳаётлиги пайтида касалланиб вафот этмайди, балки отаси ҳалок бўлгандан кейин Хонзодабегим билан бирга ўз халоскори – Бобур Мирзо ҳузурига келади, тоғасига ихлос қўяди, Бобурнинг Шоҳ Исмоил қўшинлари ёрдамида Самарқандни олганидан норози бўлиб исён кўтарган бек­ларга қарши навкарлар қаторида туриб жанг қилади, пайкон отиб, онасининг кўз ўнгида ҳалок бўлади. Охири қабристонга эмас, овлоқроқ бир ерга йўл-йўлакай дафн этиб кетилади. Мазкур воқеа сабабли Бобур шиалар ҳукмдори билан иттифоқ тузиб қилган хатосининг қанчалик қимматга тушганини англаган бўлса, Хонзода бегим замон ғилдирагининг бешафқат залворини яна бир бор ҳис этади. Шу билан ёзувчи қаҳрамонлар ҳаётидаги фожиавийликни яна бир қадар оширади.

Хронологик нисбийлик

Тарихий воқеалар хронологиясига амал қилиш борасида ҳам истаганча баҳс қилиш мумкин. Албатта, рўй берган тарихий воқеа-ҳодисанинг моҳиятини, айниқса, унинг аҳамиятини англаб олишда, мазкур воқеанинг тарихий даврга кўрсатувчи таъсирини аниқлашда ва албатта, одилона баҳолашда хронология­нинг ўрни беқиёс. Бунга “Зафарнома” асарининг ёзилиш тарихи далил бўла олади. Асар ёзилишига бош-қош бўлган темурийзода Иброҳим Султон китобни ёзишда шу қадар аниқлик талаб қилганки, ҳатто воқеа бўлган сана, жой номлари, шаҳарлар орасидаги масофалар ҳам аниқ келтирилган. Агар шубҳа туғилса, масофаларни янгидан ўлчаб чиқишган. Шу боис “Зафарнома” Соҳибқирон олиб борган сиёсат ва фаолият ҳақидаги энг аниқ маълумот берувчи қимматли манба ҳисобланади.
Бадиий асарда хронологик тартибга риоя қилишда эса бир қадар нисбийлик бор. Ҳар нечук бадиий асар “Зафарнома” эмас, дея ўйлайман. Лекин шу ондаёқ тарихчи дўстларимнинг эътирозини эшитгандай бўламан: Амир Темур ҳақида роман ёзаётиб, лой жанги билан Ҳиндистон юришини фарқламаган, бу икки воқеа вақтини адаштирган ёзувчига қандай баҳо бериш керак? Албатта, бундай ёзувчи Соҳибқиронга самоварда чой қайнатиб берган муаллиф оладиган баҳога лойиқ. Аммо барибир, воқеаларнинг бадиий талқинида нисбийлик деган тушунча борки, воқеаларнинг мантиқий ривожи, характер талаби билан ёзувчи унга мурожаат қилишига тўғри келади. Нисбийлик тушунчасини англаш учун яна мисол келтиришга тўғри келади.
Мирзо Улуғбек ҳаётининг сўнгги кунлари, хусусан, унинг қатл этилиши борасида ҳам бадиий адабиётда бир нечта талқинлар мавжуд. Шулардан учтасини келтирамиз.
Одил Ёқубов (“Улуғбек хазинаси” романи) талқинига кўра, Мирзо Абдуллатиф отасини қатл эттиргач, укаси Абдулазизни ва амакиваччаси Абдулло Мирзони зиндонга ташлайди. Абдулазиз отасининг ўлдирилганидан хабар топгач, зиндонда ётган жойидан чиқиб келади-да, тўғри саломхонага, тахтда ўтирган акасининг ҳузурига бостириб келади. Турган гап, шаҳзоданинг йўлини тўсишга ҳеч ким ботина олмайди. Абдулазиз отасининг қатли учун акасини лаънатлаб, унга қарата: “Падаркуш!” дея қичқиради. Сир сақлаб келгани ошкор бўлиб бораётганидан чўчиган Абдуллатиф энди укасини ўлдиришга буйруқ беради.
