Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта

устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида

 Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинган ҳолда тайёрланди.Муҳокамалар жараёнида халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари фаоллик кўрсатиб, теле- ва радиоканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирларда улар билан бевосита мингдан ортиқ мулоқотлар ташкил этилди, фуқароларимиз билдирган таклиф-тавсиялар тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилинди.

Хусусан, жамоатчилик муҳокамаси доирасида уч мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, улар асосида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, кўпчилик таклифлар муҳокама учун эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш жараёнларини такомиллаштиришни назарда тутади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида:

1. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида:

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этилсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти шакллантирилсин;

2020 йилда Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг фаолиятини “намунали Кенгаш” сифатида йўлга қўйиш бўйича амалий ташкилий чора-тадбирлар кўрилсин ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти жорий қилинсин;

2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинсин;

2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилсин;

2020 йил 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловасини ишга тушириш чоралари кўрилсин, шунингдек, веб-порталга келиб тушаётган мурожаатларни депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича “йўл харита”си, Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегияси қабул қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.

3. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида:

2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилсин;

2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилсин;

2020 йил 1 ноябрга қадар одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институти бекор қилинсин;

2020 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилинсин, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилсин;

2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилсин;

2020 йил 1 декабрдан ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш тизими жорий этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан, тизимлаштирилган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.

4. Кенг жамоатчилик истакларини ва халқаро эксперт жамоатчилиги тавсияларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) 2020 йил 1 апрелга қадар қонун ҳужжатларига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин, унда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутсин:

доимий пропискага қўйишда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларига риоя этиш бўйича талабларни;

пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш механизмлари рақамлаштирилишини таъминлашни;

ҳудудларда олий таълимнинг талаб юқори бўлган йўналишларида ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини очишни;

б) Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда республика аҳолиси учун Тошкент шаҳри билан бир қаторда қўшимча равишда “ўзига тортувчи марказлар”ни яратиш мақсадида табиий ва ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга энг йирик шаҳарларни белгилашни назарда тутсин.

5. Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида:

2020 йилдан бошлаб пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режасини, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинсин ва давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми 25 фоизга камайтирилсин;

2020 йилда солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммаси белгиланган муддатда қайтарилмаган ҳолда ушбу сумма учун солиқ тўловчиларга бюджет ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг миқдорда фоизлар тўлаш ҳамда ички бозорда сотилган маҳсулот бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби самарали йўлга қўйилсин;

2020 йилда лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар камида икки бараварга қисқартирилсин;

2020 йил 1 июндан бошлаб давлат улушига эга бўлган банклар трансформацияси бўйича “йўл харита”ларини амалга оширишга киришилсин, шу жумладан, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини ошириш ҳамда замонавий чакана банк хизматлари турларини кўпайтириш чоралари кўрилсин;

2020 йил 1 июнга қадар экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлиги ташкил қилинсин;

2020 йилда “рақамли маркировка ва онлайн касса” лойиҳасини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш ҳамда “Э-омбор” товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилсин;

2020 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий экспорт қилувчиларга юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш, шунингдек, тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмлари жорий этилсин;

2020 йилда камида 800 мингта кенг полосали Интернет портлари яратилсин ва 12 минг километр оптик толали алоқа линиялари ётқизилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банки, Ҳисоб палатаси, Савдо-саноат палатасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан, “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги, “Давлат қарзи тўғрисида”ги ва “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Автомобиль йўлларини ривожлантириш ва Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш стратегиялари, Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва Сув хўжалигини ривожлантириш концепциялари, Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ой муддатда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш курсларини ташкил этиш бўйича “йўл харита”сини ва мазкур курсларнинг битирувчиларига энг илғор лойиҳа учун грантлар ажратиш тартибини тасдиқласин;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллеж базасида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг тадбиркорлик асослари бўйича ва касбга ўқитилишини таъминласин.

