Улуғ адиб Ўткир Ҳошимов хонадонида бир дам

Ардоқли адибмиз, устоз Ўткир Ҳошимовни қўмсаганда дурдона

китобларини такрор-батакрор варақлаймиз. Барибир, кўнгил тўлмайди. Қабрини зиёрат қиламиз, барибир ўрнига тушмайди. Сўнг, устоз яшаб ўтган Дўмбирободдаги хонадонига борамиз. Устознинг умр йўлдоши — Ўлмасхон аянинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, шукрки, кўнгил анча таскин топади.

(Қуйидаги суҳбат ва хотиралар 2018 йил 13 май куни илк бора сайтимизга жойлаштирилган эди)

 

 

УХошимова УХошимова1

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси Ўлмасхон ая билан биргаликда устознинг машҳур асарларини айрим шаҳрлар, хотира мақолалар билан бойитган ҳолда қайта нашр этишни режалаштирмоқда.

Шу аснода Ўлмасхон аямизнинг  http://kh-davron.uz сайтида ёритилган бир ажойиб мақоласини Журналистика факультети ёш қаламкашларига маҳорат сабоғи сифатида тақдим этишни лозим топдик, дейди Дониш домла келгусида улар ҳам андоза олишига ва шундоқ ажойиб асарлар ёзишига умид қилиб.

033

…“Дунёнинг ишлари”ининг “Илтижо” бобини кўзда ёш билан ёддан ўқиб берган кўплаб талаба ва ўқувчиларни кўрдим. Дарвоқе, “Икки эшик ораси” романининг “Зилзила”, “Тушда кечган умрлар” романинг “Оппоқ-оппоқ қорлар ёғди” бобини ларзага тушиб, ёдаки ўқиган китобхонлар ҳам оз эмас. Балки муаллифнинг ўзи уларни росмана йиғлаб ёзгани учун ҳам шундайдир.

Ўлмасхон ҲОШИМОВА
ЁЗУВЧИ НЕГА ЙИҒЛАЙДИ?
03

Улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий ҳаётига оид бир воқеа ҳақида кўп ёзилган. Адиб одатда, ўз асарларини қиш палласида ёзар экан. Кунлардан бир кун ёзувчининг умр йўлдоши уйга кирса, Қодирий домла йиғлаб ўтирганмиш. Аёли: “Сизга нима бўлди?” – деса, Қодирий: “Кумуш ўлиб қолди!” – деган экан.

Адабиётдан узоқ одам учун бу – афсона бўлиб туюлиши мумкин. Лекин ижод жараёнидан озми-кўпми хабардор одам бу – айни ҳақиқат эканига шубҳа қилмайди…

Ўткир Ҳошимов билан турмуш қурганимизга қирқ йил бўлди. Худога шукур, ўғил-қизли, қўша-қўша набирали ҳам бўлдик… Турмушимиз байрамдан иборат бўлди, десам, рост гапирган бўлмайман. Ҳаёт қувончларини ҳам кўрдик, ташвишларини ҳам… Мана қирқ йилдирки, ижодий меҳнат нақадар машаққатли ва масъулиятли жараён эканига гувоҳ бўлиб келаяпман…

Олтмишинчи йилларда адабиётга кириб келган Ўлмас Умарбеков, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров, Неъмат Аминов каби истеъдодли шоир ва ёзувчилар ижод оламига янги ҳаво олиб киргандек бўлдилар, нуқул сиёсатни эмас, Инсонни тасвирлайдиган асарлар дунёга кела бошлади. Энди билсак, бунинг сабаби, бир томондан Хрушчёв замонида пайдо бўлган хийла эркин фикрлаш бўлса, иккинчи томондан бу ижодкорларнинг кўпчилиги Тошкент Давлат университетида таҳсил кўрган, улар чуқур билимли, ҳақгўй, талабчан устозларнинг сабоғини олган эканлар. Шундай шогирдлар қаторида Ўткир Ҳошимов ҳам бор эди… Биринчи китоби учинчи курса ўқиётганида чоп этилган, биринчи йирик бадиий асари устоз адиблар таҳсинига сазовор бўлган талабалар унчалик кўп бўлмайди. Ўткир Ҳошимов эса шундай талаба эди. Унинг “Чўл ҳавоси” деган биринчи қиссаси талабалар орасида машҳур бўлиб кетди.

Ёзувчининг кейинги қирқ йил давомида яратган асарлари қандай туғилганига гувоҳман.

* * *

Янги асар ёзиш пайтида адиб хаёлчан, бир қадар тажанг бўлиб қолади. Кечами-кундузми ҳамма нарсани унутиб, ёзади. Лекин асар битмагунча ҳеч кимга кўрсатмайди. Биз ҳам ёзувчи ишлаётган пайтда безовта қилмаймиз, нима ёзилаётганини ҳам сўрамаймиз (оилада шундай тартиб бор). Адиб ёзганидан ўзининг кўнгли тўлса, чеҳраси очилиб, бизга беради. Шу тариқа оила аъзолари – фарзандлар ҳам қўлёзмани биринчи бўлиб ўқиймиз. Асар ҳақида айтилган фикрларни муаллиф оғринмай қабул қилади. Сўнг деярли барча асарлар Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғафур Расулов, Носир Фозилов, Тўлқин Расулов каби устоз ва дўстлари назаридан ўтказилган.

Башарти асар муаллифнинг ўзига ёқмаса-чи? Бундай ҳоллар бир неча марта бўлган. Адиб қўлёзмани йиртиб, ёқиб ташлаган (баъзан ҳатто матбуотда янги асардан парчалар босилгандан кейин ҳам).

Бадиий асар катта ҳаяжон билан, шавқ билан ёзилиши керак. Бу ҳақда ёзувчи бундай дейди: “Китоб ёзаётган қаламкаш ҳаяжони китоб ёқиётган ўқувчи ҳаяжонидан ўн карра кучлироқ бўлади. Китоб ўқиётганингизда жиндай табассум қилсангиз, билингки, ўша саҳифаларни қаламкаш росмана кулиб ёзган. Китоб ўқиётганингизда кўзингизга бир қатра ёш келса, билингки, қаламкаш ўша саҳифаларни росмана йиғлаб ёзган”.

1982 йили Қора денгизга — Пицундага бордик. Ёзувчилар ижодий уйидан хона беришди. Мен болаларни денгизга олиб бораман. Адаси деярли хонадон чиқмай ишлайдилар… Орадан ўн кунлар ўтди. Бир гал хонага қайтсак, ёзган нарсаларини йиртиб ташлаяптилар. “Ҳай-ҳайлаб” бир қисмини олиб қолдим. Қўлёзма сарлавҳасини шунда кўрдим. “Эртага – куз”. Юз бетлар ёзилган экан, деярли ҳаммаси йиртилиб бўпти…

– Нега ундай қилдингиз? – десам, қўл силтадилар:

– Бўлмайди! Сиғмаяпти! Хом!

Қўлёзманинг омон қолган саҳифаларини ўқиб кўрсам, бинойидек… Нима “бўлмагани”, нима “хом”лигини орадан икки йил ўтгач, “Икки эшик ораси” романи қоғозга тушганидан сўнг англадим. “Икки эшик ораси”дек салмоқли, фалсафий, психологик роман аввалги услубга ҳам, қолип (композиция)га ҳам сиғиши мумкин эмас экан…

“Икки эшик ораси” романи минглаб ўзбек хонадонларига кириб борди. Деярли уч юз минг нусхада ўн марта нашр этилди. Бошқа тилларга таржима қилинди.

Дарсликлар ва ўқув дастурларига киритилди…

“Тушда кечган умрлар” романининг дунёга келиш тарихи ҳам ўзига хос. 1991 йили Ўткир Ҳошимов таваллудининг 50 ёши нишонланди. Ўша оқшом Президентимиз адибга табрик йўллаганлари биз учун унутилмас воқеа бўлди. Шу арафада адибнинг устозларидан бири – Умарали Норматов шогирдга жўяли маслаҳат бердилар:

– Одатда, ижодкорлар ўз тўйига янги асар билан келади. Сиз ҳам янги асар ёзинг!

Адиб Умарали аканинг шу таклифини айтганларида севиниб кетдим.

– Домла тўғри айтибдилар, – дедим. – Ҳамма ижодкорлар шундай қилади. Сиз бўлсангиз анчадан буён каттароқ асар ёзганингиз йўқ.

Гапим негадир ёзувчига ёқмади.

– Бошқалар нима қилса ўзининг иши. Мен кучаниб ёзмайман! Асар туғилгиси келса ўзи туғилади.

Орадан кўп ўтмай, адиб бетоб бўлиб қолди. Шифохонага ётдик. Дўхтирлар операцияни қиламиз, деб тиқилинч қилади, адаси кўнмайдилар… Кеч куз эди. Бир оқшом адаси балконга чиқиб, узоқ ҳаяллаб қолдилар. Изиллаб шамол эсиб турибди. Жоним ҳалак бўлиб, ичкари киринг, дегим келадию, ийманаман…

Бир маҳал ўзлари палатага кириб, “қоғоз борми?! деб сўрадилар. Касалхонада қоғоз нима қилсин? Шу кеча шифохона палатасида тонг отгунга қадар чироқ ёниб чиқди. Эрталаб тутунга тўлиб кетган хонага кирган дўхтир койиди:

– Ўзингиз бу аҳволда бўлсангиз, устига-устак босиб чекаверсангиз, нима, жонингизда қасдингиз борми?

Дўхтир чиқиб кетиши билан адиб ўз қарорини айтди.

– Уйга кетамиз.

Уйга қайтишга қайтдик, лекин асар ёзиш тағин орқага сурилди. Орада сафар чиқиб қолди. Иброҳим Ғафуров, Дадахон Нурий, Аҳмаджон Мелибоевни чет элга хизмат сафарига юборадиган бўлишибди. Ўткир Ҳошимов сафарга боришни асло хоҳламас эди.

– Шу сафарга мендан бошқа одам борса бўлмасмикан?!

Йўлдан қолишнинг иложи бўлмади. Орадан анча ўтиб, “Тушда кечган умрлар” романи эълон қилингач, китобхонлар билан учрашувларнинг бирида Иброҳим ака чет эл сафари ёзувчига асло татимаганини айтиб бердилар: “Ўткиржон, сафарда юрдию, чамаси ҳеч нимани кўргани йўқ. Фикри-зикри бошқа ерда эди. Кейин билсам, роман ёзаётган экан…”

Сафардан қайтиши билан адиб деярли кеча-кундуз тўхтовсиз ишлаб, романнинг илк вариантини бир ойнинг нари-берисида ёзди. Асарда қандайдир мунгли руҳ сезилиб турар, унинг биринчи жумласи эса бундай бошланар эди: “Куз – ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди”. Бу – ўша кеч куз оқшоми ёзувчи касалхона балконига чиқиб кузатган манзара бўлса ажаб эмас…

Бу романнинг қисмати ҳам ёруғ бўлди. Кўп марта нашр этилди, бошқа тилларга таржима қилинди… Агар Мустақиллик бўлмаса, бу асар дунё юзини кўрмаслиги аниқ эди. Негаки, унда мустабид тузум фош қилиб ташланган. Худо асрасин, собиқ шўро тузуми бўлса, бу роман учун ёзувчи мислсиз балоларга қолиши мумкин эди.

* * *

1980 йили ойимлар (қайнонам) тўсатдан вафот этдилар (Худо раҳмат қилгур хоксор, меҳрибон ва доно аёл эдилар). “Дунёнинг ишлари” китобида Она қиёфаси айнан тасвирланган. Адиб бу жудоликдан жуда қаттиқ изтиробга тушди. Шусиз ҳам ўта таъсирчан одам янада маъюс, ҳаёлчан бўлиб қолди. Охири Абдуғафур Расулов, Баҳодир Ғуломов (домланинг жойлари жаннатда бўлсин) билан маслаҳатлашиб, Сижжакка – Опоқхўжа ака деган эски қадрдонлариникига чиқиб кетишди. “Дунёнинг ишлари” китобининг дастлабки боблари ўша ерда ёзилган. Адибнинг ўзи таъкидлашича, бунга Абдуғафур ака даъват қилганлар. “Бошқаларда йўқ имконият сизда бор-ку, ўзингиз ҳис этаётган шу изтиробларни қоғозга туширсангиз, бир томондан, дардингиз енгиллашади, иккинчидан, холамларнинг руҳини шод қилган бўласиз”.

“Дунёнинг ишлари” бошқа асарларга ўхшаб тез ва шиддат билан ёзилгани йўқ. Ҳар бир ҳикоя мустақил асар сифатида туғилган. Аммо уларнинг ҳаммасида Она образи бор. Бу китобнинг дунёга келишида атоқли шоира Зулфия опанинг катта ҳиссаси бор. Адиб бўлажак китобнинг биринчи бобларини “Саодат” журналига олиб борганида Зулфия опа бу жуда яхши асар бўлишини таъкидлаб, уни давом эттириш кераклигини, журнал эса китобни сонма-сон босиб боришини айтган эканлар. Бу ҳақда муаллиф ўз мақоласида ёзган… Шундай қилиб китоб бир йилдан ортиқ муддатда дунёга келди. Унинг энг охирги саҳифаси қандай туғилгани ҳамон кўз ўнгимда турибди. Баҳор эди. Кечаси гумбирлаган товушдан уйғониб кетдим. Момақалдироқ бўлаётган экан. Қарасам, хонада адаси йўқлар. Айвонга чиқдим. Соат тўртдан ўтибди. Нариги хона эшигидан чироқ нури тушиб турибди. Киришга тортиндим. Чой қўйдим. Анча иккиланиб туриб, эшик олдига келдим. Секин ичкарига кириб яқин бордим. Қарасам, адиб унсиз йиғлаяпти… Қўрқиб кетдим. “Нима бўлди?” – десам, индамай чиқиб кетдилар… Кўз ёши томган саҳифаларни беихтиёр ўқидим. Ўқиб, йиғлаб юбордим. Бу – “Илтижо” деган боб эди. Мана ўша боб:

“Ойи мен келдим… Эшитяпсизми, ойи, мен яна келдим…

Қаранг, ойи, тағин кўклам кирди. Эсингиздами, ҳар йили баҳор кириши билан Сизни далага олиб чиқардим. Сиз чарақлаган офтобни, тиниқ осмонни, кўм-кўк майсаларни кўриб қувонардингиз. Эсингиздами, невараларингиз териб келган бойчечакларни кўзингизга суртиб, “омонлик-сомонлик” қилардингиз…

Бугун… ўзингизнинг устингиздан бойчечак ўсиб чиқибди… Йўқ, йўқ, ойижон… йиғлаётганим йўқ. Биламан, мен йиғласам, сиз безовта бўласиз… Ҳозир… ҳозир ўтиб кетади. Мана бўлди…

Эрталаб-чи, ойи, ёмғир ёғди. Қаттиқ ёмғир ёғди. Сиз баҳор ёмғирини яхши кўрардингиз… Кейин офтоб чиқиб кетди. Қаранг, офтоб чарақлаб ётибди… Эсингиздами, сиз менга офтоб ҳақида чўпчак айтиб берар эдингиз. Ўша офтоб чарақлаб ётибди… Кўраяпсизми…

Эсингиздами, ойи, сиз укамга алла айтардингиз. Мен алланинг оҳангига маст бўлиб ухлаб қолардим. Ўша бешикда мен ҳам ётганман. Аллангиздан мен ҳам ором олганман. Нима қилай, ойи, мен алла айтишни билмайман. Қабрингизни силаб қўйсам ором оласизми… Мана, ойижон, мана… Йўқ, йўқ, йиғлаётганим йўқ. Ҳозир, ҳозир ўтиб кетади…”

Балки бу парчани алоҳида ўқиган китобхон унчалик ҳаяжонга тушмас. Бироқ, “Дунёнинг ишлари”ини бир бошдан ўқиб, Онани қаттиқ севиб қолган китобхон бу сатрларни ўқиганда ларзага тушмай қолмайди. “Илтижо” бобини кўзда ёш билан ёддан ўқиб берган кўплаб талаба ва ўқувчиларни кўрдим. Дарвоқе, “Икки эшик ораси” романининг “Зилзила”, “Тушда кечган умрлар” романинг “Оппоқ-оппоқ қорлар ёғди” бобини ларзага тушиб, ёдаки ўқиган китобхонлар ҳам оз эмас. Балки муаллифнинг ўзи уларни росмана йиғлаб ёзгани учун ҳам шундайдир. Нима бўлганда ҳам адиблар йиғиси ўқувчининг қалбига нур олиб киради. Ёзувчилик қисмати шундай бўлса керак эҳтимол.