Хуршид Давроннинг “Осмонда қуёш йўқ эди” номли эссесида эса ушбу тарихий воқеанинг бошқача талқинини кўрамиз. Унда Абдуллатиф аввало укасини қатл эттиради. Кейин отасини ўлдиришга буйруқ беради. Аниқроғи, Саид Аббос бир неча йил аввал Мирзо Улуғбек томонидан қатл эттирилган отасининг хунини сўрайди. Абдуллатиф отасини ўлим олдидан қийнамаслик шарти билан рози бўлади. Саид Аббос эса отаси учун ўч олмоқчи, қувғинди шоҳни қийнаб, роҳат олмоқчи. Ниҳоят, аблаҳона қийноқ ўйлаб топади. Ўлими олдидан Мирзо Улуғбекка севимли ўғли Абдулазиз қатл эттирилганини айтади. Шоҳнинг азоб ичра қолганини кўриб, қониқиш билан қиличини қинидан суғуради…
Қарангки, биргина Мирзо Улуғбек, Абдулазиз ва Абдуллатиф воқеаси икки хил талқинда икки хил вазифани адо этяпти. Одил Ёқубовнинг талқинида Абдулазиз кўп бора қуюшқондан чиқиб, отасини куйдирган, маломатларга қолдирган бўлса-да, отасини яхши кўради, падаркуш акасига нисбатан бор нафратини билдира олади. Шу боис ёзувчи Абдулазизни аввало зиндонга “ташлайди”, ке­йин “қатл этади”. Хуршид Даврон талқинида эса Мирзо Улуғбекнинг ўз ўғлига бўлган чексиз меҳри акс этиши керак эди. Шунинг учун ҳам ижодкор аввал Абдулазизни, кейин Мирзо Улуғбекни “қатл қилади”. Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” драмасида эса бош қаҳрамон ҳаётига бошқача нуқта қўйилади. Саид Аббос унинг кўксига ханжар санчиб ўлдиради. Чунки саҳна талаби, драма сўнггидаги воқеалар мантиғи шуни тақозо қилади. Нисбийлик мана шу уч асарда уч ракурсда кўринади. Ва ҳар бири маълум бир белгиланган вазифага хизмат қилади. Шундай экан, тарихий ҳақиқатни нисбийлик нуқтаи назаридан талқин қилгани учун ижодкорга иддао қилмоққа қанчалик ҳаддимиз сиғади?
Мирзо Улуғбек ва Мирзо Абдуллатифнинг сўнгги учрашуви ҳам бир қанча асарларда турлича талқинда учрайди. Шулардан учтасини келтирамиз. “Улуғбек хазинаси” романида ота ва ўғилнинг яккама-якка учрашуви “Кўксарой”да, Мирзо Улуғбекнинг кўнглида кечган ички ғалаёнлар тасвири ва Абдуллатиф билан бўлган руҳан оғир диалог билан кечади. Муҳаммад Алининг “Алтоир юлдузи” ҳикоясида ота ва ўғилнинг учрашуви саройда бошланаётган базм тасвири асносида кечади, бунда ота ва бола ўртасидаги суҳбат аллақачон бўлиб ўтган, энди ушбу сўзлашувнинг оқибати кузатиляпти. Хуршид Давроннинг “Алғул” фожиасида эса ота ва ўғилнинг учрашуви Мирзо Улуғбекнинг хаёлоти орқали берилиб, Улуғбек ва Абдуллатиф ўртасида гина-кудуратга тўла баҳс кечади.
