Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида

Бу кодексни эътибор билан ўқимаганлар энг катта ҳуқуқини билмай ўтади, дейди Дониш домла.

10:01 26 Июнь 2019 Ҳужжатлар

​Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган

1-модда.  Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси тасдиқлансин.*

2-модда. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги 414–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 1, 34-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кучга киритиш ҳақида»ги 415–XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 1, 35-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги 990–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган 518–II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9–10, 132-модда);

4) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тўғрисида»ги 991–XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 1, 7-модда);

5) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги 1050–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 5, 125-модда);

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 1050а–XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 5, 126-модда);

7) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги 1051–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 5, 127-модда);

8) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 549–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 3, 38-модда) II, Х ва XI бўлимлари;

9) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги 613–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5–6, 95-модда);

10) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 729–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 1, 20-модда) VII ва XVIII бўлимлари;

11) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги 809–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 9, 206-модда);

12) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш хусусида»ги 810–I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 9, 207-модда);

13) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 82–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 5–6, 153-модда) I, IX, XIII ва XXVII бўлимлари;

14) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 519–II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9–10, 133-модда);

15) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 520–II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9–10, 134-модда);

16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тўғрисида»ги 521–II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9–10, 135-модда);

17) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 671–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 171-модда) IV, V ва XIII бўлимлари;

18) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги 714–II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 1, 18-модда) I бўлимининг 5, 21, 27 ва 28-бандлари;

19) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–194-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 637-модда) 2, 3, 6 ва 11-моддалари;

20) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига тузатиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–306-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 12/1, 344-модда) 1-моддаси;

21) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 19 декабрда қабул қилинган «Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–340-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 331-модда);

22) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 1, 2-модда) 5-моддаси;

23) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–373-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 9, 244-модда) 19-моддаси;

24) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–396-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 12, 452-модда) 1, 4ва 17-моддалари;

25) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 августда қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги ЎРҚ–439-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 8, 383-модда) 3-моддаси;

26) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 224-модда) 10, 11 ва 32-моддалари.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини Кодексга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари Кодексга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда Кодекснинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 25 июнь

№ ЎРҚ—544

*Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси матни Ўзбекистон Республикаси Олий ­Мажлиси ­палаталарининг Ахборотномаси ва Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилинади.

http://xs.uz/uzkr/post/ozbekiston-respublikasining-sajlov-kodeksini-tasdiqlash-togrisida

***

Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодекси

 1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Кодекс билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгашлар деб юритилади) депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

2-модда. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Ўзбекистон Республикасида сайлов ўтказишнинг асосий принциплари

Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади.

Сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади.

4-модда. Умумий сайлов ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир.

Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) сайлаш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

5-модда. Тенг сайлов ҳуқуқи

Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

6-модда. Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланади.

7-модда. Яширин овоз бериш

Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.

8-модда. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик ва ошкоралик

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тўғрисидаги, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

2-боб. Сайлов округлари ва участкалари

9-модда. Сайлов округларини тузиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) томонидан тузилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун қуйидаги сайлов округлари тузилади:

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун – олтмиштадан кўп бўлмаган сайлов округи;

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун – ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Ушбу Кодексда белгиланган нормалар доирасида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари сони тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда белгиланади.

Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги керак.

Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида етмиш беш кун олдин тегишли сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

10-модда. Сайлов участкаларини тузиш тартиби ва нормаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади.

Сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади. Участкалар ҳарбий қисмларда ҳам тузилади ва қисмлар жойлашган ердаги округларга киради. Сайлов участкаларининг чегаралари бошқа сайлов округларининг чегараларини кесиб ўтмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу участкалар улар жойлашган ердаги сайлов округларига киради. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тузиладиган участкаларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.

Ҳарбий қисмларда сайлов участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ комиссиялари томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида етти кун қолганида тузилади.

Сайлов участкаларининг сони округлар сонидан кам бўлиши мумкин эмас.

Округ сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди ҳамда тегишли участка комиссиясининг телефон рақамларини, жойлашган ерини ва овоз бериш биносини кўрсатган ҳолда сайловчиларни ҳар бир участканинг чегаралари тўғрисида хабардор этишни ташкил қилади.

Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилади.

3-боб. Сайлов комиссиялари

11-модда. Сайлов комиссиялари тизими

Сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

Марказий сайлов комиссияси;

вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;

округ сайлов комиссиялари;

участка сайлов комиссиялари.

Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.

Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади.

Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.

Сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин.

Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.

12-модда. Марказий сайлов комиссиясини тузиш

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсиясига кўра Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат томонидан сайланади.

Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади.

Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси тегишли гувоҳномага эга бўлади.

Марказий сайлов комиссияси Раисининг ва унинг ўринбосарининг гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Марказий сайлов комиссияси бошқа аъзоларининг гувоҳномаси эса Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси томонидан имзоланади.

