Халқаро симпозиум олдидан: ЎзМУ физик академиклари

Пойтахт шаҳримизда шу йил 10-11 ноябрь кунлари “Фундаментал ва амалий физика

ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар” мавзуида ўтказиладиган халқаро симпозиум олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида турли йилларда фаолият кўрсатишган физик алломалар ҳақида қисқача маълумот беришга жазм қилдик.

физик

***

АЗИМОВ Содиқ Азимович

(1914–1988)

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган Фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати

Содиқ Азимович Азимов 1914 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Содиқ Азимович Азимов Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультетини 1940 йилда тугатган. 1940-1945 йилларда Ўрта Осиё политехника институтида илмий ходим, 1948-1956 йилларда ЎзФА Физика-техника институти лаборатория мудири, 1956-1958 йилларда ушбу институт директор ўринбосари, 1958-1962 ва 1966-1988 йилларда ЎзФА Физика-техника институти директори, 1962-1966 йилларда ЎзФА Ядро институти директори, 1986-1988 ЎзФА Физика-қуёш илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори.

1955 йилда физика-математика фанлари доктори, 1958 йилда профессор, 1962 йилда ЎзФА академиги.

Илмий ишлари ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси ва юқори температурали гелио материалшунослик илмий мактабларининг асосчиси.

Академик Содиқ Азимов ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Паркент туманида “Қуёш” объекти қурилиши 1981 йилда бошланиб 1987 йилда ниҳоясига етказилди. 1986 йилда “Физика-техника институти” ва Катта  қуёш реактори  негизида Содиқ Азимов ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Физика-Қуёш илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил қилинди.

Содиқ Азимовнинг 300 дан ортиқ илмий ишлари бор. У 10 та фан доктори ва 70 дан ортиқ фан номзодлари тайёрлаган.

***

ОРИПОВ УБАЙ ОРИПОВИЧ

(1909-1976)

 Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган Фан ва техника арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, кўплаб орден ва медаллар соҳиби.

Убай Орипов 1909 йилда Қўқонда туғилди. 1928-1931 йилларда Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон давлат педагогика академияси физика-математика факультети талабаси.

Убай Орипов иш фаолиятини 1932 йилда Қўқондаги пахтачилик институтида ассистент лавозимидан бошлаган. 1935-1941 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетида ассистент бўлиб ишлаш даврида Г.Шуппе билан бирга Физикавий электроника кафедраси ва мактабига асос солган. 1941-1945 йилларда Жаҳон уруши қатнашчиси.

Убай Орипов 1945 йилда номзодлик ва 1945 йилда докторлик диссертацияларини ёқлаган. 1956 йилдан ЎзФА академиги.

Убай Орипов 1945-1956 йилларда ЎзФА Физика-техника институти электроника лабораторияси мудири, 1956-1962 йилларда ЎзФА Ядро физикаси институти директори, 1962-1966 йиллар ЎзФА Президенти, 1966-1976 йилларда ЎзФА Электроника институти директори ва 1963-1976 йилларда ТошПИ Электроника кафедраси мудири вазифаларида ишлаган. Бундан ташқари 1965-1976 йилларда «Гелиотехника» журнали ташкилотчиси ва бош редактори.

Илмий ишлари физикавий электроника соҳасига оид.

Убай Орипов 8 та монография, 8 та ихтиро учун муаллифлик гувоҳномаси, 500 дан ортиқ илмий ва 100 дан ортиқ илмий оммабоп мақолалар муаллифидир. У 2 та фан доктори ва 30 дан ортиқ фан номзодлари тайёрлаган.

***

 БЕКЖОНОВ РАҲИМ БЕКЖОНОВИЧ

(1930-2000)

 Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати.

Раҳим Бекжонов 1930 йил 5 мартда Чимкентда туғилган. 1953 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультетини тугатган.

Раҳим Бекжонов 1952-1954 йилларда ЎзФА Физика-техника институтида, 1958 йилдан ЎзФА Ядро физикаси институтида лаборатория мудири вазифасида ишлаган. 1992-1994 йиллари ЎзМУ физика факультетининг Юқори энергияли ядро ва  космик  нурлар физикаси  кафедрасига мудирлик қилган.