Ўткир Ҳошимов
ИККИ ҲИКОЯ
09

043Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). ТошДУнинг филология факултетининг журналистика бўлимини тугатган (1964). Илк китоби — «Пўлат чавандоз» (1962, очерклар тўплами). Биринчи йирик насрий асари — «Чўл ҳавоси» (1963). «Одамлар нима деркин» (1965), «Шамол эсаверади» (1966), «Қалбингга қулоқ сол» (1973), «Баҳор қайтмайди» (1970), «Дунёнинг ишлари» (1982) қиссалари ҳамда «Нур борки, соя бор» (1976), «Икки эшик ораси» (1986), «Тушда кечган умрлар» (1994) романлари нашр этилган.
Ёзувчининг бир қанча асарлари экранлаштирилган. «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» (1975), «Виждон дориси», «Тўйлар муборак» (1979), «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1986). «Меҳнат шуҳрати» (1996), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган. 2013 йил 24 май куни вафот этган.

09

ҲУРКИТИЛГАН ТУШ

«Кўнгил вайрон бўлиши учун тақдирнинг ожизгина зарбаси кифоя».

С. Цвейг.

Тишлари тўкилган кемшик бола эдим. Сой бўйидаги ўтлоқ биз — болаларнинг «катта еримиз» эди. Ҳар куни эрта билан ойим чийдухоба шимимнинг чўнтагига яримта зоғора, бир бўлак қайнаган лавлаги солиб берарди-да, шохсиз, ювош эчкимизни етаклаб «катта ер»га жўнардим. Овози дўриллаб қолган Меливой кўк кўзни айт­маса, ҳаммамиз ёш болалар эдик. Ўтлоқ ёнидаги икки туп азим тол бизнинг овунчоғимиз эди. Баҳор келиши билан болалар тол новдаларидан ҳуштак ясашар, қизлар бўлса баргак тақиб, дарахт соясида черта ўйнашарди.

Бир куни орамизга янги меҳмон — Ҳалима деган қизча қўшилди. Унинг қишлоғимизга келганини ҳаммадан аввал мен билдим. Кечқурун ойим дадамга айтган гапини эшитиб қолгандим.

— Ҳаким сассиқ шаҳарга бориб қизини топиб келибди. Хотинининг бошига итнинг кунини солибди. «Ўзинг-ку, шарманда қилдинг… Майли, сен ўша топганинг билан бўлавер. Менга қизимни бер», дебди…

Ҳаким сассиқ урушдан келгач, полизда бригадир бўлиб ишларди. Мен уни ёмон кўрардим: бир марта эчким полизига кириб кетганида мени икки тарсаки урган. Ойимнинг гапидан ҳеч нима тушунмаган бўлсам ҳам, Ҳаким сассиқнинг қизини кўргим келди. Эртасига кўрдим ҳам…

* * *

Ўша куни эрталаб момақалдироқ бўлиб, жала қуйгани эсимда бор. Ойим одатдагидай эчкининг елин қопини боғлаб (бўлмаса боласи эмиб қўярди) арқонни қўлимга тутқазди:

— Яхшилаб тўйғиз!

«Катта ер»га етиб келгунимча ҳаво чарақлаб очилиб кетди. Эчкининг ар­қонини ечиб, молларга қўшиб юбордим-да, тол тагида тўдаланиб турган болалар ёнига келдим.

Ўртада урушда ўлган дадасининг каттакон беқасам чопонини кийиб олган Меливой ёнбошлаб ётар, яланг оёқ болалар унинг атрофида ўтириб олиб нимагадир хахолаб кулишарди.

— Ҳаким сассиқнинг қизини кўрдинг­ми, Анвар? — Меливой яқин келишим билан дўриллаб сўради. Кейин қўлидаги тол ёғоч билан имо қилиб кўрсатди. — Дадасига ўхшаган дароз экан.

Болалар тағин бараварига кулиб юборишди. Толнинг панасида турган новча қизалоқни энди кўрдим. Унинг катта-катта кўзлари маъюслик билан жавдирар, нима қилишини билмай, калишининг учи билан майсаларни эзғиларди.

Меливойдан ҳаммамиз қўрқардик, у ҳеч кимни аямасди. Лекин ҳозир у қизни масхара қилиши алам қилди менга.

— Дароз бўлса сенга нима? — дедим аламимдан чийиллаб.

Ҳалима ялт этиб менга қаради-ю, индамади. Меливой бирпас бақрайиб турди-да, таёғининг учи билан сой томонни кўрсатди.

— Бор, буқамни қайтариб кел! Сенинг галинг келди. У ҳар доим молини бизларга қайтартирарди. Нимагадир бу сафар ўжарлигим тутди. Сой бўйига тушиб кетган қора буқага қараб қўйдим-у:

— Ўзинг қайтар! — дедим.

— Шунақами? — Меливойнинг кўк кўзлари олайиб кетди. У ирғиб ўрнидан турди-ю, қўлидаги таёқни баланд кўтарди. Ҳозир елкамга калтак тушишини билиб, қўрқувдан кўзларимни юмиб олдим. Аммо калтак тегмади. Бир маҳал кўзимни очиб қарасам, Ҳалима таёқни ингичка тиззасига тираб, синдиряпти.

— Бузуқнинг боласи! — деди Меливой унга қараб. Ҳалиманинг лаби пирпираб, йиғлаб юборай деяётганидан бу ёмон гап эканлигини тушундим.

— Ўзинг бузуқнинг боласи! — дедим бақириб. — Кўк кўз! Кўк қарға!

… Ўша куни «катта ер»нинг хўжайини — Меливойнинг буйруғи билан «қиз бола» деган лақаб олдим. Эчкимни ҳам сойнинг нариги бетида боқадиган бўлдим.

* * *

Болалар орасига қайтгим келарди-ю, «кўк қарға»дан қўрқардим. Фақат бир нарсага хурсанд эдим: Ҳалима ҳам ола сигирини мен билан бирга боқарди. Кейин билсам, у мендан уч ёш катта экан. Кун бўйи иккаламиз чиллак ўйнардик. Ҳалима бу ўйинда ўғил болалардан қолишмасди.

Ёзда тағин бир одат чиқардик. Ҳар куни пешинда сой бўйида олов ёқиб, қўрига иккитадан картошка кўмиб ейдиган бўлдик. Бир гал у, бир гал мен уйдан картошка олиб келардик.

Чўғда қоп-қорайиб пишган картошкани шоша-пиша артиб, оғзимиз куйишига қарамай еб олишдан лаззатлироқ нарса йўқ эди бизга.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни ўша тотли тушликни еб бўлиб, майсалар устига чалқанча ётиб олдим. Тубсиз осмоннинг бир чеккасида кўпикдай оппоқ булутлар оҳиста сузиб юрар, баланд-баландларда жажжигина бир тўрғай турган ерида типирчилаб, шодон сайрарди…

Ҳалима ёнимда ўтириб, ўтлардан «ажина ковуш» тўқир, узун-узун бармоқлариниг шунчалик чаққон ҳаракат қилишига ҳайрон қолардим. Бирпасдан кейин у ингичка, паст товушда ашула айта бошлади.

«Очил-очил оқ тошлар-а…
Мен онамни кўрайин-а…
Дийдорига тўяйин-а…»

Унинг секин хўрсинганини эшитдим. Зум ўтмай яна қайтарди.

«Ойижоним…
кўрайин-а
Дийдорига…»

Кейин бирдан жим бўлиб қолди. Алланимадан қўрққандай, секин бошимни кўтариб қарадим. Ҳалиманинг катта-катта, қоп-қора кўзлари жиққа ёш эди.

Нима қилишимни билмай, довдираб қолдим.

— Йиғлама, — дедим ялиниб. — Йиғламагин…

Ҳалима қўлидаги «ажина ковуш»ни улоқтириб юборди-да, қизил чит кўйлагининг этагини қайириб, кўз ёшини арт­ди.

Арпага ўроқ тушди. Энди бизнинг ҳам ишимиз кўпайиб қолганди, ҳар куни машоққа борардик. Ўша куни пешингача иккаламиз бир тўрвадан машоқ тердик. Ўроқчилар нариги адирга ўтиб кетишган, қизиб ётган арпазорларни қуёш ёндирарди.

— Юр, сойдан сув ичиб келамиз, — дедим тўрвачамни орқалаб.

— Полизга бориб қовун емаймизми?

— Даданг бермайди-да, — дедим ишонмай.

— Беради, беради, — Ҳалима қўлимдан ушлади. Чопиб кетдик. Сой бўйидан юриб полиз ёнига етиб борганимизда тўхтаб қолдим.

— Қўрқма! — Ҳалима судрагудай бўлиб полиз ичига етаклаб кирди. Пушталар устида юмалаб ётган катта-катта қовун-тарвузларни кўриб, кўзим ўйнарди. Лекин чайла ёнига яқин борганда қўрқа-писа яна тўхтадим. Чайла соясида Ҳаким сассиқ билан табелчи Тўлаш ака чордона қуриб ўтирганча коса қилинган босволдини ейишарди.

— Дада, бизгаям қовун берасизми? — Ҳалима аввал менга, кейин дадасига қараб қўйди.

Ҳаким сассиқ қизариб кетган кўзларини менга қадаган эди, ургани эсимга тушиб кетди. Ўшанда ҳам кўзлари шунақа қип-қизил эди.

Бирдан Тўлаш ака оғзини катта очиб, хахолаб кула бошлади. Яккам-дуккам тишлари орасида ярим чайналган оппоқ босволди бўлаги кўринди.

— Сассиқ! — деди у оғзини тўлдириб. — Тўйни бошлайверсанг ҳам бўларкан. Мана куёв болаям тайёр. — Кейин яна хахолаб кулди.

Ҳаким сассиқ лабининг бир чеккаси билан илжайиб қўйди. Ҳайрон бўлиб, Ҳалимага қарадим. У ҳам кўзлари жавдираб, атрофга аланглар, ҳов ўшанда — Меливойдан сўкиш эшитганда қандоқ қилган бўлса, ҳозир ҳам ўшандай, калишининг учи билан ер чизарди.

Тўсатдан миямга бир нима урилгандай бўлди. Улар мен билмайдиган, ёмон бир нарса тўғрисида гапираётганини тушуниб қолдим. Секин бурилдим-у, йиғлаганча чопиб кетдим. Катта-кичик қовунларни босиб, пушталар устидан сакраб-сакраб борарканман, елкамдан оғир бир нарса босиб тушаётганини анчадан кейин билдим. Бошоқ тўла халтам экан. Уни ҳам улоқтирдим-у, сой бўйига югурдим.

…Ақлимни таниганимдан кейин билсам, мен ширин, беғубор туш кўраётган эканман-у, Тўлаш бир оғиз гапи билан устимдан муздай совуқ сув қуйиб, уйғотиб юборган экан. Мен бўлсам мана шу туш узоқ, жуда узоқ давом этишини хоҳлардим. Ўша-ўша Ҳалимани бошқа кўрмадим, нимагадир кўришни хоҳламадим ҳам. Кейин эшитсам, шаҳарга — ойисининг ёнига кетиб қолибди.

* * *

Кеча панорама кинотеатри ёнида Ҳалимани кўриб қолдим. Агар ўзи чақирмаса, танимасдим. У йўлкадан кол­яска етаклаб борарди. Қизиқ, Ҳалима мени қандай таниганига ҳайронман… Арғувон тагидаги ўриндиқда ўтириб гаплашдик. Ҳалима турмуш қурибди. Эри аспирант, ўзи врач экан.

— Бу — иккинчи ўғлим, — деди у аравачада ухлаб ётган ширингина чақалоқни кўрсатиб. Анчагача жим ўтирганимиздан кейин секин хўрсинди.

— Қандоқ яхши опа-ука эдик-а… Қаранг, ўн олти йил ўтиб кетибди.

Мен уни сизлашни ҳам, сенлашни ҳам билолмай иккиланиб қолдим.

— Ҳалиям қўрга кўмилган картошкани яхши кўрасизми? — дедим анчадан кейин.

— Ҳалиям ёш боласиз-а, Анвар… — у кулди. Бу ўша — ўзимга таниш, опаларча меҳрибон кулги эди.

Юрагимнинг бир бурчида соғинч туйғуси жўш уриб кетди. Рост-а, қандоқ опа-ука эдик!.. Тўлаш ака ўшанда нимагаям шунақа деди-а?

1966

УМР САВДОСИ

Хуршида ишдан келса, Қумри хола айвон ўртасида чўккалаб олганча кўрпа қавиб ўтирибди. Энкайиб олгани учунми, муштдек гавдаси янаям кичрайиб қолганга ўхшайди. Хуршиданинг онасига раҳми келди. Бечорага қийин. Бир йилдирки, Тўлқинжонни уйлантириш ташвишида. Тўй қилиш осонми? Гоҳ униси етишмайди, гоҳ буниси.

– Бўлди энди, ойи, чарчаб қоласиз, – деди Хуршида сумкасини айвон бурчагидаги стулга қўйиб. – Тўй эртага бошланаётгани йўқ-ку!

Қумри хола бошини кўтарди. Оёқлари увушиб қолган экан, оғриқдан юзи буришиб, тиззаларини уқалади.
– Кўнглим ғаш, болам, – деди тўсатдан.

Хуршида тушунмади.

– Нима бўлди?