Одил Ёқубовнинг талқини улуғ олимнинг оддий инсон сифатида умри давомида амалга оширган ишларининг йўқ бўлиб кетишидан хавотирини, ота ва ўғил ўртасида юзага келган маънавий жарликни кўрсатиш баробарида, Абдуллатифнинг бошига тушажак кўргиликдан огоҳлантиришга (“Ёлғиз тилагим: илм йўлида отанг қилган ишларга, шогирдлари ва устодларига тегмагайсан. Тегсанг… ота қарғишига учраб, тоабад бадном бўлурсен!”), Муҳаммад Алининг талқини Мовароуннаҳрда юзага келаётган маънавий инқирозни тасвирлашга, Хуршид Давроннинг талқини эса ота ва ўғил ўртасида юзага келган ихтилофнинг илдизларини очишга хизмат қилади (Абдуллатиф: “…мен томонда куч-қудрат дағдағаси! Менинг қўлимда куч-қудрат қиличи, сизнинг илкингизда адолат қалқони! Амирлар ҳеч қачон адолатни ҳимоя қилмаганлар, улар куч-қудрат тимсоли – салтанатни ҳифз этганлар. Куч мен томонда, демак адолат ҳам мен томонда деб ўйлайди улар”).
Ёзувчининг ўз нигоҳи бўлади. Ва у ҳар бир воқеа ва ҳодисани мана шу нигоҳи орқали кўради. Тарихий мавзуда асар ёзаётган ижодкор ҳам ҳар бир воқеани ўз нигоҳи билан кўради ва баҳолайди. Бу “нигоҳ” ёзувчи ўз олдига қўйган мақсади, асарнинг концептидан келиб чиқади. Шу боис баъзан тарихий аниқлик билан ёзувчи талқини ўртасида маълум бир фарқлар юзага келади. Масалан, “Юлдузли тунлар” романидаги Хадичабегимнинг сўнгги кунлари тасвирини олайлик. Ёзувчи талқинига кўра, Хадичабегим Мансур бахшига никоҳлаб берилади ва қийноқлар остида жон беради. Тарихий аниқликка риоя этадиган бўлсак, Хадичабегим Ҳиротда яна анча йиллар умргузаронлик қилганини, касал бўлиб қолган ўғли Музаффар Мирзони кўриш учун Астрободга боргани, ўғли вафотидан ке­йин яна Ҳиротга қайтиб кетгани каби фактларни романга киритмагани учун ёзувчидан “гина” қилишимиз керак бўлади. Лекин Хадичабегим ҳаётидаги ушбу фактларнинг романга кириши шарт эмас эди, чунки роман концептига кўра, бу аёл ўз қилмишлари учун жазо олган жойида воқеа мантиқан ўз якунига етган.
Хронолик нисбийликка яна бир мисолни Наби Жалолиддиннинг “Тегирмон” романида кўриш мумкин. Ёзувчи роман бош қаҳрамони Абдулҳамид Чўлпон умрининг сўнгги дамларини тасвирлар экан, Абдулла Қодирий ва Фитратни ҳам Чўлпон билан бир вақтда “қатл эттиради”. Ҳолбуки, тарихан миллатимиз фахр­лари айнан бир кунда отилмаган, уларни ким қатл этгани, фожиа тафсилотлари ҳам маълум эмас. Ёзувчи халқимиз бошига тушган кулфатни бутун кўлами билан кўрсатиш мақсадида Чўлпон, Қодирий ва Фитратни бир кунда чоҳ олдига “олиб келади”. Жаллод аввало Чўлпонни ўлдиради. Шоирнинг ҳаёт билан видолашуви жуда қийин кечади: милтиқ отилмайди, тўппончани ўқлаб шоирнинг бошига тираб отсалар, тўппонча ҳам ишдан чиқади, охири шоирни болта билан чопиб ташламоқчи бўладилар, лекин ношуд жаллод шуни ҳам эплай олмайди. Чоҳ олдида ўз қисматларини кутиб ўтирган Қодирий билан Фитрат эса Чўлпоннинг қийналаётганини кўриб, яна-да оғирроқ руҳий изтироб ичида азобланадилар…
“Тегирмон” романи айнан шу лавҳа боис халқимиз ҳозирги кунга етишиш учун қай тахлит йўқотишларни кўрганини яна бир бор таъкидлайди. Зотан, ёзувчининг мақсади ҳам шу бўлиб, тарихий воқелик ана шу мақсад йўлида нисбийлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилган эди.

