Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда Ахборот хизматининг ўрни

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а6

9-мавзу: Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ахборот хизматининг ўрни

Режа:

  1. Ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиш ва ўрганиш.
  2. Жамоатчилик фикрини ўрганиш усуллари.
  3. Ташкилот фаолиятига оид ахборотлар ўрганилиши.

Ташкилотнинг жамоатчилиги деганда кимлар назарда тутилади?

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, аввало ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиши зарур. У қандай аниқланади, деган саволга оддий кузатишлар орқали жавоб топиш мумкин.

Одамлар қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, улар ўша соҳа ё тизимнинг жамоатчилиги ҳисобланади. Масалан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жамоатчилиги – деҳқонлар, боғбонлар, чорвадорлар, соҳа олимлари ва бошқа манфаатдор кишилардир.

Телефон ё почта хизматидан фойдаланаётган истеъмолчилар Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги жамоатчилиги ҳисобланади.

Пенсионерлар, ёш болали оналар, турли ногиронлар Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигининг жамоатчилигидир.

Шифохонага тушган беморлар шак-шубҳасиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилигини ташкил қиладилар. Беморлардан ташқари соғлом кишилар ўртасида тиббиёт ходимлари тушунтириш ё профилактик ишларни амалга оширяптими, демак, ундан манфаатдор одамлар ҳам вазирлик жамоатчилиги ҳисобланади.

Мактаб ўқувчилари ва қолаверса уларнинг ота-оналари республика Халқ таълими вазирлиги ҳамда вилоят, шаҳар, туман бошқармалари жамоатчилиги ҳисобланади.

Талабалар ва ота-оналари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жамоатчилигини ташкил этадилар.

Демак, фуқаро қайсики соҳадан манфаатдор бўлса, у республика, вилоят, шаҳар ва туманларда шу соҳа мутасадди ташкилотларининг жамоатчилиги ҳисобланади.

Айни пайтда инсон ҳар куни қатор ташкилотларнинг жамоатчилигига айланиши ҳам табиий. Айтайлик, у маҳалласида – ўша ҳудуддаги фуқаролар йиғини жамоатчилиги ҳисобланади. Автобусга чиққанида автотранспорт ташкилоти, дўконга кирганида савдо ташкилоти, телефонда сўзлашганида алоқа тармоғи ва ҳоказо ташкилотларнинг жамоатчилигига айланаверади.

Шу ўринда “жамоатчилик” билан “жамоа аъзоси” деган тушунчаларга ҳам ойдинлик киритиш зарур. Юқорида, инсон қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, у ўша соҳа жамоатчилиги ҳисобланади, дедик. Айни пайтда муайян соҳада фаолият кўрсатаётганлар ҳам ўша ташкилот жамоаси аъзоси, ҳам унинг жамоатчилиги бўлади. Масалан, таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи биринчи галда ўша муассаса жамоаси аъзосидир. Жамоа аъзоси – масъул ходим сифатида аввало ўша таълим муассасаси топшириқларини бажаради. Иккинчи жиҳатдан, у ҳам жамоатчилик вакили бўлиши ва юқори ташкилоти (вазирлиги, қўмитаси, уюшмаси) фаолиятига ўз муносабати, таклифларини билдиришлари мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, оддий милиция ходимларининг кийим-бошларида Ички ишлари вазирлиги эмблемаси ва унинг тагида “ИИВ” деган ёзув бор. Бу – ўша ходимнинг ИИВ тизими ходими деган маънони англатади. Демак, милиция ходими аввало ИИВ тизими (жамоаси) аъзоси ҳисобланиб, вазирлик буйруқларини, топшириқларни бажаради.

Тажрибали милиция ходимидан соҳани янада ривожлантиришга оид фикр сўрасангиз, у ўз билим ва тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдириши мумкин. Бу ўринда у шу соҳа жамоатчилиги қатори муносабат билдирган ҳисобланади. Айтиш жоизки, ҳар бир соҳани ривожлантиришда тажрибали мутахассис-кадрларнинг фикрлари ғоят қимматлидир.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган ахборот хизмати аввало ўша жамоатчиликни аниқлаб олиши ва муттасил равишда уларнинг фикрларини ўрганиб бориши лозим.

Ҳар бир ташкилот ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша кучга амалда эришмоғи учун ахборот хизмати биринчи галда ташкилот фаолиятига оид ахборотларни муттасил оммага етказиб туриши зарур. Шу билан бир қаторда жамоатчиликнинг тегишли соҳалар ҳақидаги фикрларини ўрганиб, ундан ташкилот мутасаддиларини хабардор қилиб боришлари лозим. Ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири шу.

