Шавкат Миралимовнинг шавкатли одимлари

Азиз Устозимиз Шавкат Аббосович Миралимов туғилган кунини 3 майда

ўз оиласида бошлаб, 4 майда кенг жамоатчилик билан давом эттирадиган бахтли Инсон! 1942 йил 3 май куни уйида (у пайтлари туғруқхона бўлмагандир…) туғилиб, “Туғилганлик гувоҳномаси”да бу сана “4 май” деб ёзилган. Шул боис, Устознинг таваллуд кунларини билан муборакбод этувчилар учун байрам дастурхони икки кун мунтазир бўлиб туради!

Шавкат Аббосович меҳнат фаолиятини 1958 йилда Тошкент тепловоз-вогон заводида слесарликдан бошлаб, ЎзМУ (ўша пайтдаги ТошДУ) Журналистика факультети сиртқи бўлимида таҳсил олгач, 1963-1969 йилларда “Сирдарё ҳақиқати”, “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газеталарида, “Кино” журналида адабий ходимликдан муҳарриргача бўлган масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. Шу орада 1964-1967 йиллари армия хизматида йигитлик бурчини адо этиб келган. Қатор йиллар Тошкент вилоят ёшлар қўмитасида, партия қўмитасида, республика ёшлар ташкилотида ишлаган. 1978-1980 йилларда Ижтимоий фанлар академиясида сабоқ олгач, 1984 йилгача Тошкент вилоят партия қўмитаси бўлим мудири ўринбосари, 2003 йилгача Тошкент вилояти Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

Устозимиз тарих фанлари номзоди, 1986 йилдан буён қадрдон Журналистика факультетида дастлаб соатбай, ўриндош сифатида, 2004 йилдан буён доцент лавозимида талабаларга соҳа сирларидан сабоқ бермоқда. Қатор ўқув қўлланма, илмий-оммабоп рисолалар ва илмий мақолалар муаллифи.

OLYMPUS DIGITAL CAMERA 1аа 1ааа

Шавкат Аббосович жамоат ишларида ҳамиша фаол. 1994 йилдан Тошкент шаҳар “Маҳалла” хайрия жамғарма бошқаруви раиси сифатида бу тизимда кўп хайрли ишларга бош-қош бўлган. “Нуроний” жамғармасида ҳамиша фаол, пойтахт шаҳримиз Миробод туманидаги 644- участка сайлов комиссияси раиси сифатида алоҳида эътибор қозонган.

1аааа

Ижод ва мафкура майдонида ҳақиқий ижодкор ўзидан ёрқин из қолдиришини кўп кузатганмиз. Бу ёшлар учун ўзига хос намуна, ибрат мактаби ҳисобланади. Собиқ мустабид тузум даврининг сўнгги йилларида Ўзбекистоннинг собиқ комфирқаси етакчилари неча минг йиллик байрамимиз — Наврўзни йўқ қилишга чираниб кўрган эдилар. Жуда қўрқинчли, таҳликали замонлар эди. Комфирқанинг хато, ҳатто ғайриинсоний сиёсатига қарши гапирган кишини қудратли кучлар бадном, мажруҳ қилиб ташлашдан тоймас эдилар… Шундай оғир замонда Тошкент вилоят Матбуот бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатаётган жасоратли журналист, тарихчи олим Шавкат Аббосович Миралимов партиянинг катта йиғилишларида ўз фикрларини дадил айта олган. У тарихчи олим сифатида Наврўзнинг неча минг йиллик қадрият экани, уни бирор динга мутлақо алоқаси йўқлигини исботлаб берган. Ўзбекистон раҳбарларининг қулоғига бу гаплар кирмагач, ўша даврда марказ ҳисобланган Москвадаги етакчиларга рус тилида хатлар ёзган. Ниҳоят, 1990 йили ҳақиқат қарор топди: Наврўз байрами тикланди! Устоз кейинчалик Наврўзга бағишланган рисолалар ёзди.

Шавкат Миралимов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, Тошкент вилояти Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб юрган йилларда мазкур уюшманинг Тошкент вилояти бошқаруви раиси, икки бора халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам эътибор қозонган.

Меҳнат қилган элда азиз, деганларидек, Ўзбекистон Фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2018 йил 12 апрель куни қабул қилинган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан мазкур Жамғарманинг Тошкент шаҳар фаоли, Васийлик Кенгаши аъзоси Миралимов Шавкат Аббосович I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди!

“Муносабат” кўрсатувида Устознинг тўйлар, маънавий қадриятлар мавзусида билдираётган фикрлари, таклифлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Табаррук ёшда ҳам жўшқин фаолияти қизғин давом этаётган Устозимиз бахтли оила соҳиби. Олти фарзанд ва кўплаб набиралар ардоғида оила бекаси Ойдинхон янгамиз билан ижодий ҳамкорликни давом эттираётганига ҳавас қилсак арзийди.

– Хизрсифат Устозларимиз фаолият кўрсатаётган илмий-ижодий жамоамизга дуо кетган, десак арзийди,– дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова.– Ўз илму ижоди ила минглаб мухлислари меҳрини қозонган академик Аҳмаджон Мелибоев, профессорлар Ҳамидулла Акбаров, Қудрат Эрназаров, Мухтор Худойқулов, доцентлар Шавкат Миралимов, Зоир Тоҳиров сингари табаррук ёшдаги Устозлар ёш ўқитувчиларга ҳам ибрат кўрсатаётганлари билан фахрланамиз. Бугун янги Ўзбекистонда янгидан чирой очаётган Журналистика факультетимиз ана шундай хизрсифат Устозларимиз билан янада файзли бўлади. Олманинг тагига олма тушади, деганларидек, шундай таниқли, ибратли Устозлардан таълим-тарбия олган талаба-ёшлар ҳам шунга муносиб бўлиб камолга етадилар, албатта. Устоз Шавкат Миралимов айнан ЖАҲОН МАТБУОТИ СЎЗ ЭРКИНЛИГИ кунида таваллуд топишида ҳам қандайдир рамзий маъно борга ўхшайди. Устозга жамики эзгу тилакларимизни чин дилдан ҳадя этамиз.

Бугунги талаба-ёшларга наинки илму ижоди, шу билан бир қаторда жўшқин фаолияти, жамоат ишларидаги фаоллиги ва бахтли турмуши билан ҳам намуна кўрсатаётган азиз Устозимизга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ ва туганмас бахт тилаймиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>