Бадиий тўЄима яратган стереотип

Бизнинг туйғуларимиз баъзан шу қадар ҳадсиз бўлиб кетадики… Меҳр қўйсак, унинг чекини тополмаймиз, нафрат қилсак, чегарасини қўёлмаймиз. Бу жуда ғалати ҳодиса. Кўпинча ўқиётган романларимизга ва қиссаларимизга шу нуқтаи назардан қараймиз. Ижобий қаҳрамонми, у албатта, ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиши, салбий қаҳрамонми, қурумдан ҳам қора бўлиши шарт. Ҳатто адабий асарларга муносабат борасида ҳам шундаймиз. Ёзувчи хаёлотини, бадиий тўқима ҳодисасини унутиб қўямиз, шекилли.
Яна “Юлдузли тунлар” романига қайтамиз. Иккита қарама-қарши қутб – Бобур ва Шайбонийхон ўртасидаги тахт учун кураш, дўстлар садоқати ва сафдошлар хиёнати, музаффарият қувончи ва мағлубият алами биз китобхонни шунчалик ром этиб оладики, юқорида ёзиб ўтганимиз нисбийлик, бадиий тўқима ва тарихий ҳақиқат фарқи ёдимиздан кўтарилади. Шу боис ёзувчи битганларни айни ҳақиқат дея қабул қила бошлаймиз. Албатта, бу асарнинг муваффақиятли чиққанлиги, ёзувчи истеъдоди ва маҳорати юксаклиги натижаси. Энг қизиғи, ёзувчи хаёлоти меваси бўлган ҳодисаларни китобни ёпгандан кейин ҳам айни ҳақиқат эди, дея ўзимизни ишонтиришимиз, ўзгаларни ҳам шунга ишонишга ундашимиздир. Бу эса кўпинча тарихий ҳодисалар, айниқса, тарихий сиймолар борасида маълум бир қолипларга, стереотипларга тушиб қолиш хавфини туғдиради. Бу айниқса, романда Бобурга қарама-қарши қўйилган Шайбонийхон образига бўлган муносабатда кўринади. Асарда кўп ўринларда Бобур тилидан айтилган баъзи мулоҳазалар (масалан, Сўхда қувғинда юрган Бобур Шайбонийхоннинг Андижонни эгаллаганини эшитиб, шундай деб ўйлайди: “Бир вақтлар Бобур орзу қилган, лекин етишолмаган улкан мақсадга – Мовароуннаҳрдаги пароканда вилоятларни бирлаштириб, ягона кучли давлат барпо этиш мақсадига энди Шайбонийхон етишмоқдами? Наҳотки бунинг учун Шайбонийхондай маккор, золим ва шафқатсиз бўлиш керак эди?”) айни тарихий ҳақиқат деб қабул қилинишига нима дейиш керак?
Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома”сидаги:

