Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги НУТҚИ

Муҳтарам Сооронбай Шарипович!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги НУТҚИ

(Бишкек шаҳри, Қирғизистон Республикаси, 2019 йил 14 июнь)

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Шарипович Жээнбековга яна бир бор самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.

Замонавий халқаро муносабатлар туб ўзгаришлар давринибошдан кечирмоқда.

Бир томондан, дунёда янги ахборот-технология тартиблари шаклланмоқда.

Илмий-техникавий тараққиёт инновацион ривожланиш учун ноёб имкониятлар яратиб бермоқда.

Бошқа томондан, йирик давлатлар ўртасидаги манфаатлар кураши кучайиб, жаҳон бозорида рақобат кескинлашмоқда. Демографик ва экологик номувозанатлилик кучайиб, озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар жиддий тус олмоқда.

Буларнинг барчаси терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва қуролли низолар шароитида содир бўлмоқда.

Бугунги кунда биз учун:

– хавфсизликни таъминлашда келишилган сиёсатни юритиш;

– давлатларимиз барқарор тараққиёти ва равнақи учун қулай шароитлар шакллантириш муҳим.

ШҲТ роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш бизнинг«Шанхай руҳи» ҳамда ташкилот тамойил ва қадриятларига нечоғли амал қилишимизга боғлиқ бўлади.

Яқинда Пекинда «Бир макон, бир йўл» форуми муваффақиятли ўтказилди. Эртага Душанбеда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг саммити бўлиб ўтади.

ШҲТ билан бир қаторда бу мулоқот майдонлари барчамиз учун умумий шериклик маконини шакллантиради.

Бу минтақамизда замонавий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ёндашувларни мослаштиришга хизмат қилади.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бизнинг фикримизча, Марказий Осиё бундан кейин ҳам ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши зарур.

Бугунги кунда минтақамиз нисбатан барқарор, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб бормоқда.

Бу кенг миқёсли ҳамкорлик, муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай шароит ва ноёб имкониятлар яратади.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши шулар жумласидан. Бу ўзаро савдони ривожлантириш ва мамлакатларимизга инвестициялар оқимини оширишга кучли туртки бериши шубҳасиз.

Шу билан бирга, минтақа барқарорлиги кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият билан белгиланади. Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Бугун қабул қилинаётган “ШҲТ – Афғонистон” Мулоқот гуруҳининг ҳаракатларига доир «Йўл харитаси», шунингдек, ушбу мамлакатни устувор инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш орқали минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, биз глобал тус олган ва миллионлаб инсонлар ҳаёти, Марказий Осиё мамлакатларининг экологик фаровонлиги ва иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тарафдоримиз.

Мазкур муаммони ҳал этиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафеълигидаги Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик Траст фонди ташкил этилди.

Бу ерда Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди яратиш бўйича яқин ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид таклифларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Биринчи. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қуйидаги муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқишни таклиф қиламиз:

– Ўзаро алоқалар, самарали иқтисодий ва транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ШҲТ Ҳамкорлик стратегияси;

– «Ақлли» қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик концепцияси.

Иккинчи. Мамлакатларимизда замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг «Яшил белбоғ» дастурини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Учинчи. Ахборот технологиялари ривожланишига масъул идоралар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари механизмини жорий этиш, шунингдек, киберхавфсизлик масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

Тўртинчи. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида ШҲТнинг Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиш тарафдоримиз. Илк форумни Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.

Бешинчи. ШҲТ доирасида парламентлараро мулоқотни тиклашга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу янги механизм Ташкилот имкониятларини кенгайтириб, фаолиятимизга парламентарийлар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш имконини беради.

Олтинчи. ШҲТ шаҳар ва минтақаларининг тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва туристик салоҳиятини янада тўлиқ намоён этиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир яхши анъанага асос солишни таклиф қиламиз: ҳар йили Ташкилотда раислик қилувчи мамлакатдаги шаҳарлардан бирини ШҲТ сайёҳлик ва маданий пойтахти, деб эълон қилиш.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Яна бир бор муҳтарам Сооронбай Шариповичга меҳмондўстлик ва Саммитни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдираман.

Муҳтарам Владимир Владимировичга Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишда чин кўнгилдан муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

ЎзА
http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-shan-14-06-2019
***

ШҲТ саммити – муштарак мақсадлар рўёби учун қулай мулоқот майдони​

ШҲТ саммити – муштарак мақсадлар рўёби учун қулай мулоқот майдони​

Бишкек, 14 июнь. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13-14 июнь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 14 июнь куни «Ала-арча» қароргоҳида бўлиб ўтди. Дастлаб давлат раҳбарлари тор доирада учрашдилар.

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков раислигида ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.

Томонлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга, сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

ШҲТ Бош котиби Владимир Норовнинг ташкилот фаолиятига доир ҳисоботи тингланди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ташкилотга аъзо мамлакатлар билан бирга кузатувчи, мулоқот бўйича шерик мақомидаги давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари қатнашди. Унда ШҲТни ривожлантиришнинг истиқболдаги йўналишлари, муҳим минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. Иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ва кўп томонлама кооперациянинг бошқа жиҳатлари кўриб чиқилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

ШҲТ доирасида ташкил этиладиган турли мақомдаги учрашувлар Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқариш учун қулай майдондир. ШҲТ минтақасидаги транспорт коммуникациялари мамлакатимизнинг жаҳон бозорига чиқишида муҳим омил бўлса, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, юқори технологияли корхоналар ташкил этишга хизмат қилади. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди.

Бинобарин, Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ШҲТнинг Остона (2017) ва Циндао (2018) саммитларида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, Циндаода Давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинди, ўтган йилнинг сентябрида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви ўтказилди. Президентимизнинг қарорларига мувофиқ пойтахтимизда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази таъсис этилди, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” халқаро туризм университети очилди. Жорий йилнинг иккинчи ярмида эса аъзо давлатлардаги ёшлар ташкилотлари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш ҳамда Стартап ташаббуслари ва лойиҳалари бўйича форумлар ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақага доир долзарб масалаларга эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар билдирди.

Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Бишкек декларацияси қабул қилинди. Аъзо мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги шерикликни ривожлантириш, ШҲТнинг бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигига доир 22 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси ҳамда Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш дастури қабул қилинди.

ШҲТга раислик Россия Федерациясига ўтди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда саммит самарали ўтгани, имзоланган ҳужжатлар ташкилотни янада ривожлантириш, минтақа мамлакатлари ва халқларини тараққиёт йўлида жипслаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Саммит доирасида ШҲТ Ёшлар кенгашининг мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Россия ва Тожикистондан ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда минтақа ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини яхшилаш, ўзаро тажриба алмашишига имконият яратиш, тадбиркорлик лойиҳалари ва инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг саммитида иштирок этиш учун Бишкекдан Душанбега жўнаб кетди.

ЎзА

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>