Хайриддин Султон. “Аброрлар ҳайрати”дан ҳайратга тушиб…

Сўз мулкининг соҳибқирони амир Низомиддин Алишер Навоий

бундан беш ярим аср муқаддам “Ёзганимни улусқа марғуб эт”, деб эзгу ният қилган эдилар. Мана, беш юз саксон йилдирки, улуғ аждодимизнинг ана шу орзуси ижобат бўлиб келмоқда.

Бу буюк зотнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мамлакатимиз ва дунёнинг узоқ-яқин кўплаб ўлкаларида юзлаб илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, спектакл­лар ва фильмлар яратилган ва ҳануз яратилмоқда. Филология фанлари соҳасида вужудга келган навоийшунослик деган алоҳида муҳим йўналиш изчил ривожланмоқда.

Ҳазрат Навоий сийратининг сеҳру жозибаси, кучи ва қудрати шундаки, у наинки бир ўрта аср мутафаккири, аксинча, ҳар бир давр учун замон кишисидир. У бизнинг ҳам донишманд замондошимиздир.

Даҳо санъаткор асарларини неча юз йиллар давомида тушуниб ўқиган ва бугун ҳам анг­лаб ўқиётган инсонлар, қайси миллат ва элат вакиллари бўлмасин, дунёнинг қайси бурчида яшамасин, қалбига изтироб солиб қийнаётган саволларга, ўз даврининг барча маънавий ва руҳий муаммоларига жавоб топа олади.

Чексиз коинот сарҳадларига етиб бўлмаганидек, Навоийга муҳиблик, навоийшунослик ҳам ҳеч қачон поён ва чегара билмайди. Бугун жаҳон миқёсида бу бетакрор сиймонинг шахсияти ва ижодига қизиқиш тобора юксалиб, бу мавзуда яратилаётган илмий ва бадиий асарлар сони мунтазам ошиб бораётгани ҳам бунинг яққол исботидир.

Шу маънода, ҳазрат бобомизни чинакамига Худо ёрлақаган зот, десак, адашмаган бўламиз. Чунки на ўрта асрлар бўрони, на чор истибдоди, на шўро мафкураси Алишер Навоийнинг ўлмас номи ва меросини халқимиз хотирасидан ўчира олмаган.

Бу улуғ шоир ва мутафаккирнинг бундай олий рутбаси ҳақида сўз юритганда, аксарият ҳолларда унинг туркий тилда ижод қилганига алоҳида урғу берамиз. Аммо Алишер Навоийга қадар ҳам, у кишидан кейин ҳам туркий тилда асар битган шоиру адиблар дунё­­да оз ўтганми? Биргина “Мажолис ун-нафоис”да муаллиф туркий тилда қалам тебратган 150 нафар ижодкорни батафсил таърифлаб ўтади.

Афсуски, бугун уларнинг кўпчилиги тарих саҳифаларидан тушиб, унутилиш сари юз тутганлар, “ёзганлари улусқа марғуб бўлмаган”.

Ҳазрат Навоийнинг қуёшдек ёрқин шахсияти ва шеърияти эса йиллар, асрлар оша яшамоқда, янада мунаввар ёғду сочмоқда.

Бу каби ижодий умрзоқликнинг, ҳиссиёт ва тафаккур бардавомлигининг сири, синоати нимада? Ахир Алишер Навоий замонидан буён инсонга, ҳаёт ва адабиётга бўлган муносабат, қараш ва мезонлар неча бор ўзгариб, янгиланиб келмоқда-ку? Нега бу даҳо ижодкорнинг асарлари то ҳануз башариятнинг неча-неча авлодларини ҳайрат ва ҳаяжонга солмоқда?

XXI асрнинг дастлабки чораги Ўзбекистонда Алишер Навоийни айни ана шундай тушунча ва руҳ асосида англаш даври сифатида намоён бўлмоқда. Янги замоннинг янги навоийшунослари илм ва сўз майдонига дадил кириб келаётгани бағоят эътиборли ва қувончлидир.

Шахсан мен ўзим сўнгги вақтларда Ёқубжон Исҳоқов, Ваҳоб Раҳмон, Исажон Султон, Шуҳрат Сирожиддинов, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Олимжон Давлатов, Акром Малик сингари истеъдодли адиб ва олимларимизнинг, озарбайжонлик ҳурматли профессор Рамиз Аскернинг Алишер Навоийга бағишланган асарларини мутолаа қилар эканман, қалбим завқ ва ифтихор туйғуларига тўлади.