Хон ўзи ошиқ эрур, ориф ҳам,
Борча сўз жонибидин воқиф ҳам.

Хон ўзи сўзни басе хуб айтур,
Назм ила насрни марғуб айтур.

мисраларини инобатга олмасак ҳам, жуда бўлмаганда, Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асаридаги таърифга эътибор бериш керак: “Бу уруш одами маориф ва маданият ҳақида ўз даврининг руҳидан тўла хабардор ва замонасидаги тенгдош шоирларнинг аксариятидан ортиқ даражада қалам соҳиби бўлган. Чунки унинг шеърлари… буюк бир иқтидор ва гўзал табиатга молик эканини, у ҳам туркий, ҳам форсий, ҳам арабий тиллардан асосли суратда воқиф эканини кўрсатмоқда. У… Бухоро, Самарқанд, Тошкентда масжидлар, мадрасалар солишга амр этди. Гарчи ўзбек номи ўзининг пайдо бўлиш вақтида ва кейинчалик… эронийлар назарида биқиқлик, ваҳшийлик билан бир маънода қўлланилса-да, бу гаплар бир томонлама ва Шайбонийга нисбатан нотўғридир. Чунки у маориф жиҳатидан олдинги Темур шаҳзодаларининг аксаридан паст эмас эди”.
Нима учун Шайбонийхон образида қора бўёқлар қуюқроқ эканлиги ҳақида ўйлаб кўрганмизми?
“Юлдузли тунлар” 1969 йилда ёзила бошлаган, фақат ўн йилдан кейингина анча машаққатлар билан босилган. Бунга асосий сабаб ўша давр мафкурасида эксплуататор синфи деб аталган шоҳларни ижобий қаҳрамон қилиб олиш мумкин эмаслиги эди. Пиримқул Қодиров ўз асарининг ёруғликка чиқиши учун қанчалик азият чеккани ҳаммамизга маълум. Ёзувчи Бобурнинг бор сифатларини кўрсатишни, унинг халқимиз ифтихор эта оладиган буюк сиймо эканлигини таъкид қилишни ният қилган эканми, бу ният рўёбга чиқолмай қолмаслиги, ўша давр мафкураси романни умуман йўқ қилиб юбормаслиги учун Бобурга қарама-қарши бошқа бир салмоқли адабий қаҳрамонни танлаши шарт эди. Худди шу талаб тақозоси билан Шайбонийхон Бобурга душман деб “белгиланди”. Бунинг учун тарихан замин бор эди. Яъни иккови ҳам Мовароуннаҳрни бирлаштириб, марказлашган давлат тузиш орзусида жангу жадал қилар, бир униси, бир бунисининг қиличи ўткирлик қиларди. Иккови ҳам шоҳ эди, истеъдодли шоир ва иқтидорли саркарда эди. Бири темурий Абусаид Мирзонинг невараси, иккинчиси кўчманчи ўзбеклар хони Абулхайрхоннинг невараси, иккови ҳам ўзини Самарқанд тахтига муносиб деб биларди. Тарих бу икки шахсни ўзининг чорраҳасида тўқнаштириб, авлодлар учун гўёки бир бошқотирма яратган эди. Лекин социалистик реализм методи учун бошқотирманинг кераги йўқ, бадиий асарда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлиши шарт: бу – яхши, бу – ёмон! Айниқса, эксплуататорлар синфи вакилларининг яхши бўлиши мумкин эмас! Энди улардан бирининг ижобий сифатлари очилибдими, демак, у билан жанг қилган иккинчи подшо албатта, салбий қаҳрамон бўлиши зарур! Биз романни ўқиганда мана шуларни эътибордан соқит қилиб юборганмиз, чамамда.
Яқинда Наср кенгашига топширилган яна бир ҳаваскор ёзувчининг “Қилич ва қалам” номли тарихий романини ўқиганда шунга яна бир бор амин бўлдим. Романнинг кўплаб саҳифаларида Шайбонийхоннинг қаҳрли, шафқатсиз ва маккор эканлиги ўринсиз равишда такрор ва такрор қайд этилади. Албатта, муаллифга тарихий манбаларни янада синчиклаб ўрганиш, ҳар бир масалага асар концепциясидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш ва бадиият мантиғига таяниш тавсия этилди.
Булар бадиий тўқимани тарихий ҳақиқат сифатида идрок қилишимиз оқибати. Лекин баъзида бунинг батамом акси, тарихий ҳақиқатнинг бадиий талқинидаги тўқималарнинг ҳаддан ошуви кузатиладики, бу ҳам бизнинг талқиндаги ҳадсизлигимиз оқибати, шекилли.