– Эрталаб борсам, дарвозаси тақа-тақ ёпиқ. Аввал оқшомдан ётиб олиб, кеч пешингача ухлайди шекилли булар.

Хуршида кулиб юбормаслик учун тескари қаради. Кампири тушмагур-эй! Бундан чиқди хўроз қичқирмасдан қуда бўлмишникига борган. Ўзининг каллаи саҳарлаб боргани билинмайди-ю, айбни қудаларга ағдаряпти. Нуқул юлдузи чап келяпти-да шулар билан!

– Қиз бола деган кун ёйилгунча ётмайди, ялпайиб!! – Қумри хола писанда қилди. – Дарвозасининг олди супурилмаган…

Қумри холанинг одати шу. Саҳарлаб туриб олади. Хуршида эсини таниши билан униям шунга ўргатган. «Қиз бола уй жиғадек тахт бўлиши керак, уят бўлади», деб азонлаб ҳовли супуртиради.

– Келиннинг акаси ичаркан. Униям эшитдим! – деди Қумри хола ҳамон ўша тажанг оҳангда. – Отасиниям оғзи шалоқ, дейишяпти.

Онасининг кейинги гапи Хуршидага ёқмади. Ўзи-ку: «Уйланасанми, йўқми? Танлаганингни айт», деб Тўлқинжонни ҳоли жонига қўймади. Охири, Тўлқинжон ёқтирган қизини айтди. Қумри хола уч-тўрт марта совчиликка бориб «оқ ўраб» келди. Аммо, негадир кейин айниб қолди. Гоҳ келинни дангаса дейди, гоҳ қуда холани эзма, дейди. Мана, энди акасининг ичиши баҳона бўлиб турибди.

– Келин ҳам ичарканми, ойи, бир сўрамапсиз-да, – деди Хуршида ачитиб.

Қумри хола ип қатимини шаҳд билан тортаркан, Хуршидага чақчайиб қаради.

– Таппи-таппидан узоққа тушмайди, билдингми?

– Бизлар ҳам оппоқ эмасмиз-ку, ойи! – деди Хурши-да. – Қуда томон суриштирса бизлардан ҳам айб топар. Мана, мен… – У бир зум жим қолди-ю, хаёлига келган гапни қайтармади: – Мениям турмушим бузилган. Улар ҳам суриштириб юргандир. Куёвнинг опаси нега эрдан чиққан, деб. Гапни ковласа гап чиқаверади-да!

Қумри хола тўсатдан мунғайиб қолди.

– Сенинг турмушинг бузилган бўлса… Шу иш шунақа бўлганига… ўзинг сабабчисан… Энди Тўлқиннинг турмуши шунақа бўлмасин, дейман-да, болам.

Онасининг бирдан бўшашиб қолиши, таскин оҳангида гапириши Хуршидага оғир ботди. Душманинг тош билан ургани нима-ю, дўстинг пахта отгани нима? Йўқ, онаси таъна қилаётгани йўқ. Ачиниб гапиряпти. Шунақа-ю,бари бир қалампирни шакарга ботириб еган билан ширин бўлиб қолмайди-да.

Хуршида силтаб-силтаб игна тортаётган онасига бир зум қараб турди-да, индамай ичкарига кириб кетди. Шу топда у ойиси кетидан мўлтираб қараб қолганини ҳис қилар, ҳис қилган сайин юраги эзиларди.

Қиз бола бўйига етганидан кейин ғалати бўларкан. Ўз уйингда ота-онанг бағрида турасан-у, бари бир бу хонадон эртами-индин сенга бегона бўлиб қоладигандек, гўё албатта қандайдир ўзгариш бўлиши шартдек туюлаверади.

Хуршида, айниқса, совчилар келганида буни чуқур ҳис қилар, шунинг учун эшикдан узун-қисқа бўлиб кириб келаётган хотинларни кўрса, аллақандай бегонасираб турарди. Бора-бора уларни кўрса ғаши келадиган бўлди. Қумри хола бўлса, совчилар билан очилиб-сочилиб сўрашар, куёв бўлмишни ипидан-игнасигача суриштирарди. Совчилар кетгандан кейин Хуршидага насиҳат қиларди:

– Қизлик уй – бозор, болам! Шоҳ ҳам келади, гадо ҳам. Бошингда отанг бўлмаса. Муносиб жойингни топгин, дейман-да, қизим.

Хуршида тутақиб кетарди:

– Ҳеч қанақа бозор-позорни билмайман, тушундингизми? Менга даллол керакмас.

Шундай дерди-ю, ҳаётида бўладиган ўзгаришни кутиб юрарди. Бу ўзгариш тўртинчи июнь куни бўлди. Шу куни у ўн тўққиз ёшга тўлган эди. Кечқурун ательеда бирга ишлайдиган дугоналарини уйга чақирмоқчи бўлди. Бозорга тушди. Чиллаки, гилос, янги помидор харид қилгунча кун қизиб кетди. Бир қўлида сумка, бир қўлида тўрхалта кўтариб, бекатга келди. Аксига олиб автобус ҳам келавермади. Бир маҳал қизил люкс «Жигули» осойишта силкиниб, Хуршидадан хиёл нарироқда тўхтади.

Хуршида қўл кўтармагани учун ҳам эътибор бермади. Лекин ўша томондан овоз келди:

– Қаёққа борасиз, синглим?

Бир оздан кейин бояги савол яна қайтарилди:

– Сизга айтяпман.

Шундагина Хуршида бу гап ўзига тегишли эканини билиб , бурилиб қаради . Машинасининг рангига мос – қизил водолазка кийиб олган йигит бир оёғи ичкарида, бир оёғи ерда, шу томонга қараб турарди.

– Қаёққа борасиз? – деди у яна.

Хуршида «собственний» машинага ўтиришни умуман хушламасди. Ҳозир ҳам чимирилиб:

– Ҳеч қаёққа! – дедию тескари қараб олди. У моторнинг гувиллашини, машина жўнаб кетишини кутиб турарди. Чиндан ҳам эшик қарсиллаб ёпилди. Аммо мотор гурилламади. Бояги йигит унинг рўпарасида пайдо бўлди.

– Қўлингизда юкингиз кўп экан, – деди Хуршидага жиддий тикилиб.

Хуршида унинг силлиқ таралган сочларига, чимирилиб турган қошига бир лаҳза қарадию кўзини олиб қочди:
– Қанча сўрайсиз?

Йигит кулиб юборди:

– Савоб ҳам керак-ку одамга!

– Унақа бўлса ўтирмайман.

Йигит яна кулиб унинг сумкасига қўл чўзди:

– Бўпти, бензин ҳақини берарсиз.

Хуршида машинанинг паролон ғилоф қопланган орқа ўриндиғига ўтираркан, йигит сўради:

– Қаёққа ҳайдай?

– Кўкчага!

Хуршида энди уйга етгунча бир оғиз ҳам гапирмасликка аҳд қилди.

Анчагача индамай кетишди. Хуршида йигитнинг рўпарадаги ойначадан ўзига қараб қўяётганини ҳис қилар, шунинг учун кўчаларни томоша қилиб борар эди.

– Иссиққа қолиб кетибсиз? – деди йигит орқага бурилиб. Хуршида мўйлов қўйган йигитларни ёмон кўрарди. Аммо, ҳайдовчининг мўйлови ўзига жуда ярашиб тушганини ичидан тан олди. Индамай кетаверди. – Иссиққа қолиб кетибсиз, дейман? – Йигит яна саволини қайтарди.

– Шундоқ бўлди! Энди отимни сўранг! Қаерда ўқишимни сўранг! Иложи бўлса, йигитим бор-йўқлигини ҳам билиб олинг! – Хуршида бу гапларни шу қадар жаҳл билан бидир-бидир қилиб айтиб ташладики, ўзиям ҳайрон қолди.

Йигит бунақа зарбани кутмаган бўлса керак, анчагача жимиб қолди. Кейин орқасига қарамасдан секингина гапирди:

– Ўзининг туғилган кунида ўзи бозор қилган одамни биринчи кўришим.

Энди Хуршида эсанкираб қолди. Худди унинг юзини яхшироқ кўриб олгиси келгандек олдинга эгилди.

– Сиз… Қаёқдан биласиз? – деди кўзларини пирпиратиб.

– Мен ҳамма нарсани биламан! Телепатман. – Йигит орқасига қараб жилмайди. Шунда Хуршида унинг мўйлови ўзига ярашганини яна бир бор ҳис этди-ю, хаёлига келган фикрдан уялиб, кўзини олиб қочди. – Сиз ҳеч нимани айтмай қўя қолинг, – деди йигит ҳамон жилмайиб. – Отингизни ҳам, бугун неча ёшга тўлганингизни ҳам, ҳаммасини биламан. Сиз бўлса мени билмайсиз. Шуям инсофданми? Келинг, сиз ҳам мени таниб олинг. Отим – Анвар…

Хуршида қараса гап гап билану машина бошқа ёққа бурилиб кетяпти.

– Кўкча у ёқдамас, – деди у овозини баландлатиб. – Ў, йўлни билмайсизми?

– Биламан! Бир минутга!

Зум ўтмай машина пастак, ойнабанд магазин рўпарасида тўхтади. Анвар кўча четидаги цемент ариқчадан ҳатлаб ўтди-да, магазинга кириб кетди. Хуршида ўтираверишини ҳам, тушиб кетишни ҳам билмай турган эди, Анвар ичкаридан бир сават гул кўтариб чиқди. Хуршида шундагина бу гул магазини эканини билди.

Анвар негадир орқа эшикни очиб, саватдаги гулни шундоққина Хуршиданинг оёғи тагига қўйди.

– Нима қиляпсиз? – деди Хуршида оёғини нари суриб.

– Туғилган кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Илоё бахтли бўлинг! – Анвар қўлини шунақа қойилмақом қилиб кўксига қўйдики, Хуршида кулиб юборди:

– Артистмисиз, нима бало?

– Артист бўлсам, жон дердим. Эплолмайман. Аспирантман.

Анвар рулга ўтирдию машинани ғизиллатиб ҳайдаб кетди. Қизиқ, энди у Хуршидаларнинг кўчасига етгунча бир оғиз ҳам гапирмади. Фақат Хуршиданинг юкларини, саватдаги гулни тушираётганда секингина: «Яхши дам олинглар», деб қўйди.

Хуршида ҳеч қачон туғилган кунини бунчалик хушчақчақ нишонламаган эди. Қизлар билан роса ўйнашди, ярим кечагача хурсандчилик қилишди. У ора-чора негадир Анварни эслаб қўяр, аммо ўша заҳоти уни хаёлидан ҳайдашга уринарди. «Яхши йигит экан. Одамгарчилиги бор экан. Шу билан нима бўпти? Энди қайтиб кўришамизми, йўқми? Кўчада учраган бир одам-да!»

Шунақа деб ўйларди-ю, бари бир кўнглида ноаниқ умидга ўхшаш бир нарса айланаверарди. Кечаси меҳмонларни кузатаётганида худди ўша машина яна келиб қоладигандек беихтиёр атрофга аланглади. Эртаси-га, индинига, кўчаларда юрганида ҳам қизил «Жигули» кўринса бурилиб қарайдиган бўлди. Орадан бир ҳафтами, ўн кунми ўтди. У энди Анварни хаёлидан чиқара бошлаганида яна кўришиб қолишди. Хуршида узоқдан келаётган қизил «Жигули»ни кўрди-ю, негадир юраги жиз этди. Машина унинг рўпарасига келиб тўхтади.

– Ўқишга кетяпсизми? – Анвар ўтирган жойида чўзилиб, эшикни очди. Хуршида иккиланиб орқа ўриндиққа ўтираркан, унга қараб қўйди.

– Ўқишга киролмаганман, ишлайман, эътиборингиз учун! – деди таъкидлаб. – Мен тўғримда ҳамма маълумотга эга одам шуниям билмайсизми?

Анвар кулди:

– Очиғини айтсам, отингизниям билмайман.

– Қизиқ бўлди-ку! – Хуршида елка қисди. – Бўлмаса туғилган кунимни қаёқдан билдингиз?

– Кўзингиздан! – Анвар жилмайди… – Қалай, зиёфат яхши ўтдими?

Хуршида индамай бош силкиди.

– Ўша куни сизнинг бахтингиз учун мен ҳам ичдим.

– Ёлғон! – Хуршида қўл силтади.

– Ёлғон гапирсам, ёрилиб ўлай!

Хуршида кулиб юборди.

– Қўйинг, ҳали бола-чақангизга керак бўласиз.

– Шунақами, а? Айта қолинг, сизга жудаям керакманми?

Хуршида гап суюқлашиб кетаётганлигидан ғаши келди-ю, аммо шунга яқинроқ мавзу давом этишини бари бир хоҳларди. Шунинг учун индамай қўя қолди.

Эртасига Анвар унинг ишдан чиқишини пойлаб турди. Ўзининг ишхонасига олиб борди. Кибернетика бўйича илмий иш қилаётган экан. Ҳозирча лабораторияда кичик илмий ходим бўлиб ишларкан. Хуршида аллақандай чизмалар, ялтироқ аппаратлар билан тўла нимқоронғи хонага кириб қолди.

– Бизнинг ишимиз суратлар билан боғлиқ, – деб тушунтирди Анвар. – Хоҳласангиз, сизниям суратга тушираман…

Ўша кундан бошлаб у Анварнинг лабораториясига тез-тез бориб турадиган бўлди. Лабораториянинг ярим қоронғилиги ҳам, турли вазиятларда суратга тушиш ҳам энди уни чўчитмас эди.

Уйда бўлса совчилар бозори қайнар, Қумри хола ҳар куни янги гап топиб қўярди. Куёв бўлмишнинг бири завуч эмиш, яна бири «пекарнийда» ишларкан. «Матасикли» бормиш. Тағин биттаси «пераводнийлик» қиларкан. Москвадан гилам олиб келаркан.

… Бир куни Хуршида онасининг рўпарасига ўтириб олди-да, очиқ-ойдин қилиб айтиб қўя қолди:

– Қинғир-қийшиқ совчиларингизга айтиб қўйинг, ойи! Менинг танлаганим бор. Эскилик сарқитидан қачон қутуласиз?

Онаси Хуршида кутгандек сапчиб тушмади. Фақат сўради:

– Ким ўзи у? Қанақа одам?

– Яхши одам. Аспирант. Яқинда олим бўлади. – Онаси бировнинг «матасикли»ни гапиргани учун Хуршида ҳам атайлаб қўшиб қўйди: – Машинаси бор, «Жигули».

Эртасига у уйига совчилар кўп келаётганини гап орасида қистириб қўйди. Анвар одатдагидек масалани кўндаланг қўйди:

– Бўпти, эртагаёқ ЗАГСга ариза топширамиз.

Ҳамма иш кўнгилдагидек кетаётганида Қумри холанинг қайсарлиги тутиб қолди. Иккала оёғини бир этикка тиқиб туриб олди.

