Ёшлик шаҳри

Шоир Ҳумоюн сайтимиз меҳмони. Талабалар бу ажойиб шеърдан баҳра олиб, самимий миннатдорчилигини билдирадилар, дейди Дониш домла.

Ёшлик  шаҳри

I

Бу шаҳардан кетмайди баҳор,

Орзу гуллар дарахтларида,

Кўчасидан умидлар оқар,

Мангу ҳайрат унинг бағрида.

 

Очилгайдир барча китоблар,

Дарвозадай сирли оламга.

Устоз сочгай нурли хитоблар,

Хаёлларга, дилга, ҳар дамга.

 

Дорилфунун йўлидан шу чоқ

Муҳаббатнинг офтоби порлар.

Бошлангунча биринчи сабоқ –

Шаддод қизнинг нигоҳи чорлар…

 

II

Тунлар сокин, олам тин олар,

Шовқинлардан толиқиб бағри,

Хотиралар, ўйларга толар,

Дорилфунун хиёбонлари.

 

Тонглар –

дарсга шошармиз, доим,

Эътиборсиз ташлармиз назар.

Аммо четдан кузатишар жим,

Йўл бўйида турфа дарахтлар.

 

Соясида ўлтирсак, бизни

Ром этганда чиройли хаёл.

Очиқ қолган китобимизни

Варақлайди донишманд шамол.

 

Дарахтлар кўз ташлар китобга,

Уларга хуш эрур бу чоғлар:

Биздан олдин ўқир шу топда

Шивирлашиб янги япроқлар.

 

III

Ҳали ўқилмаган кўҳна китоблар,

Не сирлар мужассам саҳфалар аро.

Боболардан қолган унсиз хитоблар –

Мозий йўлларида йўқолган дунё.

 

Ҳали ўқилмаган кўҳна китоблар,

Келажак маёғи – тарих сабоғи.

Уларда мужассам ният, савоблар,

Шу илдиз-ла обод Ватан тупроғи…

 

IV

Булбул айтсин кўнгил розини,

Ватан, дея сас берсин Замин,

Шаббодалар олиб созини

Вақт ҳақида қўшиқлар айтсин.

 

Кенгликлардан сўйласин Осмон,

Меҳр сўзин айтгил, эй Қуёш.

Мен шунчалар содда, бегумон,

Ишонч тўла юрагим бебош.

 

Ёш қалбимга тилайдирман дарс,

Буқаламун сабоқ берма, бас…

 

V

Беозор ёшликсан,

Бебош, беташвиш,

Ҳали самовийдир хаёлу сўзинг,

Навбаҳор фаслингда сенгадир олқиш,

Орзулар бобида бетимсол ўзинг.

 

Бир ниҳол сингари

баркамол ўсдинг,

Ҳали йиғлатмаган сени муҳаббат,

Ҳали панд бермаган душманинг, дўстинг,

Билмассан нимадир хиёнат, нафрат.

 

Ҳали эртакларга

ишонмайсан сен,

Ёлғон деб ўйлайсан афсоналарни,

Мисоли уммонга сочилган дурдай –

Дунё кезиб юрган девоналарни.

 

VI

Ўстирганди чўғдай қизил гул

Хонасининг даричасида.

Дунёдаги энг гўзал сулув,

Талабалар шаҳарчасида.

 

Гул мисоли меҳр – яшнаган,

Рангин-рангин ғунчалар очар.

Даричага боқиб дил равшан,

Офтобжамол нурини сочар.

 

Таҳсилини тугатдими қиз,

Кетдимикин олис қишлоққа.

Ҳувиллаган хонада ёлғиз

Бир гул қолди боқиб йироққа.

 

Кунлар ўтиб борар, на чора,

Сир сақлагай, ўртангай кўнглим.

Эвоҳ, сўлиб борар тобора,

Бағритош қиз унутган гулим…

 

VII

Биз сирларни севиб яшаймиз,

Ардоқлаймиз бари-барини,

Дил тубига кўмиб ташлаймиз,

Садафларин, гавҳарларини.

 

Яшаяпмиз, бу сирли олам,

Сирларсиз қоларсан эгилиб.

Балки, дўстим, бунда бизлар ҳам

Кимларгадир сирмиз, севилиб…

 

VIII

Дилфузанинг қоши ёйдай,

Қизлархоннинг сочи сойдай.

 

Наиманинг сўзи асал,

Илмиранинг юзи ял-ял.

 

Наргизанинг юриши соз,

Гулнор гўзал, қилганда ноз.

 

Сарвқомат Вазираой,

Саминанинг отаси бой!

 

Курсдошларим бари гўзал,

Битсаммикан бир-бир ғазал.

