Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатда статистика ахборотидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, давлат статистика ҳисоботини ишончли равишда юритишни шакллантириш юзасидан изчиллик билан чоралар кўрилмоқда. Интернетдаги йиғма маълумотларнинг миллий саҳифаси Халқаро валюта жамғармаси маълумотларини тарқатишнинг кенгайтирилган умумий тизими билан уйғунлаштирилди.

Шу билан бирга, ахборотларнинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, очиқ маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқароларга ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари қабул қилинган халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермайди ва натижада мамлакатимизнинг статистика салоҳияти индексидаги ўрни пастлигича қолмоқда.

Мамлакатимиз нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга қаратилган, давлат бошқарувининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридаги вазифаларни бажаришни таъминлаш мақсадида:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг машинада ўқиладиган форматдаги ахборотдан кўп карра, эркин ва бепул фойдаланиш имконини берувчи Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали (кейинги ўринларда – Портал) фаолият юритмоқда.

2. Белгилансинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат статистика қўмитаси) давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини (кейинги ўринларда – Рўйхат) шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Порталда ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) Портални техник қўллаб-қувватлаш ва таъминлаш ҳамда узлуксиз ишлаб туриши учун жавобгар ҳисобланади;

в) Порталдаги ахборотлар:

фақат давлат органлари ва ташкилотларининг республика даражасидаги юқори турувчи тузилмалари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан эълон қилинади;

ўзбек, рус ва инглиз тилларида, шу жумладан, машинада ўқиладиган ва бошқа форматларда эълон қилинади;

давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтларида эълон қилинадиган ахборот билан айнан бир хил ва ўзаро боғланган бўлиши лозим;

г) давлат органлари ва ташкилотларида ахборотни тайёрлаш ва Порталда жойлаштириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5635-сон Фармонига мувофиқ ташкил қилинган, халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган бўлинмаларзиммасига юкланади.

3. Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасидадавлат органлари ва ташкилотларининг Порталда Рўйхатни шакллантириш, юритиш ва янгилаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш билан боғлиқ ишлар учун масъул бўлинма ташкил этилсин.

Давлат статистика қўмитаси бир ой муддатда бўлинманинг юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.

4. Давлат статистика қўмитасига Портални ривожлантириш фаолиятини амалга ошириш доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

маълумотлар ва уларнинг манбаларидан, шу жумладан, маълумотларни шакллантириш соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи ички ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш;

Портални ривожлантириш, шунингдек, эълон қилинадиган маълумотларга тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотларидан беғараз асосда маслаҳат ёрдами олиш;

ушбу қарорни бажариш доирасида экспертлар, консультантлар ва ташкилотларни (шу жумладан, хорижий) шартнома асосида жалб этиш;

Портални такомиллаштириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар соҳасидаги фаолиятини баҳолаш учун халқаро молия институтлари, донор мамлакатларнинг маблағларини, шу жумладан, грантлари (техник кўмаги)ни жалб этиш.

5. Белгилансинки, 2019 йил 1 апрелдан:

Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,3 бараварга оширган ҳолда қўлланилади;

давлат статистика органлари ходимларига кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик устамалар қуйидаги миқдорларда тўланади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошларига нисбатан коэффициентларда): 2 йилдан 5 йилгача – 0,1; 5 йилдан 10 йилгача – 0,2; 10 йилдан 15 йилгача – 0,3; 15 йилдан 20 йилгача – 0,4; 20 йилдан 25 йилгача – 0,5; 25 йилдан ортиқ – 0,6. Кўп йиллик хизматлари учун мукофот пули олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ ҳисобланади.

Ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириш учун очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини тузишда устувор халқаро маълумотлар базаларини ўрганиб чиқиш учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

“Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” талабларига мувофиқ маълумотларнинг очиқлик ҳолатини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталида тегишли индикаторларни жойлаштириш учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

Алоҳида таркибий индикаторлар бўйича Статистика салоҳияти индексида мамлакатнинг ўрнини яхшилашга оид “Йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ;

Жаҳон банкининг статистика салоҳияти индекси бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг мақсадли кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ;

Халқаро бюджет ҳамжамиятининг Бюджет очиқлиги индексида
2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”
6- иловага мувофиқ;

2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасида янгиланиши лозим бўлган ахборот-коммуникация тизимлари ускуналари рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Қуйидагиларнинг:

а) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг:

Порталда эълон қилинадиган ахборотнинг тўлиқлиги, ишончлилиги, унинг ўз вақтида шакллантирилиши ва янгилаб турилиши;

Порталда жойлаштириладиган ахборотнинг мазмуни ва сифати;

Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси ахборотларининг ошкоралиги ва фойдаланиш эркинлигини таъминлаш;

тегишли ахборотни шакллантиришда халқаро методологик стандартларни, тавсияларни ўрганиш ҳамда уларни амалда қўллаш юзасидан;

б) Агентликнинг Порталдан Ўзбекистон Республикаси тўғрисида зарур ахборотни олишда ички ва ташқи фойдаланувчилар учун қулайликлар яратиш юзасидан;

в) Давлат статистика қўмитасининг халқаро тажрибани ва фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда Порталда эълон қилинадиган Рўйхатнинг мунтазам янгиланиб турилишини таъминлаш юзасидан шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.

8. Агентлик 2019 йил 1 августга қадар Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда маълумотлар тўплами ва улар эгаларининг ягона реестрини шакллантирган ҳолда барча турдаги ҳисоботлар ҳамда маълумотлар базалари интеграциялаштирилишини назарда тутувчи маълумотларни бошқариш давлат тизимини яратиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин.

9. Ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган вазирлик ва идоралар Агентлик ҳамда Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда:

2019 йил 10 майга қадар иқтисодиёт тармоқларидаги жорий ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларнинг миқдор, сифат ва мазмунга оид параметрларини тавсифловчи халқаро кўрсаткичларни ушбу индикаторлар мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ўрганиб чиқсин;

2019 йил 20 майга қадар иқтисодиёт тармоқларидаги ижтимоий ва иқтисодий вазиятнинг халқаро кўрсаткичларини ўрганиш асосида Порталда жойлаштириладиган Рўйхатни зарур ахборот (индикаторлар) билан, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида фойдаланиладиган маълумотлар базалари тизимлари бўйича ахборот билан тўлдирсин;

2019 йил 1 июнга қадар мавжуд бўлмаган индикаторларни шакллантириш методикасини ўргансин ҳамда кейинчалик Порталда жойлаштириш учун уларни ишлаб чиқиш бўйича зарур чораларни кўрсин.

10. Ушбу қарорнинг 3-иловасида кўрсатилган масъул ижрочилар Агентлик ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 20 майга қадар “Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” методикасининг асосий йўналишларига мувофиқ маълумотлар очиқлиги ҳолатини ўрганиб чиқсин ва таҳлил қилсин ҳамда мавжуд маълумотларни Порталда эълон қилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар ягона методологик ёндашувни ишлаб чиқиш ва кейинчалик Порталда жойлаштириш учун улардан фойдаланишни инобатга олган ҳолда ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини тўла-тўкис очиб берувчи ахборот ва материаллар рўйхатини Давлат статистика қўмитаси ва Агентликка киритсин;

Портални такомиллаштириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар соҳасидаги фаолиятини баҳолаш учун халқаро молия институтлари, донор мамлакатларнинг маблағларини, шу жумладан, грантлари (техник кўмаги)ни жалб этишда Давлат статистика қўмитасига кўмаклашсин.

