Шоира Ҳасан кизи сайтимиз меҳмони

Ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатаётган қаламкашнинг фикрлари нақадар терандир, дейди Дониш домла олқишлаб.

Йўлакдаги мактуб

Ёмғир шивирлайди тунги йўлакда,
Шўхлигини қўймас бу шаддод шамол.
Ожиз хазонларни эрмаклагандай,
Кўча четларига улоқтирган ҳол.
Таҳқирланиб қолган хазонлар аро,
Мажруҳ силкинади бир варақ қоғоз,
Юракни бир лаҳза ўйга солгувчи,
Қоғоздан янграйди маҳзун бир овоз:
“Бу тун қор бўралиб, бўралиб ёғар
Деразамдан боқиб, мўралаб ёғар,
Нигоҳлари худди нигоҳинг каби,
Қалбим боғларини оралаб ёғар”…
Қалблар шивирлайди, тунги йўлакда,
Ёмғир ёш тўкади, тун хўрсинади.
Фарёд уролмайди бу ошиқ кўнгил,
Беқадр қоғозу дил ўксинади.
Қор ёға бошлайди тунги йўлакда,
Ҳислар тўшалади қаватма-қават.
Шу қоорлар остида кўмилиб ётар,
Энг тоза муҳаббат, энг соф муҳаббат.

ЭСЛАЙСАНМИ ЎШАНДА…

Эслайсанми ўшанда,
Ёмғир шаррос қуйганди,
Шаббодалар шивирлаб,
Сеҳрлатиб қўйганди.
Чақмоқдек чақнаганди,
Илк бор айтган сўзларинг,
Оташдан қамашарди,
Қўрқмас эди сўзларим.
Сен тинмай гапирардинг,
Ўтли-ўтли қарардинг,
Мени тортганди хаёл,
Кўзим гумроҳ, тилим лол.
Жимгина ўлтирардим,
Ийманиб термулардим.
Ёдимда фақат бир сўз,
Ўзин қиларди кўз-кўз:
“Сени яxши кўраман,
Ардоқлайман, севаман!”.
Ёмғир ҳамон ёғарди,
Булутларни соғарди.
Осмон ошиқ бўлгандек,
Сой юзига оқарди.
Шу мунис лаҳзаларда,
Шу оташ лаҳзаларда,
Ёмғир бўлиб ёғишни,
Булут бўлиб қолишни,
Жуда ҳам истар эдим,
Шабнамдек титрар эдим.
Момиқ булут тарқалиб,
Қуёш юзин очганда,
Бизлар учун атайлаб,
Бир қучоқ нур сочганда,
Даста-даста гул териб,
Сўз бериб, кўнгил бериб,
Дил розимиз айтгандик,
Сўнгра уйга қайтгандик.
Эслайсанми, ўшанда,
Ёмғир шаррос қуйганди,
Шаббодалар эркалаб,
Сеҳрлатиб қўйганди…

…Мен Сизсиз яшашни билмасдим унда,
Дийдорсиз ҳаётим обод бўлса ҳам.
Бир масъум нигоҳни қўмсардим абад,
Сизсиз бутунлигим кўринарди кам.
Пурвиқор тоғлардек буюк, беармон,
Яшагим келарди ғуссасиз ҳайҳот.
Бегим, пойингизнинг тупроғи бўлиб,
Сизни осмонларга топширдим, наҳот!?
Диллар учрашурлар рўзи қиёмат,
Ўтли байтларимни қилмасман канда.
Сиз-Лайливаш қалбнинг Мажнунидирсиз,
Мен – севгиси сароб ожиза банда.
Мен Сизсиз яшашни билмасдим унда…

Шоира Хасан кизи

(Шоира Эрматова)

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>