– Менинг кўчада қолган қизим йўқ! Уйланадиган одам беш-олти марта совчи юборади, одам қўяди. Отини билмасам, зотини билмасам. Йўқ, бўлмайди!

Хуршиданинг бир кулгиси келар, бир жаҳли чиқарди.

– Нимага тушунмайсиз, ойи? Беш марта совчи юбориш деган қонун қаерда ёзилган? Анвар ака Cирдарёдан келган. Ота-онаси ёшлигида ўлиб кетган экан. Даллолнинг нима кераги бор?

– Ота-онаси бўлмаса, қариндош-уруғ бордир, ишхонаси, хўжайинлари бордир. Ўзим бораман.

Хуршида кулди:

– Ишхонасига борганингиз билан нимани тушунардингиз? Кибернетикага ақлингиз етадими? Ўзим минг марта борганман ишхонасига, билдингизми!

Қумри хола бари бир бўш келмади:

– Сен эчки эмассанки, дуч келган одамга етаклатиб юборсам. Бўлмайди.

– Балки ҳали қалин ҳам сўрарсиз?

– Таг-тахтини суриштирмай туриб бермайман! Бўлмайди.

Қумри хола бўлмайди, дегани билан тўй тўхтаб қолмади. Анварнинг тоғаси бор экан, ўша ўртага тушди. Тўй бошланди-ю, Қумри хола зада бўлган қушдек мунғайиб қолди.

Баҳор кунлари ғалати: тўсатдан жала қуядию ер-кўкни шалаббо қилиб юборади. Кетидан ярқ этиб офтоб чиқади. Олам яшнаб кетади. Замину осмон тароватли бир исдан – баҳор исидан маст бўлиб қолади. Хуршиданинг ҳаётида ҳам шундай бўлди. У Анварни бутун вужуди билан севиб қолди. Муҳаббати эвазига бахт қуёши унга жилмайиб боқдию бутун дунё яшнаб кетгандек бўлди. Қизил лентани кўндаланг тақиб олган ЗАГС мудирасининг нутқи, пешонасига қўғирчоқ қўндирилган машинада сайр қилишлар, гул иси май ҳидига қовушган чароғон ресторан… У бахтиёр эди. Бахт деган лаззатли туйғу ҳаётига шунчалик тез кириб келганига баъзан ўзи ҳам ҳайрон қоларди. Назарида онаси ҳам уни тушунгандек эди. Фақат тўйдан кейин Қумри хола Анварнинг Юнусободдаги икки хонали уйига бормади. Умуман бормади. «Зиёни йўқ, ойим шунақа бир ловиллайдилару ўчадилар», деб юпатди Хуршида эрини.

Тўйдан кейин бир ҳафта ўтгач, никоҳ сайлига чиқишди. Августнинг ўрталари эди. Бунақа пайтда денгиз янги соғилган сутдек илиқ бўларкан. Бир куни икковлари ойдин кечада чўмилишди. Қизиқ, Хуршида сузган сайин қўлининг учидан сачраган томчилар худди марвариддек ярақлаб кўринарди. Бундай лаззатли манзарани худди шунақа пайтда денгизда чўмилган одамгина билади. Хуршида қорайиб, янаям ҳусни очилиб қайтди.

Бир куни Анвар ишдан ташвишлироқ қиёфада келди.

– Чамадон тайёрланг, – деди тўсатдан.

– Яна қаёққа борамиз?

– Сиз эмас, мен кетаман. – Анвар энди осойишта тушунтирди. – Илмий ишим бўйича Ленинградга боришим зарур бўлиб қолди. Домла чақирибди.

– Анчагами? – Хуршида бирдан ичи ҳувиллаб қолгандек, эрига термилди.

– Нари борса, бир ой.

Хуршида кузатиб қўймоқчи эди, Анвар уни аяди. Вокзалга чиқартирмади.

Икки хонали каталакда Хуршида ёлғиз қолди. Ҳовлида, маҳаллада одамнинг ёлғизлиги билинмайди. Аммо каталакдек хонада бир кун танҳо қолган киши ёрилиб кетай дейди. Бунақа жойда қўни-қўшнилар нимагадир саломлашишдан нарига ўтмайди. Хуршида уч кунда сиқилиб кетди. Ишга борай деса, Анварнинг гапига кириб бўшаб олган. У ўз уйига борди. Қумри хола ҳалиям жаҳлидан тушмаган экан. Хуршида икки кун турган эди, секингина тушунтирди:

– Узатилган қиз уйга келиб ётиб олмайди. Қўни-қўшнилар ҳалитдан гап қиляпти.

– Бўлмаса юринг бизникига, – деди Хуршида.
– Йўқ, болам. Оғзимга сўз олганман.

Хуршида умрида биринчи марта онасини ёмон кўриб кетди. Она деган ҳам шунчалик бемеҳр бўладими? У уйига келди. Телевизор, билан андармон бўлди. Ҳар кун йилдек чўзилар, аксига Анвардан на хат, на хабар бор эди. Баъзан Дилбар деган ўртоғи келиб турар, аммо унинг ҳам ўз тирикчилиги бор эди. Кундузи ишга боради, кечқурун ўқишга…

Бир оқшом эшик жиринглаб қолди. Хуршида очиб қараса, «сим» рўмол ўраган аёл, дўппи кийган олти-етти ёшлардаги бола турибди. «Қишлоқдан келишибди, – деб ўйлади Хуршида аёлнинг ялтироқ рўмолига, беўхшовроқ осилиб турган жемперига қараб. – Адашган одамларга ўхшайди». У ҳамроҳ топилганига қувонгандай, беихтиёр ичкарига таклиф қилди.

– Келинглар! – деди йўл бўшатиб.

Аёл дадил ичкарига кирди. Бола шўхгина экан. Бирпасда югуриб бориб магнитофон қулоғини бурай бошлади.

– Акбар, тек ўтир! – деди аёл жеркиб. Кейин Хуршидага қаради. – Сиз Хуршидахонсиз-а?

Хуршида ҳайрон бўлди.

– Мен сизни танимайроқ турибман, – деди ийманиб.

– Таниб қоларсиз. – Аёл хотиржамлик билан жемперини ечиб, стул суянчиғига ташлади. Унинг беписандлиги, киноя қилиб гапириши Хуршиданинг ғашига тегди. «Ким ўзи бу? Нимага олифтагарчилик қилади?.

– Кимсиз ўзи? – деди у қошини чимириб.

– Кетдими? – Аёл негадир илжайди. – Анча бўлдими?

– Ким кетади?

– Узум обкетдими, тарвузми?

Хуршида шахд билан ўрнидан туриб кетди.

– Менга қаранг! – деди таҳдид билан. – Майнавозчиликни йиғиштиринг! Кимсиз ўзи?

Аёл ўғлига қараб қандайдир нотабиий, асабий қийқириб кулди:

– Даданг Сибирга кетибди, ўғлим. Узум обкетибди. Шу ерда кутиб ўтирсанг, сенга велосипед олиб келади.

Болакай кўзларини катта-катта очиб, онасига тикилди:

– Қачон, буви, қачон?

– Унисини манави аячангдан сўрайсан! – деб аёл Хуршидани кўрсатди. Яна ўша ғайритабиий оҳангда кулди. – Қачон қайтаман деган Акбарнинг дадаси?

Хуршида ниманидир тушунгандек бўлди-ю, ичида бир нарса узилиб кетди. Бемадор бир ҳолатда эшикка суяниб қолди.

Аёл тантана қилгандек яна қийқириб кулди.

– Сизниям машинасига ўтқазиб, қўлга туширдими? Сизгаям аспирантман, дедими? Сизниям тўй бўлмасидан «ишингизни тўғрилаб» қўйдими? «Ҳеч кимим йўқ, етимман», дегандир? Бир ой ичида тўй қилдими? «Свадебний путешестия»га олиб боргандир, ҳойнаҳой? Энди илмий иш билан Ленинградга кетган бўлса керак.

Аёл ҳар гапи билан Хуршидага бир тарсаки тушираётгандек бўлар, бундан роҳатлангандек, ваҳшийларча қийқириб кулар эди:

– Ленинградда пишириб қўйгани йўқ! Новосибирскка кетган. Узум обкетган.

Хуршида бошидан ҳуши учиб бораётганини ҳис қилиб турар, юраги гурсиллаб урар эди.

– Ёлғон! – У ер тепиниб чинқириб юборди. – Ёлғон! Ёлғон!

Кейинги дақиқада у ваҳшийларча кулаётган хотинга ташланди. Бошидаги «сим» рўмолига чанг солди. Аммо, шу он изтиробга тўла бир чинқириқ янградию Хуршиданинг қўллари ҳавода муаллақ қотиб қолди.

– Буви! Бувижон! – Боядан бери магнитофон олдида ўралашиб юрган болакай ўқдек отилиб келиб, онасига ёпишди. Шундагина Хуршида аёлнинг кўзларидан оқиб тушаётган ёшни кўрди. Аёл негадир каловланиб ўрнидан турди. Бир қўли билан боланинг бошини силай бошлади, бир қўли билан Хуршиданинг елкасидан қучди.

– Пешонанг шўр экан, синглим! Кўзингга қарасанг бўлмасмиди? – Шундай дедию елкалари силкиниб, йиғлаб юборди.

Ўша кеча тун бўйи икки «кундош» ҳасратлашиб чиқишди. Бола ухлаб қолган, уй нимқоронғи, аёлнинг овози ғамгин, аммо ўктам эди. У асли андижонлик экан. Техникумда ўқиб юрганда Анварнинг қўлига тушибди. Эс-ҳушини йиғиб олгунча, Анварнинг иккинчи хотинига айланиб қолибди.

– Сиз учинчисисиз! – деди у қандайдир киноясиз оҳангда. – Хоразмда ҳам хотини бор. Аммо ишни пишиқ қилади. Законний ажрашади.

Хуршида ич-ичидан тошиб келаётган йиғини аранг босиб ётарди. «Законний» ажрашганининг нима фойдаси бор? Бу билан дарди енгиллашармиди?

Анвар ҳеч қанақа олим эмас, сураткаш экан. Гоҳ у, гоҳ бу институт лабораториясида сураткаш бўлиб ишлаб юраркан. Кузда аллақандай шериклари билан Сибирь шаҳарларига бориб узум сотаркан. Манави кооператив уйлару машиналар, ресторанлару денгиз саёҳатлари шундан экан. Хуршида бу гапларнинг туш бўлиб қолишини жуда хоҳларди. Қани энди тўхтовсиз гапираётган мана шу хотин ҳам, диванда пишиллаб ухлаётган анави бола ҳам туш бўлса. Туш бўлсаю у уйғониб кетса. Йўқ, туш бунақа бўлмайди!

– Балки, бирон нарса тама қилиб келди, дерсиз. Йўқ, ҳеч нима керакмас. Тошкентда қариндошларимиз бор. Шуларникига келувдим. Бу гапларни эшитиб қолиб, сизни огоҳлантириб қўйгим келди. Агар яхши кўрсангиз, маҳкам ушланг. Анвар туллак йигит.

… Она-бола зинадан тушиб кетаётганида Хуршида бирдан уйга югурди. Кеча болакай ўйнаган японча магнитофонни столдан юлқиб олди-да, зиналардан чопиб тушди.

– Ма, Акбар! – деди болага тутқазиб. – Бари бир шу…сеники.

Кундоши қаршилик қилган эди, қўймади.

– Бари бир менга керакмас. Энди керакмас. Ловиллаб турган гулханга сув сепилса нима бўлади?

Аччиқ, бўғувчан ҳовур кўтариладими? Ҳозир шундай бўлди. Хуршиданинг ловиллаб турган муҳаббатига сув сепилди. У ўзининг аччиқ ҳовурига ўзи бўғилиб қолди. Нима қилди у? Нима қилиб қўйди? Ширин гапларига учдими? Мўйловигами? Бир сават гулигами? Машинасигами? Балки жарақ-жарақ пулларига учгандир. Нимасига учди? Ҳаммасига! Машинасида катайса қилиш ёқармиди? Ёқарди. Жудаям ёқарди. Ресторанларга кириш, денгизга бориб чўмилиш, қоронғи лабораторияга кириб ўпишиш ёқармиди? Ёқарди. Ўзи-ку сураткашни аспирантдан, «учар»ни олимдан ажратолмас экан, нега суриштирмади? Нега онаси суриштираман деса, бир чеккага йиғиштириб қўйди? Эскилик сарқити, деб тўйга ҳам чандон аралаштирмади. Эскилик сарқити эмиш! Сарқит ким?! Ойисими, ўзими?! Ойисининг кўнгли бир нарсани сезгандирки, оёқ тираб туриб олгандир.

У Анвар келса нима қилишини билмас эди. Албатта, бўйнига олмайди. Уйланганини ҳам, боласи борлигини ҳам айтмайди. Ана ўшанда боплайди. Шунақа бопласин-ки, эркак бўлганига минг пушаймон қилсин.

Қизиқ, Анвар ҳеч нимадан бўйин товламади.

– Нима қипти? Аввалги хотинларим билан законний ажрашганман. Узум масаласи… Нима, мен ўғирлик қилаяпманми? Одамларнинг ҳожатини чиқараяпман. Буям савобли иш… Илмий иш ҳам бўпқолар. Бирон мирзақуруқ домлага «қуруғидан» чўзсам, уч ойда номзодлик диссертациясини ёзиб беради.

– Нега мени алдадингиз? – деди Хуршида аламдан тўлғаниб.

– Қизиқ экансиз, тўйни тезлаштиринг, деган менми, сизми?

Хуршида алам ичида уни тарсакилаб юборди, Анвар бир ранги ўчди-ю, индамади.

– Бўлдими? – деди кулишга ҳаракат қилиб. – Аламингиздан чиқдингизми энди?

Хуршида бу одам билан ўрталарида каттакон жарлик пайдо бўлганини ҳис қилди. Бу жарлик икковларини икки соҳилга улоқтириб ташлади. Ким билсин, балки илгари ҳам жарлик бўлгандир-у, Хуршида кўрлик қилиб, нариги соҳилга қадам босгандир.

… Айвон томондан Қумри холанинг товуши келди.

– Тўлқинжоннинг тўйи юришиб қолди, овсинжон! Шунақа-ю, кўнглим ғашроқ. Келиннинг акаси ичаркан. Отасиниям оғзи шалоқроқ дейишади.

– Синанг, ўргилай, обдан синанг. Қуш уясида кўрганини қилади. Кейин куйиб, алангасига исиниб ўтирманг, овсинпошша!

002

АТОҚЛИ АДИБ ЎТКИР ҲОШИМОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 75 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

O’lmasxon HOSHIMOVA
YOZUVCHI NEGA YIG’LAYDI?
03

Ulug’ yozuvchi Abdulla Qodiriy hayotiga oid bir voqea haqida ko’p yozilgan. Adib odatda, o’z asarlarini qish pallasida yozar ekan. Kunlardan bir kun yozuvchining umr yo’ldoshi uyga kirsa, Qodiriy domla yig’lab o’tirganmish. Ayoli: “Sizga nima bo’ldi?” – desa, Qodiriy: “Kumush o’lib qoldi!” – degan ekan.