13-модда. Марказий сайлов комиссиясига аъзолик

Йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаро Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бошқа сайлов комиссиясининг ёки сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб, Сенат аъзолигига номзод этиб, ишончли вакил этиб рўйхатга олинган аъзоси комиссия таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан бевосита ёки уни аъзоликка тавсия этган органнинг тақдимномасига биноан қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ёзма ариза берганда;

у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

у ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармай келганда;

қонунга кўра у Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатларини амалга ошириш билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган лавозимга сайланганда ёки тайинланганда;

у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилганда ёки вафот этган деб эълон қилинганда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

у вафот этганда.

Марказий сайлов комиссиясининг янги аъзоси ушбу Кодексда белгиланган тартибдасайланади.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси ушбу комиссиянинг қарорига биноан комиссияда доимий асосда ишлаши мумкин. Марказий сайлов комиссиясида доимий асосда ишловчи комиссия аъзоларининг сони кўпи билан етти кишидан иборат бўлади.

Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Марказий сайлов комиссияси аъзоларига Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилади.

14-модда. Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари

Марказий сайлов комиссияси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни ўтказиш учун тузиладиган сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилади;

сайлов комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади, сайловни ташкил этиш масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, йўриқномалар ҳамда низомларни тасдиқлайди, тушунтиришлар беради;

Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан (бундан буён матнда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати деб юритилади) фойдаланиш фаолияти бўйича умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларини ўтказиш учун сайлов округларини тузади;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларини тегишли округларга бириктириш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузади, шунингдек уларнинг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

сайлов комиссиялари таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди;

агар округ сайлов комиссияларининг қарорлари ушбу Кодексга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади;

чет давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг сайловдаги кузатувчиларига мандатлар беради;

сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, пул маблағларини сайлов комиссияларига тақсимлайди, шу жумладан сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун тақсимлайди, сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;

сиёсий партияларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилайди;

тақдим этилган ҳужжатлар асосида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олади, рўйхатга олинган номзодларнинг рўйхатлари ва улар ҳақидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинишини ҳамда уларга гувоҳномалар берилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ҳамда уларга гувоҳномалар беради;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларга сайловда иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари сайловига доир сайлов бюллетенларининг, сайловчилар рўйхатларининг, имзо варақаларининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг, сайлов қутиларининг ва сайлов комиссиялари муҳрларининг намуналари ҳамда шаклларини, уларни сақлаш тартибини белгилайди;

сайлов бюллетенларини тайёрлаш ва сайлов участкаларига етказиш тартибини белгилайди;

сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;

сайловнинг якунларини чиқаради, Ўзбекистон Республикаси бўйича овоз беришнинг умумий натижаларини аниқлайди ҳамда овоз беришда иштирок этган сайловчилар сони, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сони тўғрисидаги хабарни матбуотда эълон қилади;

ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, такрорий овоз бериш, Қонунчилик палатаси депутатларининг ёки Сенат аъзоларининг такрорий сайлови ва бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов ўтказилишини ташкил этади;

сайланган Қонунчилик палатаси депутатларини ҳамда Сенат аъзоларини рўйхатга олади, шунингдек уларнинг рўйхатини матбуотда ва бошқа манбаларда эълон қилади;

сайловдан кейин Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг биринчи мажлисини чақиради;

сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида гувоҳнома топширади;

Қонунчилик палатаси депутатига ва Сенат аъзосига тегишинча Қонунчилик палатаси депутатининг ҳамда Сенат аъзосининг гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;

сайловчиларнинг ҳамда сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;

бошқа мамлакатларнинг сайлов органлари, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг вакиллари билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади, учрашувлар ташкил этади, битимлар ва меморандумлар тузади;

хорижий мамлакатлардаги сайловларни кузатишда иштирок этади, шу жумладан халқаро ташкилотларнинг миссиялари таркибида иштирок этади;

халқаро ташкилотларни, чет давлатларнинг сайлов органларини ва вакилларини сайловларни кузатиш учун таклиф этади;

сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламентини тасдиқлайди;

жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлайди ва ривожлантиради.

15-модда. Марказий сайлов комиссиясининг Раиси

Марказий сайлов комиссиясининг Раиси:

Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади, комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиш учун давлат органларининг, сиёсий партияларнинг ҳамда бошқа жамоат бирлашмаларининг, ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларини таклиф этади;

давлат органлари, халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари билан муносабатларда Марказий сайлов комиссияси номидан иш юритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради;

Марказий сайлов комиссиясининг қарорларини ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;

Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тақсимлайди ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

тегишинча Қонунчилик палатасининг ва Сенатнинг биринчи мажлисини очади ҳамда Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси сайлангунига қадар унда раислик қилади.

Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўз ваколатларини бажариши имкони бўлмаганда, шунингдек Раис бўлмаган тақдирда, Раиснинг вазифалари Раис ўринбосарининг ёки Марказий сайлов комиссияси қарори билан комиссия аъзоларидан бирининг зиммасига юклатилади.

16-модда. Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари ва қарорлари

Марказий сайлов комиссияси ишининг ташкилий шакли унинг мажлислари бўлиб, улар заруратга қараб ўтказилади. Агар мажлисда комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, мажлис ваколатли ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси Раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида баённома юритилиб, у раислик қилувчи ва Марказий сайлов комиссиясининг котиби томонидан имзоланади.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари алоҳида фикр билдиришга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади.

Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, қарорлар Марказий сайлов комиссиясининг Раиси томонидан имзоланади.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида, шунингдек зарур бўлган ҳолларда, бошқа манбаларда эълон қилиниши лозим.

Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир.

17-модда. Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти

Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини таъминлаш учун унинг Котибияти тузилади.

Котибият ишига Марказий сайлов комиссиясининг котиби раҳбарлик қилади.

Котибиятнинг тузилиши, штатлари ва унинг иш тартиби Марказий сайлов комиссиясининг Раиси томонидан тасдиқланади.

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламенти

Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг тартиби Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида қабул қилинадиган Регламентида белгиланади.

19-модда. Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш

Маҳаллий Кенгашларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун:

халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссияси;

халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссияси;

халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича шаҳар сайлов комиссияси тузилади.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида етти – ўн беш нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланади.

Комиссия раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари расмий веб-сайтларида ва матбуот нашрларида ўз таркиби, манзили ва комиссиянинг телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.

20-модда. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатлари

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси:

тегишли ҳудудда ушбу Кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан тушунтиришлар беради;

тегишли маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради ҳамда ушбу округ комиссияси жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

тегишли маҳаллий Кенгашга сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини шакллантиради ва комиссия таркиби тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

тегишли сайлов комиссияларининг фаолиятини йўналтириб боради, уларнинг таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди, агар округ ва участка сайлов комиссияларининг қарорлари ушбу Кодексга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилиши мумкин;

депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади;

депутатликка номзодларни рўйхатга олади ва уларга гувоҳномалар беради;

депутатликка номзодлар сайлов кампаниясида иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;

пул маблағларини тегишли сайлов комиссиялари ўртасида тақсимлайди, сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;

тегишли маҳаллий Кенгаш сайловига доир сайлов бюллетенларининг, сайловчилар рўйхатларининг, сайлов комиссиялари баённомаларининг, ўз муҳрининг, сайловга оид бошқа ҳужжатларнинг шаклларини тасдиқлайди ва тайёрланишини таъминлайди;

сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;

тегишли маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунларини чиқаради, сайланган депутатларни рўйхатга олади, сайлов якунлари тўғрисидаги маълумотларни ва сайланган депутатларнинг рўйхатларини матбуотда эълон қилади (ҳаммага маълум қилади);

депутатларга тегишли маҳаллий Кенгаш депутати гувоҳномасини ва кўкрак нишонини беради;

такрорий сайлов ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этади;

сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;

сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг архивларга ва идоравий архивларга топширилишини таъминлайди.

21-модда. Округ сайлов комиссияларини тузиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти – саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Округ сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан тасдиқланади.

22-модда. Округ сайлов комиссиясининг ваколатлари

Округ сайлов комиссияси:

тегишли ҳудудда ушбу Кодекснинг ижроси устидан назоратни амалга оширади;

сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;

участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади;

участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади;

номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлайди;

номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради;

сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;

сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва уларни тегишинча Марказий сайлов комиссиясига, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этади;

такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этади;

сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

23-модда. Участка сайлов комиссиясини тузиш

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш – ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.

Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида участка сайлов комиссияси раисининг вазифаларини ушбу ваколатхоналарнинг раҳбари амалга оширади.

Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

24-модда. Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари

Участка сайлов комиссияси:

участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ҳамда кўриб чиқади ва рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;

сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан тўлдирилган сайлов бюллетенларини ёпиқ конвертларда қабул қилиб олади;

аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади;

бинонинг яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари ва сайлов қутилари, шунингдек бошқа жиҳозлар билан тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

сайлов куни участкада овоз беришни ташкил этади;

овозларни санаб чиқади;

сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

25-модда. Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар

Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас.

Комиссия аъзоси шахсий аризасига кўра, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда, ўз вазифаларини бажаришдан озод этилиши мумкин.

Комиссия аъзоси ушбу Кодекс талабларини бузган ёки зиммасидаги мажбуриятларига мунтазам равишда эътиборсизлик қилган тақдирда, уни ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлади.

Зарур бўлган тақдирда, ушбу Кодексда белгиланган тартибда сайлов комиссиясининг янги аъзоси сайланади.

26-модда. Сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш ва уларнинг ваколатлари муддати

Сайлов комиссиясининг мажлиси, агар унда мажлис ўтказилаётган кундаги комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли бўлади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари алоҳида фикрини баён этишга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссиялари, шунингдек барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдир.

Сайлов комиссиясининг қарорига биноан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайлов ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод қилиниши мумкин.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этиши шарт.

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керакли бўлган бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.

Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмаларининг органларига, корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, улар қўйилган масалани кўпи билан уч кунлик муддатда кўриб чиқиши ва сайлов комиссиясига жавоб қайтариши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ ҳамда участка сайлов комиссиялари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари чиқарилганидан, тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ ва участка сайлов комиссиялари тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.