Амир Темур, Сароймулкхоним
ва Султонбахт

Нурали Қобулнинг “Буюк Турон амири ёхуд ақл ва қилич” романида мана шундай лавҳа бор: Темур Тошкентда даволаняпти, Амир Ҳусайн Зоминда қишлаяпти. Темур Боботуркни вазиятни ўрганиш, Ҳусайнни кузатиш учун жўнатган. Боботурк қайтиб келиб, Темурга ҳисоб беряпти:
“– (Амир Ҳусайннинг) хонимларидан Қозонхоннинг қизи Сароймулк бизга яқин бир кишига, Амир Ҳусайн Темурнинг тирноғига ҳам арзимайди, буни Темур билармикан? Уни (Амир Ҳусайнни – Р.Ҳ.) ҳечам Самарқанд тахтига йўлатмаслик керак, дебди. Нега бу сўзни бизнинг одамга айтган, тушунмадим. Эри эшитса, бошини кесади.
Темур жавоб қилади:
– Яхши. Хоним гаплашган ўша кишига тайинла. Бу ҳақда бировга гулласа, боши кетишини англат. Биз қуролдош дўстларимизга муносабат бобида ахлоқу одоб доирасидан чиқмаслигимиз керак!”
Энди худди шу лавҳага мантиқ юзасидан қараб кўрайлик. Воқеа бўлиб ўтаётган пайтда Сароймулк Амир Ҳусайннинг никоҳидаги аёл эди. Ёзувчининг талқинига кўра, Сароймулк ўз эри ҳақида ножўя гап айтяпти, яна бу гапни эрининг душманига хизмат қилаётган жосусга таъкидлаб айтяпти: “Эрим Темурнинг тирноғига ҳам арзимайди”, “эримни Самарқанд тахтига ҳечам йўлатмаслик керак”.
Сароймулкхоним оқила, фозила аёл бўлгани тарихан маълум. Мантиқан айтинг-чи, оқила бир аёл ўз эрининг душманига шунақа гапларни айттириб юбориши мумкинми? Агар ёзувчи Сароймулк Темурга хайрихоҳ бўлган, деган талқинни олға сурмоқчи бўлса (ёзувчи тўқимага ҳақли!), буни бадиият мантиғи билан шундай далиллаши керак эдики, токи ўқувчи дилида шубҳа қолмасин, тўқима ростдан ҳам бадиий ва мантиқий бўлсин.
Шаҳодат Исахонованинг “Бибихоним” романида янада бошқача талқин бор. Сароймулкка Амир Ҳусайн номидан Темурбек совчи бўлиб келади. Сароймулк ўзи узатилаётган йигитга эмас, ўзига совчи бўлиб келган Темурбекка эътибор қилади. Унинг онаси Хонлар бегим ҳам қизига Амир Ҳусайнни эмас, Темурбекни муносиб кўради-ю, лекин ноилож, Ҳусайнга узатади. Адибанинг талқинига кўра, Темур ва Сароймулк ёшлик чоғларидаёқ севишган-у, Ҳусайн уларга халал берган. Фактларга мурожаат қиламиз. Соҳибқирон Сароймулкхонимга уйланганида малика йигирма тўққиз ёшда бўлиб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган, оқ-қорани таниган аёл эди. У ўн беш йил Амир Ҳусайннинг никоҳидаги хотини бўлиб келган. Энди айтинг-чи, бизнинг менталитетимизда шунча йил хаёлан ўз эри ўрнида бегонани кўриб юрган аёлга қандай баҳо берилади? Бу тўқима, бу каби талқин Бибихонимга ҳам, Амир Темурга ҳам соя солмайдими? Бу билан халқ мақолида айтмоқчи, “қош қўяман деб, кўз чиқардик”, Амир Темур ва Сароймулкхоним севгисини кўрсатаман деб, икковини хиёнаткорга чиқардик: Сароймулк эрига, Темур дўстига хиёнат қилди… Бу бизнинг талқиндаги ҳаддан ошишларимизга бир мисол.
Бу романда Соҳибқироннинг қизи Султонбахт бегимга тегишли тўқималар борки, буларга ҳам тўхтаб ўтиш лозим. Романда ёзилишича, Султонбахт бегим ўз эри Муҳаммад Миракнинг хос соқчиси Ёдгоршоҳ Орлотга маъшуқа бўлган. Ёдгоршоҳ сўзга жуда чечан киши экан, Султонбахт бегимни ёлғиз учратиб қолган чоғларида ҳеч тап тортмасдан хонимнинг қулоғига мойдай ёқувчи сўзларни шивирлаб айтаркан, бу Султонбахт бегимнинг бошини айлантириб қўйган экан. Иккови ўртасидаги муносабатни яқин одамларнинг барчаси биларкан, лекин шаъма қилишга ҳам қўрқаркан. Охири Бибихоним бу гап-сўзлар босилиши учун Ёдгоршоҳни Халил Султон қўшинига ўтказдириб юборибди…
Тарихий манбаларда Ёдгоршоҳ Орлот деган одам ҳақида маълумотлар учрамайди, у – тўқима образ. Султонбахт бегимнинг ахлоқсиз аёл бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар йўқ, демак, бу адибанинг тўқимаси. Ёзувчи тўқимага ҳақли эканини яна бир бор таъкид қилган ҳолда масалага мантиқ нуқтаи назаридан қараймиз.
Ўша давр зодагон аёллари, айниқса, маликалар бегона назарлардан жуда эҳтиёт қилинган. Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Гавҳаршод” романларида, Хуршид Давроннинг “Соҳибқирон невараси” бади­ҳасида бу масала, айниқса, яхши акс этган. Ёдгоршоҳ Орлот Муҳаммад Миракка хизмат қила туриб, ўз хўжасининг ҳарамига яқин кела оладими? Ёдгоршоҳ Орлот ўта журъатли одам экан, юрак ютиб Соҳибқироннинг қизига кўз ташлабди, деб фараз ҳам қилайлик, Амир Темурдай кишининг қизи оддийгина соқчини назарига иладими? (Муаллифнинг таъкид қилишича, бу аёл ўз эрига ҳам паст назар билан қараркан!) Майли, малика соқчига “марҳамат кўргазибди” ёки соқчи гаплари билан унинг бошини ҳақиқатан ҳам айлантириб қўйибди, деб тахмин қилайлик. Бу гап Бибихонимга етади-ю, наҳот Амир Темурнинг қулоғига етиб бормайди? Бу саволга жавобан Бибихоним гап ташишни ёмон кўргандир, деб фараз қиламиз. Муаллиф Султонбахт бегим отаси ёнида мулойим тортиб қоларди, шунинг учун Соҳибқирон у ҳақдаги гап-сўзларга аёлларнинг фисқ-фасоди деб эътибор қилмас эди, деб таъкидлайди. Демак, бу гаплар Амир Темурга етиб борган экан. Мантиқан, ахлоқ, диёнат ва адолат тушунчаларини баланд тутиб келган Соҳибқирон ўз қизининг ахлоқсизлигига чидаб турадими?
Бу – тўқимада ҳаддан ошишларга иккинчи бир мисол. Худди шу ўринда бошқа бир масалага етиб келдик.