Adabiyotdan uzoq odam uchun bu – afsona bo’lib tuyulishi mumkin. Lekin ijod jarayonidan ozmi-ko’pmi xabardor odam bu – ayni haqiqat ekaniga shubha qilmaydi…

O’tkir Hoshimov bilan turmush qurganimizga qirq yil bo’ldi. Xudoga shukur, o’g’il-qizli, qo’sha-qo’sha nabirali ham bo’ldik… Turmushimiz bayramdan iborat bo’ldi, desam, rost gapirgan bo’lmayman. Hayot quvonchlarini ham ko’rdik, tashvishlarini ham… Mana qirq yildirki, ijodiy mehnat naqadar mashaqqatli va mas’uliyatli jarayon ekaniga guvoh bo’lib kelayapman…

Oltmishinchi yillarda adabiyotga kirib kelgan O’lmas Umarbekov, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Xudoyberdi To’xtaboev, Shukur Xolmirzaev, Uchqun Nazarov, Ne’mat Aminov kabi iste’dodli shoir va yozuvchilar ijod olamiga yangi havo olib kirgandek bo’ldilar, nuqul siyosatni emas, Insonni tasvirlaydigan asarlar dunyoga kela boshladi. Endi bilsak, buning sababi, bir tomondan Xrushchyov zamonida paydo bo’lgan xiyla erkin fikrlash bo’lsa, ikkinchi tomondan bu ijodkorlarning ko’pchiligi Toshkent Davlat universitetida tahsil ko’rgan, ular chuqur bilimli, haqgo’y, talabchan ustozlarning sabog’ini olgan ekanlar. Shunday shogirdlar qatorida O’tkir Hoshimov ham bor edi… Birinchi kitobi uchinchi kursa o’qiyotganida chop etilgan, birinchi yirik badiiy asari ustoz adiblar tahsiniga sazovor bo’lgan talabalar unchalik ko’p bo’lmaydi. O’tkir Hoshimov esa shunday talaba edi. Uning “Cho’l havosi” degan birinchi qissasi talabalar orasida mashhur bo’lib ketdi.

Yozuvchining keyingi qirq yil davomida yaratgan asarlari qanday tug’ilganiga guvohman.

* * *

Yangi asar yozish paytida adib xayolchan, bir qadar tajang bo’lib qoladi. Kechami-kunduzmi hamma narsani unutib, yozadi. Lekin asar bitmaguncha hech kimga ko’rsatmaydi. Biz ham yozuvchi ishlayotgan paytda bezovta qilmaymiz, nima yozilayotganini ham so’ramaymiz (oilada shunday tartib bor). Adib yozganidan o’zining ko’ngli to’lsa, chehrasi ochilib, bizga beradi. Shu tariqa oila a’zolari – farzandlar ham qo’lyozmani birinchi bo’lib o’qiymiz. Asar haqida aytilgan fikrlarni muallif og’rinmay qabul qiladi. So’ng deyarli barcha asarlar Said Ahmad, Ozod Sharafiddinov, Umarali Normatov, Ibrohim G’afurov, Abdug’afur Rasulov, Nosir Fozilov, To’lqin Rasulov kabi ustoz va do’stlari nazaridan o’tkazilgan.

Basharti asar muallifning o’ziga yoqmasa-chi? Bunday hollar bir necha marta bo’lgan. Adib qo’lyozmani yirtib, yoqib tashlagan (ba’zan hatto matbuotda yangi asardan parchalar bosilgandan keyin ham).

Badiiy asar katta hayajon bilan, shavq bilan yozilishi kerak. Bu haqda yozuvchi bunday deydi: “Kitob yozayotgan qalamkash hayajoni kitob yoqiyotgan o’quvchi hayajonidan o’n karra kuchliroq bo’ladi. Kitob o’qiyotganingizda jinday tabassum qilsangiz, bilingki, o’sha sahifalarni qalamkash rosmana kulib yozgan. Kitob o’qiyotganingizda ko’zingizga bir qatra yosh kelsa, bilingki, qalamkash o’sha sahifalarni rosmana yig’lab yozgan”.

1982 yili Qora dengizga — Pitsundaga bordik. Yozuvchilar ijodiy uyidan xona berishdi. Men bolalarni dengizga olib boraman. Adasi deyarli xonadon chiqmay ishlaydilar… Oradan o’n kunlar o’tdi. Bir gal xonaga qaytsak, yozgan narsalarini yirtib tashlayaptilar. “Hay-haylab” bir qismini olib qoldim. Qo’lyozma sarlavhasini shunda ko’rdim. “Ertaga – kuz”. Yuz betlar yozilgan ekan, deyarli hammasi yirtilib bo’pti…

– Nega unday qildingiz? – desam, qo’l siltadilar:

– Bo’lmaydi! Sig’mayapti! Xom!

Qo’lyozmaning omon qolgan sahifalarini o’qib ko’rsam, binoyidek… Nima “bo’lmagani”, nima “xom”ligini oradan ikki yil o’tgach, “Ikki eshik orasi” romani qog’ozga tushganidan so’ng angladim. “Ikki eshik orasi”dek salmoqli, falsafiy, psixologik roman avvalgi uslubga ham, qolip (kompozitsiya)ga ham sig’ishi mumkin emas ekan…

“Ikki eshik orasi” romani minglab o’zbek xonadonlariga kirib bordi. Deyarli uch yuz ming nusxada o’n marta nashr etildi. Boshqa tillarga tarjima qilindi.

Darsliklar va o’quv dasturlariga kiritildi…

“Tushda kechgan umrlar” romanining dunyoga kelish tarixi ham o’ziga xos. 1991 yili O’tkir Hoshimov tavalludining 50 yoshi nishonlandi. O’sha oqshom Prezidentimiz adibga tabrik yo’llaganlari biz uchun unutilmas voqea bo’ldi. Shu arafada adibning ustozlaridan biri – Umarali Normatov shogirdga jo’yali maslahat berdilar:

– Odatda, ijodkorlar o’z to’yiga yangi asar bilan keladi. Siz ham yangi asar yozing!

Adib Umarali akaning shu taklifini aytganlarida sevinib ketdim.

– Domla to’g’ri aytibdilar, – dedim. – Hamma ijodkorlar shunday qiladi. Siz bo’lsangiz anchadan buyon kattaroq asar yozganingiz yo’q.

Gapim negadir yozuvchiga yoqmadi.

– Boshqalar nima qilsa o’zining ishi. Men kuchanib yozmayman! Asar tug’ilgisi kelsa o’zi tug’iladi.

Oradan ko’p o’tmay, adib betob bo’lib qoldi. Shifoxonaga yotdik. Do’xtirlar operatsiyani qilamiz, deb tiqilinch qiladi, adasi ko’nmaydilar… Kech kuz edi. Bir oqshom adasi balkonga chiqib, uzoq hayallab qoldilar. Izillab shamol esib turibdi. Jonim halak bo’lib, ichkari kiring, degim keladiyu, iymanaman…

Bir mahal o’zlari palataga kirib, “qog’oz bormi?! deb so’radilar. Kasalxonada qog’oz nima qilsin? Shu kecha shifoxona palatasida tong otgunga qadar chiroq yonib chiqdi. Ertalab tutunga to’lib ketgan xonaga kirgan do’xtir koyidi:

– O’zingiz bu ahvolda bo’lsangiz, ustiga-ustak bosib chekaversangiz, nima, joningizda qasdingiz bormi?

Do’xtir chiqib ketishi bilan adib o’z qarorini aytdi.

– Uyga ketamiz.

Uyga qaytishga qaytdik, lekin asar yozish tag’in orqaga surildi. Orada safar chiqib qoldi. Ibrohim G’afurov, Dadaxon Nuriy, Ahmadjon Meliboevni chet elga xizmat safariga yuboradigan bo’lishibdi. O’tkir Hoshimov safarga borishni aslo xohlamas edi.

– Shu safarga mendan boshqa odam borsa bo’lmasmikan?!

Yo’ldan qolishning iloji bo’lmadi. Oradan ancha o’tib, “Tushda kechgan umrlar” romani e’lon qilingach, kitobxonlar bilan uchrashuvlarning birida Ibrohim aka chet el safari yozuvchiga aslo tatimaganini aytib berdilar: “O’tkirjon, safarda yurdiyu, chamasi hech nimani ko’rgani yo’q. Fikri-zikri boshqa yerda edi. Keyin bilsam, roman yozayotgan ekan…”

Safardan qaytishi bilan adib deyarli kecha-kunduz to’xtovsiz ishlab, romanning ilk variantini bir oyning nari-berisida yozdi. Asarda qandaydir mungli ruh sezilib turar, uning birinchi jumlasi esa bunday boshlanar edi: “Kuz – o’lim to’shagida yotgan bemorga o’xshaydi. Oyoq ostida kasalmand xazonlar ingraydi”. Bu – o’sha kech kuz oqshomi yozuvchi kasalxona balkoniga chiqib kuzatgan manzara bo’lsa ajab emas…

Bu romanning qismati ham yorug’ bo’ldi. Ko’p marta nashr etildi, boshqa tillarga tarjima qilindi… Agar Mustaqillik bo’lmasa, bu asar dunyo yuzini ko’rmasligi aniq edi. Negaki, unda mustabid tuzum fosh qilib tashlangan. Xudo asrasin, sobiq sho’ro tuzumi bo’lsa, bu roman uchun yozuvchi mislsiz balolarga qolishi mumkin edi.

* * *

1980 yili oyimlar (qaynonam) to’satdan vafot etdilar (Xudo rahmat qilgur xoksor, mehribon va dono ayol edilar). “Dunyoning ishlari” kitobida Ona qiyofasi aynan tasvirlangan. Adib bu judolikdan juda qattiq iztirobga tushdi. Shusiz ham o’ta ta’sirchan odam yanada ma’yus, hayolchan bo’lib qoldi. Oxiri Abdug’afur Rasulov, Bahodir G’ulomov (domlaning joylari jannatda bo’lsin) bilan maslahatlashib, Sijjakka – Opoqxo’ja aka degan eski qadrdonlarinikiga chiqib ketishdi. “Dunyoning ishlari” kitobining dastlabki boblari o’sha yerda yozilgan. Adibning o’zi ta’kidlashicha, bunga Abdug’afur aka da’vat qilganlar. “Boshqalarda yo’q imkoniyat sizda bor-ku, o’zingiz his etayotgan shu iztiroblarni qog’ozga tushirsangiz, bir tomondan, dardingiz yengillashadi, ikkinchidan, xolamlarning ruhini shod qilgan bo’lasiz”.

“Dunyoning ishlari” boshqa asarlarga o’xshab tez va shiddat bilan yozilgani yo’q. Har bir hikoya mustaqil asar sifatida tug’ilgan. Ammo ularning hammasida Ona obrazi bor. Bu kitobning dunyoga kelishida atoqli shoira Zulfiya opaning katta hissasi bor. Adib bo’lajak kitobning birinchi boblarini “Saodat” jurnaliga olib borganida Zulfiya opa bu juda yaxshi asar bo’lishini ta’kidlab, uni davom ettirish kerakligini, jurnal esa kitobni sonma-son bosib borishini aytgan ekanlar. Bu haqda muallif o’z maqolasida yozgan… Shunday qilib kitob bir yildan ortiq muddatda dunyoga keldi. Uning eng oxirgi sahifasi qanday tug’ilgani hamon ko’z o’ngimda turibdi. Bahor edi. Kechasi gumbirlagan tovushdan uyg’onib ketdim. Momaqaldiroq bo’layotgan ekan. Qarasam, xonada adasi yo’qlar. Ayvonga chiqdim. Soat to’rtdan o’tibdi. Narigi xona eshigidan chiroq nuri tushib turibdi. Kirishga tortindim. Choy qo’ydim. Ancha ikkilanib turib, eshik oldiga keldim. Sekin ichkariga kirib yaqin bordim. Qarasam, adib unsiz yig’layapti… Qo’rqib ketdim. “Nima bo’ldi?” – desam, indamay chiqib ketdilar… Ko’z yoshi tomgan sahifalarni beixtiyor o’qidim. O’qib, yig’lab yubordim. Bu – “Iltijo” degan bob edi. Mana o’sha bob:

“Oyi men keldim… Eshityapsizmi, oyi, men yana keldim…

Qarang, oyi, tag’in ko’klam kirdi. Esingizdami, har yili bahor kirishi bilan Sizni dalaga olib chiqardim. Siz charaqlagan oftobni, tiniq osmonni, ko’m-ko’k maysalarni ko’rib quvonardingiz. Esingizdami, nevaralaringiz terib kelgan boychechaklarni ko’zingizga surtib, “omonlik-somonlik” qilardingiz…

Bugun… o’zingizning ustingizdan boychechak o’sib chiqibdi… Yo’q, yo’q, oyijon… yig’layotganim yo’q. Bilaman, men yig’lasam, siz bezovta bo’lasiz… Hozir… hozir o’tib ketadi. Mana bo’ldi…

Ertalab-chi, oyi, yomg’ir yog’di. Qattiq yomg’ir yog’di. Siz bahor yomg’irini yaxshi ko’rardingiz… Keyin oftob chiqib ketdi. Qarang, oftob charaqlab yotibdi… Esingizdami, siz menga oftob haqida cho’pchak aytib berar edingiz. O’sha oftob charaqlab yotibdi… Ko’rayapsizmi…

Esingizdami, oyi, siz ukamga alla aytardingiz. Men allaning ohangiga mast bo’lib uxlab qolardim. O’sha beshikda men ham yotganman. Allangizdan men ham orom olganman. Nima qilay, oyi, men alla aytishni bilmayman. Qabringizni silab qo’ysam orom olasizmi… Mana, oyijon, mana… Yo’q, yo’q, yig’layotganim yo’q. Hozir, hozir o’tib ketadi…”

Balki bu parchani alohida o’qigan kitobxon unchalik hayajonga tushmas. Biroq, “Dunyoning ishlari”ini bir boshdan o’qib, Onani qattiq sevib qolgan kitobxon bu satrlarni o’qiganda larzaga tushmay qolmaydi. “Iltijo” bobini ko’zda yosh bilan yoddan o’qib bergan ko’plab talaba va o’quvchilarni ko’rdim. Darvoqe, “Ikki eshik orasi” romanining “Zilzila”, “Tushda kechgan umrlar” romaning “Oppoq-oppoq qorlar yog’di” bobini larzaga tushib, yodaki o’qigan kitobxonlar ham oz emas. Balki muallifning o’zi ularni rosmana yig’lab yozgani uchun ham shundaydir. Nima bo’lganda ham adiblar yig’isi o’quvchining qalbiga nur olib kiradi. Yozuvchilik qismati shunday bo’lsa kerak ehtimol.