4-боб. Сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш

27-модда. Сайловчиларнинг рўйхатлари

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

28-модда. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради.

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш бўйича ишда иштирок этиш учун жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига кўмаклашади.

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ҳамда унинг раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Сайлов куни сайлов участкаларида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади.

29-модда. Фуқароларни сайловчиларнинг рўйхатлари билан таништириш

Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор этади.

Сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин.

Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилади.

30-модда. Сайловчиларнинг рўйхатлари хусусида баҳслашув

Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

5-боб. Сайлов бюллетени

31-модда. Сайлов бюллетенининг мазмуни

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми сайлов бюллетенига унинг туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилади.

Сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкин.

32-модда. Сайлов бюллетенларини тайёрлаш ва етказиб бериш

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан олади. Сайлов бюллетенларининг топширилганлиги ҳамда қабул қилинганлигини округ ва участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонига нисбатан ярим фоиздан ортиқроқ бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетени ўнг томонининг юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.

6-боб. Кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

33-модда. Сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар

Сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн беш кун олдин ариза билан маълум қилади.

Манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради. Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;

агар тегишли сайлов участкасида ушбу Кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар тақиқланади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;

сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

34-модда. Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.

35-модда. Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари

Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.

7-боб. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши

36-модда. Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

37-модда. Номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.

38-модда. Имзоларни тўплаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларга белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.

Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши мумкин.

Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади.

Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.

39-модда. Имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини Марказий сайлов комиссияси томонидан текшириш

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.

Текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олинади.

Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.

Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади. Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади. Мазкур ҳолда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқини рад этади.

8-боб. Номзодларни ва уларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми

40-модда. Номзодларни рўйхатга олиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни эса тегишли вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси амалга оширади.

Номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

41-модда. Номзодлар фаолиятининг кафолатлари

Рўйхатга олинган барча номзодлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади.

Номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга.

Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин сайлов округи доирасида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар эса Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Номзодларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки уларга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Бундай розилик берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Марказий сайлов комиссиясини бу ҳақда дарҳол хабардор этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни мажбурий келтиришга, худди шунингдек уларнинг шахсий буюмларини, юкини, транспортини, турар жойи ва хизмат хоналарини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

42-модда. Номзодлик мақомидан маҳрум этиш. Номзоднинг номзодликдан воз кечиши

Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.

Номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.

43-модда. Номзоднинг ишончли вакиллари

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради.

Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ишончли вакилларини ўз хоҳишига кўра белгилайди ва улар ҳақида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олади ва уларга гувоҳномалар беради.

Номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.

9-боб. Сайловолди ташвиқоти

44-модда. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш

Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.

Сайловолди ташвиқоти (бундан буён матнда ташвиқот деб юритилади) номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

45-модда. Ташвиқот олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари

Ташвиқот қуйидагича тарзда олиб борилади:

сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.

Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Ташвиқот:

оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ташвиқот даврида уни олиб боришнинг ушбу Кодексда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

46-модда. Ташвиқотни оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш

Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

47-модда. Ташвиқотни босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб бориш

Номзодлар ва сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ташвиқот материалларини тайёрлаган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақдаги бошқа маълумотлар;

ташвиқот материалларига буюртма берган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми);

ташвиқот материалларининг адади, чиқарилган санаси тўғрисидаги ахборот.

48-модда. Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот олиб бориш

Номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади.

Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

10-боб. Овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш

49-модда. Овоз бериш бинолари ҳамда участка сайлов комиссиялари бинолари

Овоз бериш бинолари махсус ажратилган жойлар бўлиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак. Сайлов қутилари овоз берувчилар уларнинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келадиган қилиб ўрнатилади. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди. Биноларни жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссиясининг зиммасида бўлади.

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.

Лозим бўлган даражада жиҳозланган овоз бериш бинолари сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн бир кун олдин тақдим этилиши керак.

Туташ ҳудудларни ободонлаштириш, фуқаролар, айниқса жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, сайлов комиссияларини техник воситалар, мебель, ашёлар, офис техника воситалари, транспорт билан таъминлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, алоқа воситалари билан таъминлаш эса Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг зиммасига юклатилади.

Жамоат тартибини сақлаш, сайлов ўтказиладиган бинолар ва жойларни қўриқлаш, шунингдек сайлов натижаларига доир ҳужжатларни ташиш чоғида участка сайлов комиссиялари аъзоларини кузатиб бориш тегишли ваколатли органларнинг зиммасига юклатилади.

50-модда. Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар

Участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг устида ва ичида);

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби (бинонинг ичида);

сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа;

яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари;

зарурат бўлса, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари;

кузатувчилар учун алоҳида жойлар;

сайлов санасига бағишланган плакатлар;

сайлов участкасининг харитаси;

участка сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчиликлар жадвали ҳақидаги ахборот;

сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд;

барча рўйхатга олинган номзодларнинг Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури;

зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга бўлган компьютерлар, сейф, канцелярия товарлари);

ёнғинга қарши воситалар.

Овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозим.

51-модда. Овоз бериш вақти ва жойи

Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.

52-модда. Сайловчининг шахсини аниқлаш

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

53-модда. Участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти

Сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда очилади.

Участка сайлов комиссиялари:

яширин овоз бериш учун бинони овоз бериш бошлангунига қадар тайёр ҳолатга келтиради;

участка сайлов комиссияси аъзолари орасида вазифаларни тақсимлайди;

комиссиянинг икки аъзоси томонидан имзоланган, муҳр билан тасдиқланган сайлов бюллетенларини тайёрлайди.

54-модда. Участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти

Овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди.

Участка сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида:

овоз бериш бошланганлигини эълон қилади;

сайлов қутиларининг бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди, пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади;

участкадаги рўйхат бўйича сайловчиларнинг сони, олинган сайлов бюллетенлари сони ҳамда муддатидан олдин овоз берганлар ҳақида маълум қилади. Ушбу маълумотлар якуний баённомага киритилади;

овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишни мувофиқлаштириб боради ҳамда назорат қилади, зарурат бўлганда комиссия аъзоларига ёрдам кўрсатади, улар вақтинчалик йўқ бўлган ҳолларда уларни бошқа аъзолар билан алмаштиради;

овоз бериш тугалланганлигини эълон қилади;

бинода ҳозир бўлган сайловчиларга овоз беришни тугаллаши учун имконият беради.

Участка сайлов комиссиясининг аъзолари:

сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида унинг сайловчилар рўйхатидаги маълумотларини текширади, унга овоз бериш сайлов бюллетенини имзо қўйдириб топширади;

кузатувчиларга ва оммавий ахборот воситалари вакилларига сайлов жараёнини кузатиш учун шарт-шароитлар яратади.

55-модда. Овоз бериш тартиби

Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «ü» ёхуд «х» белгисини қўяди.

 

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.

56-модда. Сайловчининг турган жойида овоз бериш

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

57-модда. Муддатидан олдин овоз бериш

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқланади.

58-модда. Участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти

Овоз бериш тугагач, участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари овоз бериш тугаганлигини комиссиянинг барча аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади.

Участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари комиссия аъзолари билан биргаликда:

пломбаларнинг рақамларини тегишли далолатнома билан солиштиради;

олдиндан ёзув ашёларини йиғиштириб қўйиб, сайлов бюллетенларини санаб чиқиш учун жой (стол) тайёрлайди;

фойдаланилмаган ва бузилган сайлов бюллетенларини санаб чиқади ва бекор қилади, бу ҳақда якуний баённомага тегишли ёзув киритилади;

муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертларни сайлов қутисига ташлайди;

стационар ва кўчма сайлов қутиларини очади;

ҳар бир номзод бўйича сайлов бюллетенларини ўқиб эшиттирган ва намойиш этган ҳолда алоҳида-алоҳида боғламларга ажратади;

ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозларни санаб чиқади;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенларини аниқлайди ва санаб чиқади, бу ҳақда якуний баённомага тегишли ёзув киритилади;

якуний баённомага овоз бериш натижалари тўғрисидаги ёзувни киритади.

Участка сайлов комиссияси овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш чоғида келиб тушган шикоятларни (аризаларни) кўриб чиқади. Шундан сўнг участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича мажлис ўтказиб, унда овоз бериш якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда раис, раис ўринбосари, котиб, сайлов комиссиясининг бошқа аъзолари томонидан имзоланадиган баённомага киритилади. Шундан сўнг баённома участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

Овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этаётган сиёсий партиянинг ваколатли вакили, кузатувчилар участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Участка сайлов комиссияси баённомасининг кўчирма нусхаси ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда дарҳол тегишли округ сайлов комиссиясига тақдим этилади, асл нусха эса раис ёки унинг ўринбосари томонидан ички ишлар органлари ходимлари кузатувида олиб бориб топширилади.

11-боб. Такрорий овоз бериш, такрорий сайлов

59-модда. Такрорий овоз беришни ўтказиш асослари ва тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида икки нафардан ортиқ номзод иштирок этаётган бўлса ва агар улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олмаган бўлса, такрорий овоз бериш ўтказилади, унда энг кўп овоз тўплаган икки номзод иштирок этади.

Марказий сайлов комиссияси такрорий овоз бериш кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилган кундан эътиборан бир ой ичида, лекин сайлов ўтказилган кундан камида ўн беш кун кейин ўтказиладиган қилиб тайинлайди. Такрорий овоз бериш ўтказилиши ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.

Агар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда тегишли сайлов комиссиясини ҳамда округ сайловчиларини хабардор этади. Такрорий овоз бериш ушбу Кодекс талабларига риоя этилган ҳолда икки ҳафталик муддатда ўтказилади.