Худди шу каби мономарказлар ва касбга тайёрлаш марказлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг шаҳар ва туманларида ҳам босқичма-босқич ташкил этилиши таъминлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсизлар, ёшлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган соҳалар, хусусан тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишлар бўйича касбга ўргатиш курсларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш дастури”ни ишлаб чиқиб, талабгорлар рўйхатини шакллантирсин.

Белгилансинки, касбга ўргатиш курслари доирасида ўқитилган ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсизлар ва ёшлар каби аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маблағ ажратилади.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда:

бюджет маблағлари ҳисобидан илғор тадбиркорлик лойиҳаларига грантлар ажратиш тизимини йўлга қўйсин;

2020 йил 1 майга қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Энг яхши касбга тайёрлаш ўқув дастури” бўйича нодавлат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиб, унинг ғолибларига ўз ишини ташкил қилиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан грант ажратиш тартибини ишлаб чиқсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларини аниқласин ҳамда уларда кичик саноат зоналарини ташкил этиш ва уларни инфратузилма билан таъминлаш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин.

Белгилансинки:

янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан 100 миллиард сўм ажратилади;

янги ташкил этилган кичик саноат зоналаридаги ер участкалари тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда хусусийлаштирилиб берилади ва бундан тушган маблағлар кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциялари томонидан янги кичик саноат зоналарини барпо этишга сарфланади.

10. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир туманда деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган аҳоли рўйхатини шакллантирсин, қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетган ерларни талабгорларга тақсимлаб берсин ва уларни кооперацияларга бириктирсин. Бунда, мазкур шахсларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар тақдим этилсин ва ерларни оборотга қайтариш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда бизнесга ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагидаги фуқаролар ва ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлганларга сервис кўрсатувчи интерактив мобиль иловалар яратиш учун танловлар эълон қилиб, энг яхши лойиҳаларга грантлар ажратиш тизимини йўлга қўйсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, шунингдек, Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда 2020 йил 1 августга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

камбағаллик тушунчасини, уни ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш методологияси ва мезонларини ишлаб чиқиш;

аҳолида, айниқса, ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

энг аввало, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларига молиявий ресурслардан, шу жумладан, микромолиялаштириш хизматлари ва давлат харидларидан фойдаланишда кенг имкониятлар бериш учун шароит яратиш;

банд бўлмаган аҳолини қайта тайёрлаш ва ишсиз фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича кенг қамровли дастурларни амалга ошириш.

13. Белгилансинки, 2020 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектларига лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришда кадрларнинг профессионал малакаси, тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга, бино ва иншоотларнинг – санитария-эпидемиологик талабларга ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги сабабли рад этишга йўл қўйилмайди.

Бунда, ваколатли давлат органлари тадбиркорлик субъектларига малакали кадрларни излаш, ҳужжатлар ва дастурларни қайта ишлаш учун мутахассисларни жалб қилиш ҳамда лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш учун бошқа зарур шарт-шароитларни яратишда ёрдам беришлари лозим, талабгорнинг таклиф этилган ёрдамни рад қилиш ҳоллари бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда ушбу бандда белгиланган тартибни жорий этиш бўйича таклифларни киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “UzTrans” ягона интерактив ахборот тизимида ташувчилар фаолиятини мониторинг ва назорат қилишнинг замонавий усулларини қўллашни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига:

юк ташишни амалга оширишнинг бошланиши тўғрисида хабардор қилиш ва юкларни халқаро ташишни амалга оширувчи транспорт воситаларини “онлайн” рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш орқали автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишни амалга ошириш;

жисмоний шахсларга автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифларни киритсин.