Тўқима нима? Уйдирма-чи?

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да тўқимага шундай таъриф берилади: “Бадиий асарнинг асосий мазмунини ва ундаги қаҳрамонларнинг характерини очиб берадиган, ўзаро узвий боғланган воқеа-ҳодисалар мажмуи”. Иккинчи маъноси: “Тўқиб чиқарилган воқеа, характер ва ҳоказо”. Уйдирмага берилган таъриф: “Ўйлаб, тўқиб чиқарилган, ёлғон…”
Қарангки, тўқима ҳам, уйдирма ҳам ўйлаб топилган воқеа ва ҳодисалар ёки қаҳрамонлар бўлиб, ёзувчининг хаёлоти меваси. Лекин уларнинг фарқи нимада? Ўйлаб топилган воқеа ёки қаҳрамонлар қачон тўқима (бадиий тўқима) бўлади-ю, қачон уйдирма даражасига тушади?
Юқорида “Юлдузли тунлар” романидаги Тоҳир образини кўриб чиқдик. Тоҳир офтобачининг ҳаёт йўли билан ёзувчи яратган қаҳрамон – Тоҳирнинг ҳаёт йўли орасида ўхшашлик, балки, умуман, йўқдир. Тоҳир офтобачи Фарғонада туғилмаган, Бобур билан бирга Самарқанд қамалида қатнашмаган, Иброҳим Лўди билан бўлган жангда яраланмаган бўлиши мумкин. Лекин ёзувчи ўз қаҳрамони – Тоҳирни шахс сифатида босқичма-босқич ривожлантириб борадики, охир-оқибат у Бобурнинг яқин ҳамдамига, Тоҳир офтобачи даражасига кўтарилди. Ва шу билан ёзувчи хаёлоти бадиият мантиғи билан исботланган тўқимага, яъни бадиий тўқимага айланди.
Бу масалада иккинчи бир мисолни келтириш ўринли. Шаҳодат Исахонованинг “Бибихоним” романида Шодимулк билан боғлиқ қатор воқеалар келтирилади.
Муаллифнинг ёзишича, Амир Сайфиддин Шодимулкни бир чуҳрачидан Амир Темур саройи учун сотиб олади, лекин қиз ёқиб қолиб, ўзига олиб қолади. Шодимулк Амир Сайфиддиннинг канизаги бўлиб юрган чоғда Абу Бакр деган бек билан топишиб, иккови Амир Сайфиддиндан чўчимай, учраша бошлайди. Амир Сайфиддин ҳам буни билади, лекин қаршилик қила олмай, дарди ичида, куйиб юради. Охири Абу Бакрдан ўч олишнинг антиқа йўлини топади-да, Шодимулкни Халил Султонга ҳадя қилишга қарор қилади. Яна бу қарорни шаҳзодага Абу Бакр орқали айттирмоқчи бўлиб: “Фоний дунёнинг бу бебаҳо гавҳари шаҳзодамизга иккимиздан муносиб совға бўлсун”, дейди. Абу Бакр нима қилишни билмай, канизакнинг ўзидан маслаҳат сўрайди, агар Шодимулк рози бўлса, қиз билан боши оққан томонга кетмоқчи. Канизак шаҳзоданинг дарагини эшитиши билан унга қизиқиб қолади. “Шаҳзодага каниз бўлмоқ иккимизга саодат келтирур”, деб шаҳзодага каниз бўлишга розилик беради…
Манбалардан биламизки, Халил Султон Амир Сайфиддиннинг канизаги Шодимулкни соҳиби вафотидан кейин яширинча ўз никоҳига олгани Амир Темурнинг ғазабини келтирган, лекин Сароймулкхоним аралашиб, Халил Султонни жазодан олиб қолган, баҳонада Шодимулкнинг ҳаёти ҳам сақлаб қолинган (шу ўринда юқорида келтирилган Султонбахт бегим билан боғлиқ фаразларга оид яна бир саволни келтирсак: неварасининг ахлоқсизлиги учун дарғазаб бўлиб, уни жазоламоқчи, Шодимулкни қатлга буюрмоқчи бўлган Соҳибқирон Султонбахтнинг ҳаммага миш-миш бўлиб кетган “саргузаштлари”га индамайдими?).
Шодимулк ва Халил Султон орасидаги муносабатлар, Шодимулкнинг темурийлар салтанати бошига тушган кўргиликларга қўшган “ҳиссаси” тарихий манбаларда ёритилган бўлиб, роман муаллифи ушбу манбаларни эътиборга олмаганда ҳам, ҳеч бўлмаганда, Хуршид Давроннинг “Сароймулкхоним ёхуд тугамаган достон” эссесини назардан қочирмаслиги керак эди.
Шаҳодат Исахонова Шодимулкнинг қанчалик ярамас аёл бўлганини таъкидлаш учун юқоридаги воқеани тўқиб чиқарган, дея фараз қилайлик. У ҳолда масаланинг бошқа бир жиҳати туғилади: ҳар бир қаҳрамонга оид у ёки бу тўқима асардаги бошқа бир қаҳрамон ҳаётига доир тарихий ҳақиқатлар ёки мавжуд тасаввурларга таъсир кўрсатади. Шу боис ёзувчи Шодимулк ёки Султонбахт бегимнинг ҳаёти, унинг характери ҳақида бирон-бир тўқима яратар экан, хаёлотнинг бу “мева”си мазкур аёллар орқали бошқа бир одамлар (масалан, Амир Сайфиддин, Халил Султон, Султонбахт, Сароймулк, Амир Темур) ҳақида тарихий манбаларда ёзиб кетилган ҳақиқатларга зид келиб қолмаслигини, уларнинг халқ тасаввуридаги мавжуд қиёфасига соя солмаслигини ўйлаши зарур. Акс ҳолда ёзувчининг бу тўқимаси тарихий шахсларга нисбатан, юмшоқроқ қилиб айтганда, инсофсизлик бўлади.
Ва мана шу нуқтада юқоридаги, ўйлаб топилган, тўқилган воқеа ёки қаҳрамонлар қачон бадиий тўқима бўлади-ю, қачон уйдирма даражасига тушади, деган саволнинг жавоби келиб чиқади.
Хулоса ўрнида