O’tkir Hoshimov
IKKI HIKOYA
09

043   O’tkir Hoshimov 1941 yil 5 avgustda Toshkent  shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1991). ToshDUning filologiya fakultetining jurnalistika bo’limini tugatgan (1964). Ilk kitobi — «Po’lat chavandoz» (1962, ocherklar to’plami). Birinchi yirik nasriy asari — «Cho’l havosi» (1963).
«Odamlar nima derkin» (1965), «Shamol esaveradi» (1966), «Qalbingga quloq sol» (1973), «Bahor qaytmaydi» (1970), «Dunyoning ishlari» (1982) qissalari hamda «Nur borki, soya bor» (1976), «Ikki eshik orasi» (1986), «Tushda kechgan umrlar» (1994) romanlari nashr etilgan.

Yozuvchining bir qancha asarlari ekranlashtirilgan. «Xazon bo’lgan bahor», «Inson sadoqati» (1975), «Vijdon dorisi», «To’ylar muborak» (1979), «Qatag’on» kabi drama, komediya, bir qator kinostsenariylar  muallifi. «Daftar hoshiyasidagi bitiklar» (2001) kitobi ijtimoiy-ma’naviy hayotda muayyan iz qoldirgan.
Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1986). «Mehnat shuhrati» (1996), «Buyuk xizmatlari uchun» (2001) ordenlari bilan mukofotlangan. 2013 yil 24 may kuni vafot etgan.

09

HURKITILGAN TUSH

«Ko’ngil vayron bo’lishi uchun taqdirning ojizgina zarbasi kifoya».

S. Sveyg.

Tishlari to‘kilgan kemshik bola edim. Soy bo‘yidagi o‘tloq biz — bolalarning «katta yerimiz» edi. Har kuni erta bilan oyim chiyduxoba shimimning cho‘ntagiga yarimta zog‘ora, bir bo‘lak qaynagan lavlagi solib berardi-da, shoxsiz, yuvosh echkimizni yetaklab «katta yer»ga jo‘nardim. Ovozi do‘rillab qolgan Melivoy ko‘k ko‘zni aytmasa, hammamiz yosh bolalar edik. O’tloq yonidagi ikki tup azim tol bizning ovunchog‘imiz edi. Bahor kelishi bilan bolalar tol novdalaridan hushtak yasashar, qizlar bo‘lsa bargak taqib, daraxt soyasida cherta o‘ynashardi.

Bir kuni oramizga yangi mehmon — Halima degan qizcha qo‘shildi. Uning qishlog‘imizga kelganini hammadan avval men bildim. Kechqurun oyim dadamga aytgan gapini eshitib qolgandim.

— Hakim sassiq shaharga borib qizini topib kelibdi. Xotinining boshiga itti kunini solibdi. «O’zing-ku, sharmandalik qilding… Mayli, sen o‘sha topganing bilan bulaver. Menga qizimni ber», debdi…

Hakim sassiq urushdan kelgach, polizda brigadir bo‘lib ishlardi. Men uni yomon ko‘rardim: bir marta echkim poliziga kirib ketganida meni ikki tarsaki urgan. Oyimning gapidan hech nima tushunmagan bo‘lsam ham, Hakim sassiqning qizini ko‘rgim keldi. Ertasiga ko‘rdim ham…

* * *

O’sha kuni ertalab momaqaldiroq bo‘lib, jala quygani esimda bor. Oyim odatdagiday echkining yelin qopini bog‘lab (bo‘lmasa bolasi emib qo‘yardi) arqonni qo‘limga tutqazdi:
— Yaxshilab to‘yg‘iz!

«Katta yer»ga yetib kelgunimcha havo charaqlab ochilib ketdi. Echkining arqonini yechib, mollarga qo‘shib yubordim-da, tol tagida to‘dalanib turgan bolalar yoniga keldim.

O’rtada urushda o‘lgan dadasining kattakon beqasam choponini kiyib olgan Melivoy yonboshlab yotar, yalang oyoq bolalar uning atrofida o‘tirib olib nimagadir xoxolab kulishardi.
— Hakim sassiqning qizini ko‘rdingmi, Anvar? — Melivoy yaqin kelishim bilan do‘rillab so‘radi. Keyin qo‘lidagi tol yog‘och bilan imo qilib ko‘rsatdi. — Dadasiga o‘xshagan daroz ekan.

Bolalar tag‘in baravariga kulib yuborishdi. Tolning panasida turgan novcha qizaloqni endi ko‘rdim. Uning katta-katta ko‘zlari ma’yuslik bilan javdirar, nima qilishini bilmay, kalishining uchi bilan maysalarni ezg‘ilardi.

Melivoydan hammamiz qo‘rqardik, u hech kimni ayamasdi. Lekin hozir u qizni masxara qilishi alam qildi menga.
— Daroz bo‘lsa senga nima? — dedim alamimdan chiyillab.

Halima yalt etib menga qaradi-yu, indamadi. Melivoy birpas baqrayib turdi-da, tayog‘ining uchi bilan soy tomonni ko‘rsatdi.
— Bor, buqamni qaytarib kel! Sening galing keldi. U har doim molini bizlarga qaytartirardi. Nimagadir bu safar o‘jarligim tutdi. Soy bo‘yiga tushib ketgan qora buqaga qarab qo‘ydimu:

— O’zing qaytar! — dedim.
— Shunaqami? — Melivoyning ko‘k ko‘zlari olayib ketdi. Irg‘ib o‘rnidan turdi-yu, qo‘lidagi tayoqni baland ko‘tardi. Hozir yelkamga kaltak tushishini bilib, qo‘rquvdan ko‘zlarimni yumib oldim. Ammo kaltak tegmadi. Bir mahal ko‘zimni ochib qarasam, Halima tayoqni ingichka tizzasiga tirab, sindiryapti.

— Buzuqning bolasi! — dedi Melivoy unga qarab. Halimaning labi pirpirab, yig‘lab yuboray deyotganidan bu yomon gap ekanligini tushundim.
— O’zing buzuqning bolasi! — dedim baqirib. — Ko‘k ko‘z! Ko‘k qarg‘a!

… O’sha kuni «katta yer»ning xo‘jayini — Melivoyning buyrug‘i bilan «qiz bola» degan laqab oldim. Echkimni ham soyning narigi betida boqadigan bo‘ldim.

* * *

Bolalar orasiga qaytgim kelardiyu, «ko‘k qarg‘a»dan qo‘rqardim. Faqat bir narsaga xursand edim: Halima ham ola sigirini men bilan birga boqardi. Keyin bilsam, u mendan uch yosh katta ekan. Kun bo‘yi ikkalamiz chillak o‘ynardik. Halima bu o‘yinda o‘g‘il bolalardan qolishmasdi.

Yozda tag‘in bir odat chiqardik. Har kuni peshinda soy bo‘yida olov yoqib, qo‘riga ikkitadan kartishka ko‘mib yeydigan bo‘ldik. Bir gal u, bir gal men uydan kartishka olib kelardik.

Cho‘g‘da qop-qorayib pishgan kartishkani shosha-pisha artib, og‘zimiz kuyishiga qaramay yeb olishdan lazzatliroq narsa yo‘q edi bizga.

Hech esimdan chiqmaydi. Bir kuni o‘sha totli tushlikni yeb bo‘lib, maysalar ustiga chalqancha yotib oldim. Tubsiz osmonning bir chekkasida ko‘pikday oppoq bulutlar ohista suzib yurar, baland-balandlarda jajjigina bir to‘rg‘ay turgan yerida tipirchilab, shodon sayrardi…

Halima yonimda o‘tirib olib, o‘tlardan «ajina kovush» to‘qir, uzun-uzun barmoqlarinig shunchalik chaqqon harakat qilishiga hayron qolardim. Birpasdan keyin u ingichka, past tovushda ashula ayta boshladi.

«Ochil-ochil oq toshlar-a…
Men onamni ko‘rayin-a…
Diydoriga to‘yayin-a…»

Uning sekin xo‘rsinganini etnitdim. Zum o‘tmay yana qaytardi.

«Oyijonim…
ko‘rayin-a
Diydoriga…»

Keyin birdan jim bo‘lib qoldi. Allanimadan qo‘rqqanday, sekin boshimni ko‘tarib qaradim. Halimaning katta-katta, qop-qora ko‘zlari jiqqa yosh edi.
Nima qilishimni bilmay, dovdirab qoldim.

— Yig‘lama, — dedim yalinib. — Yig‘lamagi-in…

Halima qo‘lidagi «ajina kovush»ni uloqtirib yubordi-da, qizil chit ko‘ylagining etagini qayirib, ko‘z yoshini artdi.

Arpaga o‘roq tushdi. Endi bizning ham ishimiz ko‘payib qolgandi, har kuni mashoqqa borardik. O’sha kuni peshingacha ikkalamiz bir to‘rvadan mashoq terdik. O’roqchilar narigi adirga o‘tib ketishgan, qizib yotgan arpazorlarni quyosh yondirardi.

— Yur, soydan suv ichib kelamiz, — dedim to‘rvachamni orqalab.
— Polizga borib qovun yemaymizmi?

— Dadang bermaydi-da, — dedim ishonmay.
— Beradi, beradi, — Halima qo‘limdan ushladi. Chopib ketdik. Soy bo‘yidan yurib poliz yoniga yetib borganimizda to‘xtab qoldim.

— Qo‘rqma! — Halima sudraguday bo‘lib poliz ichiga yetaklab kirdi. Pushtalar ustida yumalab yotgan katta-katta qovun-tarvuzlarni ko‘rib ko‘zim o‘ynardi. Lekin chayla yoniga yaqin borganda qo‘rqa-pisa yana to‘xtadim. Chayla soyasida Hakim sassiq bilan tabelchi To‘lash aka chordona qurib o‘tirgancha kosa qilingan bosvoldini yeyishardi.

— Dada, bizgayam qovun berasizmi? — Halima avval menga, keyin dadasiga qarab qo‘ydi.

Hakim sassiq qizarib ketgan ko‘zlarini menga qadagan edi, urgani esimga tushib ketdi. O’shanda ham ko‘zlari shunaqa qip-qizil edi.

Birdan To‘lash aka og‘zini katta ochib, xoxolab kula boshladi. Yakkam-dukkam tishlari orasida yarim chaynalgan oppoq bosvoldi bo‘lagi ko‘rindi.
— Sassiq! — dedi u og‘zini to‘ldirib. — To‘yni boshlayversang ham bo‘larkan. Mana kuyov bolayam tayyor. — Keyin yana xoxolab kuldi.

Hakim sassiq labining bir chekkasi bilan iljayib qo‘ydi. Hayron bo‘lib, Halimaga qaradim. U ham ko‘zlari javdirab, atrofga alanglar, hov o‘shanda — Melivoydan so‘kish eshitganda qandoq qilgan bo‘lsa, hozir ham o‘shanday, kalishining uchi bilan yer chizardi.

To‘satdan miyamga bir nima urilganday bo‘ldi. Ular men bilmaydigan, yomon bir narsa to‘g‘risida gapirishayotganini tushunib qoldim. Sekin burildimu, yig‘lagancha chopib ketdim. Katta-kichik qovunlarni bosib, pushtalar ustidan sakrab-sakrab borarkanman, yelkamdan og‘ir bir narsa bosib tushayotganini anchadan keyin bildim. Boshoq to‘la xaltam ekan. Uni ham uloqtirdimu soy bo‘yiga yugurdim.

…Aqlimni taniganimdan keyin bilsam, men shirin, beg‘ubor tush ko‘rayotgan ekanman-u, To‘lash bir og‘iz gapi bilan ustimdan muzday sovuq suv quyib, uyg‘otib yuborgan ekan. Men bo‘lsam mana shu tush uzoq, juda uzoq davom etishini xohlardim. O’sha-o‘sha Halimani boshqa ko‘rmadim, nimagadir ko‘rishni xohlamadim ham. Keyin eshitsam, shaharga — oyisining yoniga ketib qolibdi.

* * *

Kecha panorama kinoteatri yonida Halimani ko‘rib qoldim. Agar o‘zi chaqirmasa, tanimasdim. U yo‘lkadan kolyaska yetaklab borardi. Qiziq, Halima meni qanday taniganiga hayronman… Arg‘uvon tagidagi skameykada o‘tirib gaplashdik. Halima turmush quribdi. Eri aspirant, o‘zi vrach ekan.

— Bu — ikkinchi o‘g‘lim, — dedi u aravachada uxlab yotgan shiringina chaqaloqni ko‘rsatib. Anchagacha jim o‘tirganimizdan keyin sekin xo‘rsindi.
— Qandoq yaxshi opa-uka edik-a… Qarang, o‘n olti yil o‘tib ketibdi.

Men uni sizlashni ham, senlashni ham bilolmay ikkilanib qoldim.
— Haliyam qo‘rga ko‘milgan kartishkani yaxshi ko‘rasizmi? — dedim anchadan keyin.
— Haliyam yosh bolasiz-a, Anvar… — u kuldi. Bu o‘sha — o‘zimga tanish, opalarcha mehribon kulgi edi.

Yuragimning bir burchida sog‘inch tuyg‘usi jo‘sh urib ketdi. Rost-a, qandoq opa-uka edik-a!.. To‘lash aka o‘shanda nimagayam shunaqa dedi-a?

1966

UMR SAVDOSI

Xurshida ishdan kelsa, Qumri xola ayvon o’rtasida cho’kkalab olgancha ko’rpa qavib o’tiribdi. Enkayib olgani uchunmi, mushtdek gavdasi yanayam kichrayib qolganga o’xshaydi. Xurshidaning onasiga rahmi keldi. Bechoraga qiyin. Bir yildirki, To’lqinjonni uylantirish tashvishida. To’y qilish osonmi? Goh unisi yetishmaydi, goh bunisi.

– Bo’ldi endi, oyi, charchab qolasiz, – dedi Xurshida sumkasini ayvon burchagidagi stulga qo’yib. – To’y ertaga boshlanayotgani yo’q-ku!

Qumri xola boshini ko’tardi. Oyoqlari uvushib qolgan ekan, og’riqdan yuzi burishib, tizzalarini uqaladi.
– Ko’nglim g’ash, bolam, – dedi to’satdan.

Xurshida tushunmadi.

– Nima bo’ldi?

– Ertalab borsam, darvozasi taqa-taq yopiq. Avval oqshomdan yotib olib, kech peshingacha uxlaydi shekilli bular.

Xurshida kulib yubormaslik uchun teskari qaradi. Kampiri tushmagur-ey! Bundan chiqdi xo’roz qichqirmasdan quda bo’lmishnikiga borgan. O’zining kallai saharlab borgani bilinmaydi-yu, aybni qudalarga ag’daryapti. Nuqul yulduzi chap kelyapti-da shular bilan!

– Qiz bola degan kun yoyilguncha yotmaydi, yalpayib!! – Qumri xola pisanda qildi. – Darvozasining oldi supurilmagan…

Qumri xolaning odati shu. Saharlab turib oladi. Xurshida esini tanishi bilan uniyam shunga o’rgatgan. «Qiz bola uy jig’adek taxt bo’lishi kerak, uyat bo’ladi», deb azonlab hovli supurtiradi.