Замонамизнинг илғор зиёлиси, атоқли олим, академик Абдулла Аъзамнинг “Аброрлар ҳайрати” номли асари қўлёзмаси билан танишиш асносида яна шундай ажиб ҳиссиётларни бошдан кечирдим.

Мен Абдулла акани узоқ йиллардан буён яқиндан танийман. Бу кенг қамровли тафаккур эгаси, том маънода академик – қомусий олим билан бир қанча муддат бирга ишлаш ҳам насиб этган. Очиғи, Алишер Навоийнинг маънавий хазинасини аслиятда ўқиб-уққан бу инсонга ҳамиша ҳавас билан қарайман.

Одатда, аксарият академикларнинг илмий фаолиятида битта йўналиш устувор бўлишини биламиз. Абдулла Аъзам мисолида эса математик иқтидор ва навоийшунослик салоҳияти тенг даражада қувватга эга экани, яъни, у киши физика-математика бўйича фан доктори, академик бўлиш баробарида навоийшунослик соҳасида ҳам ҳеч бир олимдан устун бўлса – устунки, кам эмаслигини жамоатчилигимиз эътироф этиб келади.

Абдулла ака фактларга, маълумотларга ижобий маънода ўта инжиқлигини, унча-мунча ҳақиқатларни то ўзи тадқиқ қилиб кўрмагунча қабул қилмаслигини кўп бор кузатганман.

Шу ўринда домланинг “Бобур энциклопедияси”дек фундаментал илмий тадқиқотни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш жараёнида бош муҳаррир сифатида фидо­йилик ва масъулият билан хизмат қилганини алоҳида эслаб ўтишни истардим.

Муаллифнинг илмга, ҳар бир тадқиқот ишига, сўз санъатига ниҳоятда жиддий масъулият ва талабчанлик билан ёндашишини, бу йўлда “игна билан қудуқ қазиб, сув чиқариш”дек заҳматли юмушдан ҳеч қачон қочмаслигини, аксинча, шундай машаққатли меҳнатдан маънавий қаноат ҳосил қилишини яхши билганим сабабли ҳам, у кишининг “Аброрлар ҳайрати” деб номланган янги асарига қизиқишим янада зиёда бўлди.

Қўлёзмани мароқ билан ўқиб чиққач, гарчи унга камтарона қилиб “эссе” деб ном берилган бўлса ҳам, ушбу жанр ва унинг имкониятларини камситмаган ҳолда, бу салмоқли, етук асар узоқ йиллик илмий изланишлар натижаси, навоийшунослик соҳасида янги бир кашфиёт эканига амин бўлдим.

“Мазкур рисоладан мақсад “Ҳайратул-аброр” фалсафий асар эканлигини исботлашдан иборат”, деб қайд этилса-да, бу кўламли тадқиқот фақат шу асар билан чекланмаслиги, балки Мир Алишер Навоийнинг ижодий олами ҳақидаги кўплаб тарихий воқеалар, ноёб маълумотларнинг маъно-моҳиятини чуқур очиб бериши билан алоҳида эътиборга моликдир.

Тадқиқот бирйўла икки-уч оқимда давом этади. Асосий манба сифатида олинган асар тадқиқ этиб борилар экан, ҳам Алишер Навоий сиймоси ва бошқа шахслар ҳақида муҳим маълумотлар, ҳам турли сўзлар шарҳию турфа ҳодисалар тафсилотлари, ҳам улуғ шоир ғазалларининг таҳлиллари (уларни қандай ўқиш тарзигача аниқ кўрсатилиб) параллель равишда бериб борилади.

Тадқиқот кўламининг кенглиги, табиийки, муаллиф тафаккурининг теранлигидан далолат беради.

Айрим тадқиқотлар, айниқса, адабиётшуносликка оид китоб­ларни ўқиганимизда, одатда уларнинг аксариятида илмий янгилик ва холис таҳлилдан кўра, кўпроқ публицистика унсурларига, ортиқча ҳис-ҳаяжонларга дуч келишимиз сир эмас. “Аброрлар ҳайрати” эса энг аввало, ҳис қилса, қўл билан ушлаб кўрса бўладиган илмий маълумотлар, чуқур ва вазмин тадқиқ услуби билан ўқувчини ўзига мафтун этади.

