Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида (янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

          Ушбу Қонуннинг мақсади ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ёввойи ҳайвонлар – қуруқликда, сувда, атмосферада ва тупроқда яшайдиган, хонакилаштирилмаган умуртқасизлар, балиқлар, ҳам қуруқликда, ҳам сувда яшовчи ҳайвонлар, судралиб юрувчилар, қушлар, сут эмизувчилар;

          ёввойи ҳайвонларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари – ёввойи ҳайвонларнинг яшаш фаолияти натижасида ҳосил бўлган асал, ёғ, гўшт, сут, тухум, мум, увулдириқ, заҳар, сафро, мўйна, шохлар, патлар, терилар ва бошқа маҳсулотлар;
          зоология коллекцияси – ёввойи ҳайвонларнинг илмий, маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий ва эстетик аҳамиятга молик жонсиз экспонатларининг тизимлаштирилган тўплами (ёввойи ҳайвонлар тулумларининг ва яшаш фаолияти маҳсулотларининг намуналари), шунингдек ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда (табиий питомникларда, ҳайвонот боғларида, циркларда, террариумларда, аквариумларда ва бошқа жойларда) сақланаётган ёввойи ҳайвонларнинг тирик коллекциялари;
          ҳайвонот дунёси – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган барча турдаги ёввойи ҳайвонлар мажмуи;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш – ёввойи ҳайвонларнинг барқарор яшаш шароитларини таъминлашга, уларнинг табиий галалари ва популяцияларини сақлаб қолишга, уларнинг йўқ қилиб юборилишининг ёки уларга бошқача зарарли таъсир кўрсатилишининг олдини олишга қаратилган фаолият;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар – ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолиш, тиклаш ва такрор кўпайтиришга, уларнинг яшаш муҳитини, урчиш жойлари ва кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолишга, ов қилиш ва балиқ овлаш жойлари маҳсулдорлигини оширишга қаратилган, илмий асосланган тадбирлар мажмуи.
4-модда. Ҳайвонот дунёсига нисбатан мулкчилик

Ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган, шунингдек табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулкидир.

Ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ва (ёки) етиштирилган ёввойи ҳайвонлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкин.

5-модда. Ҳайвонот дунёси объектлари

Ҳайвонот дунёси объектлари қуйидагилардан иборат:

          ёввойи ҳайвонлар;
          ёввойи ҳайвонларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари;
          зоология коллекциялари.
6-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар

Юридик ва жисмоний шахслар ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш борасида ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширади.

2-боб. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш 
7-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини, шунингдек бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги нормаларни давлат томонидан белгилаш;ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш;ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

8-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштиради;умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидалар, нормалар ҳамда нормативларни ишлаб чиқишни ташкил этади ва тасдиқлайди;ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширади;

          зоология коллекцияларининг, ёввойи ҳайвонлар сақланадиган ва кўпайтириладиган питомникларнинг давлат ҳисобини юритади;
ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастрини юритади;Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритади ва унинг нашр этилишини таъминлайди;ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказади;

          юридик ва жисмоний шахсларга ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома беради;бириктирилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга оширади.Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қоидалар, нормалар ҳамда нормативларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

давлат ўрмон фонди ерларидаги ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида идоравий назоратни амалга оширади;

давлат ўрмон фонди ерларидаги ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини белгиланган тартибда юритади;

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритишда иштирок этади;

давлат ўрмон фонди ерларидаги ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;тегишли ҳудудда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширади;

маҳаллий аҳамиятга молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш тўғрисидаги масалаларни белгиланган тартибда кўриб чиқади.

          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини белгиланган тартибда юритади;

ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби юритилишини илмий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида хулосалар беради;

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги илмий йўналишларни белгилайди, илмий тадқиқотлар дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

14-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

3-боб. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш 
15-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирлар

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш:

ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидалар, нормалар ва нормативларни белгилаш;

          ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишда чекловлар ва тақиқлар белгилаш;ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш;ҳайвонот дунёси объектларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг ва улардан фойдаланиш борасида белгиланган тартибни бошқача бузишларнинг олдини олиш;

          ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, урчиш жойлари ва кўчиб ўтиш йўллари муҳофаза қилинишини ташкил этиш;
          камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритиш;
          хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш, транспорт воситаларидан фойдаланиш чоғида ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлишининг олдини олиш;
          муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш ва ривожлантириш;
          камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини тутқунликда кўпайтириш;
          ёввойи ҳайвонлар касалликка чалинганда, уларнинг табиий офатлар ва бошқа сабаблар оқибатида нобуд бўлиши хавфи туғилганда уларга ёрдам бериш;
          ҳайвонот дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш;
          ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш ва ҳайвонот дунёси мониторингини амалга ошириш;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида назоратни амалга ошириш;
          ҳайвонот дунёси объектларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солиш;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказиш;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник ва бошқа тадбирлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

16-модда. Ҳайвонот дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш, ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри

Ҳайвонот дунёсининг муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш учун ҳайвонот дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш амалга оширилади.

Тасарруфида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжаликлари бўлган юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳар йили ёввойи ҳайвонларнинг сонини ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олишни амалга ошириши ҳамда олинган маълумотларни давлат статистика органларига тақдим этиши шарт.

Ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини юритувчи вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотлар ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри бўйича зарур ахборотни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига текин тақдим этади. Ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри бўйича зарур ахборотнинг турлари, ҳажмлари ва уни тақдим этиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

Ҳайвонот дунёсининг муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастрини юритади.

Ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини, ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини ва улардан фойдаланиш ҳажмларининг ҳисобини, ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

17-модда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш

Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турлари Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилади.

          Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонларнинг турлари нобуд бўлишига, сони камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўйилмайди.

18-модда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини сақлаб қолиш чора-тадбирлари

Табиий шароитларда тиклаш ҳамда такрор кўпайтириш имконияти бўлмаган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ушбу турдаги ҳайвонларнинг кўпайиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт.

19-модда. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олиш тартиби

Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини:

          махсус яратилган шароитларда кўпайтириш ва кейинчалик табиий яшаш муҳитига қўйиб юбориш мақсадида;
илмий ва назорат ишларини амалга ошириш учун;
          қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида зарур бўлган ҳолларда табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома бўйича йўл қўйилади.
20-модда. Ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш

Ёввойи ҳайвонларни, шунингдек уларнинг қисмларини, яшаш фаолияти маҳсулотларини, зоология коллекцияларини, ўлжаларни ва тулумларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш табиатни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасига ғайриқонуний равишда олиб киришга ёки Ўзбекистон Республикасидан ғайриқонуний равишда олиб чиқишга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар, шунингдек уларнинг қисмлари, яшаш фаолияти маҳсулотлари, зоология коллекциялари, ўлжалар ва тулумлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда олиб қўйилиши лозим.

21-модда. Ҳайвонот дунёси мониторинги
          Ҳайвонот дунёси мониторинги Атроф табиий муҳит давлат мониторингининг таркибий қисми бўлиб, ҳайвонот дунёси ва унинг яшаш муҳити ҳолатининг махсус ташкил этилган мунтазам кузатувларидан, ундаги ўзгаришларни аниқлаш, уни баҳолаш ҳамда прогноз қилишдан иборатдир.Ҳайвонот дунёси мониторинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

22-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назорат давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ҳамда жамоатчилик назорати тарзида амалга оширилади.

          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги идоравий назорат давлат ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан, давлат бошқаруви органларига қарашли ташкилотларда, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи ташкилотларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.
          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ишлаб чиқариш назорати хўжалик юритувчи субъектлар томонидан уларга бириктирилган ҳудудларда амалга оширилади.
          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан амалга оширилади.
          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги назоратни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

23-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни, шунингдек ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитининг, урчиш жойларининг ва кўчиб ўтиш йўлларининг муҳофаза қилинишини ҳамда ҳолати яхшиланишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилиши мумкин.

4-боб. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талаблар
24-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид асосий талаблар

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
ёввойи ҳайвонларнинг тур бўйича хилма-хиллигини ва улар табиий галаларининг ҳамда зотга оид турларининг бир бутунлигини табиий эркинлик ҳолатида сақлаб қолиш;

          ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, урчиш жойлари ва кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш;
          ёввойи ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш, уларни тиклаш ва такрор кўпайтириш;
          ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш.

25-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни келишиб олиш

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда тасдиқланадиган ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишиб олиниши лозим.

