Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни ҳар қачонгидан ўзгача кўринишда, ҳақиқий байрамона тазда нишонланади. Байрам муносабати билан Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳарбий бўлинмалар иштирокида маршлар ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазири ўринбосари, полковник Азизбек Икромов Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, Олий бош қўмондон, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 декабрдаги фармойиши билан “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, ҳарбий кўргазмали чиқишлар ташкил этилади. Вазир ўринбосарига кўра, эндиликда ҳарбийлар ва халқ ўртасида шаффофлик ҳамда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ватанпарварлик руҳидаги анжуманлар йил давомида ташкил этилади.

“Жорий йилнинг декабрь ойи ва 2018 йилнинг январь ойиниг биринчи ўн кунлигида Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ўқувчи ёшларни жалб қилган ҳолда, улар учун замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳа намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан чиқишлари, шунингдек “Ватанпарвар” мудофаага кўмаклашувчи ташкилотининг фестивалларини ташкил этиш режалаштирилган”, — дея байрамни кенг нишонлаш дастури ҳақида маълум қилди вазир ўринбосари.

Икромовнинг қайд этишича, авваллари Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш бир ой давом этган бўлса, энди бу каби ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, давлат раҳбари топшириғига биноан, йил мобайнида ташкил этилади.

“Яна бир янгилик. Бу сафар ҳарбий оркестр садолари остида Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларининг катта кўчаларида ҳарбий маршлар уюштирилади. Бундан ташқари Мудофаа вазирлиги Халқаро Пресс-клубда 14 январь арафасида шаффофликни таъминлаш мақсадида мулоқот ўтказади”, — деди Икромов.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирокида спорт марафонлари, барча ўрта таълим ва касб-ҳунар масканларида ҳарбий-ватанпарварлик акциялари, танловлар ўтказиш режалаштирилган.

http://kun.uz