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

60-модда. Такрорий сайловни ўтказиш асослари ва тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови ҳам ушбу Кодексда асосий сайловни ўтказиш учун белгиланган айни тартибда ва айни шартларга риоя этган ҳолда ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови асосий сайлов ўтказилганидан кейин қирқ кун ичида ўтказилади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

агар сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

агар такрорий овоз бериш сайланган депутатни аниқлаш имконини бермаган бўлса;

агар сайлов округи бўйича кўпи билан икки номзод қўйилган бўлса ва улардан ҳеч бири сайланмаган бўлса.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови тегишли сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда, тегишли сайлов комиссияси такрорий сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови асосий сайловдан кейин кечи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади. Сайлов комиссияларини тузиш, номзодларни рўйхатга олиш ва бошқа тадбирлар ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.

12-боб. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари

61-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга қўйиладиган талаблар

Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас.

Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши мумкин.

Қуйидагилар:

қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

62-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи

Сиёсий партия сайлов компанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

63-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этиши керак:

сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.

64-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига битта номзод кўрсатиши мумкин.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари. Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

65-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунига қадар бажаради.

66-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгариги сайлов

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

13-боб. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг ўзига хос хусусиятлари

67-модда. Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови

Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат бўлади.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади.

68-модда. Депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.

Белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.

69-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар

Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;

имзо варақалари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжат қабул қилиб олинган сана ва вақт қайд этилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.

70-модда. Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатиш

Депутатликка номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди.

Депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиялар депутатликка бир юз эллик нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир. Бир шахс фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

Аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак.

Сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисида баённома тузилади.

71-модда. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларга қўйиладиган талаблар

Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадир.

Қуйидагилар:

содир этилган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;

сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

72-модда. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

Сиёсий партиянинг раҳбари Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия юқори органининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия юқори органи мажлисининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва тартиб рақами кўрсатилади;

депутатликка номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

депутатликка номзоднинг, башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисидаги аризаси.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.

73-модда. Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олиш

Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олади.

Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади.

Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссиясига Қонунчилик палатаси депутатининг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммасидан соқит қилганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилиши шарт.

Қонунчилик палатаси депутатларига Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кун ичида гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

74-модда. Бўшаб қолган ўринларга Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш

Депутатларнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда, тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади.

Сайлов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтказилишига камида бир ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекснинг талабларига риоя қилган ҳолда ташкил этилади. Бунда округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун, участка сайлов комиссиялари эса ўн беш кун қолганида тузилади. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўн беш кун қолганида тугалланади.

Қонунчилик палатаси ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида Қонунчилик палатаси депутатининг ўрни бўшаб қолган тақдирда, ушбу бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

14-боб. Сенатни шакллантириш тартиби

75-модда. Сенатни шакллантириш

Сенат ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланади.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сенатнинг ваколат муддати – беш йил.

76-модда. Сенат аъзоларининг сайловини ўтказиш муддати

Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади.

77-модда. Сенат аъзолигига сайланадиган номзодларга қўйиладиган талаблар

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутати Сенат аъзолигига сайланиш учун номзод бўлиши мумкин.

78-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисини ўтказиш

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисини (бундан буён матнда қўшма мажлис деб юритилади) чақириш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қўшма мажлис, агар унда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашларга сайлов якунлари эълон қилинганидан (ҳаммага маълум қилинганидан) кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун қўшма мажлислар ўтказилишини эълон қилади.

Марказий сайлов комиссиясининг қўшма мажлисларни ўтказиш санаси, вақти ҳамда жойи кўрсатилган қарори оммавий ахборот воситаларида, шунингдек унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади (ҳаммага маълум қилинади).

Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссияси аъзоси очиб, энг обрўли, тажрибали, катта ёшли депутатлар орасидан мажлисга раислик қилувчи тўғрисида таклиф киритади. Қўшма мажлиснинг ишини олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали уч кишидан беш кишигача миқдорда ишчи ҳайъат сайланади, шунингдек тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат Котибият тузилади.

79-модда. Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш қўшма мажлисда амалга оширилади.

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш учун раислик қилувчининг тақдимномасига биноан очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Маслаҳат кенгаши сайланади.

Маслаҳат кенгаши катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, катта ёшли депутатлар орасидан, қоида тариқасида, ҳар бир маҳаллий Кенгашдан биттадан вакил сайланади.

Маслаҳат кенгаши ўз раисини сайлайди.

Маслаҳат кенгаши фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатади ва кўриб чиқади ҳамда сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф киритади.

Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви ва муҳокамаси натижаларига кўра қўшма мажлисда уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган Сенат аъзолигига номзод сайлов бюллетенига киритилган ҳисобланади.

Сайлов бюллетенига олти нафардан кам бўлмаган Сенат аъзолигига номзодлар киритилади.

80-модда. Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз беришни ташкил этиш

Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатлар орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда Саноқ комиссияси сайланади.