26-модда. Ҳайвонот дунёсининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган фаолиятга доир талаблар

Ҳайвонот дунёсининг ҳолатига, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳитига, урчиш жойларига ва кўчиб ўтиш йўлларига таъсир кўрсатадиган фаолият ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан фойдаланишга оид талабларга риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак.

27-модда. Хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида ёввойи ҳайвонлар касалликка чалинишининг ҳамда нобуд бўлишининг олдини олиш, уларнинг яшаш муҳитини, урчиш жойларини ва кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш

Юридик ва жисмоний шахслар ҳар қандай турдаги хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида ёввойи ҳайвонлар касалликка чалинишининг ҳамда нобуд бўлишининг олдини олиш, уларнинг яшаш муҳитини, урчиш жойларини ва кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш чораларини кўриши шарт.

Давлат ветеринария хизмати ёввойи ҳайвонлар юқумли касалликларининг олдини олиш ва уларни тугатиш чораларини кўради, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид талабларни ҳисобга олмаган ҳолда ўсимликларни ёқиш, ёввойи ҳайвонлар учун хавфли бўлган материаллар, хом ашё, кимёвий моддалар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, минерал ўғитларни ҳамда бошқа препаратларни сақлаш ва қўллаш, маиший ҳамда ишлаб чиқариш чиқиндиларини утилизация қилиш, ташиш ва кўмиш тақиқланади.Аҳоли пунктларини, корхоналарни, транспорт магистралларини, электр узатиш ва алоқа линияларини, гидротехника иншоотларини ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш, мавжуд технология жараёнларини такомиллаштириш ҳамда янгиларини жорий этиш, ботқоқлашган ва бутазор ҳудудларни хўжалик оборотига киритиш, сув режимини ва сувдан фойдаланиш лимитини белгилаш, ерларни мелиорациялаш, ўрмондан фойдаланиш, геология-қидирув ишларини амалга ошириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қишлоқ хўжалик ҳайвонларини ўтлатиш ҳамда ҳайдаб ўтиш жойларини аниқлаш, сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва аҳоли оммавий дам оладиган жойларни ташкил этиш чоғида ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳитини, урчиш жойларини ва кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш тадбирлари назарда тутилиши ҳамда амалга оширилиши, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити сифатида алоҳида қимматга эга бўлган участкаларнинг дахлсизлиги таъминланиши лозим.

28-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат экологик экспертизасини ўтказиш

Қуйидагилар давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши лозим:

          барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини танлаш материаллари, амалга оширилиши ҳайвонот дунёсининг ҳолатига ёки ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳитига, урчиш жойларига ва кўчиб ўтиш йўлларига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган режадан олдинги, лойиҳадан олдинги ва лойиҳа ҳужжатлари;
          ов қилинадиган ва (ёки) балиқ овланадиган жойларни ташкил этиш лойиҳалари;
          ёввойи ҳайвонларни бошқа жойга кўчириш, иқлимга мослаштириш ва чатиштириш ишларининг лойиҳалари;
          ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш муҳити учун хавфли бўлган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари.
          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат экологик экспертизаси экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.

5-боб. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва усуллари
29-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланиш тартибида амалга оширилади.

Ҳайвонот дунёси объектларидан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан бепул, ёввойи ҳайвонларни уларнинг яшаш муҳитидан ажратиб олмаган (спорт ва ҳаваскорлик мақсадида балиқ овлаш бундан мустасно) ва уларга зарар етказмаган ҳолда амалга оширилади.

Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш рухсатномалар асосида ҳақ эвазига амалга оширилади.

Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталар доирасида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар ҳайвонот дунёси объектларини давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш маълумотлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади. Питомникларда, ҳовуз хўжаликларида етиштирилган ва уларнинг ҳудудидаги ёввойи ҳайвонларни тутиш учун рухсатнома талаб этилмайди.