Одамларнинг фикрлари, таклифларини ўрганиб бормаган ёки беэътибор қолдирган, улар билан етарли даражада алоқа ўрнатмаган ташкилот фаолияти заифлашиб, сустлашиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқаларда энг муҳими – ҳақиқатни гапириш. Агар Ахборот хизмати ходими ташкилот номидан ёлғон хабар тарқатса, унга зарар келтиради. Одамлар рост билан ёлғоннинг фарқини яхши англаб етадилар. Саломга қараб алик, деганларидек, алдамчилик қилганларга одамлар ишонмай қўяди. Ишончдан қолган ташкилотга нисбатан муносабатлар ижобий бўлиши қийин. Башарти, ёлғон хабар тарқатган шахс хатосини англаб етган тақдирда нима қилмоғи керак? Албатта, ўша хатосини тан олиб, халқдан кечирим сўраши зарур. Қайси ОАВ орқали ёлғон хабар тарқатган бўлса, айнан ўша орқали узрини айтиши лозим. Бағри кенг халқ кечиримли бўлади, унга имкон беради.

Қайсики ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни узвий равишда йўлга қўймаса, унинг фаол жамоатчилиги бўлмайди. Яъни, одамлар уни ташкилот сифатида тан олмайди, зарур пайтда қўллаб-қувватламайди.

Жамоатчилик билан алоқалар одамларни ишонтириш санъати билан амалга оширилади. Ишончга қандай эришилади? Бунинг усули оддий. Яъни, одамларга эътиборли бўлиш, уларга берилган ваъданинг устидан чиқиш, ишини амалда кўрсатиш, сўзини исботлаш орқалигина халқнинг ишончига сазовор бўлиш мумкин. Айтиш жоизки, жамоатчилик эътиборини муттасил қозониб келаётган ташкилотлар талайгина. Таассуфки, фаолияти ҳаминқадар, жамоатчилик билан алоқалари қониқарсиз ташкилотлар ҳам йўқ эмас…

Қайсидир ташкилотнинг жамоатчилигини кўпсонли фуқаролар ташкил этадилар, бошқасини эса нисбатан камроқ. Биз бу борада кенгроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида жамоатчилиги бутун мамлакатимиз халқи, ҳатто, чет эллардаги элчиларимиз ва хорижда таълим олишаётган ватандошларимизгача ташкил этадиган олий вакиллик органимиз – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси жамоатчилиги билан танишамиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади”1 деб белгиланган. Ривожланган мамлакатлар парламентлари фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади. Буни “парламент” сўзининг луғавий маъноси –французча “парле” – баҳс-мунозара, “мент” – жой, ўрин деган маънони англатишидан ҳам англаш мумкин. “Олий вакиллик органлари бир неча мамлакатларда, жумладан, Англия, Франция, Италия, Канада, Бельгияда тўғридан-тўғри парламент деб аталади”2.

Жамоатчилик билан алоқалар ҳар бир депутат, қолаверса, бутун Олий Мажлис фаолиятида у ёки бу шаклларда намоён бўлади. У ОАВда ўз аксини топади. Матбуотдаги жамоатчилик баҳс-мунозараси орқали хилма-хил фикрлар аниқланади. Бу билан мақбул таклифлар ўрганилиши учун замин яратилади. ОАВ парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади. Унда бир томондан, парламент фаолияти, депутатларнинг фикр-мулоҳазалари, ўтказиладиган тадбирлар ёритилса, иккинчи томондан, жамоатчилик фикри мунтазам равишда ўз ифодасини топади. “Ҳар бир публикация, ҳар бир босма материал, ҳар бир босма сўз маълум бир аниқ мақсадларни назарда тутаётган, мувофиқлаштирган дастурнинг қисми бўлиши зарур”3, деб ёзади PR соҳаси назариётчилари.

Парламент фаолияти қонунлар чиқариш билан бир қаторда жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам намоён бўлади. Бу ваколатлар эса тегишли қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркинлик билан сайланган вакиллари воситасида ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир”4 деб ёзилган. Шунга монанд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”5, деб белгилаб қўйилган.

Демак, ҳар бир фуқаро ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласи тегишли ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган. Қонун чиқарувчи ҳокимият мамлакатимизда сайловлар йўли билан шаклланар экан, айтиш мумкинки, Олий Мажлиснинг жамоатчилиги – барча сайловчилар, шунингдек, ўша сайловчилар ортида турган оила аъзолари (сайлов ёшига етмаган ўғил-қизлар, вақтинча сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар) ҳамдир.

Қиёсан олиб қарайдиган бўлсак, жамоатчилик бу – табиат. Табиат бағрида инсон яшайди. Жамоатчилик бағрида ташкилот, соҳа яшайди. Шу нуқтаи назардан қаралганда қонун чиқарувчи ҳокимият ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша жамоатчиликка ахборот етказиб тура олиши билан кучли.

Депутатлар вақти-вақти билан ўз сайловчилари билан учрашадилар. Улар учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёки Сенати аъзоси сифатида парламент фаолияти ҳақида сўз айтиши маълум.