 

Қани энди бу хислатлар

Бир Парида бўлса, агар…

 

Хаёлим банд этиб қизлар,

Тез тугарди доим дарслар.

 

IX

Қишки синов, ёздаги синов,

Тафаккурни чархлаб боради.

Имтиҳондан ўтамиз дарров,

Хавотирлар ортда қолади.

 

Аммо таъқиб этар бир ҳадик

Ёшликнинг шўҳ, жўшқин онларин.

Билиб-билмай топширар эдик

Ҳаётнинг ҳам имтиҳонларин.

X

Мумтоз адабиёт:

Боқийлик сирин

Очганди бизларга

Доно муаллим –

Ўн аср муқаддам

Юсуф Ҳос Ҳожиб

Ёшлар турмушидан

Қолганми ранжиб,

Давру-давронига

Қайғуриб ёнмиш,

Ёзмишдир, замона

Охирлаб қолмиш!

Сўнгра ўтди қанча

“Охирзамонлар”,

Юз бор такрор бўлди

Ўша каломлар.

Мудом янгиланиш

Осмон тоқида.

Ёшлар янги нафас –

Замон бобида.

Даврлар, даврлар –

Тарихга  ондир,

Ҳар кимга ўз даври –

Охирзамондир!

Фақат бир ҳикмат бор –

Яхши ном қолдир,

Юсуф Хос Хожибдек

Қалбингни ёндир,

Ўзиб кетажаксан

Давру-даврондан.

Ўтиб кетажаксан

Охирзамондан!

 

XI

Фалсафа – она фан,

ҳавотирли ўй,

Фарзандлар бўй етгач,

бўшаб қолган уй.…

Фалсафа турмушдан

топиб камларни,

Яна туғар экан

янги фанларни…

Гоҳ ундан хавотир,

гоҳ бундан безор.

Фанлар-чи, онаси –

Фалсафаси бор!

XII

Ҳар лаҳза кашфиёт қилмоққа қодир,

Болалик ёдимга тушар гоҳида.

Ҳаёт фанларини ўргатди бир-бир,

Сўнгра йигитликнинг жўшқин чоғида.

 

Энди мен дунёни кузатиб бардам,

Довондан ўтмоққа топарман имкон.

Энди сир қолмади ошкор бўлмаган,

Энди манзилларга борар йўл аён.

 

Умр довонларин забт этдим-у,

Кашф қилиб яшадим ҳаётни, балки.

Ер ила самони англаб етдим-у

Сирлигича қолди инсоннинг қалби.

 

XIII

Бугун менинг туғилган куним,

Қумсоатга термуламан жим,

Дилда недир – қувончми, алам,

Келармикин бепарво санам?

 

Қувонайми, ўтмоқда умр?

Вақт, вақт, тин билмас ахир.

Ким омондир тақдир амридан?

Бир йил айро умрим бағридан.

 

Оқшом дўстлар бўлди жамулжам,

Бир гўзал йўқ, бошланди байрам,

Ўйларимни қувиб нарига,

Шерик бўлдим шодликларига.

 

XIV

Омад келгай қачондир,

Келмоғи бегумондир,

Ёнингдан ўтиб қолса,

Билмаганинг ёмондир.

 

Сабр доим ўзингда,

Дилингдаю жисмингда.

Англамасанг ёмондир,

Қолиб кетса изингда.

 

Бахтинг кўз қароғингда,

Ёнган дил чироғингда,

Ҳис этмасанг ёмондир,

Замонингда, чоғингда.

 

Бахт қушдайин кўринмас,

Сабр тошдай урилмас,

Саломинг йўқ Хизрга –

Ўтиб кетса, билинмас.

 

Бари учрар йўлма-йўл,

Гавжум ахир ўнгу-сўл,

Талабалик ўтганда,

Қайтмоқликка қайда йўл.

 

XV

Тошкент сари учса ўйларим,

Ўтгай Ёшлик шаҳарчасидан.

Ёдга тушар яна дўстларим –

Бири Ургут, бири Касбидан…

 

Умримизнинг ёшлик бекати,

Йўлларимиз боғлагувчисан,

Беғуборсан, пок муҳаббати

Кўнгилларни чорлагувчисан.

 

Юртимнинг ҳар гўшасидан биз,

Қўмсаганда хаёлан, баъзан,

Биргалашиб бағринг кезгаймиз,

Биз бехабар бир-биримиздан.

 

Бекатларда қолган изларим,

Устозлар ҳам ўчмас хаёлдан,

Ёдга тушар яна дўстларим –

Хазорасп, Чустдан, Ғузордан…

 

*  *  *

Ёшлик шаҳри чорлаб бағрига,

Ҳамон олов қалар қалбимга.

Бошқачароқ яшардим балки,

Қайтолсайдим ўшал давримга.

 

Ҳумоюн

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>