Ўзбекистонлик полвон иккинчи олтин медални тақдим этди!

Оғир тошларни кўтарган бошинг омон бўлсин, Руслан!

Рио-2016: Руслан Нуриддинов Олимпиада рекордини ўрнатган ҳолда Ўзбекистон учун иккинчи олтин медални тақдим этди

Руслан Нуриддинов Ўзбекистон делегациясига иккинчи олтин медални тақдим этди.

Оғир атлетика бўйича вазни 105 килограммгача бўлган эркаклар ўртасида мусобақада иштирок этган Ўзбекистон вакилига тенг келадиган рақиб топилмади.

Аввалига Руслан Нуриддинов даст кўтаришда 194 кг. натижа қайд этди.

Силтаб кўтаришда эса дастлабки иккита уринишда 225 ва 230 кг. штангани кўтариб, олтин медални ҳал қилиб қўйди. Сўнгги уринишда олимпия рекорди ҳисобланган 237 кг. тошга буюртма берилди ва рекорд ўрнатилди.

Даст кўтаришда ғолиб чиққан яна бир ўзбекистонлик Иван Ефремов, силтаб кўтаришда 220 кг. штангани кўтарди. Унинг умумий натижаси 414 кг.ни ташкил қилди ва Иван 5-ўринни эгаллади.

Арманистонлик Симон Мартиросян 417 кг. натижа билан кумуш, қозоғистонлик Александр Зайчиков 416 кг. билан бронза медалини қўлга киритди.

Рио-2016. Оғир атлетика, эркаклар, 105 кг
1. Руслан Нуриддинов (Ўзбекистон, 104,96)  — 194 + 237 = 431 кг.
2. Симон Мартиросян (Арманистон, 104, 63) — 190 + 227 = 417
3. Александр Зайчиков (Қозоғистон, 104,51)  — 193 + 223 = 416
4. Янг Чжэ (Хитой, 104,59)  — 190 + 225 = 415
5. Иван Ефремов (Ўзбекистон, 104,90) — 194 + 220 = 414
6. Муҳаммадризо Барорий (Эрон, 104.65)  — 186 + 220 = 406
7. Аркадиуш Михальский (Польша, 104,77)  — 179 + 221 = 400
8. Артурс Плесниекс (Латвия, 103,99 кг)  — 181 + 218 = 399
9. Бартломей Бонк (Польша, 104,07)  — 180 + 0

 

 

 

 http://kun.uz

 ***

Йиғлатдинг Руслан, йиғлатдинг…

Руслан рекордни янгилагач, азиз ва қадрдон юрт байроғини кўксига босиб йиғлаганида чидай олмай қолдик. Мижжалар кўз ёшга, аччиқ эмас, балки мадҳиямиз садосидан ҳапқириб, ич-ичингдан келадиган ғурур ёшларига тўлган субҳидам бу…

Тонгнинг ҳайрлиси мана шундай келади…  Ажойиб кунинг аввалидаёқ жаҳонни нариги бурчагида норғул ўзбек йигити бутун оламни лол қолдириб турган бўлса…

Ҳали, юртим инсонлари Хасанбойнинг муваффақиятидан сармаст юрган бир вақтда яна бир атлетимиз кайфиятни самоларга парвоз қилдирди.

Субҳга яқин Руслан иштирокидаги мусобақаларни ойнаи жаҳон орқали олиб беришни бошлаши билан паҳлавонимизни ютишига бўлган ишончни юракдан сеза бошладик.  Чунки, андижонлик йигит жонсиз, лекин қайсар тошни бўйсундириш учун бошқача хотиржамлик билан чиқарди. Рақиблар ҳам чакки эмас экан. Арман, эрон ва қозоқ полвонларининг Нуруддиновга қилган кучли босимини сезмаслигини иложи йўқ эди. Биз эса ёш бўлсада, тажриба ва савия бобида Русланнинг улар орасида ягона эканлигини илк лаҳзалардаёқ билиб бўлгандик. Мен атлетимиздан икки-уч марта телефон орқали интервью олганман. Каминани ҳар сафар ҳайратга солгани ундаги камтарлик эди. Ҳа, бежиз улуғларимиз — “Камтарга камол” демаганлар.

Мана шундай онда кўзга ёш келиши эса табиий эди.  Қадриятларимизни оламга ёйишни Русландан ўрганиш керакдек… Ҳар бир чиқишидан кейин томошабинга қўли кўксида ўзбакона таъзим ва лутф қиларди, ўғлонимиз. У охирги марта чиқиш қилганида ҳаммаси ҳал бўлган, Руслан чемпион эди.

Асли эркак кишининг кўзига ёш келиши ва ҳапқириб келган йиғини айтиши маъқул эмасдек… Лекин, мен мана шундай юракларни эзиб, Ўзбекистоним ғурури учун бўғзимга бир нарса тиқилганча ҳапқиртирадиган онларни кўп бўлишини ҳоҳлардим.

Андижонлик шоир дўстимиз Равшан Ҳамроз эрта тонг Русланга атаб шеър битибди:

 

Паҳлавон Маҳмудлар қўллагай мудом,

Ватан шаъни учун ким кўтарса тош.

Бу каби ютуқлар бўлсин бардавом,

Олимпия рекордин ўрнатдинг, юртдош!

 

Ўзбекистон аҳли шоддир ютуқдан,

Бутун жаҳон сенга бериб қўйди тан.

Истиқлол тўйига энг зўр тўёна,

Бўлди ушбу ютуқ яшавор, Руслан!

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

***

Гулчеҳра Нурудинова: Ўғлимнинг ғалабаси бутун Ўзбекистон ғалабасидир

Жамият 21:55 2166

Фото: @uzboboy

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон вакили Руслан Нурудинов вазни 105 килограммгача бўлган оғир атлетикачилар ўртасида олтин медални қўлга киритди ва Олимпиада чемпиони деган шарафга сазовор бўлди. Шу муносабат билан андижонликлар эрта тонгдан Руслан туғилиб ўсган Хонобод шаҳридаги Истиқлол маҳалласига кела бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Чемпионнинг хонадонига Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамроҳлигида бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари келиб, унинг оила аъзоларини қутлаганида Русланнинг онаси, Хонобод шаҳар марказий поликлиникаси ҳамшираси Гулчеҳра Нурудинова шундай деди:

«Фарзанди камолини, бахту саодатини кўриш она учун энг улуғ бахт. Унинг ортидан олқишлар олиш, Ватанга хизмати учун бутун элдан раҳматлар эшитишнинг қувончини таърифлаб беролмайман. Ўғлимнинг ғалабасидан бутун Ўзбекистон халқи фахрланаётганини кўриб бошим кўкка етмоқда. Ўғлим болалигида мана, кўрасиз ая, мен албатта жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўламан, дерди».

«Ўғлимнинг Олимпия ўйинларидаги ғалабаси уни вояга етказган, тарбиялаган, истеъдодини юзага чиқарган мустақил Ўзбекистон ғалабасидир», — қўшимча қилди у.

Руслан Рио Олимпиадасига йўл олишдан аввал 92 ёшли бувиси Шамсинур момонинг дуосини олган эди.

«Набирам мен дунёдаги энг катта спорт мусобақасига кетяпман, момо, менга дуо беринг, оқ йўл тиланг. Мен албатта ғолиб бўламан, сизларнинг, Президентимизнинг ишончини оқлайман деди, — эслайди Шамсинур момо. — Набирам сўзининг устидан чиқди»

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>