Раҳим Бекжонов 1966 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган, 1968 йилдан профессор, 1989 йилдан ЎзФА академиги.

Илмий ишлари нейтронлар оқимининг энергия тақсимоти ва иссиқлик нейтронларининг моддалар билан таъсирлашуви масалаларига оид.

Бекжонов Р. 200 дан ортиқ илмий ишлар, 40 га яқин илмий қўлланмалар, Олий ўқув юртлари ва ўрта мактаблар учун дарсликлар ҳамда физикадан русча-ўзбекча луғатлар муаллифидир.

Раҳим Бекжонов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номли Давлат мукофоти ва С.И. Вавилов номли нишон совриндори, Ўзбекистон маъориф аълочиси ва ихтирочиси ҳамдир.

 

***

УМАРОВ ҒИЁС ЁҚУБОВИЧ

(1921-1988)

 Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги

 Ғиёс Умаров 1921 йил 25 декабрда таваллуд топган. 1943 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультетини битирган. 1967 йилда докторлик диссертациясини ёқлаган, 1968 йилдан профессор, 1968 йилда ЎзФА мухбир аъзоси.

Ғиёс Умаров 1946-1949 йилларда МДУ аспиранти, 1950-1958 йилларда Тошкент Политехника институти доценти, кафедра мудири, 1950-1965 йилларда ЎзФА Физика-техника институтида илмий ходим, лаборатория мудири, институт директори ўринбосари, директори, 1965-1988 йилларда Физика-техника институти гелиофизика бўлими мудири лавозимларида ишлаган. 1969-1972 йиллари ТошДУ (ЎзМУ) физика факультетининг Экспериментал физика кафедрасига мудирлик қилган.

Илмий ишлари ядро физикаси, гелиофизика масалаларига оид.

У  “Ҳурмат белгиси ордени” ва медаллар билан мукофотланган.

***

ЮНУСОВ МАҲАМАДЖОН СОБИРОВИЧ

(1932-2002)

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, “Шуҳрат” ордени соҳиби.

Маҳамаджон Юнусов 5 ноябрда 1932 йилда Жалолобод шаҳрида туғилган.

1950-1955 йиллари Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) физика ихтисослиги бўйича таҳсил олиб, ўз фаолиятини ЎзФА Физика-техника институтида кичик илмий ходим лавозимидан бошлаган. 1959-1962 йилларда ЎзФА Ядро физикаси институти аспиранти, 1962-1967 йилларда кичик илмий ходим, катта инженер, 1967-1971 йилларда ЎзФА Физика-техника институти директор ўринбосари, 1971-1978 йилларда ЎзФА Ядро физикаси институтида лаборатория мудири, 1978-1982 йилларда Ядро физикаси институти директор ўринбосари, 1982-1983 йилларда институт лаборатория мудири, 1983-1988 йилларда Тошкент электротехника алоқа институти илмий ишлар бўйича проректори, 1988 йилда ЎзФА “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директор муовини, 1988-1989 йилларда ЎзФА Ядро физикаси институти директори, 1989-1999 йилларда институт лаборатория мудири, 1999-2002 йилларда ЎзФА Ядро физикаси институти етакчи илмий ходими лавозимида ишлаган.

Маҳамаджон Юнусов 1967 йилда номзодлик ва 1981 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Илмий ишлари аралашмалар билан бойтилган ярим ўтказгичлар ва улар асосидаги асбобларнинг тузилмаларига турли кўринишдаги энергиялар ва чуқур кириб борувчи нурлар таъсир этганда юз берадиган электр жараёнларни текширишга оид.

Маҳамаджон Юнусовнинг 300 дан ортиқ илмий иши, 1 та монография, 24 та муаллифлик гувоҳномалари ва патентлари бор. У 3 та фан доктори ва 29 дан ортиқ фан номзодлари тайёрлаган.

ЎзМУ Ахборот хизмати

 (Давомини бир неча соатдан сўнг ўқийсиз. Сайтимиздан узоқлашманг)

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>