Шу билан бир қаторда улар жамоатчилик фикрларини ўрганадилар. Ҳар бир сайловчи қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятига ўз депутати орқали дахлдор. Парламент томонидан қонун лойиҳаси эълон қилинишидан тортиб, унинг муҳокамасида аҳолининг деярли барча қатламлари иштирок этади. Жамоатчилик билан алоқалар мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимиятининг функцияларидан бирига айланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссиялари қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадилар, ишчи гуруҳлари тузиб, ўз хулосаларини берадилар, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар томонидан киритилган қонун лойиҳаларини сессияда кўриб чиқишга жиддий тайёргарлик кўрадилар ва муҳим қарорлар тайёрлашда иштирок этадилар. Кўриниб турибдики, бу жараёнларда жамоатчилик билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилади.

Ишчи гуруҳлари, мутахассислар жалб этилиши, уларнинг фаолиятлари тўғрисида ОАВ орқали кенг жамоатчиликка ахборот берилиши, қолаверса, ўша қонун лойиҳаларининг матбуотда эълон қилиниши, муҳокама этилиши – жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос кўринишидир. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ўз фаолиятларини (жойларда ўтказиладиган мулоқотлар, суҳбатлар, турли тадбирлар орқали) халқ билан узвий алоқада амалга оширмоқда.

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, пиарменнинг аудитория билан муносабатлари – унинг фаолиятида асосий йўналишлардан биридир. Ушбу муносабатлар ҳам халқаро ва идоравий, турли кодекслар томонидан тартибга солинади. Идоравий манфаатлар билан адолат манфаатларини уйғунлашган ҳолида кўзланган умумий мақсадга эришиш мумкин.

Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида парламент ҳам, бошқа ташкилот ҳам ўз фаолиятининг самарасини ошириш мақсадида Ахборот хизмати орқали ахборот тарқатиб бориши муҳимдир. Бу ахборот мақсадли равишда амалга оширилади.

Қонунчилик ҳокимияти ролини ва таъсирини кучайтириш аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларида ўз ифодасини топади.

Парламентнинг ўз жамоатчилиги билан алоқалари кўлами ва сифати қай даражада эканлигини матбуотда ёритилаётган мақолалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, илгари “депутатларни фақат сайлов давридагина кўриб қоламиз, сўнг халққа қорасини ҳам кўрсатмайди” деган эътирозлар беҳуда айтилмасди. Айни вақтда эса депутатларнинг халқ билан муносабатларини бўрттириб кўрсатишга ҳам ҳожат йўқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг ОАВда чиқишлари анча фаоллашгани кузатилмоқда.

Икки палатали парламент фаолиятини жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай эволюцион юксалиш изчил давом этгани сайин унинг самараси намоён бўлаверади.

Олий Мажлис ўз аудиторияси билан алоқаларини кенг йўлга қўйиши учун Ахборот хизмати ходими етук пиармен ва моҳир журналист бўлиши лозим. Топшириқларни ўз вақтида бажариш, ўзига хос услубни йўқотмаслик, аудиторияга мурожаат қилиш – ҳар бир оммавий ахборот воситаси тавсифидир ва буни бажариш ҳар бир PR ходими ишининг муҳим томони ҳисобланади. Телевидение, радио ва газеталарда ёритилаётган сайловга оид мавзулар замирида жамоатчилик фикри атрофлича ифода этилаётир. Бундай хулосалар эса парламент аъзолари журналистлар билан ёки журналистлар парламент билан узвий алоқа ўрнатишлари натижасида пайдо бўлади.

Жамоатчиликнинг парламентга муносабати қай даражадалигини ОАВ орқали англаш мумкин. Одамларнинг олий вакиллик органига нисбатан билдирган фикрлари ҳам амалда у билан муносабатини кўрсатади.

Қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик иштироки ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиши тегишли қонунларда белгилаб қўйилгани парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ахборот хизмати ходимлари ўз фаолиятини талаб даражасида амалга ошириш учун аввало ташкилотининг жамоатчилигини яхши билиши зарур. Тегишли қонунлар ва ҳукумат қарорларини ўрганиши лозим. Соҳага оид илмий-оммабоп адабиётлар билан муттасил танишиб бориши, мутахассислар фикрини эътибор билан ўрганиши тақозо этилади. Қайсики Ахборот хизмати ходими ўша соҳа сирларини қанчалик пухта эгалласа, бу мавзуда халқ билан мулоқотда мутахассислар қатори фикрлаша олса, демак, у ўзига яраша етук мутахассис ҳисобланади.

________________________________

1 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2010. Б. 14.

2 Азизхўжаев А., Ҳусанов О., Азизов Х. Конституциявий ҳуқуқ. –Т.: Академия, 2001. Б. 76.

3 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт. –М.: Вильямс, 2003. Б. 323.

4 Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1999. Б.51.

5 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2003. Б. 8.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>