15. Ижтимоий ривожланиш соҳасида:

2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 60 фоизга етказилиши таъминлансин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштирилсин, шунингдек, олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга қисқартирилсин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич икки бараварга оширилсин;

2020 йилда камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилиш чоралари кўрилсин;

2020 йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитларни яратиш чоралари кўрилсин;

2020 йил 1 сентябрга қадар илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан фаол интеграциялашувини таъминлаш мақсадида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизми тубдан қайта кўриб чиқилсин;

2020 йилда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишга тайёргарлик ишлари якунига етказилсин ва келгуси йилда ушбу тизим тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида ишга туширилсин;

2020 йилда давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланиши ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан, Уй-жой кодексининг янги таҳририЭкология кодекси лойиҳаси“Сув таъминоти ва оқова хизматлар тўғрисида”ги ва “Кинематография тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш давлат дастуриКитобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастуриИлм-фан соҳасини ривожлантириш, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш концепциялари, Қурилиш соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ёшлар таълими ва аёллар бандлиги бўйича “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб алоҳида умумтаълим муассасаларида болаларни мактаб фанларига электрон ўқитиш бўйича, шу жумладан, электрон синф журнали, ўқувчилар кундаликларини рақамлаштириш ва электрон материаллар кутубхонасини (дарсликлар, видео дарслар, виртуал лабораториялар ва бошқалар) ўз ичига олган тажриба тариқасида ахборот тизимларини қоғоз ҳужжатларни бекор қилган ҳолда жорий этсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда экспертлар, шу жумладан, хорижий экспертлар иштирокида маълумотлар ҳақидаги фан, улкан маълумотлар, сунъий интеллект каби йўналишларда кадрлар тайёрлашни назарда тутган ҳолда, ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилишини таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасалари талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилишини таъминласин.

19. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент давлат педагогика университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар масофавий ўқитиш шаклини амалга ошириш тартибини белгилаш, дастурий-аппарат комплексини яратиш, тегишли олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнига масофавий ўқитиш платформасини жорий этиш ва ўрнатилган тартибда зарур бўлган ускуналар билан жиҳозлашни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 январга қадар тажриба натижаларини инобатга олган ҳолда олий таълим тизимига масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш тўғрисидаги таклифларни ўқитишнинг ушбу шаклини амалга киритишнинг олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимидаги графиги билан биргаликда киритсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги ПҚ-4502-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун пенсияни ҳисоблашда меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилаш “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида мавжуд маълумотлар асосида амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотларини тақдим этмасдан:

2005-2016 йиллар даври учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

2016-2018 йиллар даври учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

2019 йил учун фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.

Ушбу бандда кўрсатилган даврлар учун архив маълумотларидан фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки фуқаронинг мурожаати асосида фойдаланилади. Фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ҳамда қўшимча архив маълумотларини талаб қилиб олиш зарурати бўлганда, фуқарога пенсия минимал миқдор бўйича сиртдан расмийлаштирилади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда:

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали 2020 йил 1 январгача бўлган давр учун зарур маълумотларни ягона тизим орқали йиғиш мақсадида манфаатдор идораларнинг тизим ва маълумотлар базалари билан интеграция қилиниши, шунингдек, ушбу тизим тўлиқ ишлашини таъминлаш учун маълумотларни рақамлаштириш чораларини кўрсин;

фуқаролар учун уларга тайинланган пенсия тўловлари тўғрисидаги тегишли маълумотлар билан танишиш, шу жумладан, автоматик ҳисоблаш имкониятини яратишни инобатга олган ҳолда пенсия тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифларни киритсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари ва иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича вазифаларни ҳисобга олган ҳолда икки ой муддатда ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари (хизматлар, ишлар) рўйхатини қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларни рақамлаштириш, “фрилансинг” (масофадан туриб ишлаш) имкониятларини оммалаштириш бўйича “йўл харитаси”нинг киритилишини таъминласин.

22. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2020 йил 1 ноябрдан “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими” дастурий-аппарат комплексини (кейинги ўринларда – дастурий-аппарат комплекси) жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда дастурий-аппарат комплексининг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва бошқа зарур тизимларга интеграциялашувини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий аттестация комиссияси ва республикадаги олий таълим муассасалари раҳбарлари идоравий ахборот тизимлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини, уларнинг дастурий-аппарат комплекси билан интеграция қилинишини, шунингдек, ушбу тизим тўлиқ ишлашини таъминлаш учун маълумотларни рақамлаштириш чораларини кўрсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда бошқа масалалар билан бир қаторда қуйидагиларни назарда тутсин:

а) “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш йўналишида:

ахборот технологиялари соҳасида инсон капиталини ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини ривожлантириш;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

б) маҳаллий IT-технологиялар бозори салоҳиятини ошириш йўналишида:

ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларга қўйиладиган асосий функционал талабларнинг ягона реестрини белгилаган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларида ушбу маҳсулотлардан фойдаланишга ўтиш;

ўрнатилган функционал талабларга мувофиқ келадиган маҳаллий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларнинг ягона базасини шакллантириш;

салоҳияти мавжуд олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш соҳасида лабораториялар, жумладан, халқаро тан олинган илғор IT-компанияларни жалб қилган ҳолда ташкил этиш;

маҳаллий ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

в) давлат маълумотларини бошқариш тизимини яратиш йўналишида:

давлат бошқаруви соҳасида маълумотларни шакллантириш ва қайта ишлашга стандартлаштирилган ёндашувни жорий қилиш;

маълумотларни шакллантириш ва янгилаш бўйича жавобгарлик давлат органлари бўйича тақсимланган ҳолда, маълумотлар фақат битта давлат органи ёки унинг бўлинмаларида шакллантириладиган “маълумотларнинг ягона манбаи” тамойилини жорий этиш;

ҳужжатга йўналтирилган тизимдан маълумотларнинг реестр ёзувига асосланган тизимга босқичма-босқич ўтиш.

24. Давлат органлари, идоралар, барча корхона ва ташкилотларга “рақамли иқтисодиёт”, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларни хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчиларнинг касблари классификатори таълимнинг минимал даражаси ва касб бўйича малакавий разрядлар қисмига амал қилмаган ҳолда ишга жалб қилишга рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ахборот технологиялари соҳасида халқаро сертификатга эга бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини яратиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, ахборот технологиялари соҳасида халқаро сертификат олиш имтиҳонларини муваффақиятли топширган шахсларга харажатларни давлат томонидан қоплаш, ахборот технологиялари соҳасида халқаро сертификатга эга бўлган шахсларнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда “Беш ташаббус” лойиҳасини молиялаштириш доирасида “Рақамли технологиялар ўқув марказлари”да, “Ишга марҳамат” мономарказларида ва “Ёшлар технопарк”ларида ёшларга рақамли технологияларни ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

26. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ёшларнинг энг илғор лойиҳаларини жалб этиш мақсадида Тошкент шаҳрида “Халқаро ёшлар инновация форуми”ни ўтказиш ҳамда форум доирасида “Энг яхши лойиҳалар” танловини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

27. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва қарори лойиҳаларини киритсин:

рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат ташкилий-институционал асосларини танқидий қайта кўриб чиққан ҳолда соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш;

“Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш йўналишида идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш ва рўйхатини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатларни амалга ошириш шаклларини кенг қўллаш;

иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларига ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни кенг жорий қилиш йўналишида молия-хўжалик фаолияти, маъмурий тартиботлар, ишлаб чиқариш, технологик ва бошқарув жараёнларида рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган тизимларни яратиш;

телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш, мобиль алоқа тармоғи ва бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини ривожлантириш ва модернизация қилиш;

рақамли иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш.

28. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва ташкилотларида ахборотларни шакллантириш, сақлаш ва қайта ишлаш “Электрон ҳукумат” тизимининг ягона идентификаторларини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

29. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлари ягона реестрини (кейинги ўринларда – Ягона реестр), шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида қўлланилиши мажбурий бўлган “Электрон ҳукумат” тизимининг ягона идентификаторларини, маълумотномалар ва таснифлагичларнинг рўйхатларини (кейинги ўринларда – рўйхатлар) жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

30. Белгилансинки:

Ягона реестрга идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурслари, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг манфаатлари йўлида ишлаб чиқиладиган бошқа дастурий маҳсулотлар киритилади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Ягона реестрга киритилган идоралараро интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурслари ҳамда бошқа дастурий маҳсулотларни жорий этиши ва улардан самарали фойдаланиши шарт.

31. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси, Киберхавфсизлик маркази икки ой муддатда Ягона реестр

ва рўйхатларни шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин,бунда реестр ва рўйхатларнинг долзарб версияларини “Электрон ҳукумат” тизимига тақдим этиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари кўрсатиб ўтилсин.

32. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси илм ва маърифат, ахборот технологиялари, меҳнат муносабатлари ва тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган ахборотларни олиш имконияти асоссиз равишда чекланишига йўл қўймаслик мақсадида, шунингдек, халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда 2020 йил 1 сентябрга қадар давлат сири деб ҳисобланган маълумотлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда кейинчалик уни махфийликдан чиқариш чораларини кўрсин.

33. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Адлия вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасида парламентаризмни ривожлантириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўқув марказини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилган бўлиб, у қуйидаги мақсадларга йўналтирилган:

хорижий мамлакатларнинг парламентлари ва бошқа манфаатдор давлат органлари билан биргаликда депутатлик корпуси ва сенаторлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутахассисларининг кўникмалари, малакаси ва салоҳиятини ошириш бўйича ўқув дастурларини рўёбга чиқариш;

қонун ижодкорлиги, парламент назорати, фуқароларнинг манфаатларини ифода этиш ва халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш юкини мақбуллаштириш;

тегишли йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ичида ва унинг ташқарисида масофавий ўқитиш учун таълим модуллари ва дастурларини ўз ичига олган ҳамда “Электрон парламент” тизими билан интеграциялашган “онлайн” тизим яратиш.

Белгилансинки, ўқув марказининг фаолият юритиши, таҳсил олувчилар ва хорижий давлатлар экспертларининг мамлакатда бўлиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва донорлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу бандда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2020 йилги Давлат бюджети параметрлари доирасида белгиланган тартибда молиявий маблағлар ажратилишини таъминласин, 2021 йилдан эса ҳар йили бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига мазкур институтни ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичини ҳисобга олган ҳолда, унинг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида қўшма қарор қабул қилиш тавсия этилсин.

34. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури тақдим этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда тегишли йил учун Давлат дастури билан узвий боғлиқликда Ҳаракатлар дастурининг вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар кесимида бажарилиши ҳолатини ўз мажлисларида танқидий муҳокама қилиб борсин.

35. Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда хорижий мамлакатлар билан 2020 йилда савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-маърифий, маданий-гуманитар ва сиёсий соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари учун тартиб-таомилларни соддалаштириш ва махсус қулай режимлар тақдим этишни назарда тутувчи аниқ чора-тадбирлар бўйича таклифларни киритсин.

36. Тўғридан-тўғри инвестицияларни, илғор тажриба ва замонавий технологияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик миссияларини фаол жалб этган ҳолда жаҳон мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг муассасалари, етакчи халқаро институтлар ва молия тузилмалари, шунингдек, минтақавий бирлашмалар билан узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштириш юзасидан аниқ таклифлар ва амалий чора-тадбирларни тайёрлашни таъминласин.

37. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг қуйидагиларни амалга оширувчи “Халқаро мунозара клуби”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида аҳоли ва экспертлар ўртасида сўровлар ва ўрганишлар ўтказиб бориш;

илгари сурилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича уларнинг жамоатчилик муҳокамасини ҳисобга олган ҳолда асосланган таклифларни ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини ошириш мақсадида жамоатчилик эшитувини мунтазам равишда ташкил этиш.

Белгилансинки, “Халқаро мунозара клуби” “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида ташкил этилади.

38. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда ўз веб-сайтларида жойлаштириш;

мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин.

39. Давлат дастури бандларини изчил ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ўз ҳудудларида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ўн кун муддатда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва ҳар ойда ўз мажлисларида муҳокама қилиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида танқидий кўриб чиқади, ҳар чоракда Ҳукумат мажлисларида муҳокама қилиб боради ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларинингДавлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада Ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини назорат қилиб боради ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлайди.

40. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Халқаро пресс-клуб, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда:

ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг тушунтирилишини;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминласин.

41. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

42. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш.Мирзиёев

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>