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

30-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар:

          ҳайвонот дунёси объектларидан ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиш ҳуқуқига;
          тутиб олинган ёввойи ҳайвонларга ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларига нисбатан мулк ҳуқуқига эгадир.
Овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритувчи ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар:
          ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳайвонот дунёси объектларидан табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатномалар доирасида фойдаланиш учун жисмоний шахсларга рухсатномалар (йўлланмалар, ҳайвонларни тутиш варақалари) беришга;
          юридик ва жисмоний шахслар ҳайвонот дунёси объектларидан саноат мақсадида белгиланган квоталар доирасида фойдаланиши учун улар билан шартномалар тузишга;
          овчилик ва балиқ ови маҳсулотини қайта ишлаш ҳамда улардан буюмлар ишлаб чиқаришга;
          овчилик ва балиқ ови маҳсулотидан, улардан ишлаб чиқарилган буюмлардан фойдаланиш ҳамда уларни реализация қилишга;
          сунъий равишда етиштирилиб, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ҳайвонлар турларидан фойдаланишга ҳам ҳақлидир.
          Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар:
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган қоидалар, нормалар ва нормативларга риоя этиши;
          ҳайвонот дунёсининг муҳофаза қилиниши ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаши, шунингдек бириктирилган ҳудудларда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида идоравий ва (ёки) ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириши;
          ҳайвонот дунёси объектларидан ёввойи ҳайвонлар табиий галаларининг бир бутунлиги бузилишига йўл қўймайдиган ва фойдаланишга бериб қўйилмаган ёввойи ҳайвонларнинг сақлаб қолинишини таъминлайдиган усуллар билан фойдаланиши;
          ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, урчиш жойлари ва кўчиб ўтиш йўллари бузилишига йўл қўймаслиги;
          ёввойи ҳайвонлар сонини ҳисобга олишни ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олишни амалга ошириши;
          ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида киритиши;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни амалга ошириши;
          бошқа ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт.
          Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

31-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва усуллари

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари қуйидагилардан иборат:

          ов қилиш;
          балиқ овлаш;
          ёввойи ҳайвонларни бошқа жойларга кўчириш, иқлимга мослаштириш ва чатиштириш;
          ҳайвонот дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий ва эстетик мақсадларда фойдаланиш;
          ҳайвонот дунёси объектларидан илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун фойдаланиш;
          ёввойи ҳайвонлар яшаш фаолиятининг фойдали хусусиятларидан фойдаланиш;
          ёввойи ҳайвонлардан уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини олиш мақсадида фойдаланиш;
          ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш;
          ҳайвонот дунёси объектларидан тиббиёт, санитария-эпидемиология ва ветеринария мақсадларида фойдаланиш;
          ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш;
          зоология коллекцияларини яратиш ва тўлдириб бориш.
          Қонун ҳужжатларида ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.
          Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ёввойи ҳайвонларни ўз яшаш муҳитидан ажратиб олган ёки ажратиб олмаган ҳолда амалга оширилади.
32-модда. Ов қилиш

Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган ёввойи ҳайвонларни тутиш мақсадида излаш, изига тушиш ва таъқиб қилиш, тутишга интилиш ёки тутиш (отиш, тутиб олиш) ов қилишдир. Ов қилиш жойларида ғилофи ечиб қўйилган (йиғилган ҳолдаги, қўллашга шай) овчилик қуроли ҳамда бошқа ов қилиш воситалари ёки ов маҳсулоти, тасмасидан бўшатиб юборилган овчи итлар, овга ўргатилган қушлар билан бўлиш ҳам ов қилишга тенглаштирилади.

          Ов қилиш спорт, ҳаваскорлик ва саноат мақсадида бўлиши мумкин.

33-модда. Ов қилишни амалга ошириш шартлари

Ов қилишга ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун берилган рухсатномаларда кўрсатилган муддатларда ва жойларда йўл қўйилади.

          Жисмоний шахсларга спорт ва ҳаваскорлик мақсадида ов қилиш учун рухсатнома овчилик билети, ўқотар овчилик қуролини (агар ундан фойдаланиш мўлжалланса) сақлаш ва олиб юриш учун рухсатнома бўлган тақдирда берилади.Юридик шахсларнинг саноат мақсадида ов қилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда йўл қўйилади.Ов қилишни амалга ошириш чоғида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларда тақиқланган қуролларни ҳамда ов қилиш усулларини қўллашга йўл қўйилмайди.