Саноқ комиссияси:

Сенат аъзолигига сайлов бўйича овоз беришни ташкил этади ва ўтказади;

қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади;

сайлов бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг туғилган йилини кўрсатган ҳолда, фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш орқали тайёрлайди;

овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлаштиради, уларга сайлов бюллетенларини топширади;

сайлов бюллетенининг юз томонига муҳр қўяди ва унда Саноқ комиссиясининг камида икки нафар аъзосининг имзоси қўйилган бўлишини таъминлайди;

овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

яширин овоз бериш натижаларини қўшма мажлисга тасдиқлаш учун киритади.

81-модда. Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш тартиби

Яширин овоз бериш бошланишидан олдин Саноқ комиссияси раиси уни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва бир маротаба ишлатиладиган пломбалар билан пломбалайди.

Сайлов қутиси овоз берувчи унинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонаси орқали ўтиб борадиган қилиб ўрнатилади.

Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутат Саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо қўяди, шундан кейин унга сайлов бюллетени топширилади.

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «ü» ёхуд «х» белгисини қўйиш орқали тўлдирилади.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини кўринарли жойда туриши керак бўлган сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Яширин овоз бериш жараёни тугаганидан кейин фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши лозим (чап томондаги юқори бурчакни қирқиб қўйиш орқали) ва алоҳида сақланади.

82-модда. Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш

Овозларни санаб чиқиш Саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунига қадар танаффуссиз ўтказилади.

Сайлов қутисидаги сайлов бюллетенлари асосида Саноқ комиссияси:

овоз беришда иштирок этган депутатларнинг умумий сонини;

Сенат аъзолигига ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

Овоз берувчилар томонидан сайлов бюллетенларига қўшимча равишда ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари, овоз бериш чоғида битта ҳам квадратга «+» ёки «ü» ёхуд «х» белгиси қўйилмаган сайлов бюллетенлари, шунингдек юз томонида муҳр ва Саноқ комиссияси аъзоларининг имзоси бўлмаган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.

Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилади, баённома Саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирон-бир тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.

83-модда. Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш

Овоз бериш натижаларига кўра бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган Сенат аъзолигига номзодлар, башарти қўшма мажлисда ҳозир бўлган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эллик фоизидан кўпроғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.

84-модда. Сенат аъзоларининг сайлови бўйича такрорий овоз бериш ва уларнинг такрорий сайлови

Агар овоз бериш чоғида белгиланган миқдорда Сенат аъзолари сайланмаган бўлса, сайланмай қолган миқдордаги Сенат аъзолиги учун овозларнинг зарур миқдорини тўпламаган номзодлар бўйича ана шу қўшма мажлиснинг ўзида такрорий овоз бериш ўтказилади.

Сенат аъзоларининг такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

агар сайлов ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

агар такрорий овоз бериш натижасида белгиланган миқдорда Сенат аъзолари сайланмаган бўлса.

Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда такрорий сайлов сайланмай қолган миқдордаги Сенат аъзолиги учун ўтказилади.

Сенат аъзоларининг такрорий сайлови Сенатга ўтказилган асосий сайловдан кейин кўпи билан ўн беш кунлик муддат ичида ўтказилади.

Сайланмай қолган миқдордаги Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш ва такрорий сайлов ўтказиш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.

85-модда. Сенат аъзолари сайловининг якунлари

Марказий сайлов комиссияси қўшма мажлисларнинг баённомалари асосида бу баённомалар келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай Сенат аъзоларини рўйхатга олади, рўйхатга олишдан кейин ўн кун ичида эса гувоҳнома ва кўкрак нишони беради.

Агар сайлов давомида, овозларни санаб чиқиш, яширин овоз бериш натижаларини аниқлаш чоғида ушбу Кодекс талаблари сайлов натижаларига таъсир қилган тарзда бузилишига йўл қўйилган бўлса, Марказий сайлов комиссияси Сенат аъзоларининг сайловини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

86-модда. Сенат аъзолари сайловининг якунлари устидан шикоят қилиш

Қўшма мажлисларнинг, шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

87-модда. Бўшаб қолган ўринларга Сенат аъзолари сайловини ўтказиш

Бўшаб қолган ўринларга Сенат аъзолари сайлови тегишли қўшма мажлисларда ушбу Кодекс талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади.

Сенат ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида Сенат аъзосининг ўрни бўшаб қолса, бўшаб қолган ўринга Сенатнинг янги аъзоси сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

15-боб. Маҳаллий Кенгашларга сайловнинг ўзига хос хусусиятлари

88-модда. Маҳаллий Кенгашларга сайлов

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

89-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар

Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

сайловда иштирок этиш тўғрисида сиёсий партиянинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органи раҳбари томонидан имзоланган ариза;

сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотнома.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт қайд этилган маълумотнома беради. Сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддатда партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиш навбати тартибига қараб матбуотда эълон қилинади.

90-модда. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларга қўйиладиган талаблар

Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар:

содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;

сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

91-модда. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш тартиби

Маҳаллий Кенгашларнинг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг тегишли органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига биттадан номзод кўрсатишга ваколатлидир.