– Kelinning akasi icharkan. Uniyam eshitdim! – dedi Qumri xola hamon o’sha tajang ohangda. – Otasiniyam og’zi shaloq, deyishyapti.

Onasining keyingi gapi Xurshidaga yoqmadi. O’zi-ku: «Uylanasanmi, yo’qmi? Tanlaganingni ayt», deb To’lqinjonni holi joniga qo’ymadi. Oxiri, To’lqinjon yoqtirgan qizini aytdi. Qumri xola uch-to’rt marta sovchilikka borib «oq o’rab» keldi. Ammo, negadir keyin aynib qoldi. Goh kelinni dangasa deydi, goh quda xolani ezma, deydi. Mana, endi akasining ichishi bahona bo’lib turibdi.

– Kelin ham icharkanmi, oyi, bir so’ramapsiz-da, – dedi Xurshida achitib.

Qumri xola ip qatimini shahd bilan tortarkan, Xurshidaga chaqchayib qaradi.

– Tappi-tappidan uzoqqa tushmaydi, bildingmi?

– Bizlar ham oppoq emasmiz-ku, oyi! – dedi Xurshi-da. – Quda tomon surishtirsa bizlardan ham ayb topar. Mana, men… – U bir zum jim qoldi-yu, xayoliga kelgan gapni qaytarmadi: – Meniyam turmushim buzilgan. Ular ham surishtirib yurgandir. Kuyovning opasi nega erdan chiqqan, deb. Gapni kovlasa gap chiqaveradi-da!

Qumri xola to’satdan mung’ayib qoldi.

– Sening turmushing buzilgan bo’lsa… Shu ish shunaqa bo’lganiga… o’zing sababchisan… Endi To’lqinning turmushi shunaqa bo’lmasin, deyman-da, bolam.

Onasining birdan bo’shashib qolishi, taskin ohangida gapirishi Xurshidaga og’ir botdi. Dushmaning tosh bilan urgani nima-yu, do’sting paxta otgani nima? Yo’q, onasi ta’na qilayotgani yo’q. Achinib gapiryapti. Shunaqa-yu,bari bir qalampirni shakarga botirib yegan bilan shirin bo’lib qolmaydi-da.

Xurshida siltab-siltab igna tortayotgan onasiga bir zum qarab turdi-da, indamay ichkariga kirib ketdi. Shu topda u oyisi ketidan mo’ltirab qarab qolganini his qilar, his qilgan sayin yuragi ezilardi.

Qiz bola bo’yiga yetganidan keyin g’alati bo’larkan. O’z uyingda ota-onang bag’rida turasan-u, bari bir bu xonadon ertami-indin senga begona bo’lib qoladigandek, go’yo albatta qandaydir o’zgarish bo’lishi shartdek tuyulaveradi.

Xurshida, ayniqsa, sovchilar kelganida buni chuqur his qilar, shuning uchun eshikdan uzun-qisqa bo’lib kirib kelayotgan xotinlarni ko’rsa, allaqanday begonasirab turardi. Bora-bora ularni ko’rsa g’ashi keladigan bo’ldi. Qumri xola bo’lsa, sovchilar bilan ochilib-sochilib so’rashar, kuyov bo’lmishni ipidan-ignasigacha surishtirardi. Sovchilar ketgandan keyin Xurshidaga nasihat qilardi:

– Qizlik uy – bozor, bolam! Shoh ham keladi, gado ham. Boshingda otang bo’lmasa. Munosib joyingni topgin, deyman-da, qizim.

Xurshida tutaqib ketardi:

– Hech qanaqa bozor-pozorni bilmayman, tushundingizmi? Menga dallol kerakmas.

Shunday derdi-yu, hayotida bo’ladigan o’zgarishni kutib yurardi. Bu o’zgarish to’rtinchi iyun` kuni bo’ldi. Shu kuni u o’n to’qqiz yoshga to’lgan edi. Kechqurun atel`eda birga ishlaydigan dugonalarini uyga chaqirmoqchi bo’ldi. Bozorga tushdi. Chillaki, gilos, yangi pomidor xarid qilguncha kun qizib ketdi. Bir qo’lida sumka, bir qo’lida to’rxalta ko’tarib, bekatga keldi. Aksiga olib avtobus ham kelavermadi. Bir mahal qizil lyuks «Jiguli» osoyishta silkinib, Xurshidadan xiyol nariroqda to’xtadi.

Xurshida qo’l ko’tarmagani uchun ham e’tibor bermadi. Lekin o’sha tomondan ovoz keldi:

– Qayoqqa borasiz, singlim?

Bir ozdan keyin boyagi savol yana qaytarildi:

– Sizga aytyapman.

Shundagina Xurshida bu gap o’ziga tegishli ekanini bilib , burilib qaradi . Mashinasining rangiga mos – qizil vodolazka kiyib olgan yigit bir oyog’i ichkarida, bir oyog’i yerda, shu tomonga qarab turardi.

– Qayoqqa borasiz? – dedi u yana.

Xurshida «sobstvenniy» mashinaga o’tirishni umuman xushlamasdi. Hozir ham chimirilib:

– Hech qayoqqa! – dediyu teskari qarab oldi. U motorning guvillashini, mashina jo’nab ketishini kutib turardi. Chindan ham eshik qarsillab yopildi. Ammo motor gurillamadi. Boyagi yigit uning ro’parasida paydo bo’ldi.

– Qo’lingizda yukingiz ko’p ekan, – dedi Xurshidaga jiddiy tikilib.

Xurshida uning silliq taralgan sochlariga, chimirilib turgan qoshiga bir lahza qaradiyu ko’zini olib qochdi:
– Qancha so’raysiz?

Yigit kulib yubordi:

– Savob ham kerak-ku odamga!

– Unaqa bo’lsa o’tirmayman.

Yigit yana kulib uning sumkasiga qo’l cho’zdi:

– Bo’pti, benzin haqini berarsiz.

Xurshida mashinaning parolon g’ilof qoplangan orqa o’rindig’iga o’tirarkan, yigit so’radi:

– Qayoqqa hayday?

– Ko’kchaga!

Xurshida endi uyga yetguncha bir og’iz ham gapirmaslikka ahd qildi.

Anchagacha indamay ketishdi. Xurshida yigitning ro’paradagi oynachadan o’ziga qarab qo’yayotganini his qilar, shuning uchun ko’chalarni tomosha qilib borar edi.

– Issiqqa qolib ketibsiz? – dedi yigit orqaga burilib. Xurshida mo’ylov qo’ygan yigitlarni yomon ko’rardi. Ammo, haydovchining mo’ylovi o’ziga juda yarashib tushganini ichidan tan oldi. Indamay ketaverdi. – Issiqqa qolib ketibsiz, deyman? – Yigit yana savolini qaytardi.

– Shundoq bo’ldi! Endi otimni so’rang! Qaerda o’qishimni so’rang! Iloji bo’lsa, yigitim bor-yo’qligini ham bilib oling! – Xurshida bu gaplarni shu qadar jahl bilan bidir-bidir qilib aytib tashladiki, o’ziyam hayron qoldi.

Yigit bunaqa zarbani kutmagan bo’lsa kerak, anchagacha jimib qoldi. Keyin orqasiga qaramasdan sekingina gapirdi:

– O’zining tug’ilgan kunida o’zi bozor qilgan odamni birinchi ko’rishim.

Endi Xurshida esankirab qoldi. Xuddi uning yuzini yaxshiroq ko’rib olgisi kelgandek oldinga egildi.

– Siz… Qayoqdan bilasiz? – dedi ko’zlarini pirpiratib.

– Men hamma narsani bilaman! Telepatman. – Yigit orqasiga qarab jilmaydi. Shunda Xurshida uning mo’ylovi o’ziga yarashganini yana bir bor his etdi-yu, xayoliga kelgan fikrdan uyalib, ko’zini olib qochdi. – Siz hech nimani aytmay qo’ya qoling, – dedi yigit hamon jilmayib. – Otingizni ham, bugun necha yoshga to’lganingizni ham, hammasini bilaman. Siz bo’lsa meni bilmaysiz. Shuyam insofdanmi? Keling, siz ham meni tanib oling. Otim – Anvar…

Xurshida qarasa gap gap bilanu mashina boshqa yoqqa burilib ketyapti.

– Ko’kcha u yoqdamas, – dedi u ovozini balandlatib. – O’, yo’lni bilmaysizmi?

– Bilaman! Bir minutga!

Zum o’tmay mashina pastak, oynaband magazin ro’parasida to’xtadi. Anvar ko’cha chetidagi sement ariqchadan hatlab o’tdi-da, magazinga kirib ketdi. Xurshida o’tiraverishini ham, tushib ketishni ham bilmay turgan edi, Anvar ichkaridan bir savat gul ko’tarib chiqdi. Xurshida shundagina bu gul magazini ekanini bildi.

Anvar negadir orqa eshikni ochib, savatdagi gulni shundoqqina Xurshidaning oyog’i tagiga qo’ydi.

– Nima qilyapsiz? – dedi Xurshida oyog’ini nari surib.

– Tug’ilgan kuningiz bilan chin qalbimdan tabriklayman. Iloyo baxtli bo’ling! – Anvar qo’lini shunaqa qoyilmaqom qilib ko’ksiga qo’ydiki, Xurshida kulib yubordi:

– Artistmisiz, nima balo?

– Artist bo’lsam, jon derdim. Eplolmayman. Aspirantman.

Anvar rulga o’tirdiyu mashinani g’izillatib haydab ketdi. Qiziq, endi u Xurshidalarning ko’chasiga yetguncha bir og’iz ham gapirmadi. Faqat Xurshidaning yuklarini, savatdagi gulni tushirayotganda sekingina: «Yaxshi dam olinglar», deb qo’ydi.

Xurshida hech qachon tug’ilgan kunini bunchalik xushchaqchaq nishonlamagan edi. Qizlar bilan rosa o’ynashdi, yarim kechagacha xursandchilik qilishdi. U ora-chora negadir Anvarni eslab qo’yar, ammo o’sha zahoti uni xayolidan haydashga urinardi. «Yaxshi yigit ekan. Odamgarchiligi bor ekan. Shu bilan nima bo’pti? Endi qaytib ko’rishamizmi, yo’qmi? Ko’chada uchragan bir odam-da!»

Shunaqa deb o’ylardi-yu, bari bir ko’nglida noaniq umidga o’xshash bir narsa aylanaverardi. Kechasi mehmonlarni kuzatayotganida xuddi o’sha mashina yana kelib qoladigandek beixtiyor atrofga alangladi. Ertasi-ga, indiniga, ko’chalarda yurganida ham qizil «Jiguli» ko’rinsa burilib qaraydigan bo’ldi. Oradan bir haftami, o’n kunmi o’tdi. U endi Anvarni xayolidan chiqara boshlaganida yana ko’rishib qolishdi. Xurshida uzoqdan kelayotgan qizil «Jiguli»ni ko’rdi-yu, negadir yuragi jiz etdi. Mashina uning ro’parasiga kelib to’xtadi.

– O’qishga ketyapsizmi? – Anvar o’tirgan joyida cho’zilib, eshikni ochdi. Xurshida ikkilanib orqa o’rindiqqa o’tirarkan, unga qarab qo’ydi.

– O’qishga kirolmaganman, ishlayman, e’tiboringiz uchun! – dedi ta’kidlab. – Men to’g’rimda hamma ma’lumotga ega odam shuniyam bilmaysizmi?

Anvar kuldi:

– Ochig’ini aytsam, otingizniyam bilmayman.

– Qiziq bo’ldi-ku! – Xurshida yelka qisdi. – Bo’lmasa tug’ilgan kunimni qayoqdan bildingiz?

– Ko’zingizdan! – Anvar jilmaydi… – Qalay, ziyofat yaxshi o’tdimi?

Xurshida indamay bosh silkidi.

– O’sha kuni sizning baxtingiz uchun men ham ichdim.

– Yolg’on! – Xurshida qo’l siltadi.

– Yolg’on gapirsam, yorilib o’lay!

Xurshida kulib yubordi.

– Qo’ying, hali bola-chaqangizga kerak bo’lasiz.

– Shunaqami, a? Ayta qoling, sizga judayam kerakmanmi?

Xurshida gap suyuqlashib ketayotganligidan g’ashi keldi-yu, ammo shunga yaqinroq mavzu davom etishini bari bir xohlardi. Shuning uchun indamay qo’ya qoldi.

Ertasiga Anvar uning ishdan chiqishini poylab turdi. O’zining ishxonasiga olib bordi. Kibernetika bo’yicha ilmiy ish qilayotgan ekan. Hozircha laboratoriyada kichik ilmiy xodim bo’lib ishlarkan. Xurshida allaqanday chizmalar, yaltiroq apparatlar bilan to’la nimqorong’i xonaga kirib qoldi.

– Bizning ishimiz suratlar bilan bog’liq, – deb tushuntirdi Anvar. – Xohlasangiz, sizniyam suratga tushiraman…

O’sha kundan boshlab u Anvarning laboratoriyasiga tez-tez borib turadigan bo’ldi. Laboratoriyaning yarim qorong’iligi ham, turli vaziyatlarda suratga tushish ham endi uni cho’chitmas edi.

Uyda bo’lsa sovchilar bozori qaynar, Qumri xola har kuni yangi gap topib qo’yardi. Kuyov bo’lmishning biri zavuch emish, yana biri «pekarniyda» ishlarkan. «Matasikli» bormish. Tag’in bittasi «peravodniylik» qilarkan. Moskvadan gilam olib kelarkan.

… Bir kuni Xurshida onasining ro’parasiga o’tirib oldi-da, ochiq-oydin qilib aytib qo’ya qoldi:

– Qing’ir-qiyshiq sovchilaringizga aytib qo’ying, oyi! Mening tanlaganim bor. Eskilik sarqitidan qachon qutulasiz?

Onasi Xurshida kutgandek sapchib tushmadi. Faqat so’radi:

– Kim o’zi u? Qanaqa odam?

– Yaxshi odam. Aspirant. Yaqinda olim bo’ladi. – Onasi birovning «matasikli»ni gapirgani uchun Xurshida ham ataylab qo’shib qo’ydi: – Mashinasi bor, «Jiguli».

Ertasiga u uyiga sovchilar ko’p kelayotganini gap orasida qistirib qo’ydi. Anvar odatdagidek masalani ko’ndalang qo’ydi:

– Bo’pti, ertagayoq ZAGSga ariza topshiramiz.

Hamma ish ko’ngildagidek ketayotganida Qumri xolaning qaysarligi tutib qoldi. Ikkala oyog’ini bir etikka tiqib turib oldi.

– Mening ko’chada qolgan qizim yo’q! Uylanadigan odam besh-olti marta sovchi yuboradi, odam qo’yadi. Otini bilmasam, zotini bilmasam. Yo’q, bo’lmaydi!

Xurshidaning bir kulgisi kelar, bir jahli chiqardi.

