Ёшлигимнинг олов гуллари

Журфакда 1981-1986 йилларда энг одобли, вазмин ва истеъдоли талаба

сифатида эътибор қозонган шоир Салим Ашурга тенгдошлари ҳавас билан қарардик. Унинг ижоди бугунги талабаларимиз учун ўзига хос маҳорат мактабидир, дейди Дониш домла ёш қаламкашларни ижодга илҳомлантириб.

Фото Kitob Dunyosi.

* * *
Сиз эртага келасиз…
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Хабарини етказди симлар.
Бу хатарнок йўлда карвонни
ютган вабо –
оҳангдор қумлар.
Сиз эртага келасиз –
Салимга ҳам гулоблар қуйди.
Кўзингиздан ўпдим.
Лабларим
Юлдузларга теккандай куйди.
Лабингизда – бешикда жаҳон,
Жаҳонларни суйдим мастона.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Янги ранглар кияр остона.
Сиз эртага келасиз «1»дай,
Одамларга номаълум сирдай.
Кўрасиз –
Севгимни илиб қўйибман –
Якшанбада ювиб
ёйилган кирдай.
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Юрагимни қўйдим ўртага.
Агар тузлар ютиб олсалар,
Тополмайсиз мени эртага.
Сиз эртага келасиз, қочиб
Таъқиб этган фаранги куйдан.
Сиз келасиз шошиб, аммо мен
Чиқиб кетган бўламан уйдан.
Сиз эртага келасиз…
Боққа
Либосларни хазондай ташлаб.
Бугун менинг чўллик қишлоққа
Кетгим келар
кўзимни ёшлаб.
Сиз эртага келасиз,
Бироқ
Бугун тушиб қолдим мен асир.
Бу дунёда нима бўлсаям,
Менга ҳозир керакдир,
ҳозир.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Ой нурига лим-лим тўламан.
Сиз эртага келасиз,
Аммо
Эртага мен ўлган бўламан…
* * *
Ишонинг, бир умр содиқ қоламан,
Сизни авайлайман мен чўкаётиб.
Мен сиздан оғушлар сотиб оламан,
Сизни қутқараман ўзимни отиб, –
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Турсангиз – мен сизга паноҳ бўлгумдир.
Юрсангиз – мен сизга бўлгум посбон.
Сизни севиб ўлмоқ – гўзал удумдир,
Сизни севмай яшаш – ўлим бегумон, –
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Аскарнинг дарғага садоқатидек,
Сиддиқлиги каби томчининг тошга,
Офтобнинг ҳар кунги саёҳатидек,
Тайёрлиги каби кўзимни ёшга,
Нега бундоқ, нима, нечун демасдан,
Боғлиқлиги каби кийикнинг тоққа,
Мен сизни ҳар куни ёниб севаман,
Мен сизни ҳар куни севаман бошқа.
Фалак эгалари қилмасдан амр,
Фармонлар чиқармай ҳали подшоҳ,
Қалбим синиқларин этмасдан таъмир,
Ҳали тузалмасдан бузилган дунё.
Тўғри йўлга кирмай токи одамзот,
Токи тарқагунча ҳаётдан туман…
Бир умр, бир умр итингиз каби
Сизга хизмат қилай садоқат билан.
* * *
Ёдга солди ўпичларингиз
Сиздан олдин ўпган аёлни.
У ҳам сизга ўхшаб берарди
«Севасизми?» деган саволни.
Кеча уни севганлигим рост,
Бугун сизни севганим ҳам чин.
Унутаман сизни эртага,
Ўзга учун эртага севгим.
Сиз-да худди шундоқсиз,
бироқ ўзгаларни эслайсиз.
Шундан жонингизга киради титроқ.
Титроқ эмас, алдоқ бу, жоним,
Мен сиздан ишқ қилмайман талаб.
Кўпдан буён унутди меҳр –
Муҳаббатни мендаги бу қалб.
Бизни нима боғлайди, билмам,
Эҳтимолки, сиз-да билмайсиз.
Сизга фидо бўлолмам, сиз ҳам
Менга жонни фидо қилмайсиз.
Тунда икки ёкдан келдик ва
Қуйилдик бир олов уммонга.
Тонгда хайр деймиз шивирлаб
Ва кетамиз икки томонга.
Ёдга солди ўпичларингиз
Сиздан олдин ўпган аёлни.
У ҳам сизга ўхшаб берарди
«Севасизми?» деган саволни.
* * *
Мана гугурт, мана тош, мана
Битта зарб. Ва тугайди умр.
Фақат чақмоқ – чўғ ошиқона –
Фақат чақмоқ оловни эмар.
Фақат чақмоқ гапиради рост,
Фақат чақмоқ кесади тўғри.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Дил, хайр де тўлғониб, оғриб.
Дил, ўприлган қирғоқларингга
Изларини отди нилуфар.
Дил, чайқалган чарчоқларингдан
Бахтсизликнинг иси уфурар.
Дилдарахтнинг шохларидан
Бош кўтарар ҳуркович фироқ.
Дилни чақмоқ ёқаларида
Чақмоқ, чақмоқ ва яна чақмоқ.
Дил, нилуфар кафтлари бўйлаб
Анор каби тилгил, ситилгил.
Сочларининг ҳар торин куйлаб,
Қаро, қаро тўкилгил, эй дил.
Қоши – осмон. Осмон остида
Бир жуфт қарға. Қоп-қора, чақноқ.
Қарға қарғар. Қарғиш дастидан
Кипригида тирилар титроқ.
Мен ҳам қадим осмон тагида
Минг бир тошга уриб тўзимни,
Хайр деган қир этагида
Чинор янглиғ ёқдим ўзимни.
Бу дунёга бўлолмадим эн,
Дарё каби қуриди дийдам.
Сенга бўй ҳам бўлолмадим мен,
Ўқлар тегиб йиқилдим мен ҳам.
Мен ҳам кириб чикдим оламнинг
Бор кўчаси, хилватларига.
Юрагимни кесиб бердим мен
Юрагимнинг улфатларига.
Чақмоқ фақат гапиради рост,
Дил, данакдай чақилгил, чақна.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Мана гугурт, мана тош, мана…
Боғда
Сен боқсанг – хира сув тиниқ тортади,
Оққушнинг бўйнидек қайрилар гуллар.
Билмайсан, ҳар битта дарахт ортидан
Пойлаб қочар маккор соя ва нурлар.