Бир шахс тегишли маҳаллий Кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

Аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади. Депутатликка номзодлар кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

92-модда. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

Сиёсий партия тегишли органининг раҳбари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия тегишли органининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия тегишли органи мажлисининг маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва рақами кўрсатилади;

маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

ушбу Кодекс 90-моддасининг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг, башарти улар маҳаллий Кенгашлар депутатлари этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисидаги аризаси.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партиялар раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатларда аниқланган номувофиқлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни тегишли сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.

93-модда. Бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш

Депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади.

Сайлов тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан сайлов ўтказилишига камида бир ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекснинг талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади. Бунда округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун қолганида, участка сайлов комиссиялари эса ўн беш кун қолганида тузилади.

Тегишли маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддати тугашига олти ойдан кам вақт қолганида депутатнинг ўрни бўшаб қолган тақдирда, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

16-боб. Сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш)

94-модда. Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган шахсларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенлари олган сайловчилар сонини ва сайлов қутиларидаги сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир округ, ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Санаб чиқилган сайлов бюллетенлари асосида участка сайлов комиссияси:

ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини;

бузилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

Сайлов бюллетенларига қўшимча равишда ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари ва масалалар бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари, шунингдек овоз бериш чоғида биттадан ортиқ квадратга «+» ёки «ü» ёхуд «х» белгиси қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган сайлов бюллетенлари ҳақиқий эмас деб топилади. Сайлов бюллетенининг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирганда, масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Овоз берувчи томонидан бюллетенни тўлдириш вақтида хатога йўл қўйилган ва унинг ўрнига янги сайлов бюллетени берилган, бу ҳақда сайловчилар рўйхатида ҳамда бекор қилинган бузилган сайлов бюллетенининг орқа томонида тегишли белги қўйилган сайлов бюллетени бузилган ҳисобланади.

95-модда. Округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш

Округ бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этилган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси:

округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг умумий сонини;

сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини;

овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини;

ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

Участка сайлов комиссиясининг баённомасида акс эттирилган, овозларни санаб чиқиш чоғида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, округ сайлов комиссияси ўз мажлисида участка комиссиясига ушбу номувофиқликларни бартараф этишни таклиф қилишга ҳақли.

Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади.

96-модда. Сайлов натижаларини белгилаш

Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларининг ўзига келиб тушган баённомалари асосида:

Ўзбекистон Республикаси бўйича ёки вилоят, туман ва шаҳар бўйича сайловчиларнинг умумий сонини;

сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини;

овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини;

ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

Сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иккита номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодга нисбатан кўпчилик овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида турли сабаблар (номзоднинг ўлими, номзод соғлиғининг сайловда иштирок этишни истисно этувчи ҳолати ёки қонунда белгиланган бошқа сабабларга кўра унинг номзоди олинганлиги ва ҳоказо) туфайли битта номзод иштирок этган тақдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.

Сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва овоз бериш якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Айрим сайлов участкалари бўйича (Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун – округлар бўйича ҳам) сайлов ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шундай участкалар (округлар) бўйича овоз бериш натижалари, агар бу натижаларсиз ҳам сайлов умуман бўлиб ўтган деб топилиши мумкин бўлса, тегишли комиссиянинг қарорига биноан сайловнинг умумий натижаларидан чиқариб ташланади.

Тегишли сайлов комиссияси овоз бериш якунлари бўйича баённома тузади ва қарор қабул қилади.

97-модда. Сайлов натижаларини эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш)

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади (ҳаммага маълум қилинади).

Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.

17-боб. Сайловни молиялаштириш

98-модда. Сайловни давлат томонидан молиялаштириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловга, маҳаллий Кенгашларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Чет давлатларнинг, улар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳамда халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан сайловни молиялаштириш ҳамда номзодлар ва сиёсий партияларни моддий жиҳатдан бошқача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар сайлов ўтказиш учун ўз маблағларини ихтиёрий равишда бериши мумкин. Бу маблағлар Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси жараёнида улардан фойдаланиш учун қабул қилиб олинади.

99-модда. Сайлов комиссияларини молиялаштириш

Марказий сайлов комиссиясини, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларини, округ ва участка сайлов комиссияларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан амалга оширилади.

Марказий сайлов комиссиясини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида алоҳида сатрда назарда тутилади.

Сайлов комиссиялари ишига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

100-модда. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш

Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловда, маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ана шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Марказий сайлов комиссияси ва бошқа тегишли сайлов комиссиялари томонидан белгиланади. Бу ҳақдаги ахборот Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек зарур ҳолларда, бошқа манбаларда эълон қилинади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисобварағига ўтказилади.

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари:

ташвиқот олиб боришга;

номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;

сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланади.

Сиёсий партиялар ўзининг сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ахборотни сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин бир ой ичида ўз расмий веб-сайтларида ва босма нашрларида эълон қилади.

18-боб. Якунловчи қоидалар

101-модда. Сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби

Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт.

Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.

Сайлов комиссиясининг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Кодексда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган участка сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссиялари аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.

102-модда. Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

103-модда. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

http://xs.uz/uzkr/post/ozbekiston-respublikasining-sajlov-kodeksi

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>