Энг муҳими, асарда илгари сурилган ғоя ва фикрлар кўнглингиздаги эзгу туйғуларни янада баланд нуқталарга кўтаради. Ҳар бир талқинда муаллифнинг кўп­лаб манбаларни батафсил ўрганиб чиққани, уларни қиёсий солиштириб, энг ишончли маълумотлардан заргарона фойдалангани, мумтоз адабиётни, аруз илмини, миллий тарихимизни моҳирона ўзлаштирганини сезиб турасиз.

Барчамиз ҳазрат Навоийни буюк шоир ва мутафаккир сифатида ардоқлаймиз. Рисола муаллифи улуғ аждодимизни ўз фалсафий таълимотини яратган файласуф аллома сифатида тақдим этади.

Бу борада олим қадрли устози – академик Алибек Рустамовнинг “Навоийнинг фалсафий ақидалари” ҳақидаги концептуал фикрларига таянади, уларни янги контекстда мантиқий ривожлантиради.

“Аброрлар ҳайрати”да Алишер Навоийнинг бошқа форсий шоирлар сингари ғарб оламида у қадар машҳур бўлиб кетмаганининг сабаби – унинг асосан ўша даврда “дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили” (Абдурауф Фитрат ибораси) бўлган туркий тилда ижод қилгани билан боғлиқ экани ишонарли далиллар орқали исботлаб берилади.

Ҳолбуки, форс тилини мукаммал билган Алишер Навоий агар ушбу тилда ижод қилганида эди, мавлоно Абдураҳмон Жомий мардона эътироф этганидек, “Қолмас эди сўз айтишга куч ҳеч бу элда” (яъни, форсийзабон шоирларда).

Қаршисида ана шундай буюк, ёруғ истиқбол порлаб турганида ҳазрат бобомиз бутунлай бошқа – ғоят машаққатли ва оғир йўлни танлайди.

Келинг, масалани биздан кўра теранроқ ва кенгроқ идрок этган закий зотларнинг сўзларига қулоқ тутайлик:

“Алишер Навоий ҳақиқатан буюк шахс. Бунинг сабаби – унинг буюк идеал соҳиби эканидир.

Навоий ижод қилган даврда юксак даражага кўтарилган эрон адабиётининг мавқеи жуда баланд эди. Шунингдек, ўша давр­­да араб адабиёти ҳам машҳур эди. Шундай пайтда мумтоз туркий адабиёт ҳам дунёга келиши зарур эди. Бу шарафли вазифани Алишер Навоий адо этди.

У турк дунёсини қалам билан бирлаштирди…

Алишер Навоий туркий тилнинг мужоҳидидир. Тасаввур қилинг – шоир яшаган даврда ҳукмрон тил форсча, расмий давлат тили – форсча эди. Шундай бир вазиятда туркий тилни ҳимоя қилиб чиқиб, бу тилда бебаҳо асарлар яратиш мумкинлигини исбот қилиш буюк жасоратдир” (Профессор Камол Эраслон).

Яна:

“Дунёнинг турли жойларига тарқалган ва Ватанидан айри тушган одамларни ўзининг асарлари билан бир манзилда тўплай олган бошқа бир шоир бормикин? Сўнги нафасига қадар халқ ғаму ташвиши билан яшаб, унинг фаровон ҳаёти йўлида турли-туман машаққатларга бардош бериб, туҳмат ва бўҳтонларга йўлиқиб, лекин эътиқодига қарши бормаган Навоийдек метин иродали шоир топилармикин? Ажабо, хўрланган бир тилни ҳузур-ҳаловатдан кечиб, ўзини фидо қилиш орқали ҳимоя қилган яна бир шоир туғилармикин?” (Доктор Юсуф Четиндоғ).

Абдулла Аъзам ўз тадқиқотида Султон Ҳусайн ва Алишер Навоийнинг туркий тил байроғини баланд кўтариб, унинг шон-шуҳрати ва нуфузини юксалтириш, давлат тилига айлантириш йўлидаги қаҳрамонона тарихий хизматларини, уларнинг қалбидаги миллий туйғу қанчалар беқиёс бўлганини таъсирчан мисолларда яққол кўрсатиб беради.

Тадқиқотни мутолаа қилар экансиз, муаллифнинг:

“Алишер Навоий “инсоният тарихидаги биринчи она тили патриотидир”, деган хулосаси айни ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қиласиз.