Сенга уриб олар ўзини насим
Ва ўтган йўлидан атир сочади.
Шохларда ўрмалар яшил нафасинг
Ва дил даричасин чертмай очади.

Шамол атрофингда ўралашади,
Новдалар, куртаклар интилар сенга.
Сафсарлар, гавҳарлар аралашади,
Барча сенга боқар, боқмайди менга.

Юзини юзингда юваётир сув,
Инидан узилиб тўкилар қушлар.
Тошлар балиқлардек юзаркан дув-дув,
Изингдан, изингдан, изингдан тушар.

Илдизлар тирмашиб чиқар тупроқдан,
Сўқмоклар қайрилиб сенга қарайди:
Сочингда озор бор эгма тароқдан,
Тароғингни ошиқ дунё тарайди.

Ойдек бир маромда ўтиб борасан,
Тутиб қололмайди боғ деган тузоқ.
Энди ҳар япроқнинг содиқ ёрисан,
Сенга эргашади ўттиз йиллик боғ.
* * *
Тўхтамасдан ўтгил ёнимдан,
Диққат қилма менга, ҳаётга,
Ёрилади юрагим чиндан,
Чидолмайман бу илтифотга.

Ошиқасан, шошасан, ёшсан,
Ўчма, қизга ўхшаган олов!
Атрофингда деворман, тошман,
Йўламасин ёнингга биров.

Арзимайман эътиборингга,
Фақат ўтгил ёнимдан секин,
Етар мендек харидорингга
Сендан эсган мулойим эпкин.

Тангрим, кечир ожиз бандангни!
Чанг-тупроққа майли ташласин,
Фақат…
Токи мен бор эканман,
Дунёда у бахтли яшасин!

Салим АШУР

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>