Кино оламида “киноляп” деган атама бор. Бу фильмларни сурат олиш ёки монтаж қилиш жараёнида йўл қўйилган, экранда рўй бераётган воқеаларнинг табиийлигини бузадиган техник ва мантиқий хатолардир. Бизнинг юқорида келтирган “хатолар” (Умаршайх Мирзонинг чой ичиши, Спитаменнинг палов ейи­ши) билан “киноляп” ўртасидаги ўхшашлик қанчалик яқин ёки узоқ, деган саволни қўймоқчи эмасман. Кўнглимда муҳаррир ва шу билан биргаликда ёзувчи сифатида кечадиган хавф борки, у ҳам бўлса… “Юлдузли тунлар” ҳам, “Суғдиёна” ҳам ҳали яна кўп бора қайта нашр этилади. Мана шундай нашрлардан бирида муҳаррирлардан бири қўлига ўчирғични олиб… (Худо сақласин!) Яна шундан ҳам чўчийманки, романлардаги мана шу хатолар ҳақида мақола босилган эди, деган таъкидлов шунга сабаб бўлиши мумкин. Боиси бундан бир қанча йиллар аввал Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” драмасидаги Хўжа Аҳрор ва Мирзо Улуғбек тўқнашуви линияси борасида матбуотда Хўжа Аҳрорнинг Улуғбек фожиасида иштироки йўқлиги, бу улуғ зот ўша пайтда Тошкентда яшагани, Самарқандга Улуғбек вафотидан уч йил ўтиб, Абусаид Мирзонинг таклифи билан кўчиб келгани ҳақидаги эътирозлар босилгани сабабли бугун бу асар асосида ишланган, Шукур Бурҳонов, Ҳамза Умаров каби санъатимиз дарғалари иштирокида яратилган, кино санъатининг нодир намунаси даражасига кўтарилган фильм умуман экранга чиқмаётганини, “Улуғбек хазинаси” романидаги эпизод ҳам (Мирзо Улуғбек ва Абдуллатифнинг Кўксаройдаги учрашувида Хўжа Аҳрор ҳам бўлади) ёзувчининг ўзи томонидан “қайчилаб” ташланганини, кейин романни бойитиш асносида қўшимча қаҳрамон, эпизодлар киритилганини унутиб бўлмайди. Натижада эса “Улуғбек хазинаси”нинг янгича бир кўринишига эга бўлдикки, энди Мирзо Улуғбек қариганида Юлдузбиби деган ёш қизни севгани ва бу қизни саройида, хилватхонада сақлаганини (!), Қаландар Қарноқий образининг ниҳоят даражада фаоллашиб кетганини, қувғиндаги Улуғбекни Юлдузбиби билан учраштирганини (бунинг учун қизни Кўксаройдан лаҳм орқали расадхонага келтиради! Ажабки, ҳеч бир қаршиликсиз, бемалол, эмин-эркин!) ўқиб турибмиз. Ҳолбуки, романда ҳамма “ғишт” жой-жойида бўлиб, уларни силжитиб бўлмас эди. Фақат романга ёпишиб тушмаган биргина лавҳа – Хўжа Аҳрор қатнашган эпизоднинг ўзини олиб ташласа кифоя эди!
Аслида “Мирзо Улуғбек” драмасида Хўжа Аҳрорнинг салбий қаҳрамон қилиб киритилиши ўша давр мафкураси ва сиёсий идораларнинг талаб ва тазйиқи билан бўлгани аниқ. Йўқса, Шайхзодадек зукко ижодкор Хўжа Аҳрор валийнинг ким эканлигини билмасмиди?
Ҳар нечук, мазкур асарлар биз учун огоҳлантирувдир. Юқорида қўйган саволимизнинг (бу “хато”лар қай даражада аҳамиятли?) жавоби худди шу ерга келиб топилади. Улар аввало, ўзининг ибрати билан аҳамиятли. Қолаверса, асарнинг бадиий қийматини туширмаган, воқеалар ривожига ва характер мантиғига соя солмаган бўлса, бу “хато”ларни “тузатиш”га уринмай ҳам қўя қолган маъқул эмасми? Бу борада “Улуғбек хазинаси” бошига тушган кўргилик бизга сабоқ бўлиши керак.
Тарихий мавзуда асар ёзишга киришаётиб, аждодларимиз руҳини шод этишни бош мақсадимиз этиб белгилаб олиш, қоғоз қоралаётиб, хаёлотнинг учқур қанотларида учарканмиз, ўтганлар руҳини бехос ранжитиб қўймаслик учун масаланинг иккала томонига ҳам қараб қўйишни дилимизга маҳкамроқ тугиб олишимиз шартдир.

Рисолат Ҳайдарова,

«Шарқ юлдузи» журнали наср бўлими бошлиғи

http://sharqyulduzi.uz/?p=1985