– Nimaga tushunmaysiz, oyi? Besh marta sovchi yuborish degan qonun qaerda yozilgan? Anvar aka Sirdaryodan kelgan. Ota-onasi yoshligida o’lib ketgan ekan. Dallolning nima keragi bor?

– Ota-onasi bo’lmasa, qarindosh-urug’ bordir, ishxonasi, xo’jayinlari bordir. O’zim boraman.

Xurshida kuldi:

– Ishxonasiga borganingiz bilan nimani tushunardingiz? Kibernetikaga aqlingiz yetadimi? O’zim ming marta borganman ishxonasiga, bildingizmi!

Qumri xola bari bir bo’sh kelmadi:

– Sen echki emassanki, duch kelgan odamga yetaklatib yuborsam. Bo’lmaydi.

– Balki hali qalin ham so’rarsiz?

– Tag-taxtini surishtirmay turib bermayman! Bo’lmaydi.

Qumri xola bo’lmaydi, degani bilan to’y to’xtab qolmadi. Anvarning tog’asi bor ekan, o’sha o’rtaga tushdi. To’y boshlandi-yu, Qumri xola zada bo’lgan qushdek mung’ayib qoldi.

Bahor kunlari g’alati: to’satdan jala quyadiyu yer-ko’kni shalabbo qilib yuboradi. Ketidan yarq etib oftob chiqadi. Olam yashnab ketadi. Zaminu osmon tarovatli bir isdan – bahor isidan mast bo’lib qoladi. Xurshidaning hayotida ham shunday bo’ldi. U Anvarni butun vujudi bilan sevib qoldi. Muhabbati evaziga baxt quyoshi unga jilmayib boqdiyu butun dunyo yashnab ketgandek bo’ldi. Qizil lentani ko’ndalang taqib olgan ZAGS mudirasining nutqi, peshonasiga qo’g’irchoq qo’ndirilgan mashinada sayr qilishlar, gul isi may hidiga qovushgan charog’on restoran… U baxtiyor edi. Baxt degan lazzatli tuyg’u hayotiga shunchalik tez kirib kelganiga ba’zan o’zi ham hayron qolardi. Nazarida onasi ham uni tushungandek edi. Faqat to’ydan keyin Qumri xola Anvarning Yunusoboddagi ikki xonali uyiga bormadi. Umuman bormadi. «Ziyoni yo’q, oyim shunaqa bir lovillaydilaru o’chadilar», deb yupatdi Xurshida erini.

To’ydan keyin bir hafta o’tgach, nikoh sayliga chiqishdi. Avgustning o’rtalari edi. Bunaqa paytda dengiz yangi sog’ilgan sutdek iliq bo’larkan. Bir kuni ikkovlari oydin kechada cho’milishdi. Qiziq, Xurshida suzgan sayin qo’lining uchidan sachragan tomchilar xuddi marvariddek yaraqlab ko’rinardi. Bunday lazzatli manzarani xuddi shunaqa paytda dengizda cho’milgan odamgina biladi. Xurshida qorayib, yanayam husni ochilib qaytdi.

Bir kuni Anvar ishdan tashvishliroq qiyofada keldi.

– Chamadon tayyorlang, – dedi to’satdan.

– Yana qayoqqa boramiz?

– Siz emas, men ketaman. – Anvar endi osoyishta tushuntirdi. – Ilmiy ishim bo’yicha Leningradga borishim zarur bo’lib qoldi. Domla chaqiribdi.

– Anchagami? – Xurshida birdan ichi huvillab qolgandek, eriga termildi.

– Nari borsa, bir oy.

Xurshida kuzatib qo’ymoqchi edi, Anvar uni ayadi. Vokzalga chiqartirmadi.

Ikki xonali katalakda Xurshida yolg’iz qoldi. Hovlida, mahallada odamning yolg’izligi bilinmaydi. Ammo katalakdek xonada bir kun tanho qolgan kishi yorilib ketay deydi. Bunaqa joyda qo’ni-qo’shnilar nimagadir salomlashishdan nariga o’tmaydi. Xurshida uch kunda siqilib ketdi. Ishga boray desa, Anvarning gapiga kirib bo’shab olgan. U o’z uyiga bordi. Qumri xola haliyam jahlidan tushmagan ekan. Xurshida ikki kun turgan edi, sekingina tushuntirdi:

– Uzatilgan qiz uyga kelib yotib olmaydi. Qo’ni-qo’shnilar halitdan gap qilyapti.

– Bo’lmasa yuring biznikiga, – dedi Xurshida.
– Yo’q, bolam. Og’zimga so’z olganman.

Xurshida umrida birinchi marta onasini yomon ko’rib ketdi. Ona degan ham shunchalik bemehr bo’ladimi? U uyiga keldi. Televizor, bilan andarmon bo’ldi. Har kun yildek cho’zilar, aksiga Anvardan na xat, na xabar bor edi. Ba’zan Dilbar degan o’rtog’i kelib turar, ammo uning ham o’z tirikchiligi bor edi. Kunduzi ishga boradi, kechqurun o’qishga…

Bir oqshom eshik jiringlab qoldi. Xurshida ochib qarasa, «sim» ro’mol o’ragan ayol, do’ppi kiygan olti-yetti yoshlardagi bola turibdi. «Qishloqdan kelishibdi, – deb o’yladi Xurshida ayolning yaltiroq ro’moliga, beo’xshovroq osilib turgan jemperiga qarab. – Adashgan odamlarga o’xshaydi». U hamroh topilganiga quvonganday, beixtiyor ichkariga taklif qildi.

– Kelinglar! – dedi yo’l bo’shatib.

Ayol dadil ichkariga kirdi. Bola sho’xgina ekan. Birpasda yugurib borib magnitofon qulog’ini buray boshladi.

– Akbar, tek o’tir! – dedi ayol jerkib. Keyin Xurshidaga qaradi. – Siz Xurshidaxonsiz-a?

Xurshida hayron bo’ldi.

– Men sizni tanimayroq turibman, – dedi iymanib.

– Tanib qolarsiz. – Ayol xotirjamlik bilan jemperini yechib, stul suyanchig’iga tashladi. Uning bepisandligi, kinoya qilib gapirishi Xurshidaning g’ashiga tegdi. «Kim o’zi bu? Nimaga oliftagarchilik qiladi?.

– Kimsiz o’zi? – dedi u qoshini chimirib.

– Ketdimi? – Ayol negadir iljaydi. – Ancha bo’ldimi?

– Kim ketadi?

– Uzum obketdimi, tarvuzmi?

Xurshida shaxd bilan o’rnidan turib ketdi.

– Menga qarang! – dedi tahdid bilan. – Maynavozchilikni yig’ishtiring! Kimsiz o’zi?

Ayol o’g’liga qarab qandaydir notabiiy, asabiy qiyqirib kuldi:

– Dadang Sibirga ketibdi, o’g’lim. Uzum obketibdi. Shu yerda kutib o’tirsang, senga velosiped olib keladi.

Bolakay ko’zlarini katta-katta ochib, onasiga tikildi:

– Qachon, buvi, qachon?

– Unisini manavi ayachangdan so’raysan! – deb ayol Xurshidani ko’rsatdi. Yana o’sha g’ayritabiiy ohangda kuldi. – Qachon qaytaman degan Akbarning dadasi?

Xurshida nimanidir tushungandek bo’ldi-yu, ichida bir narsa uzilib ketdi. Bemador bir holatda eshikka suyanib qoldi.

Ayol tantana qilgandek yana qiyqirib kuldi.

– Sizniyam mashinasiga o’tqazib, qo’lga tushirdimi? Sizgayam aspirantman, dedimi? Sizniyam to’y bo’lmasidan «ishingizni to’g’rilab» qo’ydimi? «Hech kimim yo’q, yetimman», degandir? Bir oy ichida to’y qildimi? «Svadebniy puteshestiya»ga olib borgandir, hoynahoy? Endi ilmiy ish bilan Leningradga ketgan bo’lsa kerak.

Ayol har gapi bilan Xurshidaga bir tarsaki tushirayotgandek bo’lar, bundan rohatlangandek, vahshiylarcha qiyqirib kular edi:

– Leningradda pishirib qo’ygani yo’q! Novosibirskka ketgan. Uzum obketgan.

Xurshida boshidan hushi uchib borayotganini his qilib turar, yuragi gursillab urar edi.

– Yolg’on! – U yer tepinib chinqirib yubordi. – Yolg’on! Yolg’on!

Keyingi daqiqada u vahshiylarcha kulayotgan xotinga tashlandi. Boshidagi «sim» ro’moliga chang soldi. Ammo, shu on iztirobga to’la bir chinqiriq yangradiyu Xurshidaning qo’llari havoda muallaq qotib qoldi.

– Buvi! Buvijon! – Boyadan beri magnitofon oldida o’ralashib yurgan bolakay o’qdek otilib kelib, onasiga yopishdi. Shundagina Xurshida ayolning ko’zlaridan oqib tushayotgan yoshni ko’rdi. Ayol negadir kalovlanib o’rnidan turdi. Bir qo’li bilan bolaning boshini silay boshladi, bir qo’li bilan Xurshidaning yelkasidan quchdi.

– Peshonang sho’r ekan, singlim! Ko’zingga qarasang bo’lmasmidi? – Shunday dediyu yelkalari silkinib, yig’lab yubordi.

O’sha kecha tun bo’yi ikki «kundosh» hasratlashib chiqishdi. Bola uxlab qolgan, uy nimqorong’i, ayolning ovozi g’amgin, ammo o’ktam edi. U asli andijonlik ekan. Texnikumda o’qib yurganda Anvarning qo’liga tushibdi. Es-hushini yig’ib olguncha, Anvarning ikkinchi xotiniga aylanib qolibdi.

– Siz uchinchisisiz! – dedi u qandaydir kinoyasiz ohangda. – Xorazmda ham xotini bor. Ammo ishni pishiq qiladi. Zakonniy ajrashadi.

Xurshida ich-ichidan toshib kelayotgan yig’ini arang bosib yotardi. «Zakonniy» ajrashganining nima foydasi bor? Bu bilan dardi yengillasharmidi?

Anvar hech qanaqa olim emas, suratkash ekan. Goh u, goh bu institut laboratoriyasida suratkash bo’lib ishlab yurarkan. Kuzda allaqanday sheriklari bilan Sibir` shaharlariga borib uzum sotarkan. Manavi kooperativ uylaru mashinalar, restoranlaru dengiz sayohatlari shundan ekan. Xurshida bu gaplarning tush bo’lib qolishini juda xohlardi. Qani endi to’xtovsiz gapirayotgan mana shu xotin ham, divanda pishillab uxlayotgan anavi bola ham tush bo’lsa. Tush bo’lsayu u uyg’onib ketsa. Yo’q, tush bunaqa bo’lmaydi!

– Balki, biron narsa tama qilib keldi, dersiz. Yo’q, hech nima kerakmas. Toshkentda qarindoshlarimiz bor. Shularnikiga keluvdim. Bu gaplarni eshitib qolib, sizni ogohlantirib qo’ygim keldi. Agar yaxshi ko’rsangiz, mahkam ushlang. Anvar tullak yigit.

… Ona-bola zinadan tushib ketayotganida Xurshida birdan uyga yugurdi. Kecha bolakay o’ynagan yaponcha magnitofonni stoldan yulqib oldi-da, zinalardan chopib tushdi.

– Ma, Akbar! – dedi bolaga tutqazib. – Bari bir shu…seniki.

Kundoshi qarshilik qilgan edi, qo’ymadi.

– Bari bir menga kerakmas. Endi kerakmas. Lovillab turgan gulxanga suv sepilsa nima bo’ladi?

Achchiq, bo’g’uvchan hovur ko’tariladimi? Hozir shunday bo’ldi. Xurshidaning lovillab turgan muhabbatiga suv sepildi. U o’zining achchiq hovuriga o’zi bo’g’ilib qoldi. Nima qildi u? Nima qilib qo’ydi? Shirin gaplariga uchdimi? Mo’ylovigami? Bir savat guligami? Mashinasigami? Balki jaraq-jaraq pullariga uchgandir. Nimasiga uchdi? Hammasiga! Mashinasida kataysa qilish yoqarmidi? Yoqardi. Judayam yoqardi. Restoranlarga kirish, dengizga borib cho’milish, qorong’i laboratoriyaga kirib o’pishish yoqarmidi? Yoqardi. O’zi-ku suratkashni aspirantdan, «uchar»ni olimdan ajratolmas ekan, nega surishtirmadi? Nega onasi surishtiraman desa, bir chekkaga yig’ishtirib qo’ydi? Eskilik sarqiti, deb to’yga ham chandon aralashtirmadi. Eskilik sarqiti emish! Sarqit kim?! Oyisimi, o’zimi?! Oyisining ko’ngli bir narsani sezgandirki, oyoq tirab turib olgandir.

U Anvar kelsa nima qilishini bilmas edi. Albatta, bo’yniga olmaydi. Uylanganini ham, bolasi borligini ham aytmaydi. Ana o’shanda boplaydi. Shunaqa boplasin-ki, erkak bo’lganiga ming pushaymon qilsin.

Qiziq, Anvar hech nimadan bo’yin tovlamadi.

– Nima qipti? Avvalgi xotinlarim bilan zakonniy ajrashganman. Uzum masalasi… Nima, men o’g’irlik qilayapmanmi? Odamlarning hojatini chiqarayapman. Buyam savobli ish… Ilmiy ish ham bo’pqolar. Biron mirzaquruq domlaga «qurug’idan» cho’zsam, uch oyda nomzodlik dissertatsiyasini yozib beradi.

– Nega meni aldadingiz? – dedi Xurshida alamdan to’lg’anib.

– Qiziq ekansiz, to’yni tezlashtiring, degan menmi, sizmi?

Xurshida alam ichida uni tarsakilab yubordi, Anvar bir rangi o’chdi-yu, indamadi.

– Bo’ldimi? – dedi kulishga harakat qilib. – Alamingizdan chiqdingizmi endi?

Xurshida bu odam bilan o’rtalarida kattakon jarlik paydo bo’lganini his qildi. Bu jarlik ikkovlarini ikki sohilga uloqtirib tashladi. Kim bilsin, balki ilgari ham jarlik bo’lgandir-u, Xurshida ko’rlik qilib, narigi sohilga qadam bosgandir.

… Ayvon tomondan Qumri xolaning tovushi keldi.

– To’lqinjonning to’yi yurishib qoldi, ovsinjon! Shunaqa-yu, ko’nglim g’ashroq. Kelinning akasi icharkan. Otasiniyam og’zi shaloqroq deyishadi.

– Sinang, o’rgilay, obdan sinang. Qush uyasida ko’rganini qiladi. Keyin kuyib, alangasiga isinib o’tirmang, ovsinposhsha!

002

 

***

Ўткир Ҳошимов ва Тўлқин Эшбек 2009 й. талабалар даврасида

Устоз адиб Ўткир Ҳошимов ва Тўлқин Эшбек  ЎзМУ Журналистика факультети талабалари даврасида. 2009 йил.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>