          Фалокатга учраган ва ўзи учун нотабиий шароитда турган ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади.Шахсларнинг спорт, ҳаваскорлик ва саноат мақсадида ов қилиш тақиқланган жойларда, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда овчилик қуроли ҳамда бошқа ов қилиш воситалари, ов маҳсулоти, тасмасидан бўшатиб юборилган овчи итлар, овга ўргатилган қушлар билан бўлиши, шунингдек умумий фойдаланишдаги йўлларда ғилофи ечиб қўйилган (йиғилган ҳолдаги, қўллашга шай) овчилик қуроли ёки ов маҳсулоти билан ўлжанинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз бўлиши ман этилади.

34-модда. Балиқ овлаш

Балиқ овлаш ва умуртқасиз сув ҳайвонларини тутиш балиқ овлаш ҳисобланади. Балиқ овлаш жойларида балиқ тутиш воситалари ҳамда бошқа балиқ овлаш анжомлари ёки балиқ ови маҳсулоти билан бўлиш ҳам балиқ овлашга тенглаштирилади.

Балиқ овлаш спорт, ҳаваскорлик ва саноат мақсадида бўлиши мумкин.

35-модда. Балиқ овлашни амалга ошириш шартлари

Сув объектларида спорт ва ҳаваскорлик мақсадида балиқ овлашга бепул ёки овчилик-балиқ овлаш жамиятларига бириктирилган жойларда ушбу жамиятларнинг рухсатномалари (йўлланмалари, ҳайвонларни тутиш варақалари) асосида ҳақ эвазига рухсат этилади, бундан давлат қўриқхоналари, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналари ҳудудидаги сув объектлари мустасно.

Балиқчилик хўжалиги ташкилотларига бириктирилган табиий сув ҳавзаларида, балиқчилик питомникларида ҳамда ҳовуз хўжаликларида спорт ва ҳаваскорлик мақсадида балиқ овлашга ушбу ташкилотларнинг рухсатномалари (йўлланмалари, ҳайвонларни тутиш варақалари) бўйича йўл қўйилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг табиий сув ҳавзаларида (балиқчилик питомниклари, ҳовуз хўжаликлари, магистраль каналлар, коллекторлар ва кичик сойлар бундан мустасно) саноат мақсадида балиқ овлашига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қарорига кўра балиқларнинг урчиш даврида балиқ овлашни амалга оширишни тақиқлаш муддатлари белгиланади.

Балиқ овлашни амалга ошириш чоғида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларда тақиқланган қуролларни ҳамда овлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмайди.

36-модда. Ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш жойлари

Спорт, ҳаваскорлик ва саноат мақсадида ов қилишга ва (ёки) балиқ овлашга рухсат этилган ёввойи ҳайвонларнинг яшаш жойи, кўчиб ўтиш йўллари бўлган барча ерлар, сувлар ҳамда ўрмонлар ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш жойларидир.

Қуйидагилар ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш жойлари ҳисобланмайди:

          аҳоли пунктларининг (шаҳарларнинг, шаҳарчаларнинг ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерлари, бундан спорт ва ҳаваскорлик мақсадида балиқ овлаш мустасно;табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадига ва тарихий-маданий мақсадга мўлжалланган ерлар, агар уларнинг режимида ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш назарда тутилмаган бўлса;саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар, чегара зоналари;

          қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳосил йиғиштириб олингунига қадар, бундан ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар билан келишувга биноан амалга ошириладиган спорт ҳамда ҳаваскорлик мақсадида ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш ҳоллари мустасно;
          шаҳарларнинг, бошқа аҳоли пунктларининг ва саноат марказларининг кўкаламзорлаштирилган минтақалари;
          корхоналар атрофидаги санитария-ҳимоя зоналари;
          сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналари;
          ўрмонларнинг саноат мақсадида овланадиган қимматли балиқлар увулдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари;
          аэродромлар ва аэродром теграсидаги зоналар;
          тўғонлардаги, сув айиргичлардаги, кўприклардаги, балиқчилик питомниклари, ҳовуз ва бошқа маданий балиқчилик хўжаликлари чегараларидаги ёки ушбу объектларнинг муайян қўриқлаш режимида белгиланган йироқликдаги участкалар (минтақалар).

37-модда. Овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритиш

Жисмоний ёки юридик шахсга бириктирилган, муҳофаза қилиш ва такрор кўпайтириш тадбирлари, ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш амалга ошириладиган ҳудуд овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигидир.

          Овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари ёки сув объектлари доимий эгалик қилиш, доимий ёки муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёхуд ижара ҳуқуқи асосида берилиши мумкин.Овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритиш:
          ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш жойларини ташкил этиш лойиҳаларининг давлат экологик экспертизаси хулосаси;
          ҳайвонот дунёси объектларини давлат ҳисобига олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш, ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш жойларининг ҳолати материаллари;
          квоталар ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар асосида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.
          Овчилик ва (ёки) балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби, шунингдек ов қилиш ва балиқ овлаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

38-модда. Ёввойи ҳайвонларни бошқа жойларга кўчириш, иқлимга мослаштириш ва чатиштириш

Ёввойи ҳайвонларни янги яшаш жойларига кўчиришга, фауна учун янги бўлган ёввойи ҳайвон турларини иқлимга мослаштиришга, шунингдек ёввойи ҳайвонларни чатиштириш тадбирларини ўтказишга давлат экологик экспертизасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосалари асосида илмий ва хўжалик мақсадларида йўл қўйилади.

Ёввойи ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойларга кўчириш, иқлимга мослаштириш ва чатиштириш тақиқланади.

39-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий ва эстетик мақсадларда фойдаланиш

Ҳайвонот дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий ва эстетик мақсадларда фойдаланишга ёввойи ҳайвонларни уларнинг яшаш муҳитидан ажратиб олган ёки ажратиб олмаган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

40-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун фойдаланиш

Ҳайвонот дунёси объектларидан ҳайвонот дунёсини ўрганиш ҳамда сақлаб қолиш мақсадида илмий ва назорат ишларини ўтказиш учун йил давомида, шу жумладан балиқ овлаш тақиқланган даврда фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда йўл қўйилади.

41-модда. Ёввойи ҳайвонлар яшаш фаолиятининг фойдали хусусиятларидан фойдаланиш

Ёввойи ҳайвонлар яшаш фаолиятининг фойдали хусусиятларидан – тупроқ ҳосил қилувчилардан, муҳитнинг табиий санитарларидан, ўсимликларни чанглатувчилардан, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг бошқа фойдали хусусиятларидан фойдаланиш уларни яшаш муҳитидан ажратиб олмаган ва ёввойи ҳайвонларга ёки уларнинг яшаш муҳитига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилади.

42-модда. Ёввойи ҳайвонлардан уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини олиш мақсадида фойдаланиш

Ёввойи ҳайвонлардан уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини олиш мақсадида фойдаланишга уларни яшаш муҳитидан ажратиб олмаган ва нобуд қилмаган, шунингдек уларга ёки уларнинг яшаш муҳитига зарар етказмаган ҳолда йўл қўйилади.

43-модда. Ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш

Ёввойи ҳайвонларга улар тўсилган ҳудудда яшайдиган, эркин ҳаракатланадиган ва барча яшаш жараёнларини амалга оширадиган, асосан табиий озуқалар билан озиқланадиган ва умрининг кўп қисмини инсон аралашувисиз ўтказадиган шароитларнинг яратилиши ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда сақлашдир.

Ёввойи ҳайвонларга улар берк жойда (қафасда, темир панжарали жойда, боғланган ҳолда ва ҳоказо) яшайдиган шароитлар яратилиши ва уларнинг яшаш жараёнида тўлиқ равишда инсонга боғлиқ бўлиши ёввойи ҳайвонларни сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлашдир.

Ёввойи ҳайвонларни урчитиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, намойиш қилиш, такрор кўпайтириш, шунингдек тижорат мақсадларида ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлашга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномалари асосида йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни, шунингдек заҳарли ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлашга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномалари асосида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишган ҳолда ташкил этиладиган махсус питомниклардагина йўл қўйилади.

Ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномасисиз ўзбошимчалик билан чиқариб юбориш тақиқланади.

44-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан тиббиёт, санитария-эпидемиология ва ветеринария мақсадларида фойдаланиш

Ҳайвонот дунёси объектларидан тиббиёт, санитария-эпидемиология ва ветеринария мақсадларида фойдаланишга уларни яшаш муҳитидан ажратиб олган ёки ажратиб олмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

45-модда. Ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш

Айрим турдаги ёввойи ҳайвонлар сонини уларнинг яшаш жойи доирасида сақлаб туриш, кўпайтириш ёки камайтиришга қаратилган тадбирларни ўтказиш ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солишдир.

