Ўқишга киришдан мақсад ЎҚИШ эмасми?

Илмга чанқоқ ёшларнинг энг катта орзуси – олий ўқув юртига кириб,

илм бўстонидан бахтини топиш бўлади.

Буни жайдаригина қилиб – “Ўқишга кириш” деб гапирамиз. Ўқишга киришдан мақсад – ўқишми? Демак, ўқишга кириш китоб мутолаа қилишдан бошланади. Мактаб, коллеж ё лицейни тамомлаган ёшлар қанчалик билимга эга эканини имтиҳонда кўрсатиш орқали олий таълим муассасасига қабул қилинади.

9

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналида қуйидаги нохуш гапларни ўқиб энсам қотди:

“Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахбороти

Ижтимоий тармоқларда 2020/2021 ўқув йилида умумтаълим мактаблари ва академик лицей битирувчилари имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши тўғрисида тарқалган хабарлар ҳақиқатга зиддир. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бундай хабар тарқатилмаган.

Вазирлик ўқишга қабул қилиш тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмаганини маълум қилади. Абитуриентларни эса ёзги имтиҳон ва синовларга пухта тайёргарлик кўришга чақиради”.

Вой, товба…

Эл бошига салгина иш тушгани ҳамоно “фурсатдан фойдаланиб қолишга уриниб қоладиган” айрим кимсалар энди шунақа гапларни ўйлаб топишибдими?

Бу гап, аввало, ҳақиқий илмга чанқоқ ёшларга ёқмаслиги аниқ. Улар кўп китоб ўқиётганлари учун ҳам ўқишга киришни истайди. Ўқишга, албатта, ҳалол йўллар билан имтиҳон топшириб киришга иштиёқи баланд уларнинг.

Бўлмағур миш-миш тарқатаётганлар эса – коррупционерларнинг навбатдаги найранги бўлса керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш йўлида қанчалик оқилона ислоҳотларни дадиллик билан амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари маърифатпарвар зиёлиларда жуда катта умид уйғотмоқда. 2017 йилгача бу борадаги энг чигал, мураккаб масала — олий таълим муассасаларига қабул жараёнидаги коррупция, таниш-билишчилик, порахўрлик балоси эди.

Юртбошимизнинг навбатдаги қарорга кўра: «Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини: муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади».

Бу – ўқишга кириш имтиҳонсиз бўлар экан, деган маънони англатмайди. Ўша Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ҳам шу ергача қанча синовлардан, имтиҳонлардан ўтиши талаб қилинишини наҳот тасаввур эта олмасангиз?

Бусиз ҳеч ким техникумни ҳам “муваффақиятли тамомлай” олмайди-ку. Ўша босқичгача етиб келганлар эса “якка тартибдаги суҳбат орқали” қабул қилиниши қарорда белгилаб қўйилган.

Илм, ўқиш – покликни, ҳалолликни талаб қилади. Бу йўлдаги ҳалоллик эса – ҳалол ва адолатли имтиҳонлардан, ҳаққоний синовлардан бошланади!

Шундай экан, университетдек мўътабар даргоҳга ўқишга киришни истаган ёшлар аввало китобларга ошно бўлсинлар. Ўқишга қабулдаги имтиҳонни – тўсиқ эмас, балки, камолотга етакловчи довон, деб билсинлар.

Биз 40 йил бурун шундай довондан – ҳаққоний имтиҳонлардан билимимиз (ўз кучимиз!) билан ўта олганимиз боис ҳаётда нурли чўққиларга эриша олдик, деб фахрланамиз.

Сизларга ҳам шундай омадлар тилаб қоламиз, азиз илмга чанқоқ ёшлар!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>