Маълумки, адабиётшунослик фанида истеъмолга кириб қолган хатоликлар ҳақида “ғалати машҳур” деган ибора бор.

Рисолада биз узоқ йиллардан буён ўрганиб қолган, номдор олимларимизнинг тадқиқотларида, атоқли адибларимизнинг асарларида доимий қўллаб келинадиган ана шундай бир хатолик ҳақида асосли фикрлар билдирилади. Афлотун: “Суқрот – дўстим, лекин, ҳақиқат ундан устун туради”, деганидек, муаллиф бу борадаги илмий ҳақиқатга кўзимизни очиб беради.

Яъни, тарихда “Ҳусайн Бойқаро” деган шахс бўлмаганини, биз ушбу ном билан назарда тутадиган темурий ҳукмдорнинг исми аслида Султон Ҳусайн Мирзо эканини ишончли манбалар асосида исботлаб, бу масалага узил-кесил нуқта қўяди.

Илмнинг қадри қачон ошади? Қачонки, амалиёт билан боғланганида. Башарти, олимимиз бир тарихий чалкашликни аниқлаб, унинг ўрнига тўғри ва ишончли маълумотни тақдим этаётган экан, шу ҳақиқатни қабул қилиш ва кенг истеъмолга киритиш, ўйлайманки, ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир.

Асарда Навоий таржимаи ҳоли ва тахаллусига оид янгича талқинлар илгари сурилади. “Аброр”, “кўнгил”, “жон”, “руҳ” каби тушунчаларнинг, Навоий ҳикматлари ва ҳикоятларининг турфа маънолари очиб берилиши, улардан чиқарилган фалсафий хулосалар ўқувчини мушоҳадага ундайди.

Муаллиф бу асарнинг ёзилишига буюк навоийшунос, академик Алибек Рустамов билан бўлган суҳбатлари туртки берганини таъкидлаб ўтади.

Бу ўринда, икки етук олим – академик Алибек Рустамов ва академик Абдулла Аъзам ўртасидаги илмий ва инсоний муносабатлар, шогирднинг ўз устозига юксак эътиқоди ва эҳтироми барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунаси эканини айтиш ўринлидир.

Абдулла акадай ўта талабчан, мақтов ва турли-туман лутф­ларга бениҳоя хасис олимнинг нафақат навоийшунослик, балки математика соҳасидаги улуғ устозлари – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Маҳмуд Салоҳиддинов каби алломалар ҳақида ҳам доимо “оғзидан бол томиб” гапирганига гувоҳ бўлганман.

Афсуски, мана шундай нодир истеъдодли, фидойи олимлар бугун орамизда жуда камлиги сезилиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Сўз санъатининг бир мухлиси ўлароқ, мен ҳам раҳматли домламиз Алибек Рус­тамовнинг ўзбек тили ва туркология соҳасига, навоийшуносликка бағишланган мукаммал тадқиқотлари, рисола ва китобларини такрор-такрор мутолаа қиламан.

“Қадимги туркий тил”, “Навоийнинг бадиий маҳорати”, “Сўз хусусида сўз” каби китоб­ларига иш фаолиятимда дои­­мо мурожаат этиб келаман.

Ўрни келганда афсус билан айтай: бу бебаҳо асарларни бугун кутубхона ва дўконлардан топиш амри маҳол. Чунки улар чоп этилганидан буён камида қирқ-эллик йиллар вақт ўтган. Мана шундай ноёб илмий-маърифий хазинамизга бепарво бўлиб яшаётганимиз, уларни қайта нашр этиш, ёшларимизни бу тафаккур дурдоналаридан баҳраманд этишга лоқайд қараб келаётганимиз учун кўнглимда надомат сезаман. Фанлар академиямиз, Ёзувчилар уюшмаси ниҳоят ўзларидан ортиб, бу масалага ҳам эътибор қаратар, деб умид қиламан.

Ушбу сатрларни битиш асносида китоб жавонимдан марҳум аллома Алибек Рустамовнинг 1979 йили нашр этилган “Навоийнинг бадиий маҳорати” номли асарини олиб, қайта кўздан кечириш зарурати туғилди. Ҳажман мўъжаз, лекин мазмунан улкан бу рисоланинг муқовасига назар ташлаб, раҳматли домланинг ҳазрат Навоийга эътиқоди ва ҳурмати чексиз бўлганига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим. Одатда, китоб муқовасида аввал муаллифнинг исм-фамилияси, сўнгра асар номи ёзилади. Ушбу китобда эса аксинча манзарага – дастлаб “Навоийнинг бадиий маҳорати” деб, унинг остида эса “Алибек Рустамов” деб қайд этилганига кўзим тушди.

