Эгасига буюрган палов

Ҳажвия

Маданият ходимлари учун шаҳримизнинг энг кўркам маҳалласида етти қаватли уй қуриб берилганидан бошимиз кўкка етди. Энди маданиятимизни гуллатишни кўринг!..

Қўшнилар меҳр-оқибатли бўлсак, кўп ишни қойиллатишга қодир кучга айланамиз, деган фикрда эдим. Шу мақсадда ишни чойхонада ош дамлашдан бошламоқчи бўлдим. Меҳр кўзда, деганларидек, битта дастурхон атрофида дўстлик ришталари янада мустаҳкамланишига ишонардим.

Янги маҳалламиз чойхонасини кўриб дилим яйради. Ҳовли ўртасида фаввора кўзни қувнатади. Бахтиёр деган ошпаз шинам хоналарни кўрсатди. Бойваччалар мазза қиладиган жойга ўхшайди. Биз номи улуғ, супраси қуруқ маданият ходимлари ҳам бир ҳузур қиларканмиз, деб суюндим.

Ўн беш нафар қўшним билан телефонда келишиб, рўйхат туздим.

photo_2023-03-04_17-16-58

Якшанба куни эрта тонгда бозордан ошлиқ қилиб келиб, “Бир гуруч, бир гўшт палов” деганидан буюртма қилдим. (Бу – ҳар гал ошга қўл чўзганда бир тишлам лахм гўшт илинади, дегани!) Ошга газак ҳам кам бўлмади. Помидор, бодрингдан ташқари уч хил салат олдим. Ширмой нонларнинг иси димоқни қитиқлайди. Қозонга думба ташланганида жиззаси ўзи бир товоқ бўлса, денг!

Хуллас, бойваччаларнинг дастурхонидан зиёдроқ бўлди-ёв!

Ошнинг харажати таомилга кўра зиёфатнинг охирида улфатлар ўртасида “сочма” бўлади, деб хомчўт қилгандим.

Энди қўшниларни чойхонага бошлаб боришим қолди.

Тушга яқин янги уйимиз ҳовлисида уларни кута бошладим.

Биринчи бўлиб ясама жилмайиб юрадиган Алижон Мардоний йўлакда пайдо бўлди.

Қуюқ салом-аликдан сўнг, жилмайган кўйи дабдурустдан сўраб қолди:

– Хў-ўш, ошга кимлар боради ўзи?

– Мана рўйхат,– дедим қўлимдаги қоғозни унга тутқазиб.

Қоғозга кўз югуртираркан, Мардонийнинг негадир афти бужмайди.

– Вай-вай, ҳамманинг устидан ёзиб юрадиган Тошпўлат тўполончиям борадими?– Сўради тишларини ғижирлатиб.– Мен ҳаётда у билан ош е-май-маннн!

Мардонийни муросага келтиришга улгурмадим. Лип этиб кўздан ғойиб бўлди-қолди.

Бу орада йўлакда Тошпўлат тўполончи деганлари кўринганди.

У билан ҳам салом-алигимиз “ошга кимлар бориши”га уланди.

Жимгина рўйхатни тутқаздим.

Тошпўлат тўполончи негадир ижирғангандек қаради:

– Мен кеп-кеп Мажид майда гап билан ўтираманми?

Муросаи мадора зое кетди. У ҳам кўздан ғойиб бўлди-ю қаршимда ўша Мажид майда гап пайдо бўлди.

У ҳам рўйхатга боқаркан бошини сарак-сарак қилиб минғирлади:

– Оғзидан ҳечам яхши гап чиқмаган Холбой хомкалла билан ошхўрлик қиладиган ахмоқ бораканми?..

Буни қарангки, Холбой хомкалла ҳам Нормурод номард билан ҳеч қачон бирга ош емаскан. Нормурод номард рўйхатда Шариф шошқалоқнинг исмига кўзи тушгани ҳамоно уйига қайтиб кириб кетди. Шариф шошқалоқ рўйхатни шоша-пиша кўриб чиққач, бидирлаб тушунтирди:

– Менга қаранг, ука, рўйхатингизда катталарга хушомад уриб, пастдаги ходимларга мағзава сачратиб юрадиган Мавлон мижғов борлигидан хабар топгач Жавлонбек қўлини силкиган. Шерматбой эса Илҳом ипирисқи бўлган давранинг яқинига ҳам йўламайди. Жонибек жиннини нега ёздингиз? Ўзини жинниликка солиб юрадиган энг катта “қулоқ”лигини билмайсизми? У бор жойда Азим билан Бобожон қорасини ҳам кўрсатмайди. Рашид билан Раҳим ўла қолсаям Даврон довдир билан ошхўрлик қилмайди! Довдир сиёсат ҳақида ўзи ўйлаб топган сафсатани “фалончидан эшитдим” деб “кийдириб” қўйишни боплайди. Ўзингиз ҳам узоқроқ юринг ундан. Хулласи калом, бу галча ошни ўзингиз ейсиз, шекилли,– деганча у ҳам жуфтакни ростлаб қолди.