Аҳоли соғлиғини сақлаш, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва уй ҳайвонлари касалликларга чалинишининг, юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказилишининг олдини олиш, ҳайвонот дунёсининг турлари бўйича хилма-хиллигини сақлаб туриш мақсадида ёввойи ҳайвонларнинг айрим турлари сонини тартибга солиш тадбирлари ўтказилади.

Айрим турдаги ёввойи ҳайвонлар сонини тартибга солиш тадбирлари ҳайвонларнинг бошқа турларига зарар етказилишини истисно этадиган ва уларнинг яшаш муҳити сақлаб қолинишини таъминлайдиган усуллар билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосалари инобатга олинган ҳамда ер, сув ва ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланишни амалга оширувчи тегишли давлат органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши керак.

Сони тартибга солиниши лозим бўлган ёввойи ҳайвонларнинг турлари ва уларнинг сонини тартибга солиш тадбирларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

46-модда. Зоология коллекциялари

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан зоология коллекцияларини ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олиш йўли билан яратиш ҳамда тўлдириб боришга фақат Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича йўл қўйилади.

Зоология коллекцияларини яратиш, тўлдириб бориш, асраш, улардан фойдаланиш ва уларни давлат ҳисобига олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Зоология коллекцияларининг давлат ҳисоби олиб борилиши шарт. Зоология коллекцияларининг давлат ҳисобига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилади.

47-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишни чеклаш ва тақиқлаш

Ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу ҳайвонлар турларидан фойдаланишга ёки фойдаланишнинг айрим турларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаларини инобатга олган ҳолда чекловлар ёхуд тақиқлар белгилаши мумкин.

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш манфаатларини кўзлаб ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг, шунингдек ўрмонлардан, сувдан фойдаланувчиларнинг, сув истеъмолчиларининг ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чекланиши ва уларнинг зиммасига тегишли мажбуриятлар юклатилиши мумкин.

48-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш

Ҳайвонот дунёси муҳофаза қилинишини таъминлаш учун ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи тўхтатиб турилиши, тугатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

          рухсат беришга доир талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланганда;
          махсус ваколатли давлат органининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарори ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар томонидан бажарилмаганда.
          Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:
          фойдаланиш зарурати қолмаганда ёки ундан воз кечилганда;
          фойдаланишнинг белгиланган муддати ўтганда;
          ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда;
          ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш мақсадида уларни фойдаланишдан ажратиб олиш зарурати туғилганда;
          фойдаланиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахс вафот этганда ёки унинг фаолияти тугатилганда ёхуд юридик шахс тугатилганда.
          Қонун ҳужжатларида ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагилар асосида бекор қилиниши мумкин:
          ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра;
          рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади, тугатилади ёки бекор қилинади.

49-модда. Ғайриқонуний равишда тутилган ёввойи ҳайвонларни, уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини, уларни ғайриқонуний равишда тутиш қуроли ва воситаларини олиб қўйиш

Ғайриқонуний равишда тутилган ёввойи ҳайвонлар, уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари, уларни ғайриқонуний равишда тутиш қуроли ва воситалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилиши ёки мусодара қилиниши лозим.

Ғайриқонуний равишда тутилган ёввойи ҳайвонларни, уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини айбдор шахслардан олиб қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг қиймати қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда ундирилади.

50-модда. Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ сифатида олинган маблағларни, жарима суммаларини ва ҳайвонот дунёси объектларига етказилган зарар учун ундирилган суммаларни тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланиш

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ сифатида олинган маблағларни, жарима суммаларини ва қоидабузарлардан ҳайвонот дунёси объектларига етказилган зарар учун ундирилган суммаларни тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар
51-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш

Юридик ва жисмоний шахслар ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаши шарт.

          Зарарнинг ўрнини қоплаш айбдор шахсларни қонунга мувофиқ жавобгарликдан озод этмайди.

52-модда. Низоларни ҳал этиш
          Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

53-модда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

***

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 21 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги 545–I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 1, 14-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 12, 472-модда; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
          давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

        Ўзбекистон Республикаси
Президенти вазифасини бажарувчи                                     Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2016 йил 19 сентябрь

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>