Ўзбекистон олий таълим тизимида қандай ўзгаришлар бор?

Ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда кечаётган ислоҳотлар муваффақияти, юрт

тараққиёти юқори билим ва малакага эга мутахассисларга боғлиқ. Кейинги йилларда олий таълим тизимида кечаётган туб ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳам айни эзгу интилишларни кўзлаши билан аҳамиятли бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга оид ишларни такомиллаштириш, мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, олий ўқув юртлари нуфузини юксалтириш, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва рақобатни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган эди.

Дарҳақиқат, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган замонавий талаблар ва илғор хорижий тажрибаларни татбиқ қилиш асосида юқори малакали мутахассислар, педагог ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда олий таълим соҳасида кечаётган туб ўзгаришлар жараёни ота-оналар, ўқишга иштиёқи баланд бўлган ёшлар, кенг маърифий жамоатчиликнинг фикри, таклиф ва мулоҳазалари асосида амалга оширилаётгани эътиборга моликдир. Жумладан, кундузги таълим билан биргаликда кечки, сиртқи ўқитиш шаклларининг қайтадан жорий этилгани, янги-янги олий ўқув даргоҳларининг ташкил этилаётгани, олий таълимда ёшлар қамровининг тобора кенгайиб бораётгани бу йўналишдаги эзгу ташаббусларнинг ҳаётий ифодасидир.

Ҳозирги кунда юртимизда жами 96 олий таълим муассасаси ва филиаллари фаолият олиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2016/2017 ўқув йилида 77 тани, 2017/2018 ўқув йилида эса 86 тани ташкил этган.

Ёшларни олий таълимга янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида олий таълим муассасаларига талабалар қабул квоталари оширилмоқда. Янги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда, янги олий таълим муассасалари ҳамда хорижий давлатлардаги нуфузли университетлар филиаллари ташкил этилмоқда.

2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларида кундузги таълим шакли бўйича қабул квоталарининг ортганлиги билан бир қаторда, 51 олий таълим муассасасида сиртқи таълим, 22 олий таълим муассасасида махсус сиртқи таълим ва 9 олий таълим муассасасида кечки таълим шакллари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Юртимиз иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2016/2017 ўқув йилида 15 таълим йўналиши ва 14 мутахассислик, 2017/2018 ўқув йилида 8 таълим йўналиши ва 10 мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, бу кўрсаткич 2018/2019 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 66 тани, магистратура мутахассисликлари бўйича 48 тани ташкил этди.

Ҳозирги кунда жами талабалар сони 344790 нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2016/2017 ўқув йилида 264095 нафарни, 2017/2018 ўқув йилида эса 279674 нафар эди.

Талабалар сонининг ошиши, ўз навбатида, профессор-ўқитувчилар сонининг ҳам ортишини тақозо этмоқда. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар 2016/2017 ўқув йилида 23368 нафар, 2017/2018 ўқув йилида 24904 нафарни ташкил этган бўлса, 2018/2019 ўқув йилида профессор-ўқитувчилар сони 25418 нафарга етди.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб 11 олий таълим муассасасида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда қўшма таълим дастури асосида жами 1130 нафар талаба таҳсил олмоқда.

2017 йил февралда Президентимизнинг илмий кадрларни тайёрлашнинг икки босқичли тизимига ўтиш тўғрисидаги Фармони қабул қилинди ва унга кўра биринчи босқич фалсафа доктори (PhD) халқаро талабларга мувофиқ тайёрлана бошлади. Докторантурага қабул квотаси икки баробар ошди. Диссертацияни кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилди. Илмий ишлар ҳимояси 2017 йилда 2016 йил билан солиштирганда 2 мартага ва 2018 йилнинг ярим йил натижалари бўйича 2,5 марта кўпайди.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 2017/2018 ўқув йилида ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ортди. Шу билан бирга тизимдаги раҳбар ва педагог кадрларнинг малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2017 йилдан олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимига масофавий ўқитиш шакллари жорий этилди, бугунги кунга қадар 1855 нафар тингловчи мазкур курсларда малакасини оширди. Айни пайтда масофавий курс тингловчилари учун вебинар технологиялар асосида онлайн маърузалар ташкил этилиши йўлга қўйилган.

2018 йил давомида мактабгача таълим муассасаларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш мақсадида 14 таянч олий таълим муассасасида касбий қайта тайёрлаш курслари фаолияти ташкил этилиб, бугунги кунга қадар 15110 нафар тингловчи бу курсларни муваффақиятли якунлади ва мактабгача таълим муассасаларига ишга юборилди. Айниқса “Дефектолог (логопед)”, “Амалий психолог”, “Мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси” каби ихтисосликлар бўйича таҳсил олган ёшлар жойларда муваффақиятли ишга жойлашмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда олий таълимни давр талаби, ижтимоий-иқтисодий соҳа талабидан келиб чиққан ҳолда ислоҳ этиш, ёшларнинг олий таълимга бўлган эҳтиёжини қондириш, юртимизни жадал равнақ топтириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ёрқин ифодасидир.

Назокат Усмонова, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/zbekiston-oliy-talim-tizimida-anday-zgarishlar-boras-12-01-2019

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>