Эҳ-ҳе, “Маданият ходимлари”га қурилган етти қаватли уйда маданиятли одам анқонинг уруғига ўхшаркан-ку?! Кимсан, ҳаммани маданиятга чорлаб, эл орасида “маънавият нурлари”ни таратаман, дейдиганлар-а…

Кўзларида меҳрнинг “м”си ҳам бўлмаган кимсалар учун “Меҳр кўзда” деганлари сафсатадан бошқа нарса эмаслигини англаб етдим шу тобда.

Чойхонага сўппайиб борарканман, нақ икки кило девзирадан дамланган сергўшт ошни (яна қанча майда-чуйдалари билан) нима қиламан, деб бошим қотарди. Уйимга кўтариб келсам, хотинимга қандоқ тушунтираман? У ҳам, сиздан биз камми, қабилида иш тутиб бир қозон ош дамлаган. (У дамлаган ошни доим икки-уч кун еймиз…)

Чойхона ҳовлисида кафгир тутган Бахтиёр ошпаз салобатли бир киши билан гурунглашиб турарди.

– Бу янги қўшнимиз Доноқул,– деб таништирди мени, сўнг у кишига юзланиб давом этди.– Булар маҳалламиз оқсоқоли Шарофиддин ака…

Шу онда маҳалла оқсоқоли жонимга оро кирадигандек туюлди. Миям яшин тезлигида ишлаб, у кишининг билагидан тутдим:

– Шарофиддин ака,– дедим дудуқланиб.– Маҳалладаги бева-бечораларга бир эҳсон қилсам, деб ният қилгандим…

– Йўғ-е, ҳазиллашмаяпсизми?– Ҳайрон бўлди оқсоқол.

– Чин дилдан айтаяпман,– дедим ёлғон гапимга ишонтиришга ҳаракат қилиб.– Ошни дамлаб, сизга айтмоқчи эдим…

– Маҳалламизда чойхона нималигини билмай ўтаётган баъзи бечораҳол кишилар бор,– деди оқсоқол мулоҳазакорлик билан.– Шуларни айтсак, жаа савобига қоласиз-да…

– Айнан ўша одамларни таклиф қилинг,– дедим сир бой бермай.

Оқсоқол айтган кимсалар бир пастда етиб келишди.

Отахонлар чорпояда, онахонлар стол атрофида давра қуриб ўтиришди. Тўкин дастурхонни кўриб, чеҳралари ёришган сари дилим равшан тортарди. Шукрона-ю дуолари “ўксик” дилимга малҳам бўларди…

Гурунгларига бироз қулоқ тутдим. Кўча бўйидаги ариқчаларни ҳашар йўли билан тозалаб, дарахт кўчатлари экиш ҳақида сўзлашарди. Бир онахон уйида касаначиликни бошлабди. Яна олти аёлга иш топилади, дейди.

Бир киши кўп қаватли уйимиз подвалида тикувчилик цехи очармиш. Банк кредит берса, йигирма кишини иш билан таъминлашни ният қилибди.

Бир онахоннинг гапидан юрагим ҳапқириб кетди. Маҳаллада фольклор ансамбли тузсак бўлади, дейди! (Бу онахоннинг орзуси қайда-ю, маданият ходимиман, деб кўксига урган қўшниларимнинг дийдиёлари қайда!)

Шундай ориятли, шижоаткор инсонлар бор экан, маҳаллада камбағал қолармиди! Уларга ҳарқанча саховат кўрсатсанг камлик қилар экан. Бугун ош шу оқкўнгил одамларга буюрганидан дилим равшан тортарди.

Бир-бирига ясама мулозамат қилиб, ўрни келганда юзини терс ўгириб кетадиган маданият ходимларидан кўра шундай ажойиб маҳалладошларнинг садағаси кетсанг арзийди.

Бир дастурхон атрофида ўтиришга одамгарчилиги етмаган кимсалардан кўра ўз қадрини билган маҳалладошларни минг чандон маданиятли, дегим келди.

Бир маҳал чойхона ҳовлисида “Туман кенгаши депутати” деб ёзилган значок тақиб олган бир йигит пайдо бўлди. Ортида телекамера ва микрафон тутган тележурналистлар тасвирга олишга шай туришарди! Депутат йигит мен билан худди эски қадрдонлардек қуюқ сўрашаркан, мақсадга ўтди:

– Моддий ёрдамга муҳтож оилаларга саховат кўрсатганингиз ҳақида “Меҳр кўзда” кўрсатувига интервью берсангиз…

Куларимни ҳам, куяримни ҳам билолмай қолдим.

“Бир гуруч, бир гўшт палов” ҳақиқий эгаларига қандоқ буюрганини айтиб берсам, эшитганлар роса қаҳ-қаҳ отиб кулсалар ажабмас…

 Тўлқин ЭШБЕК

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>