Яъни, муаллиф ўз исм-фамилиясини ҳазрат Навоийнинг муборак номларидан юқори қўйишга истиҳола – ҳаё қилгани яққол кўриниб-сезилиб турибди.

Алибек Рустамовнинг илмий мушоҳада қудрати китобнинг дебоча қисмидаёқ ярқ этиб кўзга ташланади. Машҳур “Одамий эрсанг демагил одамий, Аниким йўқ халқ ғамидин ғами”, деган шоҳбайтни рисола муаллифи илмий, тарихий, бадиий, фалсафий, мантиқий, руҳоний нуқтаи назарлардан, жами ўнта ракурсдан туриб шундай теран таҳлил қиладики, бу талқинлардан қалбимиз беихтиёр ҳайрат ва завқ-шавққа тўлади.

“Аброрлар ҳайрати”да Алибек домланинг ана шундай таҳлил ва тадқиқ усули янгича илмий-бадиий ёндашувлар асосида давом эттирилади. Муаллиф устозининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини рус тилига юксак маҳорат билан – насрий қофия, яъни саъжини сақлаб таржима қилгани ҳақида қуйидаги биргина мисолни келтиради, лекин, қатрада қуёш акс этганидек, шу кичик парча орқали кўп нарса яққол аён бўлади:

“Одилу оқил подшоҳ ибодуллоҳға зиллуллоҳ. Хилофат мулки анинг фармонида, “Инни жоъилун фил арзи халифатун” – анинг шонида. Буким, одил подшоҳ рифъати таърихдин бийикроқ эрур, “вулитту фи замоние – султонул-одил” андин хабар берур”.

Таржимада:

“Если царь справедлив и умён, для божьих рабов тенью Бога является он. Он подлинный властелин во владении своем, стих “Куръан”а “Поистине Я ставлю наместника на земле” ниспослан о нем. Величие справедливого царя описать невозможно. Изречение “Я родился в эпоху справедливого царя” об этом говорить непреложно”.

Мукаммал ва гўзал ушбу таржима матнини ўқир экансиз, устозларимизнинг илмий салоҳияти, адабий иқтидори нечоғли юксак бўлганига яна бир бор тан берасиз.

Муҳтарам Абдулла Аъзам домламизнинг янги бадиий-фалсафий асаридан олган таассурот ва хулосаларимни Алишер Навоийнинг оташин муҳиби, академик Николай Кон­раднинг ушбу ҳароратли сўзлари билан ифода этишни истардим:

“Алишер Навоий – жаҳон маданиятининг муштарак ютуғидир. Келинг, дунёда Алишер Навоийдек шоир бўлгани учун қувонайлик! Бизга шундай шоирни армуғон этган ўзбек халқига катта раҳмат айтайлик. Навоийни фақат ўрганмасдан, тадқиқ этмасдан, балки доимо ўқиб юрайлик. Уни ўзимизнинг шоиримизга айлантирайлик!”

“Аброрлар ҳайрати” мана шу эзгу ва олийжаноб даъватни рўёбга чиқариш йўлидаги янги амалий қадамдир. Бу асар камолот чўққисида турган ҳазрат Навоийни бизга янада яқинлаштиради. Биз – ғофил бандаларни ҳам ана шундай юксаклик сари қадам қўйишга чорлайди.

Ушбу фаромуш фикрларим сўнгида илмий кашфиёт деб баҳолашга арзийдиган, ҳайрат ва ҳаяжон билан ўқиладиган мана шундай йирик тадқиқот яратиб, халқимизга тақдим этган ҳурматли муаллифга, китобни кўркам шаклда чоп этган Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти жамоасига Мир Алишер Навоий ижодининг барча мухлислари номидан миннатдорлик билдиришга бурчлимиз, деб ҳисоблайман.

Қадрли китобхон, қўлингиздаги “Аброрлар ҳайрати”ни албатта ўқинг – бу ноёб ва баркамол асар сизни ҳам ҳайратга солишига ишонаман.

Хайриддин Султон

https://uzhurriyat.uz/2022/01/27/abrorlar-hayrati-dan-hayratga-tushib/

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>