12. Давлат статистика қўмитаси ва Агентлик:

а) 2019 йил 1 июнга қадар:

Порталда жойлаштиришнинг аниқ муддатлари ва шаклларини белгилаган ҳолда Рўйхатни тасдиқласин;

халқаро маълумотлар базаларини қўшимча равишда ўрганиб чиқсин
ва ахборотнинг янги параметрларини ишлаб чиқиш чораларини кўриб, кейинчалик уларни Рўйхатга киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдан бошлаб “Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” халқаро рейтингларида иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;

б) уч ой муддатда Очиқ маълумотлар пухталиги модели (“Open Data Maturity Model”) ҳамда бошқа халқаро амалиётлар асосида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар соҳасидаги фаолиятини баҳолаш механизмини ишлаб чиқсин ва жорий этсин ҳамда натижаларни ҳар чоракда Порталда эълон қилиб борсин;

в) давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан очиқ маълумотларнинг жойлаштирилиши ва мунтазам янгилаб турилиши устидан доимий мониторинг қилинишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат статистика қўмитасининг 2019 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасидаги сарф-харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағлар ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;

ҳар йили тасдиқланадиган Давлат статистика ишлари дастурининг қийматини ҳисоблашда энг кам иш ҳақи миқдорлари янада оширилганини инобатга олсин;

7-иловага мувофиқ, Давлат статистика қўмитасида янгиланиши лозим бўлган ахборот-коммуникация тизимлари ускуналарини харид қилиш учун 2020-2021 йилларда Давлат бюджетидан Давлат статистика қўмитасига зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

14. Давлат статистика қўмитаси томонидан давлат статистика органларининг ахборот-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун белгиланган тартибда тузиладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган компьютер техникаси, сервер ва коммуникация ускуналари, дастурий таъминот воситалари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлари 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ой муддатда ўз биноларига эга бўлмаган ҳудудий статистика органларини жойлаштириш чораларини кўрсин;

ҳудудий статистика органларининг давлат тасарруфидаги бинолар ва хоналардан фойдаланганлиги учун ижара ҳақи қийматини “ноль” ставкада белгиласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Агентлик ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:

2020-2021 йилларда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер текширувларини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистик тадқиқотлар маркази негизида белгиланган штат бирликлари сони доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

17. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

давлат статистика органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришни, шунингдек, касб маҳорати юксак даражада бўлишини таъминлайдиган тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

статистика борасидаги кўникмаларни ривожлантириш, таҳлилий фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва уларни амалиётда қўллашга йўналтирилган, асосан ихтисослик фанларидан иборат бўлган замонавий таълим стандартлари ва сифат жиҳатидан янги ўқитиш тизимини жорий этиш;

статистика соҳасидаги илғор тажриба ва илмий-тадқиқот ютуқларини айирбошлаш, шунингдек, мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва стажировка ўташи бўйича маҳаллий ва хорижий илмий ҳамда таълим муассасалари, халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

миллий даражада қўлланилаётган методологик воситалар, давлат ва идоравий статистик кузатувларни халқаро даражада уйғунлаштириш, мослаштириш ва қиёслаш нуқтаи назаридан уларни малакали экспертизадан ўтказиш;

кейинчалик амалиётда қўллаш учун илғор статистика методлари ва технологиялари, шунингдек, очиқ маълумотлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш.

18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда:

2019 йил 1 июлга қадар Порталда тегишли ахборотни эълон қилиш ва янгилаш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини, шунингдек, нотўғри давлат статистика ҳисоботларини тақдим қилганлиги учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

2019 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳасини;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 2019 йил 1 октябрга қадар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ҳамда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг, шунингдек, ахборотни тарқатишга тааллуқли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг меъёрлари унификациялаштирилишини назарда тутувчи ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

19. Давлат статистика қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

а) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти фаолиятини ташкил этиш;

2020-2021 йилларда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер текширувини ўтказиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини;

б) қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 9 апрель

http://uza.uz/oz/documents/davlat-bosh-aruvining-ochi-ligi-va-shaffofligini-taminlash-a-10-04-2019

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>